1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳикматлар

Улуғлар сатрларда...

05:00 / 11.03.2017 3746 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Урва ибн Зубайр раҳимаҳуллоҳ намоз ўқиётганда Аллоҳдан бошқа нарсани ўйламас эди. Унинг оёғини кесиб ташлашди. У намоз ўқиётгани учун ҳеч қандай оғриқни сезмади.

Юнус ибн Убайд раҳимаҳуллоҳ шубҳали бир дирҳамни деб минглаб динор ва дирҳамларни тарк қилар эди.

Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳ турли китобларни ва Қуръонни қўлда кўчириб ёзарди. Бу иши учун ҳақ олмас эди.

Абу Ғиёс Маккий раҳимаҳуллоҳ йўлдан топиб олган молдан оиласининг нафақаси учун ишлатишдан бош тортди. Бунинг эвазига Аллоҳ таоло уни фақирликдан сўнг бой қилди.

Ато бин Рабоҳ раҳимаҳуллоҳ етмиш марта ҳаж қилди. Одамларга ярим аср давомида фатво берди. Бирор кишига ўзининг ҳожатидан шикоят қилмади.

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларини Тавротдан ўқиб билди. Исломни қабул қилишда бир лаҳза ҳам иккиланмади.

Иброҳим ибн Исҳоқ Ҳарбий ўз қўли билан фиқҳ, ҳадис, одобга оид ўн икки минг жуз китоб ёзди.

Маймун ибн Меҳрон раҳимаҳуллоҳ нафл намоз ва рўзаларга кўп эътибор бермасди. Аммо умри давомида Аллоҳга гуноҳ қилишни ёқтирмади.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳуни Аллоҳ таоло ўттиз йил касал қилиш билан имтиҳон қилди. Ҳеч кимга касалидан шикоят қилмади. У сабрқилувчиларнинг беназир намунаси эди.

Ҳувайтиб ибн Абдулуззо Бадр куни фаришталар кофирларни қамчилар билан уришаётганини кўрган.

Сория ибн Зайнам мусулмонларнинг байроғини кўтариб борар экан, минг миллар узоқликдаги Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг “Эй Сория, тоғ томонга, тоғ томонга!” деган сўзларини эшитган саркардадир.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ витр намозини тарк қилувчилар ҳақида “Уларнинг гувоҳликлари қабул қилинмайди” деганлар.

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳу дедилар: “Сизлар бир қанча гуноҳларни қиласизлар ва ўша гуноҳ сизларнинг наздингизда қилдан ҳам ингичка (арзимас) ҳисобланади. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида мазкур гуноҳларни ҳалокатга олиб борувчи деб билар эдик”.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Агар мўмин банда гуноҳ қилмаганда эди ҳавода учган бўларди. Лекин Аллоҳ таоло уни гуноҳлар билан”

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ яна шундай дедилар: “Банда билан Аллоҳ ўртасида гуноҳлардан иборат чегара бор. банда агар ўша чегарага етса, Аллоҳ унинг қалбини мухрлайди. Кейин ўша банда ҳаргиз яхши ишга муваффақ бўла олмайди”.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ яна шундай дедилар: “Эй Одам боласи, Мусо алайҳиссалом Хизр алайҳиссаломга уч марта хилоф қилгани учун унга “Мана шу мен билан сенинг орангдаги ажралишдир” деган. Сен бир кунда бир неча марталаб Аллоҳга хилоф қиляпсан. “Мана шу мен билан сенинг орангдаги ажралишдир” дейилишидан қўрқмайсанми?”

Салафи солиҳлардан бирлари шундай дедилар: “Лаънат дегани юзнинг қорайиши,  молнинг камайиши эмас. Балки лаънат бир гуноҳдан чиқмай туриб, яна ўшанга ўхшаш ёки ундандан каттароқ гуноҳни қилишдир”.

