1447 йил 17 жумадул аввал | 2025 йил 08 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Усмон мусҳафининг 120 йил аввалги факсимиле нусхалари ўрганилмоқда

18:17 / 11 март 1350 pdf Ўқиш режими + -

Сўнгги пайтларда бир қатор хорижий давлатлар томонидан Ўзбекистон маданий меросига оид дурдоналар юртимизга олиб келиниши ва намойиш этилиши бўйича таклифлар билдирилмоқда. Жумладан, Ислом цивилизацияси марказида бўлиб турган Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Дин тарихи музейи вакили Ирина Османова ҳам Марказ очилишида Дин тарихи музейида сақланаётган Ўзбекистон маданий меросига оид дурдоналарни юртимизга олиб келиш ва кўргазма ташкил этиш таклифини билдирди. Бу таклиф Марказ раҳбарияти томонидан илиқ қабул қилинди.

Музей вакили хорижий ҳамкор сифатида Марказ ходимлари билан яқиндан фаолият олиб бормоқда. Меҳмон марказ ходимлари билан Ўзбекистонда сақланаётган Ҳазрати Усмон мусҳафи тарихи билан боғлиқ манбаларни, шунингдек, мазкур қўлёзманинг 1905 йилда Россияда чоп этилган 50 та факсимиле нусхасининг тарқалиш географиясини ўрганмоқда.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси маркази мисли кўрилмаган лойиҳа бўлди, деб ўйлайман. Бу ерга ташриф буюришимиздан мақсад — халқаро илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш. 3 кун давомида турли музейларда бўлдик, экспонатлар билан танишдик. Шуни мамнуният билан айта оламанки, Исломгача бўлган давр цивилизацияси бўлими лойиҳасини тугатдик, энди амалиётга тадбиқ этиб, экспозиция ташкил қилишни бошласак ҳам бўлади. Бу жараёнда биз Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Санкт-Петербург шаҳридаги Эрмитаж ва Дин тарихи музейлари билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз», - деди Дин тарихи музейи вакили Ирина Османова.

Маълумки, Ўзбекистонда сақланаётган Ҳазрати Усмон мусҳафи Қуръони Каримнинг энг қадимги нусхаларидан бири саналади. Буюк саҳобалардан бири Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу 647 йилда Қуръони Каримдан бир нечта нусха кўчиртириб, уни турли минтақаларга юборганлар. Ўша нусхалардан бирининг юртимизга келиб қолиши ҳақида турли маълумотлар бор. Бу мусҳаф XIX асрнинг иккинчи ярмига қадар Самарқандда, Хожа Аҳрори Валий масжидида сақланган.

Самарқанд Чор Россияси қўшинлари томонидан босиб олингач, 1869 йил май ойида Мусҳаф Туркистон бош губернатори генерал фон Кауфман буйруғига биноан Санкт-Петербургга жўнатилган. 1922 йил август ойига келиб, бу муборак китобни Туркистон мусулмонларининг талаби билан Тошкентга қайтаришга муваффақ бўлинди. Ҳозирда Ҳазрати Усмон мусҳафи Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи муборак» масжидида сақланмоқда. Мусҳаф Россияда турган вақти, яъни 1905 йилда унинг 50 та факсимиле нусхаси чоп этилган ва турли шаҳарларга юборилган.

Мазкур залда 120 йил аввал чоп этилган ана шу факсимиле нусхаларининг тарқалиш харитаси ҳам ўрнатилади. Ҳазрати Усмон Қуръони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ишга туширилгач, унинг «Қуръон зали»даги махсус айвончада, мармар лавҳ устидан жой олиши кўзда тутилмоқда. Ушбу залда Қуръоннинг қадимий нусхалари ҳам сайёҳ ва зиёратчилар эътиборига ҳавола этилиши режалаштирилган.

Манба: cisc.uz

 

Мавзуга оид мақолалар
Мадинадаги ҳаж уйжой қўмитаси ҳаж учун уйжой рухсатнома аризаларни ҳижрий 1446 йил ражаб ойи охиригача қабул қилишини маълум қилди. Бу ҳақда theislamicinformation.com сайти давоми...

1162 15:37 / 24.10.2024
Эронда ўтказилаётган Халқаро Қуръони Карим мусобақасининг бешинчи кунида дунёдаги энг кичик босма Қуръон тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда iqna сайти хабар берди. давоми...

2092 11:58 / 22.02.2024
Халқимизга хос меҳроқибат, инсонпарварлик, шукроналик, саховат ва бағрикенглик каби эзгу фазилатлар тимсоли бўлган, асрлар давомида маънавий ҳаётимизда муҳим давоми...

2092 22:16 / 30 май
Жорий йилнинг 9 ноябрь куни мусулмонлар Макка масжидларидан бирида мавлид маросимини ўтказиш учун тўпланиб, бизнинг севимли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу давоми...

2937 14:30 / 10.11.2018