1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таҳлил

Ким мўминнинг айбини яширса...

05:00 / 13.03.2017 10984 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом динимиз мўминларни Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида Аллоҳга иймон келтиришга ва солиҳ амаллар қилишга чақиради. Шу билан гуноҳ ишлар қилмаслик, ёмонликлардан узоқ бўлишга тарғиб этади. Солиҳ амалларга қанчалик тарғиб, ёмонликларни не қадар таъқиқ этмасин, яхшига савоб, ёмонга гуноҳ ваъда қилмасин, гуноҳкорнинг дунёдаги жазосини ҳад ёки таъзир тимсолида белгиламасин, шариатимиз жиноятчининг гуноҳини исбот этишда, унга ҳукм қилишда ўзига хос йўл тутади, услуб қўллайди. Бу ҳукмлар билан танишган инсон Исломнинг нақадар инсонпарвар дин эканини, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг оламларга раҳмат қилиб юборилганлигига эса жонли ва ҳаётий намуналарни кўради.

Бу ҳукмлар тааллуқли мавзуни шариатимизда сатр дейилади. Луғатда сатр – бир нарсани ўраш, ёпиш маъноларини англатади. Ҳадиси шарифда “Аллоҳ ҳаёли ва ёпувчидир, ҳаёли ва ёпувчини севади.”, дейилади. (Абу Довуд ривояти). Ундаги ёпувчилик  السَّتْر - сатр сўзидан олингандир. Бу калиманинг истилоҳий маъноси луғавий маъноси далолатидан ташқарига чиқмайди.


Мўминнинг айбини сатр этиш



Уламолар мўминдан содир бўлган айб, гуноҳ ёки фужурга гувоҳ бўлиб қолган кишига уни яширмоқлик, яъни сатр этмоқлик мустаҳаблигига ижмоъ қилишган. Хусусан бундай ножўя ишлар обрўли, ёмонлиги кузатилмаган, бузуқилик билан танилмаган ва унга тарғиб этмайдиган кишидан содир бўлса буни оммага ҳам, хосга ҳам, ҳокимга ҳам, қозига ҳам ошкор қилмаслик керак бўлади. Мусулмоннинг айбини яширишлик, тойишини пойлашдан қайтаришлик хусусида кўп ҳадислар ворид бўлган: Пайғамбар (с.а.в.) айтадилар: "Ким мўминнинг айбини яширса Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини яширади". (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Бошқа бир ривоятда: "Алллоҳ унинг айбини дунё ва охиратда яширади", дейилади (Термизий ривояти). Яна Пайғамбар (с.а.в.): "Яхшиларингиздан адашишларида кўз юмингиз" дейдилар. (Абу Довуд ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса: "Ким мусулмон биродарининг айбини яширса Аллоҳ унинг айбини қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса Аллоҳ унинг айбини ошкор қилади, то уни ўз уйида ҳам шарманда қилади", дейилади. (Ибн Можжа ривояти)

Чунки айбларни ошкор қилиш, бир мўминдан воқеъ бўлган ишни сўзлаш ҳаром этилган ғийбатга олиб боради, фаҳшни ёйиш ҳисобланади. Уламолардан бирлари айтганлар: "Осийларнинг айбини яширишга ҳаракат қил. Чунки уларнинг айби ошкор бўлиши аҳли исломга айбдир. Ишларнинг авлои айбларни яширишдир". Фузайл ибн Иёз айтадилар: "Мўмин яширади ва насиҳат қилади. Фожир эса ошкор қилади ва айблайди".

Аммо киши озор, фасод, ошкора фосиқлик ва гуноҳга бепарволик билан танилган бўлса унинг ҳолини одамларга очиб, уларга маълум қилиш лозим бўладики, тоинки одамлар ундан ҳазарда, ёмонлигидан эҳтиёт бўлишсин. Балки унинг ишлари агар катта муаамолардан қўрқилмаса ҳокимга олиб чиқилиши лозим. Чунки бундаги сатр унинг озор, фасод ва гуноҳларга яна журъат қилишига умидвор этади ва бошқаларда унингдек бўлишга жасорат пайдо қилади. Унинг фисқи кучайиб, одамлардан ҳайиқмайдиган бўлиб қолса жиноятини яширмасдан валийюламрга кўтариб чиқиш энди вожиб бўлиб қолади. То у осийга одоб берсин, бузғунчилигига яраша шариатда кўрсатилган ҳад ёки таъзирни ижро қилсин. 