Баъзи асарларда шундай келган: “Аллоҳ азза ва жалла деди: “Банда ўз шаҳватини тоатимдан устун қўйган пайтда унга берадиган энг кичик жазойим уни муножотимнинг лаззатидан маҳрум қилишимдир”.

Ҳаммод ибн Зайд раҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар банда гуноҳ содир этса, юзига хорлик тамғаси урилган ҳолда тонг оттиради”.

Яҳё ибн Муоз раҳимаҳуллоҳ айтади: “Эй Одам боласи, шайтондан эҳтиёт бўл! Чунки у эскидир, сен эса янгисан. У бўшдир, сен эса машғулсан, бандсан. Унинг мақсади битта – сени ҳалок қилиш. Сен эса кўп мақсадлар билан юрасан. У сени кўради, сен эса уни кўрмайсан. Сен уни унутиб қўясан, у эса сени асло унутмайди”.

Салафи солиҳлардан бирлари шундай деган экан: “Касалликдан қўрқиб таом ва ичимликдан парҳез қилиб, дўзахдан қўрқиб гуноҳлардан парҳез қилмайдиган одамдан ажабландим”.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу шундай дедилар: “Агар учта нарса бўлмаганда эди, дунёда бир соат ҳам қолишни хоҳламаган бўлардим: куннинг иссиғидаги ташналик, тун қоронғусидаги сажда, худди энг яхши хурмоларни инфоқ қилганидек, энг яхши сўзларни айтадиган қавмлар билан бирга ўтириш”.

Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳ айтади: “Душманларингиз билан урушганингиз каби нафсларингиз билан ҳам курашинглар”.

Муҳаммад ибн Мункадир раҳимаҳуллоҳ кўп йиғлайдиган киши эди. Унда нега кўп йиғлаши ҳақида сўрашди. Шунда у зот: “Қуръондаги “(Чунки у кунда) уларга Аллоҳ томонидан улар (дунёда яшаган пайтларида) ўйлаб ҳам кўрмаган нарсалар (азоблар) намоён бўлур” деган оят мени йиғлатди” деб жавоб бердилар.

Онаси Робиъ ибн Ҳайсамни кўп йиғлаб, изтироб чекишини кўриб: “Эй ўғлим, эҳтимол сен бирор кишини ўлдириб қўйгандирсан? Ўша ишингнинг оқибатидан қўрқаётгандирсан?” деб сўради. Шунда у: “Ҳа, шундай, онажон” деди. Онаси ўғлига: “Ўлдирган одаминг ким, ўғлим? Кимлигини бизга айтсанг, биз бориб, оиласидан сени кечиришларини сўрардик. Аллоҳга қасамки, агар улар сенинг бу аҳволда эзилиб ўтирганингни кўрсалар, албатта, сенга раҳим қилишади” деди. Шунда Робиъ ибн Ҳайсам: “Эй онажон, мен Аллоҳ таолонинг ҳақларида камчиликка йўл қўйганим сабабли ўз нафсимни ўлдириб қўйдим” деб жавоб берди.

Бир киши солиҳлардан бирига: “Мен кечаси ибодат учун туролмаяпман” деб шикоят қилди. Шунда солиҳ зот: “Кундузи Аллоҳга гуноҳ қилма!” деб насиҳат қилди.

Фузайл раҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар кундузлари нафл рўзага ва кечалари нафл ибодатга қодир бўлолмаяпсанми, демак, билгинки, сен гуноҳларинг сабабли бу нарсалардан маҳрум бўлгансан”.  

Имом Молик ибн Анас раҳимаҳуллоҳ айтади: “Дунёни яхши кўриш қалбингдан иймон ҳаловатини чиқариб юборади”.

