Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ғарблик бир аёл мутлақо тузалмас, дахшатли бир касалликка чалинди, табиблар рак-саратон деб аталмиш бу дард давосига ожиз эдилар. Бечора аёлнинг яшашга ишончи қолмади. Бироқ шундай бир ҳолатда Аллоҳнинг марҳамати ила бу ожиза шифо топиш умидида Байтул-Ҳарамда Аллоҳга чексиз илтижолар қилди, чин ихлос билан дардига шифо тилади, аёлнинг муроди ҳосил бўлди. Зотан ягона Аллоҳ таологина ҳар нарсага қодир Зотдир! Азиз ўқувчи, келинг яхшиси воқеалар тафсилотини ўша ожизанинг ўзидан эшитайлик!
Мен тўққиз йилдан бери жуда хатарли касалликдан азоб чекар эдим, бу бедаво саратон-рак бўлиб, унинг нақадар дахшатли ва ҳатто номининг ўзиёқ этларни жунжиктирувчи эканини ҳар ким яхши билади. Тўғриси у пайтлар ғофил эдим. Гўзаллик, куч-қувват ва саломатлик умр бўйи бирдек давом этадигандай юрар эдим. Саратондек тузалмас бир дардга чалинишимни ҳаёлимга ҳам келтирмаганман. Бу дардга учраганимдан сўнг бутун аъзои баданим, бутун вужудим ларзага тушди, фақат ундан қутулиш йўлларини ўйлайдиган бўлиб қолдим. Аммо қандай қилиб?! Шу жумбоқ мени гангитар эди. Турсам ҳам, ўтирсам ҳам фикр-у ўйимда шу бўлиб қолди. Ҳатто ўз жонимга суиқасд қилишни ҳам ҳаёлимдан ўтказа бошладим. Бироқ эримни ва фарзандларимни яхши кўрганимдан бу ишга қўлим бормасди, ғофиллигим туфайли масаланинг Аллоҳга тааллуқли жиҳатини, яъни ўзини ўзи ўлдириш гуноҳ эканини, бунинг учун Аллоҳ қиёмат куни қаттиқ жазо беришини ўйлаб ҳам кўрмасдим. Яратганга беадад шукурлар бўлсин-ки, У Меҳрибон ва Раҳмли Зот, мени шу касаллигим туфайли ҳидоятга бошлади, ва менинг аввалги ҳамда кейинги ҳолатимни кўрган жуда кўп кишилар ҳам ҳидоят топишди. Даво излаб эрим билан Белгияга бордик. Кўп дўхтирларга учрадик, улар кўкрагимни кесиб ташлаш лозимлигини айтишди. Соч, киприк ва қошларимни тўкиб юборадиган, тирноқ ва тишларимга зарар етказадиган ўта кучли дориларни таклиф қилишди, бундай дорилардан бош тортдим, кўкрагим, сочим ва Аллоҳ таоло ато этган бошқа аъзолардан ажраб яшагандан бутун ҳолимча ўлишни афзал кўрдим, аммо шунча жойдан келиб қуруқ қайтмай деб, бирорта енгилроқ дори ёзиб беришларини сўрадим, Уйга қайтиб улар ёзиб берган дори-дармонларни истеъмол қила бошладим. Лекин таъсири мутлақо сезилмади. Ўзимча бу ҳолатдан хурсанд ҳам бўлдим. Эҳтимол дўхтирлар адашгандир, мен бу касалликка чалинмагандирман деган умидли ҳаёлларга ҳам бордим. Аммо бахтга қарши касаллик хуружи тўхтамас эди. Орадан етти ойлар ўтгач тобора озаётганимни, оғриқ кучая бошлаганини ва ранги рўйим ўзгара бораётганини сездим. Дўхтирлар яна Белгияга боришимни тавсия қилишди. Эрим билан яна йўлга чиқдим, касаллик кучайиб, захми бутун баданимга тарқалаётганини, ҳатто ўпкамда ҳам саратон асоратлари пайдо бўлганини эшитиб чуқур қайғуга бордим. Дўхтирлар менинг Белгияда ўлиб қолишимдан ҳавотирланиб, тезроқ уйга кетишим лозимлигини айтишибди. Шу заҳотиёқ шифо ниятида Францияга ўтиб кетдик. Аммо у ерда ҳам дарднинг давосини топа олмай, сарсон-саргардон бўлдик. Охири мен ўзимни жарроҳларнинг қўлига топширишга, яъни кўкрагимни кесиб ташлашларига рози бўла ёздим. Шундай кунларнинг бирида эрим биз унутган ва ҳаётимиз мобайнида ғофил бўлганимиз улуғ Яратувчини кутилмаганда эслаб қолди.
