1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Мусулмонлар бошқаларни сирдош тутиши

16:28 / 04.01.2018 4378 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй иймон келтирганлар! Ўзингиздан бошқадан сирдош тутманг. Улар сизга парокандалик келтиришда бўшашмаслар. Машаққатда қолишингизни хоҳлайдилар. Нафратлари оғизларидан кўриниб бўлди. Кўкслари махфий тутгани яна ҳам каттароқ. Батаҳқиқ, сизларга оят(белги)ларни баён қилдик, агар ақл юритсангиз.

Мусулмонлар ўзлари билан бирга яшаётган аҳли китобларга ортиқча ишониб кетишлари ҳоллари бор. Бу баъзида шу даражага етадики, улар ўзларидан бўлган мусулмонларни қўйиб, ўша ғайридинларни сирдош тутадилар. Ислом жамоасининг сирларини уларга айтадилар ёки билишларига йўл очиб берадилар. Бугунги куннинг истилоҳи билан айтганда, котиб қилиб, маслаҳатчи қилиб ёки архив бошқарувчиси қилиб олишади. Бу тўғри эмас. Аллоҳ таолонинг амри:

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингиздан бошқадан сирдош тутманг».

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу оятда мусулмонларга мусулмон бўлмаганларни сирдош тутмасликка амр қилмоқда. Чунки:

«Улар сизга парокандалик келтиришда бўшашмаслар».

Мусулмонларга ёмонлик қилиш туйғуси уларнинг қонига сингиб кетган. Мусулмонлар куч-қувватга, имкониятга, мансабга эришганда уларга яқинлашиб, хизматини қилиб, ишончини қозонишга уринган кофир ва мунофиқлар сирдош бўлиб олиб, ёмонлик етказа бошлашади.

«Машаққатда қолишингизни хоҳлайдилар».

Яъни кофир ва мунофиқлар мусулмонларнинг доимо оғир машаққатда қолишларини истайдилар. Улар мусулмонларга динда ҳам, дунёда ҳам зарар етказишга тинмай уринадилар.

«Нафратлари оғизларидан кўриниб бўлди».

Яъни улар ўзларини дўст қилиб кўрсатишга ҳаракат қилсалар ҳам, оғизларидан мусулмонларга нисбатан душманликлари, ёмон кўришларига далолат бўлувчи сўзлар чиқиб туради.

«Кўкслари махфий тутгани яна ҳам каттароқ».

Уларнинг тилларига чиқмай, дилларида махфий турган душманликлари яна ҳам каттароқдир. Буни билиб олиш қийин эмас. Фақат ақл юритилса, бас:

«Батаҳқиқ, сизларга оят(белги)ларни баён қилдик, агар ақл юритсангиз».

Ҳой сиз, ўшалар! Уларни яхши кўрасизлар-у, улар сизларни яхши кўрмаслар. Сизлар китобнинг ҳаммасига иймон келтирасизлар-у, улар сизларни кўрганда: «Иймон келтирдик», – дерлар, аммо холи қолганларида, сизларга бўлган аччиқдан бармоқ тишларлар. «Аччиқларинг билан ўлиб кетинглар!» – деб айт. Албатта, Аллоҳ кўкслардаги нарсаларни ҳам ўта билувчидир.

Ушбу ояти каримада мўминларнинг кофирлар билан бўлган алоқаларидаги хатолар баён қилингандир. Хатонинг каттаси душманнинг ҳақиқий ҳолини билмасликда экани тушунтириляпти:

«Ҳой сиз, ўшалар! Уларни яхши кўрасизлар-у, улар сизларни яхши кўрмаслар».

Мусулмонлар шунчалик соддаларки, ўзларидан бошқалар уларга чиройлироқ муомала қилиб, бир оз мақтаб қўйса бўлди, муҳаббат қўяверадилар, уларни ўзларига сирдош қилиб олаверадилар. Бу хато ишдир, чунки қарши тараф ҳеч қачон мусулмонларни яхши кўрмайди.

Мусулмонлар Аллоҳ нозил қилган ҳамма китобларга, жумладан, ўзларига душманлик қилаётганларга келган китобларга ҳам иймон келтирадилар:

«Сизлар китобнинг ҳаммасига иймон келтирасизлар-у…»

Бу хато эмас, балки мусулмонлик бурчидир. Аммо бошқа тараф мунофиқлик қилади:

«…улар сизларни кўрганда: «Иймон келтирдик», – дерлар, аммо холи қолганларида, сизларга бўлган аччиқдан бармоқ тишларлар».

Одатда бировга нисбатан чексиз адовати бўлган, лекин унга зарар бера олмаган одам аламидан бармоғини тишлайди. Оятда шунга ишора қилинмоқда.

