Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Инсоният тарихида қайси қул хожасини Зайд розияллоҳу анҳу
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севгандек севган?!
Инсоният тарихида қайси хожа қулини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи
васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни яхши кўргандек яхши кўрган?!
«Мавло» деб озод қилинган қулга айтилган. Бу сўз арабча «вало»дан ясалган бўлиб, дўст, жаноб, хожа, хўжайин каби маъноларни билдиради.
Шайхул ислом Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Одоблар хазинаси» китобида бундай ёзилган: «Аслида, «мавло» деган сўзнинг таржимаси «хўжайин, валий» деган маънога яқиндир. Яъни хўжайин қулини эркалаб, унинг қадрини кўтариб, «хўжайиним», деб чақиради...»
Демак, озод қилинган қулни «озод қилган қулим» дейишмаган, кўнглини кўтариб, эъзозлаб «мавлом» дейишган.
Ислом – мўъжиза! Бу дин бошидан-охирига қадар мўъжиза! Тиканни гулга чевирадиган, тош қалбларни пахтадек юмшатадиган, оёқлар топтаб келган шаънларни улуғлайдиган, душманларни оға-ини тутинтирадиган, яхшининг яхшилигини тақдирлайдиган, қулликдаги ҳурларни ҳурликка қайтаришга ошиқтирадиган ва ниҳоят, қулини озод қилиб, кейин уни «хўжам» деб чақиртирадиган ғоя – Исломдир! Исломий тарбия шуни тақозо этади. У нафақат инсон зотини эъзозлашга чақиради, балки бутун ҳайвонотга, набототга ҳам шафқатли бўлишга тарғиб қилади. Демак, Исломимизни ҳар қанча севсак, унга ҳар қанча чирмашиб-боғлансак, унга боғланганимиздан ҳар қанча ғурурлансак, арзийди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда кўп қулларнинг бўйнидан бандилик кишанини ечганлар.[1] Лекин биз ушбу саҳифада у зот озод этган қул – Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу ҳақида гаплашамиз.
Манбаларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари ҳақида гап кетганда «Абу Рофеъ, Сафвон...» деб исмлари санаб ўтилади. Агар исм айтилмаса, яъни «Пайғамбаримизнинг мавлолари» деган жумла билан чекланилса, Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу ҳақида гап кетаётган бўлади. Чунки мазкур жумланинг эгаси шу киши. Бошқалар ҳақида гапирилганда эса, исмлари айтилиб, сўз ким ҳақида бораётганига аниқлик киритилиши лозим...
Зайд ибн Ҳориса ибн Шароҳийл ибн Каъб ҳижратдан 43 йил (баъзи манбаларда 47 йил) бурун Бани Калб қабиласида таваллуд топган. Демак, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан 10 ёш кичик бўлган. Онаси Суъдо бинти Саълаба Маъан қабиласидан эди.
Бир иш бор, банда уни ёмон кўради. Рўй беришига тиш-тирноғи билан қарши туради. Лекин Аллоҳ хоҳлаган бўлса, у иш барибир амалга ошади. Ана шу пайтда банданинг бандалик вазифаси пешонасига битилганига рози бўлишдир. Ҳеч бир иш беҳикмат эмас. Банда ёқтирмаган ёмон ишнинг ортида катта-катта яхшиликлар бўлиши мумкин! Зайд розияллоҳу анҳунинг ҳаёти ушбу сўзимизга энг чиройли далилдир. У кишининг бўйнига қуллик занжири боғланиши ҳам охир-оқибат жуда катта саодат бўлиб чиқди!
10–12 ёшлар атрофидаги Зайд онаси билан тоға юртига борганида қароқчилар ҳужум қилиб, онасини ўлдиришди, ўзини эса, ўлжа қилиб олиб кетишди. Кейин қул қилиб сотиш учун Укоз бозорига олиб чиқишди. Ҳаким ибн Ҳизом ибн Хувайлид – Хадича розияллоҳу анҳонинг жияни уни қулфурушлардан тўрт юз дирҳамга сотиб олди. Сўнгра кўп қуллар орасидан танлаб-танлаб уни аммасига – Онамизга ҳадя қилди. Чунки Зайд ақлли, зийрак, фаросатли бола эди, хожасини уялтириб қўймасди. Кейин эса, Хадича онамиз розияллоҳу анҳо уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга туҳфа айлади, меҳр-шафқат маёғи бўлмиш Сарваримиз эса, у кишини озод қилдилар. Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат уни озод этдилар, балки ўзларига ўғил қилиб ҳам олдилар. Бир қанча муддат Зайд розияллоҳу анҳу отасининг исми билан эмас, Пайғамбаримизнинг исмлари билан, яъни «ибн Муҳаммад – Муҳаммаднинг ўғли» деб чақирилиб юрди.