Дарҳақиқат Аллоҳ таоло муқаддас Байтуллоҳни зиёрат қилиш, у ерда ёлғиз Ўзигагина юзланиб барча мусибатлардан халос этишини илтижо қилиб сўрашни эримнинг дилига солган эди. Биз бу ишни бажаришга қарор қилдик, вужудимни қандайдир хушнудлик чулғаб олган эди. Хушкайфиятимга Аллоҳнинг муқаддас даргоҳини зиёрат қилишга бораётганим сабаб бўлган эрса ажаб эмас, хўжаяним билан Париждан Қуръони Карим харид қилдик. Такбир ва тасбиҳ айтиб тўғри Маккаю Мукаррама зиёратига жўнадик. Байтул-Ҳарамга етиб келгач ичкари кириб Каъбани кўрдим-у ўзимни тутолмай йиғлаб юбордим, Аллоҳ фарз қилган ибодатларни, намоз, рўзаларни, хушу, тазарру каби амалларни бажармай ўтказган умримга ачиниб, коў афсус надомат чекдим. Сўнг Аллоҳга илтижо қилиб, Эй, Пок Парвардигоро, қаршимда барча умид эшиклари ёпилди, фақат сенинг эшигинг очиқдир, энг сўнгги илинж ва умид таянчи бўлмиш эшикларингни менинг юзимга ёпиб қўйма, Ўзинг раҳм қил, дўхтирлар мени даволашдан ожиз қолдилар, энди шифо Сендан ва фақат Сендандир дедим. Байтуллоҳни тавоф қилдим, ноумид қилмаслигини ва ёрдамсиз қўймаслигини ҳамда ҳамма дўхтирларни лол қолдириб менга шифо беришини ялиниб-ёлвориб чин кўнгилдан сўрадим.
Ҳа, Дарҳақиқат мен ғафлатда эканман, Аллоҳнинг энг тўғри ва ҳақ динидан бехабар, бебаҳра юрган эканман. Бир куни маккалик уламолар ва шайхлар олдига бориб, менга фойда берадиган диний китоблар беришларини, ўқилиши тилимга енгил келадиган шифобахш дуолар ўргатишларини илтимос қилдим. Илтимосим ерда қолмади, улар менга Қуръон тиловат қилишни ва зам-зам сувидан тўйиб-тўйиб ичишимни насиҳат беришди. Айни чоғда ўша улуғ уламолар менга кўпроқ Аллоҳни зикр қилишни ҳамда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз саловатлар айтишимни тайинладилар. Мен Байтуллоҳда ички бир руҳий ҳотиржамлик ва осойишталикни ҳис этдим, Меҳмонхонага бормай Каъбада қолишга эримдан рухсат сўрадим. Байтул-Ҳарамда мисрлик, туркиялик бир қанча савоб талаб аёллар менга ҳамсуҳбат бўлишди. Тинимсиз йиғлаётганимни кўриб сабабини сўрашди. Бу муқаддас маконга келиб, Аллоҳ таолога меҳр-муҳаббатим ҳаддан зиёд ортганини билдириб, оғир бир дардга йўлиққанимни сўзлаб бердим. Улар менга ҳамдардлик билдириб, ёнимдан ажрамай қолишди, Байтуллоҳда эътикофда ўтирганимни билгач эса, улар ҳам ўз эрларидан ижозат олиб менинг ёнимга жойлашишди. Биз тунлари деярли ухламасдик, жуда кам овқат ердик, лекин зам-зам сувидан тўйиб-тўйиб ичардик, чунки Пайғамбар алайҳиссаломнинг «Зам-зам сувидек ичимлик йўқ, кимки уни шифо талабида ичса, Аллоҳ унга шифо беради, у касалга шифо, ташнага чанқоқ босди, очга таомдир» деган сўзларини билар эдик. Тинимсиз ибодат қиламиз, икки ракатдан намоз ўқиймиз-да зам-зам сувидан тўйиб ичиб яна тавоф қилишга тушамиз. Байтуллоҳга келган кунларим озғин эдим, баданимнинг юқори қисмида саратоннинг асорати бўлмиш кичик-кичик юмалоқ доначалар ва яралар босган