Бу ҳукмларнинг барчаси мозийда бўлиб ўтган гуноҳларни яширишга тегишли. Аммо кишини гуноҳ устида ушланса уни тезликда қайтариш, имкони борича ундан қайтариш вожиб бўлади. Кечиктириш ва сукут этиш ҳалол эмас. Қайтаришдан якка ўзи ожиз бўлса, арзиҳоли бундан ортиқ муаммога сабаб бўлмаса, ҳокимият вакилига арз қилмоқ керак бўлади. "Сизлардан бирингиз мункар ишни кўрса уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга қодир бўлмаса тили билан, агар бунга ҳам кучи етмаса қалби билан ўзгартирсин. Бу эса иймоннинг энг заифидир." деганлар Пайғамбар (с.а.в.). (Муслим ривояти)

Бу бобга тегишли уламоларнинг яна бир сўзи бор. Яъни, ҳеч кимга мусулмонлардан бирови айбини пойлаш, жосуслик қилиш мумкин эмас. Аллоҳ таоло: "Жосуслик қилманг", дейди. (Ҳужурот сураси, 12-оят). Жосусликдан қайтарилган ҳадиси шарифлар ҳам мавжуд. Бундан қуйидаги ҳолатлар мустасно: Ровийларни, гувоҳларни, садақа, вақфлар ва етимларга аминларни текширишга ҳожат бўлганда уларнинг лаёқатига футур етказадиган айбини яшириш ҳалол бўлмайди. Бу айбларни ошкор қилиш ҳаром этилган ғийбат эмас, балки вожиб насиҳатдан саналади. 


Мўмин ўз айбини сатр этиши



Мусулмоннинг ўзидан хато ёки тойилиш содир бўлса уни яширмоғи, Аллоҳга тавба қилмоғи, ишини султонга ҳавола қилмаслиги керак. Ким бўлишидан қатъий назар айбини бировга очмасин. Чунки бундай қилса Аллоҳ таолонинг: "Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз", деган Нур сураси, 19-оятидаги ваъидига дохил бўлиб қолади. Чунки бу Аллоҳ яширган нарсани ошкор қилишдир. Пайғамбар (с.а.в.) айтадилар: Бу беъмани ишлардан эҳтиёт бўлинг. Ким унга яқинлашган бўлса Аллоҳнинг пардаси билан ўзини тўссин ва Аллоҳга тавба қилсин. Чунки ким уни бизга юзини очса унга Аллоҳнинг китобини қоим қиламиз (яъни жазолаймиз). (Ҳоким ривояти).


Султоннинг осийни сатр этиши



Ҳоким ва раҳбарлар агар осий тавба қилиб, ҳад ёки таъзирни вожиб этадиган ишини унга арз қилиб келса ўзини билмасликка солиши ва изоҳ сўрамаслиги мустаҳабдир. Балки унинг ўзига гуноҳини яширишга амр этиши, бошқаларни ҳам бунга буюриши ва уни айбига иқрор бўлишдан буришга ҳаракат қилиши керак. Хусусан бу солиҳ, истиқоматли ва аҳволи бошқалардан яширин кишиларда қўлланиши жуда муҳим. Анас (р.а.) ривоят қиладилар: "Бир одам Пайғамбар (с.а.в.) олдиларига келиб: Ё Расулаллоҳ, мен ҳадга лойиқ иш қилиб қўйдим, уни менга қоим қилинг, деди. Намоз вақти бўлиб қолганди у Расулуллоҳ (с.а.в.) билан намозни ўқиди. Намозни ўқиб бўлингач, "Ё Расулаллоҳ, мен ҳадга лойиқ иш қилиб қўйдим, энди Аллоҳнинг китобидаги (жазо)ни қоим қилинг", деди. Расулуллоҳ: "Биз билан намозда ҳозир бўлдингми?", деганларида, у: ҳа, дея жавоб қилди. Унда сени кечирилди, дедилар. (Муслим ривоятлари). Гуноҳ ва жиноятдан қаттиқ ҳазар қиладиган, бундай ишларга дунё ва охиратда қатъий жазо белгилаб, уни ижро қилишга кучли ҳарис бўлган Ислом динининг жиноятчи айбини исботлашда тутган бундай инсонпарвар йўли ҳар қанча таҳсинга лойиқ!


