
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мазҳаблар ўртасидаги ихтилоф бирорта ҳадис етиб келган ёки келмаганлигида эмас, усулларнинг бошқа-бошқалигида бўлади. Ҳанафий, шофеъий ва моликий мазҳабларида усул ҳар хил бўлгани учун далилларда ихтилоф бўлади, ҳадиснинг етиб келиш-келмаслигида эмас. Шунинг учун ихтилофлар ҳақида китоб ёзганларга эътибор берсак, уларнинг бирортаси ихтилофнинг сабаби сифатида ҳадис етиб келиш-келмаслигини айтмаган. Улар ихтилофнинг сабаби сифатида усуллардаги фарқларни кўрсатишган.
Ҳозирги кунда баъзилар «Раъй аҳлида ҳадислар кўп бўлмаган, Ҳижоздаги ҳадис аҳлида эса ҳадислар жуда кўп бўлган, улар раъй ҳақида жуда кам сўз юритишган», деган даъвони кўп қиладиган бўлиб қолди.
Шариат илмини ўрганаётган кўпчилик мана шу фикрни ақлига маҳкам жойлаштириб олади. Ваҳоланки, бу гапга кўра Ҳижоз аҳли бўлмиш шофеъий ва моликий уламоларга ишонч йўқолади, чунки бундан «Улар фақат ҳадис билан машғул бўлишган, фиқҳдан узоқ бўлишган», деган гап келиб чиқади. Шунингдек, «Кўфа аҳли фақат раъй билан машғул бўлиб, суннатдан бехабар қолишган экан» деган хулосага келиб, ҳанафий уламоларга ҳам ишонч йўқолади.
Шаръий илмларни ўрганишни энди бошлаган, биринчи босқичдаги талабага шу гапларни айтиб, унинг қалбидаги фиқҳий мазҳабларга бўлган ишончни йўқотишади. Яна ўзлари: «Биз фиқҳ юксалган даврда яшаяпмиз. Бизда ҳозир суннат ҳам, раъй ҳам бор», дейишади. Улар тарихни қуйидаги босқичларга бўлиб шарҳламоқчи бўлишади: аввал саҳобалар даври, кейин тобеъинлар даври. Ундан кейин нима дейишади, биласизми? Йиқилиш, қотиб қолиш даври, дейишади. Кейин эса бугунги кунга – илмий юксалиш замонига келдик, дейишади. Уларнинг бу гапидан қандай хулоса чиқиши мумкинлигига эътибор беряпсизми? Уммат таназзулга учраб, минг йил шу зайлда, илмсиз, тўғри фаҳмсиз бўлган, деган гап келиб чиқяпти. Улар кучи борича илгари сурмоқчи бўлаётган бу фикрлар тўғрими, йўқми ўзи – бироздан кейин бунга жавоб берамиз.
Энди шу мавзу атрофида кўп мунозаралар олиб бориладиган яна бир гапни ҳам айтиб ўтайлик. Бу «Мужтаҳид имомларга ҳадислар етиб келмаган», деган гап. Гўёки «Имом Абу Ҳанифа, имом Шофеъий ва имом Моликнинг кўп масалаларда айтган ҳукмлари уларга ҳадис етиб келмагани учун айтилган», дейишади. Шунинг учун кўпинча улар билан бирор масалада гаплашсангиз, «Ҳанафийлар шундай деганлар, менимча, уларга ҳадис етиб келмаган», деб қўйишади. Ҳолбуки, ҳанафийларнинг ҳадисдан далили бор бўлади.
Хуллас, фиқҳий мазҳабларга амал қилишга ишончни йўқотадиган икки машҳур гап бор. Биринчиси – аҳли раъй ва аҳли ҳадислар ҳақидаги гап. Иккинчиси – «уларга ҳадис етиб бормаган», деган гап. Нима эмиш, уларга баъзи ҳадислар етиб борган, баъзи ҳадислар етиб бормаган эмиш. Кўп масалаларда ҳеч тап тортмай, «Унга ҳадис етиб келмаган бўлса керак», «Унга ҳадис етиб келмаган бўлиши мумкин», деб айтаверишади. Натижада жуда кўп толиби илмлар, шариатни ўрганаётган талабалар мана шу гапларни эшитиб, бунга ишониб, мазҳабларни ўрганишдан юз ўгиришяпти, бу масалага эътибор беришмаяпти, охир оқибат шариатни янгича фаҳмлаш томонга кетиб қолишяпти.
