1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ийсо алайҳиссалом Қиёмат кунининг белгиси

10:38 / 12 февраль 2153 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломнинг ҳақиқатларини баён қилади:

«У (Ийсо) бир бандадир, Биз унга неъмат бериб, уни Бану Исроилга мисол қилдик», яъни Ийсо алайҳиссалом оддий бир банда, холос. Худо ҳам эмас, Худонинг ўғли ҳам эмас. Бошқа бандалар каби Худонинг оддий бандаси.

«Биз унга неъмат бериб...»

Фарқ шуки, биз унга пайғамбарликни неъмат қилиб бердик.

«...уни Бану Исроилга мисол қилдик», яъни ўрнак ва ибрат бўлиши учун Ийсо алайҳиссаломни Бану Исроилга мисол қилиб қўйдик.

Эй мушриклар! «Агар хоҳласак, ўрнингизга ер юзида халифа бўладиган фаришталар яратиб қўяр эдик».

Кўпгина тафсирчиларимиз ушбу оятдан қуйидагича маъно чиқарганлар: бу дунёю у дунёда яратиш иши фақатгина Аллоҳ таолонинг ихтиёрида. У Зот нимани хоҳласа, шуни яратади. Бу ишга ҳеч ким аралаша олмайди. Шу жумладан, Аллоҳнинг Ўзи яратган фаришталар ҳам, мушриклар ҳам бу ишга аралаша олмайди. Фаришталар ҳам Аллоҳ яратган махлуқлардир. Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, ер юзида мушриклар ўрнига халифа қилиб фаришталарни ёки аксинча, одамлардан фаришталар яратиши ҳам мумкин.

Сўнгра Ийсо алайҳиссалом ҳақидаги ҳақиқий маълумотлар баёни давом этади:

«У (Ийсо) Қиёматнинг белгисидир. Сиз бу ҳақда асло шубҳа қилмай, Менга эргашинг. Мана шу тўғри йўлдир»

Ушбу ояти карима Ийсо алайҳиссаломнинг Қиёмат куни яқинлашганда тушишларига далилдир.

«У (Ийсо) Қиёматнинг илми – белгисидир», яъни вақти келиб, Ийсо алайҳиссалом Қиёмат кунининг белгиси бўлади. Унинг қайта тушишидан Қиёматга жуда ҳам яқин қолгани маълум бўлади. Бу ояти кариманинг маъносини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган кўплаб ҳадиси шарифлар тасдиқлаган.

Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Молик ва Имом Абу Довудлар ҳазрати Абу Ҳурайрарозияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, орангизга Ибн Марям одил ҳакам бўлиб тушиши яқиндир. У хочни синдиради, чўчқани ўлдиради, жизяни бекор қилади. Молу дунёни ошириб-тошириб юборганидан уни ҳеч ким олмай қўяди. Ниҳоят, битта сажда бутун дунё ва ундаги ҳамма нарсадан яхши бўлиб қолади».

Ийсо алайҳиссаломнинг қайтиб тушишлари ғайбий эътиқод масалалари доирасига киради. Бунга ушбу оятда ишора бор, шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам унинг баёни келган. Шу икки масдардан бошқа ҳужжатга эътиқод қилиб бўлмайди.

«Сиз у (соат) ҳақида ҳеч шубҳа қилманг...» – у албатта қоим бўлади.

«...ва менга эргашинг». Бу – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан айтилаётган гапдир.

«Мана шу тўғри йўлдир», яъни Қиёмат куни ҳақида ҳеч шубҳаланмасдан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш энг тўғри йўлдир. Бундан бошқа тўғри йўл йўқ.

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «كَيْفَ أَنْتُمْ إِذَا نَزَلَ ابْنُ مَرْيَمَ فِيكُمْ وَإِمَامُكُمْ مِنْكُمْ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَأَحْمَدُ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ибн Мар­ям орангизга тушиб, имомингиз эса ўзингиздан бўлганда нима қилар экансизлар?» дедилар».

Икки шайх ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аввал ўтган ҳадиси шарифларга биноан, ўша имом Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу бўладилар.

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «وَاللهِ لَيَنْزِلَنَّ ابْنُ مَرْيَمَ حَكَمًا عَادِلًا فَلَيَكْسِرَنَّ الصَّلِيبَ وَلَيَقْتُلَنَّ الْخِنْزِيرَ وَلَيَضَعَنَّ الْجِزْيَةَ وَلَتُتْرَكَنَّ الْقِلَاصُ فَلَا يُسْقَى عَلَيْهَا وَلَتَذْهَبَنَّ الشَّحْنَاءُ وَالتَّبَاغُضُ وَالتَّحَاسُدُ وَلَيَدْعُوَنَّ إِلَى الْمَالِ فَلَا يَقْبَلُهُ أَحَدٌ».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳга қасамки, Ибн Марям одил ҳакам бўлиб келади. Сўнг хочни синдиради, чўчқани ўлдиради, жизяни бекор қилади. Ёш туялар суғормай ташлаб қўйилади. Одамлар орасида кўра олмаслик, ҳасад қилиш, бир‑бирини ёмон кўриш йўқолади. У ҳаммани мол-дунёга чақиради, аммо уни ҳеч ким олмайди».

