1447 йил 21 жумадис сони | 2025 йил 12 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Мусулмонларнинг Ийсо алайҳиссалом ҳақларидаги ақийдалари

10:44 / 27 февраль 2151 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

وَقَالَ عَبْدُ اللهِ بْنُ سَلَامٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: مَكْتُوبٌ فِي التَّوْرَاةِ صِفَةُ مُحَمَّدٍ وَصِفَةُ عِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِمَا وَسَلَّمَ يُدْفَنُ عِيسَى مَعَ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ بِسَنَدٍ حَسَنٍ.

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Тавротда Муҳаммад ва Ийсо ибн Марям соллаллоҳу алайҳимо васалламларнинг сифатлари, Ийсо алайҳиссаломнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга дафн қилинишлари ёзилган».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Биладиганларнинг айтишича, Пайғамбар алайҳиссаломнинг равзаи шарифларида ҳозир ҳам бир киши дафн қилинадиган жой бор. Ўша ерга Ийсо алайҳиссалом дафн қилинсалар керак.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ийсо алайҳиссаломнинг нозил бўлишлари Қиёматнинг энг катта аломатларидан биридир.

Ийсо алайҳиссалом нозил бўлишлари – Аллоҳ таолонинг Ўзигагина маълум бўлган маконда узоқ вақт турганларидан кейин ерга тушишларидир. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига биноан Ийсо алайҳиссалом ҳозир ҳам аввалги ҳаётларининг давомини яшамоқдалар. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримнинг Нисо сурасида баён қилган.

Мўмин-мусулмонларнинг Ийсо алайҳиссалом ҳақларидаги ақийдалари ушбу ва бошқа оятлардан, саҳиҳ ҳадиси шарифлардан олинган. Уларда ҳеч қандай ноаниқлик, шубҳа ёки гумон йўқ, ҳаммаси аниқ ва очиқ-ойдин.

Аллоҳ таолонинг иродаси билан белгиланган пайтда Ийсо алайҳиссалом ерга тушиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари бўйича иш тутадилар, яъни Ийсо алайҳиссаломга янги ваҳий келмайди. Шунинг учун Ийсо алайҳиссаломнинг тушишлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги набий эканликларига, у зотнинг шариатлари охирги шариат эканлигига асло хилоф бўлмайди.

Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг «Ийсо алайҳиссалом ҳозир тириклар, Қиёматга яқин нозил бўладилар» деган эътиқодига хилоф қилган баъзи тоифалар қадимда ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор. Қадимда бу ишни мўътазилийлар ва жаҳмийлар қилган бўлса, ҳозирда Муҳаммад Абдуҳ деган кимса ва унинг баъзи шогирдлари қилишди. Аммо уларнинг гапи эътиборга олинмайди. Улар ўзларича гапни бошқа томонга буришдан бошқа нарса қилмаганлар.

Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг бу масаладаги далиллари Қуръони Каримдан бошқа йигирма тўққизта ҳадиси шарифдан иборатдир. Улар мутавотир даражасига етганлигида ҳам ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ.

«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибнул Жавзий ўзининг .Уйунул ҳикоёт, китобида келтиради.Бир қассоб қўшнисининг қизини севиб қолди. Бир куни қизнинг оиласи уни бошқа қишлоққа бир юмуш билан давоми...

4508 11:00 / 06.02.2023
Исиғфор арабча сўз бўлиб, она тилимизга таржима қилганда Aллоҳдан гуноҳларни кечиришини сўраш деган маънони билдиради. Aстағфируллоҳ дегани Aллоҳдан гуноҳларимни давоми...

3104 19:00 / 05.07.2022
Ибодатларга лоқайд бўлмаслигимиз керак. Аёллар намозларини қолдирмасликлари лозим, эркаклар эса уйларида нафл намозлар ҳам ўқиб туришлари керак.Уйимизда давоми...

3095 15:00 / 29.11.2021
Таровеҳ ёки таҳажжуд намозида отаонангнинг ҳаққига қилган дуо уларга атаб сўйган ўнта туядан афзалдир. Баъзи салафи солиҳлар айтишади .Намоз ўз эгасини Аллоҳ давоми...

2757 13:06 / 04.04.2023