Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Дунёдан ўтиб кетгани орзулар бўлди, қолгани истак ва хоҳишлар бўлди. Вақт (умр) бўлса, бу иккисининг ўртасида зое бўлувчидир».
Инсон бу дунёга келаркан, унга берилган ўлчовли ҳаётни яшайди. Туғилганиданоқ вақт ё унинг фойдасига, ёхуд зиддига ишлай бошлайди. Зеро, бу ўткинчи дунёда кўп нарсани ортга қайтариш мумкин, аммо вақтни, унинг бир лаҳзасини бўлсин, ортга қайтариб бўлмайди.
Ислом вақтнинг қадр-қимматини билдирадиган ва уни жуда эъзозлайдиган дин.
Вақт – гўё ҳаёт кийими тўқиладиган иплар бўлиб, унинг пишиқ ва нафислигига қараб ҳаёт азиз ва бебаҳо бўлади. Агар иплар ёмон ва тўзиган бўлса ҳаёт ҳам тубан, бемаъно ва мазмунсиз бўлади. Вақтнинг яна бир хусусияти агар у ўтиб кетса, қайтиб келмайди. Вақт инсон сарф қиладиган асосий дастамоясидир. У қанчалик кўп бўлса ҳам оздир. Оз бўлсаю баракали бўлса, у кўпдир. Инсон ўз ҳаётининг ҳар бир дақиқа ва лаҳзасидан унумли ва баракали фойдаланиб, уни яхши амаллар қилишга сарфлаши вожибдир. Шунда у Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтган ҳадиси шарифлари мазмунига мувофиқ иш тутган бўлади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди. Умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топиб нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани ҳақида», дейилади.
Ислом таълимоти ялқовлик, лоқайдлик, бепарволик каби ижтимоий иллатлардан узоқда бўлишга, ундан паноҳ тилашга амр қилади ва ҳар вақт ҳар куни эрта туришга ва хайрли амалларни қилишга ҳамда ёшлик, сиҳат-саломатлик, бойлик, бўш вақт ва дунё ҳаётини ғанимат билишга чорлайди. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам насиҳат килиб:
«Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: Кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтингни, ўлимингдан олдин тирикликни ғанимат билинг», дедилар.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Ҳар кун тонг ёришганда Аллоҳ таоло томонидан бир жарчи: «Эй Одам боласи! Мен янги кунман. Сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан бу кунда солиҳ амаллар қилиб, фойдаланиб қол, чунки мен то қиёматгача сенга қайтмайман», деб жар солади».
Инсон азиз умрини ва олтиндан ҳам қимматли бебаҳо вақтини ғанимат билиши лозимлиги ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ
«Улар у ерда: «Роббимиз!!! Бизларни чиқар!!! Қилиб юрган амалларимиздан бошқа, солиҳ амаллар қиламиз!!!» – деб доду фарёд солурлар. «Сизларга эслайдиган одам эслагудек умр бермаган эдикми?! Сизларга огоҳлантирувчи келмаган эдими?! Бас, энди тотаверинглар! Золимларга ҳеч бир ёрдамчи йўқдир», (дейилур). (Фотир сураси, 37-оят).
Оятнинг тафсирига эътиборимизни қаратсак:
«Сизларга эслайдиган одам эслагудек умр бермаган эдикми?!» – дейди.
Ўша биз берган умрни нимага сарф қилдингиз?! Нима учун солиҳ амал қилиш ўз вақтида эсингизга келмади?! Аллоҳ таоло умр бериб қўйган вақтда солиҳ амал қилмасдан, энди, дўзахга тушган дамда солиҳ амал қилиш ёдингизга келиб қолдими?!
«Сизларга огоҳлантирувчи келмаган эдими?!»
Сизларга иймон ва солиҳ амалга чақирувчи, жаҳаннам азобидан огоҳлантирувчи пайғамбар ёки унинг даъвати келмаган эдими?! Келган эди. Аммо ўша пайтда сиз уни инкор қилган эдингиз. Энди дўзахга тушгач, пайғамбар даъват қилган солиҳ амални ўйлаб қолдингизми?!
«Бас, энди тотаверинглар!»
Энди бўлар иш бўлди. Дод-фарёд қилмай, бемалол жаҳаннам азобини тотаверинглар!
«Золимларга ҳеч бир ёрдамчи йўқдир».
Сиз золимларсиз, сизга бирор ёрдамчи бўлмас!
Улуғларимиз кунларини, вақтларини фойдали иш қилишга, гўзал ахлоқий ва илмий даражаларга етишиш йўлида сарф қилишда доим огоҳ ва сергак эдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг бугунлари кечагидан, эртанги кунлари бугунгисидан аъло ва афзал бўлар эди. Улар: «Вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг у сени кесади», деган мақол мазмунига амал қилиб ўтишган.
Финляндиялик рус танқидчиси, публицист ва файласуф Виссарион Белинский вақт ҳақида шундай дейди: «Ҳаётдаги муҳим ишларга ҳар доим шундай шошилиш керакки, гўё бир дақиқа бой берилса, ҳамма нарса барбод бўладигандай туюлсин».
Аллоҳ таоло барчамизга офият берсин!
Фойдаланилган манбалар:
«Тафсири Ҳилол» асари
old.muslim.uz
ziyouz.uz
Хуршид Маъруф тайёрлади