«Аччиқларинг билан ўлиб кетинглар!» – деб айт».

Уларга энг муносиб муомала шу. Улар қанчалик ҳасад қилишмасин, барибир, Аллоҳ мўмин бандаларига неъматларини бераверади, динини мукаммал қилаверади.

«Албатта, Аллоҳ кўкслардаги нарсаларни ҳам ўта билувчидир».

У Зот кимнинг қалбида иймон бор, кимникида куфр, кимникида нифоқ борлигини яхши билади.

Сизга яхшилик етса, уларга ёмон бўладир. Сизларга мусибат етса, бунга хурсанд бўларлар. Агар сабр этсангиз ва тақво қилсангиз, ҳийла-найранглари сизга ҳеч қандай зарар қилмас. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларини қамраб олувчидир.

Бу оятда ҳам ғайримусулмонларнинг адоватини тушунтиришда давом этилмоқда. Айтиляптики, таниб олинг:

«Сизга яхшилик етса, уларга ёмон бўладир».

Ва аксинча:

«Сизларга мусибат етса, бунга хурсанд бўларлар».

Уларнинг кимлигини яхшилаб таниб олдингизми?

Энди ўзингизга, ишингизга пишиқ-пухта бўлинг. Диннинг буйруқларини сабр ила бажариб борсангиз, ҳаётда учрайдиган қийинчиликларга сабр қилсангиз, тақво қилиб, Аллоҳнинг қайтарган нарсаларидан қайтсангиз, душманларнинг қўллаган тадбирлари, ҳийла-найранглари сизга ҳеч зарар етказа олмайди:

«Агар сабр этсангиз ва тақво қилсангиз, уларнинг ҳийла-найранглари сизга ҳеч қандай зарар қилмас».

Аллоҳ ҳеч нарсани назаридан четда қолдирмайди. Албатта, қилганларига яраша жазоларини беради:

«Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларини қамраб олувчидир».

Душманларда мусулмонларга нисбатан қанчалар ёмонликлар борлигини кўрдик. Лекин Ислом мусулмонларни уларга қарши ёмонлик қилишга чорламайди. Фақат сирдош қилиб олмасликка амр қилади. Уларнинг ёмонлигига ёмонлик, хиёнатига хиёнат ва ҳасадгўйлигига ҳасадгўйлик билан жавоб беришни ҳам раво кўрмайди.

Суранинг аввалидан буён келаётган гап-сўз, тортишув, назарий тўқнашувлар тугаб, энди келаси оятларда жанг майдонидаги амалий тўқнашувга ўтилади. Уҳуд уруши ҳақидаги ояти карималар келади.

Уҳуд уруши ҳақида батафсил сўз юритиладиган бўлгач, ушбу оятларнинг тушишига сабаб бўлган ва ундан ибрат олишга чақирилаётган ҳодисаларни қисқача ўрганиб чиқайлик.

Маълумки, мушриклар билан бўлиб ўтган Бадр урушида мусулмонлар оз сонли бўлишларига қарамай, тўла ғалаба қозонган эдилар. Бу уруш худди мўъжизадек бўлган эди. Унда мусулмонлар Қурайш қабиласининг куфрнинг бошида турган аъзоларини ўз қўллари билан ўлдирган эдилар. Бадр урушида раҳбарларидан ажраб қолган Қурайш қабиласига Абу Суфён ибн Ҳарб бошлиқ бўлиб қолди. У одамларини мусулмонлардан ўч олишга чақира бошлади. Бу орада Қурайшнинг бутун бошли бир карвони мусулмонларнинг қўлига тушиш арафасида базўр қутулиб қолди. Шунда мушриклар ўша карвондаги ҳамма молу мулкларини мусулмонларга қарши урушга сарфлашга аҳд қилдилар.

Абу Суфён Қурайшдан ва Қурайш билан шартнома тузганлардан ҳамда Аҳбош деган жойда аҳдлашилгани учун «Аҳобийш» номи билан машҳур бўлган араблардан жами уч мингтача одам тўплади. Ҳижратнинг учинчи йили Шаввол ойида мушриклар лашкари йўлга чиқди. Қочиб кетишларнинг олдини олиш ва шижоатлантириб туриш учун улар хотинларини ҳам ўзлари билан бирга олиб чиқдилар. Мадинаи Мунавварага қараб юриб келиб, Уҳуд тоғи яқинига тушдилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссолату вассалом саҳобалар билан «Душманга қарши чиқиш керакми ёки Мадинадан чиқмай туриш яхшими?» деган масалада маслаҳат қилдилар. Ўзларининг фикрларича, Мадинадан чиқмасдан, тўсиқлар ҳосил қилиб туриш, агар душман бостириб кирса, тор кўчаларга кираверишда уруш қилиш, аёллар эса уйларнинг устидан ёрдам беришлари керак эди. Бу фикрга мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ҳам қўшилди. Лекин Бадр урушида қатнаша олмай қолган кўпчилик саҳобалар, айниқса, ёшлар қарши чиқишни сўраб, маҳкам туриб олдилар. Кўпчиликнинг фикри шу бўлиб кўринди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, Оиша онамизнинг ҳужраларига кириб, совутларини кийиб чиқдилар.

