1447 йил 16 жумадул аввал | 2025 йил 07 ноябрь, жума
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Ҳақиқий ижтиҳод

15:09 / 04 июль 691 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугунги кунда баъзи одамлар: «Мазҳаблар тўхтаб қолган. Уларга эргашиш ҳам тўхтаб қолган. Мазҳабни ушлаш ҳам тўхтаб қолган. Биз тўхтаб қолишни хоҳламаймиз, ижтиҳод қилишни хоҳлаймиз», дейишади. «Қуръон ва Суннатга қайтиб, янгитдан ижтиҳод қилиш керак», дейишади. Ҳолбуки, бирортасининг усул қоидаси йўқ!

Қалбида Аллоҳдан тақво қиладиган одам: «Мен қандай қилиб Аллоҳнинг каломи борасида гапиришим мумкин? Ахир менинг на усулим, на қоидам бўлмаса?» деб сукут қилади, динга эргашишда бардавом бўлади.

Аллоҳ таолонинг динига журъатли бўлган кимса эса бемалол гапираверади. Улар нима ҳақида гапириши мумкин деб ўйлайсиз? Ташаддуд аҳлидан бўлганлар: «Тавассул қилиш мумкинмас, тасбеҳ ишлатиш йўқ, шанба куни рўза тутиш мумкинмас, намоздан олдинги суннатлар йўқ, жамоат бўлиб зикр қилиш мумкинмас», дейишади, йигирмага яқин мана шунақанги масалалар атрофида мусулмонларни чалғитишади. Улар бидъат деб атаётган, ширк деб атаётган нарсалари тилга олишга арзигулик нарсалар эмас. Улар анчадан бери ўзларича мана шундай «янгича» ижтиҳод қилиб келишяпти.

Аммо алҳамдулиллаҳ, аҳли фазл кишилар, чинакам уламолар ҳам жуда кўп. Ўша янгидан ижтиҳод қилмоқчи бўлганлар нималарга журъат қилаётганига бир эътибор беринг. Улар биз юқорида айтиб ўтган тақлид, яъни мазҳабларга эргашишни «қотиб қолиш» (ёки тўхтаб қолиш) деб номлашяпти. Масалан, сиз муҳандис ёки шифокорсиз. Бино қуришда ёки беморларга дори-дармон ёзганда қайси қоидаларга амал қиласиз? Аввало тиббиёт илмларини ўрганасиз. Бу илмда маълум бир даражага эришгандан кейин ўша ўрганган илмингиз асосида иш бошлайсиз. Муҳандисликда ҳам шундай. Қурмоқчи бўлган биноингизнинг чизмасини китоблардан топа олмасангиз, ўзингиз чизарсиз. Лекин ўша чизмани китобларда бор қоидалар асосида чизасиз. Ҳар қандай илмда ҳам қоида мана шу. Аввал ўша илмни ўрганиш керак, кейин уни амалда татбиқ қилиш керак. Ана шунда сизда тажриба, кўникма, малака ҳосил бўлади. Ана шу малака билан кейинчалик бино қуриш, беморларни даволаш, сиёсат юритиш ёки иқтисодиётни бошқариш мумкин.

Фиқҳий мазҳаблардаги фиқҳ илмида ҳам шундай. Аввал бунинг илмини чуқур ўрганиб, қоидаларини ўзлаштирсангиз, янги пайдо бўлган ҳар қандай масаланинг ечимини топа оласиз. Бу ҳам янги пайдо бўлган ҳар қандай масалани ҳал қилишда ижтиҳоднинг бир йўлидир. Лекин бу илмий, манҳажий, яъни дастурга кўра амалга ошириладиган йўлдир. Тақлид мусулмонларга керакли бўлган ҳукмларни баён қилишнинг ягона ва ишончли йўлидир, ҳукмларни англашда таянадиган ишончли йўлимиздир. Мана шу ҳақиқий ижтиҳоддир. Бу асло чуқур кетмасдан, эътиборсизлик қилмасдан, ортиқча нарсалар аралаштирмасдан, жамиятга Исломни тақдим қилишдир.

Биз юқорида айтиб ўтган қўштирноқ ичидаги «ижтиҳод», яъни ташаддуд ва таҳаллул аҳлининг ижтиҳоди эса ҳақиқий маънодаги ижтиҳод эмас, балки Исломни тўхтатишга қаратилган даъводир.