Агар болалигида қароқчилар ўғирлаб кетишмаганида, Укозда қул қилиб сотишмаганида, тақдир Хадича онамиз хонадонидан қўним бермаганида, Яманнинг Бану Калб қабиласи кўчаларини чангитиб юрган болакай яна қачонгача жоҳилият тупроғини тўзитар эди, Аллоҳ билади?! Лекин ҳар бир ишни жуда ҳикмат ва оройиш ила бажарадиган Зот Зайд ибн Ҳорисанинг кўзимизга аччиқ кўринадиган тақдирига жуда ширин ҳаётни битган эди. Ахир уни ўғирлаб кетишганида яқинлари озмунча бўзладими, отаси озмунча йиғладими, қариндошлари уни излаб турли қабилалар, шаҳарлар кўчаларида озмунча кезмадими?! Ниҳоят, неча йиллик айрилиқдан кейин фарзандлари дарагини топиб, қанча тўлов бўлса, тўлаб олиб кетамиз деб келишганида эса, жигарпоралари «мен шу ерда қоламан», дейиши учун инсоннинг қўли эмас, қалби кишанланган бўлиши керак! Дарҳақиқат, Адҳам Шарқовий айтганидек, қул занжир билан, ҳур яхшилик билан боғланади. Зайд ҳам бошқа инсонлар каби яхшилик асири эди. Яхшиликка асир қалблар эса, асло нонкўрлик қилмайдилар. У киши ҳам ўзига кўрсатилган марҳаматни унутмади, жуда юқори баҳолади, ҳатто яқинларидан кечди ва марҳамат кўрсатганларга ўзини бутунлай бахш этди. Зотида шокир бўлган Роббимиз шокир бандаларини севади, шукр этганларга яна зиёда неъматлар беради! Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг бошига ҳам шукр қилгани учун кўп яхшиликлар ёғдирди. У кишининг қулликдан кейин эришган яхшиликларини билган одам «қанийди мен ҳам Зайд каби қул қилиниб бозорларда сотилсам», деб умид боғлаб қолса, ажаб эмас! Пайғамбар хонадонида қул бўлишни қайси мўмин орзу қилмайди дейсиз?!
Зайд розияллоҳу анҳу Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни ота-онасидан афзал билган куниёқ Аллоҳ таоло уни ўша даврнинг энг катта мақоми билан сийлади – Ҳабиби уни ўғил қилиб олди, ўзига меросхўр деб эълон қилди. Шу кундан эътиборан у «Зайд ибн Ҳориса» деб эмас, «Зайд ибн Муҳаммад» деб чақирила бошлади. Зайднинг «кетмайман» деган жавобидан ажабланиб турган отаси ҳам шундан кейин хотиржам бўлиб уйига қайтди. Ўгай ўғилларни ўзининг отаси исми билан чақириш буйруғи инмагунича у киши «ибн Муҳаммад» бўлиб юрди. Кейинчалик эса, Аллоҳ таоло Зайд розияллоҳу анҳуни энг катта неъмат билан мукаррам айлади – Пайғамбаримизга биринчилардан бўлиб иймон келтириш шарафини айнан унга берди.
Аллоҳ таоло муборак Китобида исмини айтган биттаю битта саҳоба ҳам мана шу Зайд розияллоҳу анҳу бўлади.
Минг ажаб! Бир қул бўлиб сотилиш ортида шунча яхшиликлар яширин экан! Шунақа пайтларда Иброҳим Ҳаққийнинг байти ёдга келади:
Мавло, кўрайлик, найлар,
Найларса, гўзал айлар!
Қариндошлари Зайд розияллоҳу анҳуни кейинчалик ҳам юртларига олиб кетишмоқчи бўлишди. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда айтилишича, у кишининг акаси Жабала ибн Ҳориса Мадинага келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киради ва Зайдни ўзи билан олиб кетишга изн сўрайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана Зайд, агар у кетишни хоҳласа, мен тўсмайман», дейдилар. Шунда Зайд: «Ё Расулуллоҳ, мен сизни ҳеч кимга алишмайман!» деб узил-кесил жавоб беради. Кейин Жабала розияллоҳу анҳу: «Ўйлаб қарасам, укамнинг фикри тўғри экан», деб қайтиб кетади...
Инсоният тарихида қайси қул хожасини Зайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севгандек севган?!
Инсоният тарихида қайси хожа қулини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни яхши кўргандек яхши кўрган?! Агар яна шундайлар бўлса, билганлар билдирсинлар, биз ҳам хабар топайлик...
Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг вафоти Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан шашқатор ёшлар оқизди. «Сияру аъломин-нубало» китобида келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Зайднинг шаҳид бўлгани ҳақидаги хабар етганида: «Биродарингизнинг ҳаққига дуо қилинглар. У жаннатга шошиб кириб кетди», деганлар ва ўзлари ҳам унинг учун дуо қилганлар...
Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Муъта жангида шаҳид бўлганида ёши эллик бирда эди. Аллоҳ таоло у кишидан ва у кишини севганлардан ҳам рози бўлсин!
Абдуғафур Искандар
«Ҳилол» журнали 6(63) сон
[1] Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам озод этган қуллар сони ҳақида манбаларда ҳар хил маълумотлар келган. Масалан, Санъоний «Субулус-салом» китобида «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қутлуғ умрлари йили адади миқдорича – олтмиш учта (63) қул озод қилганлар», деб ёзган. Баъзи китобларда кўпроқ, баъзиларида камроқ сон айтилган. Урушларда қўлга тушган асирларни озод қилганларини ҳам қўшиб, баъзилар «минг-минглаб қулларни кишандан халос этганлар», деб эътироф қилишган. Хуллас, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятни нафақат маънавий қуллик – Аллоҳдан бошқаларга сиғинишдан, балки моддий қуллик – банданинг бандага қул бўлишидан озод этиш учун ҳам жонфидолик кўрсатганлар.