Бу пайт ҳалиги одамлар ҳам шаштларидан тушиб қолган эдилар. Улар, биз Аллоҳнинг Расулини Мадинадан чиқишга мажбур қилибмиз-ку, дедилар-да:

– Эй Аллоҳнинг Расули, агар Мадинада қолмоқчи бўлсангиз, қолаверинг, – дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Пайғамбар совутини кийганидан кейин у билан душман орасида Аллоҳнинг ҳукми чиқмагунча ечмайди, – дедилар.

Бу билан у зот уларга улкан бир дарс бердилар. Маслаҳатнинг вақти ўтди, энди азму қарордан қайтмаслик керак. Аллоҳга таваккул қилиб, олға қадам босиш лозим. Иккиланишга ўрин йўқ.

Бунгача Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туш кўрган эдилар. Тушларида қиличларининг лабида бир оз кемтик пайдо бўлибди. Бир сигир сўйилаётган эмиш ва қўлларини бир мустаҳкам қалқонга тиқаётган эмишлар. Қиличларидаги кемтикни аҳли байтларидан бировининг ўлимига йўйдилар. Сигирни эса саҳобаларидан бир нечаларининг ўлдирилиши деб билдилар. Қалқонни Мадинаи Мунавварага йўйдилар. У зоти бобаракотга бўладиган ишларнинг ишораси етган эди. Лекин шўро қилиб, ҳукм чиқаргандан кейин унга амал этиш лозимлигини бошқаларга кўрсатмоқчи бўлдилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом минг нафар саҳоба билан чиқдилар. Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳуга Мадинада қолганларга жамоат намозини ўқиб бериб туришни буюрдилар. Мадинадан чиқиб, Уҳудга қараб кетаётганларида мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай:

«Менинг гапимни қўйиб, ёш болаларнинг гапини қиляпти», – деб аскарларнинг учдан бирини олиб, қайтиб кетди. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг оталари Абдуллоҳ ибн Ҳаром розияллоҳу анҳу уларнинг ортидан бориб, қайтаришга уриндилар:

– Келинглар, Аллоҳнинг йўлида уруш қилинглар! – деб қистадилар. Улар бўлса:

– Сизларнинг уруш қилишингизни билганимизда, қайтмас эдик, – дейишди. Абдуллоҳ ибн Ҳаром уларни сўкиб, орқасига қайтди.

Ансорийлардан бирлари шартнома тузган яҳудийлардан ёрдам сўрашни таклиф этди. Расулуллоҳ алайҳиссалом кўнмадилар. Иймон билан куфр ўртасида уруш бўлиб турганда, яҳудийлардан ёрдам сўраб бўлармиди?! Йўлда Набий алайҳиссалом:

Ким бизни уларга яқин жойдан бошлаб чиқа олади? – дедилар. Ансорийлардан бир киши водийнинг бир тарафидан бошлаб, Уҳуд тоғига яқин жойдан олиб чиқди. Уҳуд тоғига орқаларини қилиб, жойлашдилар. Набий алайҳиссалом амр бермагунларича ҳеч ким уруш қилмаслигини тайинладилар. Бу ишлар жума куни кечки пайт бўлди.

Шанба куни эрталабдан Набий алайҳиссалом етти юз кишини урушга тайёрлай бошладилар. Элликта отлиқ, элликта камончи бор эди. Уларга Абдуллоҳ ибн Жубайр розияллоҳу анҳуни бошлиқ этиб тайинладилар. У кишига ва аскарларига эгаллаб турган жойларидан жилмасликни амр қилдилар ва «Агар қушлар келиб аскарни олиб қочаётганини кўрсангиз ҳам, жойингизни тарк этманг», – деб таъкидладилар. Улар мусулмонлар аскарининг орқа томонини қўриқлашлари керак эди. Камончиларга мушрикларни мусулмонлар ортидан келтирмай, камондан ўққа тутиб туришни топширдилар.

Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом иккита совутда чиқдилар. Байроқни Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуга бердилар. Бир қанотга Зубайр ибн Авомни, иккинчи қанотга Мунзир ибн Амрни бошлиқ қилдилар. Шу пайт ёш болалар «Биз ҳам урушда қатнашамиз», – деб келиб қолдилар. Улардан Усома ибн Зайд, Баро ибн Озиб, Зайд ибн Арқам, Зайд ибн Собит каби кичкиналарини «Ҳали урушга ёшлик қиласизлар», – деб қайтардилар. Самура ибн Жундаб ва Рофеъ ибн Худайж каби каттароқларини қабул қилдилар. Уларнинг ёши ўн бешда эди.

Қурайшликлар ҳам урушга тайёрлана бошлашди. Уларнинг сони уч мингта бўлиб, отлиқлари икки юзта эди. Улар ўнг қанотга Холид ибн Валидни ва чап қанотга Икрима ибн Аби Жаҳлни қўйдилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом ўз қиличларини Абу Дужона Саммон ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуга бердилар. У киши шижоатли қаҳрамон одам бўлиб, урушда ўзини кўрсатишга ҳаракат қилар эди.

Мушриклардан биринчи бўлиб Абу Омир Фосиқ майдонга чиқди. Унинг лақаби Роҳиб эди. Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом уни Фосиқ деб номлаган эдилар. У жоҳилият пайтида Авс қабиласининг бошлиғи эди. Ислом келганда ёқтирмади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очиқ душманлик қилди, Мадинадан чиқиб кетди. Қурайшликларнинг ҳузурига бориб, уларни Расулуллоҳ алайҳиссаломга қарши урушга ундай бошлади. «Агар мени қавмим кўрса, менга итоат қилади, мен тарафга ўтиб кетади», – деб айтди. Ана шу одам биринчи бўлиб мусулмонларга қарши майдонга чиқди ва ўз қавмига нидо қилиб, ўзини танитди. Қавми эса унга:

– Аллоҳ сени кўзимизга кўрсатмасин, эй Фосиқ, – дедилар. Шунда Фосиқ:

– Мендан кейин қавмимга ёмонлик етибди, – деди. Шундан сўнг қаттиқ жанг бошланиб кетди.

Мусулмонлар шиддатли жанг қилдилар. Айниқса, Абу Дужона Ансорий, Толҳа ибн Убайдуллоҳ, Ҳамза ибн Абдулмуттолиб, Али ибн Абу Толиб, Назр ибн Анас, Саъд ибн Робеълар катта жасорат кўрсатдилар. Куннинг биринчи ярмида мусулмонлар кофирларга ғолиб келдилар. Мушрикларнинг бошлиқларидан етмиш киши қатл этилди. Улар енгилиб, ортга қараб қоча бошладилар. Қочиб-қочиб, аёллари турган жойгача бордилар. Аёллар ҳам қочишга тайёрланиб, кийимларини йиғиштира бошладилар. Мушрикларнинг енгилиб, қочаётганини кўрган камончилар Набий алайҳиссалом қимирламай туришни тайинлаб қўйган жойларини ташлаб кетдилар. Улар бир-бирларига: «Қаранглар! Ўлжа! Ўлжа!» деб қичқиришди. Амирлари Набий алайҳиссаломнинг шартларини эсларига солса ҳам, кўнмадилар. Мушриклар батамом енгилиб бўлди, деб гумон қилиб, ўлжа йиғишга киришиб кетдилар ва Уҳуд томонни очиқ қолдирдилар.

Шу пайт Холид ибн Валид фурсатни ғанимат билиб, мушрикларнинг отлиқларини худди ўша ерга бошлади. У ердан ўтиб, мусулмонларнинг орқа томонларидан бостириб кирди. Холид ибн Валид бошлиқ отлиқларнинг мусулмонлар устига бостириб келганини кўрган, қочиб кетаётган мушриклар ҳам ўзларини ўнглаб, яна уруш майдонига юзландилар. Натижада мусулмонлар қуршовда қолдилар.

Ҳамма нарса тескарисига айланиб, мусулмонлар енгила бошладилар. Уларнинг сафида саросима бошланди. Қўрқув ҳукм суриб, тартибсизлик бошланди. Бундай бўлишини ҳеч ким кутмаган эди.

Мусулмонлар ичида шаҳидлар кўпайди. Мушриклар Набий алайҳиссалом томонга ҳужум бошладилар. У зот оз сонли кишилар ҳимоясида эдилар. Уларнинг ҳам кўпчилиги ўз пайғамбарларининг ҳимоясида мардонавор жанг қилиб, шаҳид бўлдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломнинг муборак юзларига жароҳат етди, пастки жағларидаги бир тишлари синди. Бошлари ёрилди.