Шарҳ: Мол-дунё ҳамма ёқни босиб, тўлиб-тошиб кетган бўлади. Шунинг учун ҳам одамлар орасида ўзаро душманлик қолмайди.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنَ عَمْرٍو رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «يَخْرُجُ الدَّجَّالُ فِي أُمَّتِي فَيَمْكُثُ أَرْبَعِينَ – لَا أَدْرِي أَرْبَعِينَ يَوْمًا أَوْ أَرْبَعِينَ شَهْرًا أَوْ أَرْبَعِينَ عَامًا – فَيَبْعَثُ اللهُ عِيسَى ابْنَ مَرْيَمَ كَأَنَّهُ عُرْوَةُ بْنُ مَسْعُودٍ فَيَطْلُبُهُ فَيُهْلِكُهُ ثُمَّ يَمْكُثُ النَّاسُ سَبْعَ سِنِينَ لَيْسَ بَيْنَ اثْنَيْنِ عَدَاوَةٌ». رَوَاهُمَا مُسْلِمٌ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай дедилар: «Умматим ичида Дажжол чиқиб, қирқ муддат туради – қирқ кунми, қирқ ойми, қирқ йилми, билмадим – Кейин Аллоҳ Ийсо ибн Марямни юборади. У худди Урва ибн Масъудга ўхшайди. У уни (Дажжолни) излаб топиб, ўлдиради. Кейин етти йил давомида икки киши ўртасида адоват бўлмай туради».

Иккисини Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадисни нақл қилган ровий Дажжол чиққач, ер юзида қанча туриши – қирқ йилми, ойми ёки кунми туришида иккиланиб қолган экан. Биз бунинг қирқ кун эканлигини, у кунлар қандоқ кунлар эканлигини Тамийм Дорий розияллоҳу анҳунинг ҳадисларида ўрганганмиз.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَيْسَ بَيْنِي وَبَيْنَ عِيسَى نَبِيٌّ وَإِنَّهُ نَازِلٌ فَإِذَا رَأَيْتُمُوهُ فَاعْرِفُوهُ: رَجُلٌ مَرْبُوعٌ إِلَى الْحُمْرَةِ وَالْبَيَاضِ بَيْنَ مُمَصَّرَتَيْنِ كَأَنَّ رَأْسَهُ يَقْطُرُ وَإِنْ لَمْ يُصِبْهُ بَلَلٌ فَيُقَاتِلُ النَّاسَ عَلَى الْإِسْلَامِ فَيَدُقُّ الصَّلِيبَ وَيَقْتُلُ الْخِنْزِيرَ وَيَضَعُ الْجِزْيَةَ وَيُهْلِكُ اللهُ فِي زَمَانِهِ الْمِلَلَ كُلَّهَا إِلَّا الْإِسْلَامَ وَيُهْلِكُ الْمَسِيحَ الدَّجَّالَ (ثُمَّ تَقَعُ الْأَمَنَةُ عَلَى الْأَرْضِ حَتَّى تَرْتَعَ الْأُسْدُ مَعَ الْإِبْلِ وَالنِّمَارُ مَعَ الْبَقَرِ وَالذِّئَابُ مَعَ الْغَنَمِ وَتَلْعَبَ الصِّبْيَانُ بِالْحَيَّاتِ) فَيَمْكُثُ عِيسَى فِي الْأَرْضِ أَرْبَعِينَ سَنَةً ثُمَّ يُتَوَفَّى فَيُصَلِّي عَلَيْهِ الْمُسْلِمُونَ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْحَاكِمُ وَالْإِمَامُ أَحْمَدُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай дедилар: «Мен билан Ийсо алайҳиссаломнинг орамизда набий йўқ. У албатта нозил бўлади. Уни кўрсангиз, таниб олинглар: у ўрта бўйли, қизғиш-оқ бўлади. Икки сарғиш кийим кийган. Сув тегмаган бўлса ҳам, худди бошидан қатра томиб турганга ўхшайди. У одамларга қарши Ислом учун уруш қилади, Масийҳ Дажжолни ўлдиради. Сўнг ер юзида эминлик бўлади, ҳаттоки шерлар туялар билан, йўлбарслар сигирлар билан, бўрилар қўйлар билан бир яйловда юради. Болалар илонлар билан ўйнаб юради. Ийсо ер юзида қирқ йил туриб, сўнг вафот этади. Унинг жанозасини мусулмонлар ўқийдилар».

Абу Довуд, Ҳоким ва Аҳмад ривоят қилганлар.

«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу даво сабр, илм ва амалдан иборатдир.Унинг юзага келиши беш нарса ила бўлади1. Маишатда тежамкор бўлиш ва сарфхаражатда мулойим бўлиш.Ким қаноатли бўлишни давоми...

3893 17:00 / 31.03.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар.Дўзах Роббига шикоят қилиб, .Роббим, ичэтим бирбирини еб юборяпти,, деди. Шунда У Зот унга икки нафасга ndash қишда бир давоми...

2528 14:41 / 21.07.2023
Бироз тўхтанг биродар. Келинг ўзимиз хақимизда тафаккур қиламиз. Дунёда етти миллиардан кўпроқ одам бор. Шулардан бир ярим миллиарди мусулмонлар экан. Демак, сиз давоми...

1599 16:25 / 14 апрель
Ибн Ражаб Абдуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади.Аллоҳ таолонинг ҳузурида туришдан хавф қилган ва фарзларни адо этган мўминларга жаннат ваъда давоми...

3097 11:03 / 12.09.2019