1447 йил 5 ражаб | 2025 йил 25 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Далилларни жамлаш

14:52 / 08 апрель 1079 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мазҳабни инкор қиладиганларнинг эътирозини қаранг: «Сизлар ҳадисларга амал қилмайсизлар, ҳадисларни тарк қиласизлар. Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ида Абу Ҳанифа, Шофеъий ёки бошқа мазҳаб имомлари амал қилмаган ҳадислар бор».

Уларга жавоб шундай: «Бухорийда саҳобалар амал қилмаган ҳадислар бор. Бу «суннатни таҳрир қилиш» дейилади. Бухорий саҳиҳ деб ҳукм берган ҳадис қатъий илмни ифода этадими ёки зонний (яъни қатъий бўлмаган) илмними? Албатта, зонний илмни ифода этади, чунки ул зот фақат ўша ҳадиснинг саҳиҳлигини исботлаб берганлар, холос. Масалан, имом Муслим у зотнинг шогирдлари, лекин имом Муслим бир ҳадисга саҳиҳ деб ҳукм беришнинг шартларида Бухорийга хилоф қилган. Имом Бухорий: «Ҳадисни ривоят қилган одам уни ривоят қилаётган ровий билан кўришган бўлиши керак, бунга ҳужжат бўлиши керак», деб шарт қўйган. Имом Муслим эса: «Кўришган бўлиши шарт эмас, бир замонда яшаган бўлса, кифоя», деган. Кўряпсизми, имом Муслим устози имом Бухорийга хилоф қиляптилар, ўзлари алоҳида «Саҳиҳ» тўпламини ёзяптилар (аслида, имом Муслим ўзининг «Саҳиҳ»ини имом Бухорийга шогирд бўлишидан олдин ёзган). Имом Бухорий «Саҳиҳ»ларининг даражаси ниҳоятда баланд эканини, Аллоҳнинг Китобидан кейинги энг саҳиҳ китоб эканини ҳеч шубҳасиз эътироф этамиз. Лекин ҳадислар саҳиҳ бўлгани билан, қатъий илмни ифода этиб қолмайди, балки зонний илмни ифода этганича қолаверади. Қолаверса, имом Бухорий саҳиҳ ҳадисларни тўплаш борасида шахсий ижтиҳод қилганлар, лекин Термизий, Абу Довуд каби у зотдан бошқа муҳаддислар ҳам бу борада ижтиҳод қилишган. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, қандай қилиб «Мутлақ мужтаҳид бошқа бир мужтаҳидга тақлид қилиши керак», дейсиз? Аслида қай бири афзал – мутлақ мужтаҳидми ёки ҳадис борасидаги мужтаҳидми? Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ мутлақ мужтаҳид ҳисобланмайдилар. Тўғри, у зотнинг баъзи ўринларда ўз қарашлари бор, лекин мутлақ мужтаҳид даражасига етмаганлар. Мазҳаб имомлари эса мутлақ мужтаҳид даражасига етганини бутун уммат эътироф қилади. Қандай қилиб «Мутлақ мужтаҳид ҳадис борасида мужтаҳидга эргашсин, тақлид қилсин», дейсиз? Ахир мазҳаб имомлари Бухорийдан аввал яшаб ўтган-ку? Нима, уларга «Юз йилдан кейин Бухорий деган одам келиб, мана бундай дейди. Шунинг учун унинг келажакда айтадиган гапига ҳозир амал қилинглар», деб ваҳий келганми? Қайси ақл билан «Абу Ҳанифа имом Бухорийнинг ҳадисларига амал қилмаган», дейиш мумкин?