Мушриклар у кишини тошбўрон қилишди. У зот Абу Омир Фосиқ мусулмонларни алдаш учун қазиб, устини ёпиб қўйган чуқурлардан бирига тушиб кетдилар. Бошларига кийган дубулғанинг иккита ҳал­қаси ёноқларига кирди.

Мусулмонлар саросимага тушиб турган шундай нозик пайтда кимдир «Муҳаммад қатл этилди!» – деб бақирди.

Бу катта ва қаттиқ зарба бўлиб, мусулмонларнинг қолган куч-қувватларига ҳам футур етказди. Улар урушни йиғиштириб, енгилиб, ортларига қоча бошладилар.

Ҳамма енгилса ҳам, Анас ибн Назр розияллоҳу анҳу енгилмади. Қўлидаги қуролини ташлаб, бир гуруҳ муҳожир ва ансорийлар билан бирга турган Умар ибн Хаттоб ва Толҳа ибн Убайдуллоҳларнинг олдиларига борди:

– Нима қилиб ўтирибсизлар?! – деди.

– Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом қатл этилибдилар, – дейишди улар. Анас ибн Назр розияллоҳу анҳу:

– У кишидан кейин дунёда яшаб нима қиласизлар?! Туринглар! Расулуллоҳ алайҳиссалом ўлган нарса йўлида сизлар ҳам ўлинглар! – деди. Сўнгра мушриклар томон юриб кетди. Йўлда Саъд ибн Муъозни кўриб:

– Эй Саъд! Мен Уҳуд томонидан жаннатнинг ҳидини сезяпман, – деди-да, урушга кириб, мисли кўрилмаган мардлик ила жанг қилиб, шаҳид бўлди. Унинг танасидан кейинчалик етмишдан ортиқ жароҳат топдилар. Жасаднинг кимлигини ҳеч ким танимади. Фақат у кишининг сингиллари акаси Анас ибн Назр розияллоҳу анҳуни бош бармоқларидан таниб қолди.

Шу пайт Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом мусулмонлар томон юриб кела бошладилар. Дубулға кийган Пайғамбар алайҳиссаломни биринчи бўлиб Каъб ибн Молик таниб қолди ва баланд овоз билан:

«Эй мусулмонлар! Суюнчи! Расулуллоҳ тириклар!!!» – деб бақирди.

Расулуллоҳ алайҳиссалом унга «Жим», деб ишора қилдилар. Мусулмонлар у кишининг атрофида тўпландилар. Биргалашиб, тоғ томонга кўтарилдилар. Абу Бакр, Умар, Ҳорис ибн Симма ва бошқа саҳобалар шу тўпда эдилар.

Тоққа кўтарилиб келаётиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Халафнинг Авад лақабли отини миниб кетаётганини кўриб қолдилар. У мазкур отини Маккада махсус боқар ва «Шунинг устида туриб, Муҳаммадни ўлдираман», дер эди. Расулуллоҳ алайҳиссалом бу гапни эшитганларида «Балки, иншааллоҳ, мен уни ўлдирарман», – деган эдилар.

Ҳозир уни кўрдилар-у, дарров Ҳориснинг найзасини олиб, Убай ибн Халафнинг томоғининг пастки қисмига урдилар. У ҳўкиздек бўкириб, йиқилди ва бир оз ўтиб, ўлди.

Шу пайт Абу Суфён тоғнинг устига чиқиб:

– Ичингизда Муҳаммад борми?! деб бақирди. Расулуллоҳ алайҳиссалом:

– Унга жавоб берманглар, – дедилар.

– Ичингизда ибн Абу Қуҳофа (Абу Бакр) борми?! – деб бақирди Абу Суфён. Жавоб бермадилар.

– Ичингизда Умар ибн Хаттоб борми?! – деб бақирди у. Жавоб бермадилар. Абу Суфён шу уч кишидан бошқани сўрамади ва ўз шерикларига:

Уларни йўқ қилибсизлар шекилли, деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу ўзларини тута олмай:

– Эй Аллоҳнинг душмани! Сен зикр қилганларнинг ҳаммалари тирик. Аллоҳ сенга ёмонликни боқий қолдирди, – деб бақирдилар.

– Қавмнинг ичида мусла (ўликни қиймалаш) бўлибди. Мен бунга амр қилганим йўқ, лекин бундан хафа ҳам эмасман, – деди Абу Суфён.

Бу билан у ўзининг хотини Ҳинднинг қилган ишига, яъни Ваҳший ўлдирган ҳазрати Ҳамза ибн Абдулмуттолибнинг қорнини ёриб, жигарини олиб, чайнаб ташлаганига ишора қилди.