Иброҳим ибн Адҳам раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мўминнинг қалби ойна каби тозадир. Шайтон у қалбга ҳеч нарсани келтиролмайди. Шайтон фақат ўша қалб эгасига гуноҳ ишни кўрсатиб қўяди, холос. Агар ўша банда ўша гуноҳни содир этса, қалбига битта қора нуқта тушади. Агар ўша гуноҳидан тавба қилса, қора нуқта ўчирилади. Агар тавба қилмай, яна бошқа гуноҳни содир этса, қора нуқта ўз ўрнида қолади, ҳатто қалб охири қорайиб кетади. Кейин ўша қалбга мавъиза таъсир қилмайдиган бўлиб қолади”.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтдилар: “Аллоҳнинг зикридан бошқа гапни кўпайтирманглар. Агар шундай қилсангиз қалбларингиз қотиб қолади. Қотган қалб эса Аллоҳдан узоқ бўлади. Сизлар эса унинг узоқлигини билмайсизлар. Ўз гуноҳларингизга қуллардек назар солинглар. Инсонларнинг гуноҳларига хўжайинлардек назар солманглар. Инсонлар офиятга эришган ва балога учраган ҳолда бўладилар. Балога учраганларга раҳим қилинглар. Офият учун Аллоҳга ҳамд айтинглар”.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу дедилар: “Аллоҳ ҳеч бир бандага, уни азоблашни хоҳлаб туриб, истиғфорни илҳом қилмайди”. Яъни истиғфорни айтадиган қилиб қўйибдими, демак, бу нарса Аллоҳ ўша бандасини азоблашни хоҳламаётганининг аломатидир.

Али розияллоҳу анҳу ўғилларига шундай дедилар: “Эй ўғилчам, Аллоҳдан шундай қўрққинки, агар сен У зотнинг ҳузурига ер аҳлининг барча ҳасанотлари билан келсанг ҳам, У зот сендан ўша ҳасанотларингни қабул қилмайди деган ҳис-туйғуда бўлгин. Аллоҳдан шундай умид қилгинки, агар сен У зотнинг ҳузурига ер аҳлининг барча гуноҳлари билан келсанг ҳам, У зот сенинг ўша гуноҳларингни кечиради деган ҳис-туйғуда бўлгин”.

Ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ замзам ичиш учун келди. “Замзам нима учун ичилса, ўшанга бўлади” деган ҳадисни эслади ва “Эй Аллоҳ, мен бу замзамни ўша кун (қиёмат)нинг ташналигидан қутулиш учун ичаман” деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарда ўтирар эканлар, ансорлардан бир йигит ўрнидан туриб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени жаннатга киришдан маҳрум қилманг. Ҳеч қандай илоҳ бўлмай, фақат Ўзигина бор бўлган Аллоҳга қасамки, мен албатта жаннатга кираман” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан: “Қайси амал билан жаннатга кирмоқчисан?” деб сўрадилар. Ҳалиги йигит: “Аллоҳни ва Унинг Расулини яхши кўришим ҳамда уруш кунида қочмаслигим билан” деб жавоб берди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки кўзлари ёшланди ва: “Агар Аллоҳга берган ушбу қасамингда содиқ бўлсанг, Аллоҳ ҳам сени мақсадингга эриштиради” дедилар. Ўша йигит Аллоҳга берган қасамига содиқ қолди ва шаҳид қилинди. Аллоҳ ундан рози бўлсин.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ қуйидагиларни айтган экан: "Ҳолимизга вой бўлсин! Биз ўзи нималар қилиб қўйдик? Динимизни оздириб, дунёмизни семиртириб юбордик-ку. Биров бировнинг молини ейди. Таоми бировга тажовуз қилиш ортидан келган бўлади. Унга бирор киши хизмат қилса, ҳақини бермайди. Ширинликни еб бўлганидан кейин, нордонини олиб келинглар, дейди, иссиғини еб бўлгач, совуғини келтиринглар, дейди, намидаи кейин қуруғидан бўлсин, дейди. Тўйганидан унинг оғзидан бадбўй ҳидлар чиқиб кетади. Кейин (хизматкорига): “Эй бола, энди бу еганларимизни ҳазм қиладиган бирор нарса олиб кел», дейди. Эй нодон, Аллоҳга қасамки, сенинг ошқозонингдаги нарса ҳазм бўлмайди. Ундан кўра, муҳтож қўшнингни, оч-яланғоч етимларни ёки сенга қараб турган мискин-бечораларни едириб-ичирсанг бўлмайдими ?! Аллоҳ буйруғини унутдингми? Боз устига, сен кабилар ҳар ерда топилади”.

         Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Инсонлар неъмат берилган пайтда бир хилдир. Бало келганда эса, кимнинг қандайлиги ошкор бўлади”.

Бир киши Ҳазрат Алишер Навоийдан "Бу дунёдан кетмасликни иложи борми?" деб сўради. Ҳазрат Навоий "Бор" деб жавоб бердилар. Ҳалиги одам "Қандай қилиб?" деди. У зот "Келмаслик керак" деб жавоб бердилар.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу дедилар: “Ҳақиқат аҳли сукут қилган пайтда ботил аҳли ўзларини “Ҳақиқат устидамиз” деб ўйлашади”.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу дедилар: “Мен барча мазали нарсаларни тотиб кўрдим. Офиятдан кўра мазалироқ нарсани кўрмадим. Барча аччиқ нарсаларни ҳам тотиб кўрдим. Одамларга муҳтож бўлишдан кўра аччиқроқ нарсани кўрмадим. Темир ва ҳарсанг тошни кўтардим. Қарздан кўра оғирроқ нарсани кўрмадим”.

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтдилар: “Беш нарса бадбахтлик аломатидир: қалбнинг қаттиқлиги, кўзнинг қуруқлиги (ёш тўкмаслиги), ҳаёнинг озлиги, дунёга рағбат, орзунинг узунлиги”.

         Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу дедилар: “Жим турганимга бир марта надомат қилган бўлсам, гапирганимга кўп бора надомат қилдим”.

 Бир киши Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳнинг олдиларига келиб: “Фалончи сизни ёмонлади” деди. Шунда Имом: “Агар гапинг рост бўлса, сен ғийбатчи экансан. Агар гапинг ёлғон бўлса, сен фосиқ экансан” дедилар. Ҳалиги одам мулзам бўлиб, орқасига қайтиб кетди. 

Саъид ибн Мусайяб раҳимаҳуллоҳ атадилар: “Қир йил бир вақт намозни ҳам жамоатсиз ўқимадим”.

 Адий ибн Ҳотим айтадилар: “Мусулмон бўлганимдан бери намозга иқомат айтилаётганда, доимо, таҳоратли ҳолда бўлдим”. 

Нозимжон Ҳошимжон

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кушойиш кечикса, у умуман келмайди дегани эмас. Аллоҳнинг тақдири раҳматларга яширилган, лекин сизлар шошқалоқ қавмсиз.

3379 09:20 / 11.10.2017
Умар розияллоҳу анҳу айтдилар .Инсонларга гўзал муносабатда бўлиш ақлнинг ярмидир. Саволнинг чиройли бўлиши илмнинг ярмидир. Чиройли тадбир бўлиши эса бахтли ҳаётнинг ярмидирrdquo.

1422 08:49 / 08.10.2019
Қуръон китобингнинг устида чанг кўрсанг, аҳволингга йиғлагин. Ким уч кун Қуръон тиловатини узрсиз тарк қилса, ҳожир узоқлашган деб аталади..Ва эслат. Албатта, эслатиш мўминларга манфаат берур,.

1685 14:52 / 05.07.2019
Ҳаром нарса ҳаромлигича қолади, агар уни ҳамма қилаётган бўлса ҳамЁлғиз ўзинг қолсанг ҳам, ўзлигингдан чекинма

1748 07:19 / 16.10.2018