Талоқ қилинган аёлнинг нафақаси ҳақидаги ҳадисни олайлик. Бу ҳадисда бир киши аёлини талоқ қилади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса аёлни нафақа ва турар жой билан таъминлашни унинг эрига юкламайдилар. Ушбу ҳадисни айни ўша талоқ қилинган аёлнинг ўзи ривоят қилган. Умар розияллоҳу анҳуга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шу ҳукмлари айтилганида, Умар розияллоҳу анҳу: «Бир аёлнинг гапини деб, Аллоҳнинг Китобини, Набиййимизнинг суннатини тарк қилмаймиз. Балки у унутиб қўйгандир ёки хато қилгандир», деганлар. Бундан чиқди, Умар розияллоҳу анҳу Бухорий ва бошқа саҳиҳ китобларда ворид бўлган ҳадисни тарк қилган экан-да? Йўқ, асло! Аксинча, Умар розияллоҳу анҳу суннатни таҳрир қилганлар, яъни текширганлар, бу ҳадисни Қуръони каримдаги «Уларни, яъни иддада ўтирган аёлларни уйларидан чиқарманглар» деган оятга солиштирганлар, шунинг учун «Оят турганда, бир аёлнинг гапига қандай амал қиламиз?» деганлар.

Ёки Оиша розияллоҳу анҳони олайлик. Кўпчилик саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Маййит ўз аҳлининг йиғлагани учун азобланади», деган ҳадисни ривоят қилишган. Лекин Оиша розияллоҳу анҳо бу ривоятни эшитиб, «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай демаганлар» деб, уларни тўғрилаганлар. Оиша розияллоҳу анҳонинг бу ҳадисни тўғрилаб қўйишлари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эътироз билдирганлари бўладими, уни тарк қилганлари бўладими? Йўқ, асло! Аксинча, Оиша розияллоҳу анҳо бу ҳадисни таҳрир қилганлар, ундан ҳам кучлироқ далилга, яъни «Ҳеч бир жон бошқанинг гуноҳини кўтармайди», деган оятга суянганлар. Ақлан олганда ҳам, бир одам йиғласа, қандай қилиб бошқа одам азобланиши мумкин? Оиша розияллоҳу анҳонинг бу ишлари суннатни таҳрир қилиш, яъни текшириш кераклигига далилдир. Демак, саҳиҳ китобларда келган баъзи ҳадисларни тарк қилиш уни рад этиш, инкор қилиш дегани эмас, балки бошқа ҳадис ёки оят билан тўғрилаш, мувофиқлаштириш, далилларни жамлаш, носих-мансух қилиш, бирини хос, иккинчисини умумий дейиш ёхуд шунчаки ҳикоя қилиш маъносига йўйишдир… Лекин ҳаргиз ҳадисга эътироз билдириш бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса собит бўлса, уни шунчаки тарк қилиб юборишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, ҳатто биттагина масалада бўлса ҳам.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугунги кунда учраётган муаммоларимиз нималардан иборат эканига эътибор берайлик. Ислом инсонларнинг турмуш тарзига, ҳаётига, риоя қилиб яшайдиган дастурига давоми...

1595 11:55 / 06 февраль
Мустабид коммунистик тузум динга қарши курашиб, миллионлаб одамларнинг ҳаётини пароканда қилгани барчамизга маълум. Аммо даҳшатли аҳволга тушиб қолгач, ноилож давоми...

1339 14:26 / 24.10.2024
Фиқҳ ижтиҳод ва фикрлар мажмуаси бўлиб, бу фикрлар нафсу ҳавога берилишдан келиб чиқмаган, балки Қуръон ва Суннатни англашдан келиб чиққан, Қуръон ва Суннатдан давоми...

1135 12:17 / 15 январь
Абу Ҳанифа бу фиқҳнинг қоидаларини жамлашда ўз замонидаги тобеъинлар ва улардан кейингилардан ҳам кўп меҳнат қилди. Шунинг учун ҳанафий мазҳабидаги энг катта давоми...

1564 14:13 / 15.11.2024
Видеолар

974 16:41 / 19 декабрь
Аудиолар

216578 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

135740 14:35 / 11.08.2021