Сўзимизнинг охирида маълум бўляптики, Қуръон ва Суннатга қайтиш даъвоси остида гўё ҳақиқий ижтиҳодни даъво қилишяпти, лекин аслида Исломни тўхтатиш, ҳукмларни бекор қилиш ғояси турибди. Биз айтган тақлид эса ижтиҳоднинг жамиятга муносиб келадиган ҳукмларни баён қилишдаги ҳақиқий кўринишидир.

Биз жуда катта аҳамият касб этган масалага, муҳим нуқтага тўхталдик. Бу масала шариат илми билан шуғулланувчиларнинг аксарида тушунмовчилик келтириб чиқариши мумкин, аммо Роббимиз саломат қилган зотлар бундан мустасно. Ўйлайманки, бу муҳим нуқта ёки масалани тўлалигича англаган киши фиқҳий мазҳаблар билан муомала қилаётганида хотиржамликка эришади, мазҳабларга нисбатан ишонч ҳосил қилади. Бироқ бу масаланинг моҳиятини англаб ета олмаган киши шариат ҳукмлари билан муомала қилганида, фиқҳий мазҳабларга эътибор қаратганида, Қуръон ва Суннатдан ҳукмлар чиқаришнинг кайфиятини англашга уринганида катта муаммоларга дуч келади. Бу масала туфайли шариат ҳукмлари билан шуғулланганлар «Шаръий ҳукм фақат Қуръондан ёки ҳадисдан олинган ҳужжат билан собит бўлади», деган фикрга келиб қоладилар. Улар: «Ҳукм маълум бир далилдан, маълум бир оят ёки ҳадисдан чиқариб олинади, бошқа оятларга, ҳадисларга ва асарларга қаралмайди», деб ўйлашади. Аслида улар бу борада ҳукм чиқариш учун бошқа оятлар, ҳадислар ва далилларга мурожаат қилиш зарурлигини билишади, лекин амалга келганда буларни унутиб, «Ҳукм маълум бир далилдан чиқарилади», деган фикр билан амал қилишади. Бундай тушунча бизни қийин вазиятга тушириб қўяди.

Бу ҳолатнинг биринчи кўриниши шуки, ҳар бир киши ўзига ўзи шаръий ҳукмлар чиқариб олишга журъат қилади. Оддий одам ёки илмга энди қадам қўйган талаба бирор оят ёки ҳадисни кўриб, ўзича ҳукм чиқармоқчи бўлади, қарабсизки, «Бунга оятдан ёки ҳадисдан далил бор. Масаланинг ҳукми бундай», дейишгача боради. Унинг зеҳнига келадиган биринчи нарса – «Бу борадаги ҳукм мана шундай бўлиши керак», дейиш бўлади. Ваҳоланки, у кўрган бир оят Қуръондаги у кўрмаган бошқа бир оятга зид бўлиши мумкин, маълум маънога хосланган бўлиши мумкин, амали мансух қилинган, яъни бекор қилинган бўлиши мумкин, муайян маъно ёки тушунчага далолат қилиши мумкин ва ҳоказо. Аммо янги одам бундай эҳтимолларни бир чеккага суриб қўяди. Ачинарлиси шуки, мана шундай тор қараш натижасида кўпгина одамлар шариатда ўзича ҳукм чиқариб олишга журъат қилиб қолишяпти.

Бу ҳолатнинг иккинчи кўриниши шуки, баъзи одамлар ҳанафий, шофеъий ёки моликий мазҳабларидан бирида келган фиқҳий ҳукмга лафзи тескари келган оят ёки ҳадисни кўриб қолишса, ўзидаги далилга тескари келгани учун ўша мазҳабдаги ҳукмни қилгилари келмай қолади. «Мазҳабдаги ҳукмга далолат қиладиган бошқа далил, бошқа оят ёки ҳадис ҳам бордир», деган эҳтимол хаёлининг бир чеккасига ҳам келмайди.

Биз ҳозир мана шу икки кўриниш билан чекланиб турамиз, чунки бу борада гап кўп.

Биринчи кўриниш жуда ҳам хатарли. Дуч келган одамнинг ўзича шаръий ҳукм чиқариб олишга журъат қилиши жуда катта фалокатдир. Айтиб ўтилган иккинчи кўриниш эса фиқҳий мазҳабларга ишончсизлик белгисидир. Мазҳабларни, буюк имомларни муҳокама қилиш эса яна бир катта фалокатдир, чунки бунинг оқибатида одамлар Аҳли сунна манҳажини ёмон кўриш, ундан узоқлашиш ва ҳатто уни тарк қилишгача бориб қолишяпти. Бугунги кунда бошимизга тушиб турган энг катта муаммо мана шудир: Аҳли сунна манҳажини тарк қилиш! Аллоҳ асрасин!