Ҳубал олий бўлди, деб бақирди Абу Суфён. Расулуллоҳ:

– Унга жавоб бермайсизларми? – дедилар.

 Нима деб жавоб берайлик? дедилар саҳобалар. Расулуллоҳ алайҳиссалом:

– «Аллоҳу аъла ва ажалл (Аллоҳ олийроқ ва улуғроқ)», – денглар, – дедилар.

– Бизнинг Уззомиз бор, сизнинг Уззонгиз йўқ! – деб бақирди Абу Суфён. Расулуллоҳ алайҳиссалом:

– Унга жавоб бермайсизларми? – дедилар.

– Нима деб жавоб берайлик? – дедилар саҳобалар. Расулуллоҳ:

– «Аллоҳ бизнинг мавломиз. Сизнинг мавлоингиз йўқ», – деб айтинглар, – дедилар.

– Урушда гоҳ ундай, гоҳ бундай бўлади. Бу кун Бадр кунига тенг бўлди, деди Абу Суфён. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:

– Тенг эмас. Биздан ўлганларимиз жаннатда, сизники дўзахда, дедилар.

Жанг тугаганидан кейин мушриклар қайтиб бориб, тўплана бошладилар. Мусулмонлар «Улар Мадинага бориб, аёл-қизларни асир олиб, молу мулкни талашса керак», деб ўйлаб, хафа бўлдилар. Пайғамбар алайҳиссалом Али ибн Абу Толибга:

Уларнинг изидан бор. Нима қилишаётганига назар сол. Нима қилмоқчи эканликларини бил. Агар отларни четга қўйиб, туяларни минсалар, Маккага кетишади. Агар отни миниб, туяларни ҳайдаб олсалар, Мадинага юришади. Менинг нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, агар Мадинага боришса, мен ҳам бориб, уларни ўша ерда йўқ қиламан! – дедилар.

Ҳазрати Али бориб, қарасалар, отларни четга қўйиб, туяларни миниб, Маккага қараб юрдилар. Аммо бир жойга етганларида бир-бирларини маломат қила бошлашди. Баъзилари:

– Ҳеч нарса қилганингиз йўқ, уларга бир оз мусибат етказдингиз, холос. Уларни шундай қолдириб келяпсиз, ичларида бошлиқлари бор. Ҳали сизга қарши одам тўплашади. Орқага қайтиб, уларни охиригача йўқ қилиб, тугатиш керак, – дейишди.

Бу хабар Пайғамбаримиз алайҳиссаломга етиб бориши билан у зот одамларни тўплаб, душманга қарши чиқишга ундадилар:

– Биз билан урушда қатнашганлардан бошқалар чиқмасин, – дедилар. Мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул:

– Мен ҳам борай, – деган эди:

– Йўқ! – дедилар.

Мусулмонлар чарчаган, ярадор бўлган ва қўрққан бўлишларига қарамай, «Эшитдик ва итоат қиламиз», – дедилар ва тўпланиб, чиқдилар. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу келиб:

– Эй Аллоҳнинг Расули, мен сиз қатнашган ҳамма урушларда қатнашишни ният қилган эдим. Отам «Қизларга қараб тур», деб қолдириб кетган эди. Изн беринг, сиз билан борай, – деди. Унга изн бердилар. Расулуллоҳ мусулмонлар билан юра-юра, Ҳамроул Асад деган жойга етдилар.

Бу ерда Маъбад ибн Абу Маъбад Расулуллоҳнинг ҳузурларига келди. Унга Абу Суфённинг олдига бориб, уни қўрқитишни буюрдилар. У Равоҳа деган жойда Абу Суфёнга етиб борди. У Маъбаднинг мусулмон бўлганини билмас эди.

– Ортингда нима гап бор, эй Маъбад? – деди Абу Суфён.

– Муҳаммад ва унинг саҳобалари сизларга қарши мисли кўрилмаган кўп одам тўпладилар. Аввал чиқмаганлари ҳам пушаймон бўлиб, чиқдилар, – деди Маъбад.

– Нима маслаҳат берасан? – деди Абу Суфён.

– Менимча, анави тепаликларнинг ортидан аскар чиқиб қолмасидан бурун жўнаб қолганинг маъқул, – деди Маъбад.

– Аллоҳга қасамки, тўпланиб, бир ҳужум қилиб, уларни таг-томири билан йўқ қилиб юбормоқчи эдик, – деди Абу Суфён.

Менинг сенга насиҳатим  ундай қилма, деди Маъбад.

Мушриклар Маккага қайтиб кетдилар. Абу Суфён йўлда Мадинага кетаётган бир одамни учратиб, унга:

– Гапимни Муҳаммадга етказиб қўясанми? Маккага қайтганингда уловинг кўтарганча майиз бераман, – деди. У:

– Ҳа, – деди.

