1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Синов, ихлос, дуо

13:37 / 22 сентябрь 5584 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу воқеа араб мамлакатларидан бирида содир бўлган.

Эридан учта гўдаги билан тул қолган Ҳалима исмли аёлнинг аҳволи танг бўлиб қолди. Бир амаллаб кун кўриб туришган эди. Мана, учинчи кундирки, болалари туз тотгани йўқ. Она саҳарда яратганга илтижо қилиб ёлворди.

«Эй саховатли Раззоқим! Синовларингни менга осон қил. Иймонимни ва номусимни Ўзинг асра!»

Зўрға ўрнидан турди. Ухлаётган болаларининг тепасига келиб, очликдан кичрайиб, сўлиб бораётган юзларига қараб юраги эзилди, хўрлиги келди. Деворга суяниб беихтиёр деразадан ташқарига қаради. Шу вақт рўпарадаги кўча ёқасига эски бир такси келиб тўхтади. Қалбида умид учқуни порлади:

«Шу таксичидан ёрдам сўрасамчи? Мусулмондир, ахир. Аҳволимни тушунтирсам уч-тўрт тангасини аямас»

Бор қувватини жамлаб, рўмолини бошига ташлаганча кўчага чиқди.

- Эй муҳтарам зот, мен тиланчи эмасман. Аммо уч кундан бери болаларим билан туз тотмадик. Сабрим тугади. Номусимдан айрилиб қолмасам деб қўрқаман. Бошқа сотадиган нарсам йўқ!

Ҳозирги мижози берган пулни чўнтагига соларкан, энди юришга чоғланган таксичи бу аёлнинг аянчли овозидан ғалати бўлиб кетди:

«Ёрдам бериш керак!»

Миясига келган илк фикр шу бўлди. Бу фикрнинг кетидан оқиб кела бошлаган нафс ва шайтоннинг ҳийлакор бахоналарига тутқич бермай, ҳамёнидаги анчадан бери тўплаб қўйган бир даста пулни олиб шундоғича аёлнинг қўлига тутқазди:

«Ол буни синглим, лекин номусингни сақла» деди-ю, газни босди.

Ортидан аёлнинг:

Даргоҳи Илоҳияга тўғри етиб боргувчи «Аллоҳ сенинг ҳам ишингни ўнгласин!» деган, камоли мамнуният ва самимият билан айтган сўзларини ҳам эшитмади.

Таксичи уйига қайтаркан, кўзи йўлда-ю, хаёли бу ишни хотинимга қандай тушунтираман деган ўй билан машғул эди. Гап шундаки, машинасининг ҳамма ғилдираги ишдан чиқиб эскириб қолган, ҳар куни юрагини ховучлаб юрар эди. Топганини тежаб-тергаб анчадан буён пул тўплаб юрганди. Бугун эрталаб тўртта ғилдирак олиш ниятида шу пулларни ёнига солиб олган эди...

Начора, ғилдиракка эмас бировга насиб қилган экан...

Дарҳақиқат, салом-аликдан сўнг хотини дарров ғилдиракни сўради. Устахонага учрадим. Уч тўрт кун сабр қилинг дейишди. Яқинда яхшиларини олиб келишаркан, деб ғўлдиради эр, хотиннинг кўзларига қарамасдан...

Орадан уч тўрт кун ўтиб кечки пайт таксичи уйига қайтса, хотини унга бир қоғоз тутқазди:

«Уста шекилли, сизни сўраб келди. Эрталаб мана бу манзилга борсин, ғилдиракларини алмаштириб бераман деб кетди. Ўша айтгани келган кўринади» - деди.

Эр ҳайрон, манзил ёзилган қоғозни қўлга оларкан, рост айтяпсанми, дегандек хотинига қаради. Тамоман бегона жой! Ким бўлди экан? Ўйлаб ўйига етолмади. Таваккал, эрта тонгданоқ бораман. Нима гаплигини албатта биламан, деб кўнглига тугиб қўйди.

Эрта тонгда нонушта қилмай кўчага отланди. Манзилни топиш қийин бўлмади. Устахона хўжайини бўлса керак, эшик олдида бир киши ўтирарди. Худди хотини таърифлаган кишига ўхшайди. У ҳам таксичини кўриб қадрдонлардек пешвоз чиқди.

Устахона хўжайини ёшли кўзларини унга қадаб:

«Сен нима иш қилгансанки, уч кундан бери Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тушимга кириб, сенинг номингни айтиб:

«Шу кишининг ғилдиракларини янгилаб бер, мен сени қиёматда шафоат қилай» дейдилар! Кел, биродар, машинангни ичкарига олиб кир...».

Таксичи бир лаҳза қулоқларига ишонмай, туриб қолди. Томоғига бир нарса тиқилди. Сўнгра унинг ҳам кўзларидан ёш чиқиб кетди...

Шоолим Шомансур

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 22 июлдаги 03-07/4389-сонли рухсати асосида тақдим қилинди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Олтинчи тақсимАйблов воситасига қараб ғийбат беш қисмга бўлинади1. Тил билан ғийбат қилиш.Ҳикоя. Баъзи кишиларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Хилол давоми...

5756 16:57 / 12.02.2018
Бировни қариндоши туфайли айблашдан олдин Нуҳ алайҳиссаломнинг оқ бўлган ўғли борлигини, Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси мушрик бўлганини, Лут алайҳиссаломнинг давоми...

2413 15:26 / 06.01.2023
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ушбу оятини ўқинг .Ўз раҳматимизни кимни хоҳласак, ўшанга муяссар этурмиз ва яхши амал қилувчиларнинг ажрини зое қилмасмиз,. давоми...

2346 16:00 / 06.05.2023
Машҳур хусусий кўз клиникаларидан бирида .Пул бермасанг сенга қиё ҳам боқмаймиз, шиори остида халққа .буюк хизмат, қилинган экан. Даставвал, мижоз регистрациядаги давоми...

3658 11:00 / 13.11.2023
Аудиолар

210867 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130132 14:35 / 11.08.2021