Энди мана шу «Мужтаҳид имомларга ҳадис етиб келмаган» ва «Уламолар аҳли раъй билан аҳли ҳадисга бўлинади», деган иккита гапни муҳокама қилиб чиқайлик. Хўш, бу гаплар тўғрими ёки нотўғрими?
Аввал «Ҳадис етиб келмаган», деган гапга тўхталамиз. Ҳадиснинг етиб келишига оид мулоҳазаларни биринчи дарсда ҳам айтиб ўтган эдик. Энди ушбу мавзу устида батафсилроқ, қўшимча маълумотлар билан баҳс юритамиз.
Келинг, шу гапни тўғри деб фараз қилайлик, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳга ҳадис етиб келмаган, деб кўрайлик. Мабодо шу гапни тўғри деб қабул қилсак, нима бўлади?
Умуман, «ҳадислар етиб келмаган» деган гап машҳур, асосий масалаларга боғлиқми? Ёки камдан-кам учрайдиган айрим жузъий масалаларга тегишлими?
Аввало, ҳамма амал қилиб келаётган катта, машҳур масалалар, бобларнинг усулига тегишли масалалар ҳадисларга асосланган. Бу борада ҳадис бор. Бунга ҳаммамиз иттифоқ қиламиз. Лекин дақиқ, жуда кам учрайдиган фаръий ишларга, жузъий масалаларга далил бўладиган баъзи ҳадислар етиб келмаган бўлиши мумкиндир, балки. Масалан, ҳар юз ёки икки юзта ҳадис ичидан фаръий масалаларга тааллуқли бўлган, инсоннинг ҳаёти давомида бир марта содир бўладиган ҳодиса бўлса, шу ўринда Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳга айнан шу масалага тегишли ҳадис етиб келмаган бўлиши мумкин.
Демак, шу гап тўғри деб фараз қилсак ҳам, бу асосий масалалар борасида эмас, балки қисман ёндашса бўладиган, камдан-кам содир бўладиган масалаларга хос фикр ҳисобланади. Юздан бир ёки мингдан бир ҳолатда Абу Ҳанифа ёки Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳларга бирор ҳадис етиб келмаган бўлса, шуни «Уларга ҳадис етиб келмаган» деб айтилса, оқибати нима бўлади? Бугунги кунга келиб, «Шофеъий ёки ҳанафий мазҳабидаги масалаларнинг ҳаммасига ҳадис етиб келмаган», деган фикр ҳосил бўлади. Қарабсизки, дуч келган одам масаланинг асосийлиги, машҳурлиги ёки жуда нодир ҳолатда содир бўлганига қарамай, «Бунга ҳадис етиб келмаган бўлиши мумкин», «Бунга ҳадис етиб келмаган бўлса керак», деб ўтиб кетаверадиган бўлиб қолди.
«Ҳадис етиб келмаган бўлиши мумкин», деган гап жуда нодир гап. Бу гап фаръий, жузъий масалаларни рад қилишга эмас, балки энг катта, асосий масалаларга нисбатан ҳам айтилаверадиган аҳволга етиб келди. Бу эса «Аҳли сунна мазҳабларига амал қилмаслик керак, уларга ишонмаслик керак», деган фикр келиб чиқишига сабаб бўлди. «Жуда нодир масалаларга тегишли баъзи ҳадислар етиб келмаган», деган гапни фаразан тўғри десак, «Демак, ҳанафий ёки шофеъий мазҳабига амал қилмасак ҳам бўлаверади», деган гап келиб чиқиб қоляпти. Бу эса асрлар, йиллар давомида Аҳли сунна лозим деб келган ишга хилоф иш бўлади.
Демак, биз бу гапни нима қилишимиз керак? Бу фикрни мутлақо миядан ўчириб ташлашимиз, улоқтиришимиз, унга қараб ҳам қўймаслигимиз керак.
Бу биринчи фаразимиз эди. Энди «Ҳадис етиб келмаган», деган фаразимиз тўғри бўлиб чиқмади, нотўғри бўлиб чиқди. Бу гапнинг оқибати яхшиликка олиб келмаяпти, балки жуда кўп ёмонликларга сабаб бўляпти.
Хўш, «Ҳадис етиб келмаган», деган гапнинг нотўғри эканига далил борми? Бор. Бу гапнинг нотўғри эканига далил қидирсангиз, жуда катта бир китоб бўлади.