– Муҳаммадга айтиб қўй. Биз уни ва шерикларини таг-томири билан йўқ қилиб ташлаш учун одам тўплаб қўйдик, – деди Абу Суфён.

Бу хабар мусулмонларни чўчитмади. Улар:

– Аллоҳ бизга етарли ҳомий, У қандай ҳам яхши вакил, – дейишди. Уч кун кутдилар. Мушрикларнинг Макка сари узоқлашиб кетганларига ишонч ҳосил қилгач, Мадинага қайтдилар.

Уҳуд урушида мусулмонлар мисли кўрилмаган жасорат ва фидокорлик намуналарини кўрсатдилар.

Камончилар ўз жойларини тарк этиб, кофирлар мусулмонларни ўраб олиб, «Муҳаммад қатл этилди» деган овоза тарқаб, ҳамма тумтарақай бўлган пайтда Набий алайҳиссалом душман ичида ёлғиз қолдилар. Шу пайт Умму Аммона Насиба бинти Каъб Мозания исмли саҳобия аёл Расули Акрам алайҳиссолату вассаломни ҳимоя қилиб, душман билан қаттиқ жанг қилди. Набий алайҳиссаломга яқинлашиб қолган мушрик Умар ибн Қумаага бир неча марта қилич урди. Аммо у иккита совут кийиб олган экан, ўтмади ва Умму Аммонанинг сийнасига қилич солиб, қаттиқ ярадор қилди.

Сўнгра Абу Дужона розияллоҳу анҳу келиб, Расули Акрам алайҳиссолату вассаломни ўз танаси билан тўсиб турди. Ўқ келиб, унга тегар, у бўлса қимирлаб ҳам қўймас эди. Набий алайҳиссаломни жонфидолик билан ҳимоя қилар эди.

Уҳуд урушининг иштирокчиларидан ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ шундай ҳикоя қиладилар:

«Уҳуд уруши куни Расулуллоҳ одамлардан ажраб, ёлғиз қолганларида, мен биринчилардан бўлиб у киши томон юрдим. Қарасам, бир одам у кишининг олдиларида ҳимоя қилиб, уруш қилмоқда. «Толҳа бўлса эди. Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин! Толҳа бўлса эди. Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин!» – деб бораётсам, орқамдан Абу Убайда худди қушдек учиб келиб қолди. Биргалашиб етиб борсак, Расулуллоҳнинг олдиларида Толҳа йиқилиб ётган экан. Расули Акрам алайҳиссолату вассалом: «Биродарингизга қаранг, у ҳақлидир», – дедилар. Шу пайт Набий алайҳиссаломнинг ёноқларига бир нарса келиб тегиб, дубулғанинг ҳалқасини киритиб юборди. Уни Набий алайҳиссаломдан чиқариб олиш учун борган эдим, Абу Убайда:

– Аллоҳ хайрингни берсин, Абу Бакр, менга қўйиб бер, – деди ва оғзи билан у кирган нарсани чиқара бошлади. Пайғамбар алайҳиссаломга озор бермаслик учун тиши билан чиқаришга ҳаракат қилди ва чиқариб олди. Абу Убайданинг олд тиши тушди. Сўнгра мен кейингисини олишга уринган эдим, Абу Убайда яна:

– Абу Бакр, Аллоҳ хайрингни берсин, менга қўйиб бер, – деди. Яна тиши билан чиқариб олди. Абу Убайданинг яна бир тиши тушди. Кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом:

– Биродарингизга қаранглар, у ҳақлидир, – дедилар. Биз Толҳанинг жароҳатларига қарай бошладик. Унга ўндан ортиқ ўқ, қилич, найза теккан экан. Шу пайт Али каррамаллоҳу важҳаҳу Набий алайҳиссаломнинг яраларини ювгани сув топиб келди. У қуйиб турди, Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо ювди. Қоннинг тўхтамаётганини кўрган Фотима бўйрадан бир бўлак олиб, куйдириб, ярага босди, қон тўхтади.

Бундан аввалроқ Абу Саъийд Худрийнинг отаси Молик Расулуллоҳнинг яраларини сўриб, тозалаган эди. Унга ҳазрати Набий алайҳиссалом

– Туфла, – деган эдилар, у:

– Ҳеч-ҳеч туфламайман, – деб йўлида равона бўлди. Шунда Расули Акрам алайҳиссолату вассалом:

– Ким аҳли жаннат одамни кўрмоқчи бўлса, анавинга қарасин, – дедилар.