эди. Дугоналарим менга жароҳатларни зам-зам суви билан ювишни маслаҳат беришди. Мен эса яраларимга тегиб яна касалим хотирга келади. Аллоҳ зикридан чалғиб қоламан дея қўрқар эдим. Шу сабаб у жойларга сув теккизмай, эҳтиёткорлик билан ювиниб туришни лозим топдим. Бешинчи куни ҳамроҳларим қисташди, рози бўлмадим, аммо қандайдир бир ғайбий куч қўлимга зам-зам сувидан олиб, баданимга суртишга мени мажбурлагандек туюлар эди. Бу ҳол бир неча бор такрорлангач, беихтиёр кўкрагимни зам-зам суви билан юва бошладим. Шунда фавқулодда ҳодиса мўъжиза содир бўлди. Танамдаги бор яралар бирма-бир тўкилиб кетди. Вужудимда бирдан на оғриқ, на қон ва на йирингдан асар қолди. Ҳайронлик ичида гангиб баданимни пайпасладим, баданим соппа-соғ эди. Сесканиб кетдим. Дарҳол Аллоҳнинг қудратини зикр этдим ва ҳамд айтдим. Янги топган дугоналаримнинг биридан ўша яраларимнинг ўрнини текшириб кўришини сўрадим. Баданимнинг соппа-соғ, топ-тозалигини кўриб ҳаммалари қичқириб юборишди: «Аллоҳу Акбар! Аллоҳу Акбар!».
Бу қувончли ҳабарни эримга етказиш учун тез меҳмонхонага жўнадим, Аллоҳнинг меҳрибонлигини қаранг деб соғлом танамни кўрсатдим. Ҳайратдан ёқа ушлаб қолишди, бўлиб ўтган воқеаларни қайта сўзлаб берганимда ишонгиси келмас эди, ўзини тута олмай севинчдан йиғлаб юборди ва баланд овоз билан дўхтирлар сени уч ҳафтадан кейин ўлади деб башорат қилганларини биласанми деб хитоб қилди.
Шунда мен ажалим фақат Аллоҳнинг қўлида, ғайбни фақат Аллоҳ билгувчидир дедим. Биз Байтуллоҳда яна икки ҳафта турдик. Сўнгра Мадинаи Мунавварага бориб, пайғамбар алайҳиссалом масжидларини зиёрат қилдик-да Францияга қайтдик. Францияда дўхтирлар менинг соғайганимни кўриб саросимага тушишди. Эсларини йўқотишларига сал қолди, чамамда. Улар мендан сиз фалончимисиз деб сўрашди. Мен кўксимда фахр ва қатъият ила Ҳа мен фалончиман эрим фалончи деб жавоб бердим. Дарҳақиқат мен тавба қилдим. Яратганга қайтдим, фақат Аллоҳдангина қўрқадиган, фақат ундангина нажот кутадиган бўлдим. Зеро тақдиримизни у белгилайди, ҳукм ҳам Уникидир. Ўша номдор дўхтирлар «Бу ҳолатингиз ўта ғаройибдир, қайта текшириб, рентген қилиб кўриш керак дейишди. Текширишди ҳам, аммо касалликдан бирор асар ҳам топишмади. Илгари нафас олишда қийналар эдим, Байтул-Ҳарамда Аллоҳдан шифо сўраганимдан кейин бу дардимга ҳам даво топдим. Шундан кейин Пайғамбар алайҳиссаломнинг сийратлари ҳамда саҳобаи-икромларнинг тарихлари битилган китобларни ўқидим, ўргандим, кўп мутаасир бўлиб, узоқ йиг’ладим. Аллоҳ таоло ва унинг Расулини севмасдан ўтказган умримга кўп афсус надоматлар қилиб тинимсиз йиғлайвердим. Мен Аллоҳ таолонинг неъматларига шукрона айтаман ва гуноҳларимни кечириб, тавбаларимни қабул этишидан умидворман».
Муҳтарам ўқувчи, шу ўринда бир ожизанинг ғаройиб ва ибратли ҳикояси якун топади. Ундан насиҳатланиш ва зарурий хулоса чиқариш ўзимизга ҳавола.
«Ҳидоят» журналидан