Мазлумни золимдан яшириш



Уламолар айтишади: Мусулмон ўзининг мусулмон биродарини золимнинг зулмидан яшириши керак, агар у ўлдиришни, ёки унинг молини тортиб олишни қасд қилган бўлса. Шунингдек унда ёки бошқа бировда мусулмоннинг моли омонат қўйилган бўлса, бу ҳақда золим сўраса бу маълумотни беркитиши ва молни яшириши, яъни сатр вожибдир. Бу йўлда ёлғон гапириши, қасам ичтирилса қасам ичиши лозим. Лекин эҳтиёт юзасидан ноаниқ иборалар ишлатиб гапиргани маъқул. Бу ҳолатда ёлғон гапириш мумкинлигига Умму Кулсум (р.а.) ривоят қилган ушбу ҳадисни далил қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “!Одамлар ўртасини ислоҳ қилиб яхшиликни етказган ёки яхшиликни айтган каззоб эмасдир", дедилар. ( Муслим ривояти).


Сирларни яшириш



Мусулмонга ўзининг мўмин биродари тўғрисида фақатгина ўзи билган сирларини яширомоғи керак. Кимга бўлишидан қатъий назар, ҳатто буни талаб қилинганда ҳам фош қилмаслиги керак. Чунки сирни осиш омонатга хиёнат ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади: "Аҳдга вафо қилинглар. Зеро, аҳд-паймон (Қиёмат куни) масъул бўлинадиган ишдир". (Исро сураси, 34-оят). 

Абу Бакр (р.а) Умар (р.а.)га шундай дегандилар: "Назаримда сиз Ҳафсани менга таклиф этганингизда бирон нарса демаганим учун мендан хафа бўлган бўлсангиз керак". Умар (р.а.): Ҳа, дея жавоб қилдилар. Абу Бакр (р.а.): "Менга қилган таклифингизда жавоб қилмаслигимга фақатгина Расулуллоҳ (с.а.в.) уни (Ҳафсани) зикр қилганликларини билишимгина манъ этди. Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сирларини оча олмас эдим. Агар Пайғамбар (с.а.в) уни тарк қилганларида мен қабул этардим", дедилар. (Бухорий ривоятлари)

Анас (р.а.) ривоят қиладилар: "Мен болалар билан ўйнаб турганимда Расуллуллоҳ (с.а.в.) олдимга келдилар ва бизга салом бердилар. Ва мени бир ишга жўнатдилар, шундан онам олдиларига кечикиб бордим. Келган пайтимда онам: "Нимага ушланиб қолдинг?", дедилар. Айтдим:" Расулуллоҳ (с.а.в.) мени бир иш билан юбордилар.". Нима иш экан дея сўради онам. Бу сир, дедим. Онам айтдилар: "Расулуллоҳнинг сирларини ҳеч кимга сўзламагин".

Саййида Фотима (р.а.)дан Уммул-мўминийн Оиша (р.а.): "Расулуллоҳ (с.а.в.) нима дедилар?", деб сўраган пайтларида: "Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сирларини фош қилмаган бўлардим.", деб жавоб қилгандилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари). 

Яна бир ҳадисда: "Агар киши бир сўзни сўзласа ва у ёқ бу ёққа ўгирилса, бу гапи омонатдир". (Термизий Жобир ибн Абуллоҳдан қилган ривоятлари).

Бу бобга эр хотинлик сирларини муҳофаза қилиш ҳам киради. Бунда эр-хотинлик муносабатлари бўлсин ёки хонадон сирлари бўлсин эр-хотиннинг икковига баробар уларни яшириш вожибдир. Пайғамбар (с.а.в.) айтадилар: “Албатта қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида одамларнинг ёмони шундай кишики, у хотинидан лаззатланади ва хотини ундан, сўнг аёлининг сирини ошкор қилади”. (Муслим ривояти).


Сатр ҳукмларига “Сатри аврат”, “Сутра” каби мавзулар ҳам тегишлики, улар алоҳида мақолалар мавзуси.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аҳли суннат валжамоатнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаб имомлари томонидан ndash quotИза саҳҳалҳадис фаҳува мазҳабийquot quotАгар ҳадис саҳиҳ бўлса, демак, у менинг давоми...

3452 05:00 / 09.03.2017
Аллоҳга беҳад ҳамду санолар бўлсинки, охирги ўн йилликлар ўзбек халқи учун ҳам баракага, файзга ва тавфиқдиёнатга жуда бурканган давр бўлди. Бу гапда ҳеч қандай давоми...

4303 05:00 / 09.03.2017
Ливиялик олим доктор Алий Саллобий ҳақиқий мусулмон билан радикал мусулмоннинг фарқини ажойиб тушунтириб берди1. Ҳақиқий мусулмон ўз иймони билан машғул давоми...

3127 15:29 / 13.12.2021
.Тақлид, сўзи араб тилида бир нарсани бўйнига осиб олишни англатади. Кейинги даврларда бу сўзни бошқанинг амалига ўхшаш амал қилиш маъносида кўпроқ ишлатиладиган давоми...

4840 05:00 / 09.03.2017