Улар Аллоҳнинг динига хизмат қиламан, дейишяпти, аммо ўзича ҳукм қилишга журъат қилиб қўйишяпти, тўрт мазҳабга хилоф бўлган қўштирноқ ичидаги «шаръий ҳукм»ларни чиқариб олишяпти. Афсуски, шунинг оқибатида ўша жамоаларнинг кўпчилиги сизнинг «битта мазҳабга эргашайлик», деганингизни кўрса, сиз билан алоқани узади ёки ҳатто сизга қарши туриб, курашади. «Ақийдада Аҳли сунна вал жамоадаман, ашъарий ёки мотуридий мазҳабидаман», десангиз, сизни қаттиқ огоҳлантиришади, бундан қайтаришга ҳаракат қилишади. «Мен руҳий тарбия йўлини, яъни тасаввуфни ушлаганман», десангиз ҳам, сизни бундан қайтаришади, сизга қарши курашишади.

Сезсангиз ҳам, сезмасангиз ҳам, бу нарса Аллоҳнинг динидан тўсишнинг бир туридир. Ниятлари яхши эди, фақат ва фақат Аллоҳнинг динига хизмат қиламан деб, шу йўлда жонини бермоқчи эди. Лекин, афсуски, уларнинг қилаётган амаллари Ислом оламига ҳар хил ёт ғояларни киргизмоқчи бўлаётган дин душманларининг фойдасига ишлаяпти.

Бундай жамоаларнинг кўпчилиги такфир, яъни «мусулмонларни кофирга чиқариш» деган ғояни кўтариб юрибди, раҳбарларни, давлатларни ва умуман, халқни кофирга чиқаришяпти, баъзилари эса ҳатто қурол кўтаришгача боришяпти. Афсуски, уларнинг ҳаммаси бу ишларни ишонч билан, динни яхши кўргани учун, «Динга хизмат қиляпмиз», деб қилишяпти.

Бундай муаммоларнинг асл негизи нима экан? Аҳли сунна манҳажини тарк қилиш, шаръий ҳукмни тушуна олмаслик, Ислом билан қандай муносабатда бўлишни билмаслик – хуллас, динни тўғри англай олмасликдир.

Динни тушунишнинг энг афзал йўли – фиқҳий ҳукмларни тушунишда тўрт мазҳабдан бирига, ақийдавий масалаларни англашда ашъарий ва мотуридий мазҳабидан бирига, тарбиявий ва сулукий илмларни ўрганишда Аҳли сунна вал жамоани тутган ҳақ тариқатларга эргашишдир.

Биз кўриб чиқаётган бу мавзу иккинчи ёки учинчи даражали мавзу эмас, балки аксар авом халқда, кўпчилик исломий жамоаларда учраётган оғишларнинг сабабини баён қиладиган асосий мавзудир. Агар ўша биродарларимиз бу масалага диққатлироқ бўлишганда эди, қилаётган ишларининг натижаси ва самараси мусулмонларнинг фойдасига бўлар эди.

Юқорида кўрганимиздек, буларнинг ҳаммаси ҳукмлар, оятлар ва ҳадислар борасидаги нотўғри муносабатдан келиб чиқяпти.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугунги мавзуимиз шофеъий мазҳабига боғлиқ. Бу мазҳаб қандай пайдо бўлгани, унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача етиб борадиган йўналиши қандай давоми...

1463 13:16 / 10 июнь
Мазҳаблар ўртасидаги ихтилоф бирорта ҳадис етиб келган ёки келмаганлигида эмас, усулларнинг бошқабошқалигида бўлади. Ҳанафий, шофеъий ва моликий мазҳабларида давоми...

715 16:53 / 16 май
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадисларида умматлари 73 фирқага бўлинишини ва улардан фақат биттасигина нажот топишини айтганлар. Ушбу давоми...

887 13:34 / 25 сентябрь
Агар мадрасавий нақл мутавотир бўладиган бўлса, унда нима учун ҳанафийларнинг мутавотирида моликийларнинг мутавотирига тескари келадиган жойлар давоми...

797 16:11 / 15 июнь