Ўша куни Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломни ҳимоя қилиб, етти киши шаҳид бўлди. Мусибат енгиллашганда, Набий алайҳиссалом қаттиқ чарчаган эдилар. Тоққа чиқиб кетаётганларида, мушриклар ортларидан қувиб келишарди. Бир тошга чиқа олмай қолдилар. Саҳобалардан бири тошнинг тагига ўтириб турди, у киши чиқиб олдилар. Намоз вақти бўлган эди, ўтириб, намозга ўтдилар».

Жубайр ибн Мутъамнинг қули Ваҳший ҳикоя қилади:

«Жубайр менга: «Муҳаммаднинг амакиси Ҳамзани ўлдирсанг, озодсан», – деди. Одамлар билан урушга чиқдим. Ҳабашистонлик бўлганим учун найза отишни яхши билар эдим. Отган найзам нишонга камдан-кам тегмай қолар эди. Уруш бошланиб, одамлар жангга кирганда, Ҳамзани пойлаб юриб, излаб, топдим. Ҳамза паҳлавон туядек, одамларни қилич билан шилар эди. Унинг олдида ҳеч нарса туриш бера олмас эди. Мен уни ўлдиришга тайёрланиб, пойлаб, дарахт ва тошларнинг ортига беркиниб, унга яқинлаша бордим. Мендан олдин унга Сибоъ ибн Абдулуззо яқинлашган эди. Ҳамза уни кўриши билан уриб, бошини учириб юборди. Мен найзамни силтаб-силкитиб, мўлжални аниқ олганимдан сўнг унга қараб отдим. Найза қорнидан кириб, оёғининг орасидан чиқди. Менга қараб интилган эди, кучи етмай, йиқилди. Шу ҳолда ташлаб кетдим, аста жони чиқди. Сўнгра келиб, найзамни чиқариб олиб, аскар жойига қайтдим. Бориб, ўтирдим. Менга бошқа ишнинг ҳожати йўқ эди. Уни озод бўлиш учун ўлдирдим».

Кейин Абу Суфённинг хотини Ҳинд бинти Утба келиб, Ҳамзанинг қорнини ёриб, жигарини олиб, чайнамоқчи бўлди, чайнаб бўлмаганидан сўнг, туфлаб ташлади.

Урушдан кейин Набий алайҳиссалом Ҳамзанинг жасади устида туриб, қаттиқ таъсирландилар ва:

«Сенинг мусибатингдек мусибатга учрамасам керак», – дедилар. Пайғамбар алайҳиссолату вассалом Уҳудда шаҳид бўлганларни жон таслим этган ерларида дафн этишга амр қилдилар. «Мақбараларга олиб борилмасинлар», – дедилар. Жарчилар бу амрни ҳамма жойга етказдилар. Мақбараларга олиб кетилган шаҳидларни ҳам қайтариб келдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом ўзлари бошида туриб, икки-уч кишини бир қабрга қўйдилар. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ҳамро ва Амр ибн Жумайҳларни ўзаро муҳаббатлари эътиборидан бир қабрга дафн этдилар. Пайғамбар алайҳиссолату вассалом: «Бу дунёда бир-бирларини яхши кўрган бу икки кишини бир қабрга қўйинглар», – дедилар.

Уҳуд уруши ҳақидаги баъзи қисқа маълумотлар шулардан иборат. Энди ўша ҳодиса ҳақидаги оятларни ўрганамиз.

Оятларнинг вазифаси воқеани тартиби ила ҳикоя этиш эмас. Балки қалбга, ақлга нидо қилиб, у орқали ваъз, насиҳат, йўлланма, ибрат ва тушунча беришдир.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дўстинга қарз беришдан олдин яхшилаб ўйлаб кўр. Чунки баъзи ҳолатларда дўстдан ҳам пулдан ҳам айрилишинг мумкин.Хотиранга кўп ҳам ишонаверма Эшитган, ўқиган, давоми...

2952 14:00 / 31.03.2022
Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан ўтирганларида уларни илмга тарғиб қилиб шундай дедилар.Ким илм талаб қилиш йўлига кирса Аллоҳ унга давоми...

2082 09:19 / 16.06.2021
.Дўзах шаҳватлар билан ўралгандир...,Ҳофиз ибн Абу Шайба деди.Шаҳват иши хатарли ва ёмонлиги улкандир. Қанчалар Аллоҳга мудом ибодатда бўлган обидларни шаҳват давоми...

3076 11:15 / 27.05.2022
Замон талаблари .Бугунги кунда араб тили уни ўрганмоқчи бўлганларга асосан уч хил услуб йўналишда ўқитилади, ndash дейди .GRAND, таълим маскани ходими, ўқитувчи давоми...

2078 12:32 / 27 май