Шу ерда бир масалани айтиб ўтайлик. Биринчидан, фалон масалада Абу Ҳанифанинг далили фалон далил эканини биламизми? Йўқ! «Бир масалада фалон далил Абу Ҳанифанинг далили», деб айта олмаймиз. «Абу Ҳанифанинг фалон далили бор-ку», десак, уни Абу Ҳанифадан кейин келганлар айтишган, чунки Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳдан масалалар нақл қилинган, далиллар нақл қилинмаган. Бу масалаларни Абу Ҳанифадан кейин келганлар далил қилиб кўрсатишган. Шундай экан, қандай қилиб мужтаҳидлар ушлаган далилларини аниқ билмай туриб, у кишига ҳадис етиб келган ёки етиб келмаган, дея оламиз? Бундай десак, билмаган нарсамизни айтган бўлиб қоламиз-ку.
Иккинчидан, бир масала биттагина, ёлғиз келган далилдан олинадими? Бир масаладаги ҳукм Қуръонда, Суннатда ва саҳобаларнинг асарида келган нарсалар устида жамланади. Шунда ҳам, мабодо «Абу Ҳанифага фалон ҳадис етиб келмаган», дейдиган бўлсак, ҳар бир мавзу учун ўнлаб далиллар жамланиб, шулардан қоида чиқарилади, кейин ўша қоидадан ҳукм чиқарилади. Бу ҳолатда биттагина ҳадис етиб келмагани зарар қилмайди, чунки бу масаладаги ҳукм биттагина ҳадисдан эмас, кўплаб ҳадисларнинг жамланмасидан олиняпти. Энди ўша битта ҳадиснинг етиб келмаганининг ҳукми нима бўлади? Бизга унинг зарари ёки таъсири бўлмайди.
Учинчидан, китобларда бир масала устида мазҳаблар ўртасида ўзаро ихтилоф ва тортишув бор бўлса, бу борада Қуръондан, Суннатдан ва саҳобаларнинг асаридан жуда кўп далиллар келтирилган бўлади. Шундай экан, қандай қилиб «далил етиб келмаган», дейиш мумкин? Йўқ, жуда кўп далиллар айтилган бўлади. Ўнлаб жилддан иборат китоблар борки, уларда фақат мазҳабларнинг далил олиши зикр қилинган. «Далил йўқ» дейдиганлар билсинки, бу уламолар биттагина далилни эмас, жуда кўп далилларни зикр қилишади. Улар Абу Ҳанифага етиб келмаган, деб ўйлаётган ҳадисга келсак, бу ҳадис у зотга етиб келмагани учун эмас, балки ундан бошқа бир, икки, уч ва бир неча сабабларга кўра тарк қилинган бўлади.
Хулоса шуки, мазҳаблар ўртасидаги ихтилоф бирорта ҳадис етиб келган ёки келмаганлигида эмас, усулларнинг бошқа-бошқалигида бўлади. Ҳанафий, шофеъий ва моликий мазҳабларида усул ҳар хил бўлгани учун далилларда ихтилоф бўлади, ҳадиснинг етиб келиш-келмаслигида эмас. Шунинг учун ихтилофлар ҳақида китоб ёзганларга эътибор берсак, уларнинг бирортаси ихтилофнинг сабаби сифатида ҳадис етиб келиш-келмаслигини айтмаган. Улар ихтилофнинг сабаби сифатида усуллардаги фарқларни кўрсатишган.
Қуръон ва Суннат қўлимизда турибди, у ҳаммамизга маълум. Гап Қуръон ва Суннатни қандай қилиб тўғри тушуниш, Қуръон ва Суннатни тушунишда қандай усулни қўллашда қолган, холос. Демак, ихтилоф нимада экан? Ихтилоф вусулда эмас, усулда экан, яъни ҳадиснинг етиб келиш-келмаслигида эмас, усулда экан!
Мен ҳозир бунинг учта кўринишинигина айтиб ўтдим. Иншааллоҳ, ҳали бунга атрофлича, батафсил тўхталамиз.
Бугунги далил етиб келган ёки келмаган деб, тўрт мазҳабни йўққа чиқараётганларга нима дейиш мумкин? Уларнинг ақли қаерда? Улар қаёққа қарашяпти ўзи? Улар ҳамма нарсани билиб қолишди-ю, улардан олдин ўтган, ушбу мазҳабларга эргашган, ишонган бутун бошли уммат ҳеч нарсани билмай қолдими? Улар билар экан-да, асрлар давомида шу йўлни босиб ўтган уммат билмас эканми?
Демак, далилнинг етиб келиш-келмаслиги эътибор қаратишга арзийдиган иш эканми? Йўқ. Бу нарсада ҳеч бир қиймат ҳам, ибрат ҳам йўқ.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.