1447 йил 6 ражаб | 2025 йил 26 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Японияда «Қуръон – чегаралар ошиб» мавзусида анжуман ўтказилди

16:56 / 10 февраль 1640 pdf Ўқиш режими + -

2025 йил 9 февраль куни Япония пойтахти Токиода Жаҳон тиллари университетида «Қуръон – чегаралар ошиб» мавзусида халқаро илмий анжуман бўлиб ўтди. Анжуман Қуръон тиловати билан очилди. Исро сурасидан ўқилган оятларнинг инглизча маънолар таржимаси катта экранда узатиб турилди. Японлар учун мажлисни тиловат билан очиш ва оятларни экранда бериб туриш янгилик бўлди.

Анжуманда Қуръонга боғлиқ бир қатор мавзуларда маърузалар қилинди. Америкадан ташриф буюрган доктор Селена Иброҳим «Қуръон ва конструктив илоҳиёт» мавзусида қилган суҳбатида Америкадаги муслималарнинг фаолияти, муслималар феменизм ҳаракатларига муҳтож эмаслиги, ушбу тушунча асосида Ғарбда тарғиб қилинаётган қарашлар уларнинг қадриятлари ва эътиқодларига тўғри келмаслигини таъкидлаб ўтди. Унга кўра, соф Ислом таълимотида берилган ҳуқуқ ва мартаба аёллар учун ҳар жиҳатдан етарли ҳамда уларнинг фитратларига муносибдир.

Қуръони Каримни япон тилига таржима қилган олимлардан доктор Макото Мизутанининг «Японияда Қуръон тенденциялари: олдинги тадқиқотлар ва менинг вазифам» сарлавҳаси остида қилган маърузаси, ёш япон олимларидан доктор Ҳоний Абдулҳодийнинг «Парадигма ўзгариши: Япон анъанавий қадриятларидан Қуръон дунёқарашига» мавзусида тақдим этган маърузаси тингловчиларда яхши таассурот қолдирди. Доктор Макото диний атамаларни япон тилига таржима қилишда буддавийлик тушунчаларига йўғрилган сўзлардан қочиб, соф қуръоний маънонини ифода қилган калималарни қандай танлагани ҳақида сўз юритди. Доктор Абдулҳодий эса япон халқининг диний эътиқоди ва унинг асосларини илмий таҳлил қилиб, уларнинг илоҳий таянч, илму ақлга суянмаганини ёритар экан, бугунги япон жамиятидаги муаммоларни ҳал қилишда улар учун ҳар жиҳатдан энг муносиб ечим Ислом дини экани борасида илмий қарашларини баён қилди. У Исломнинг ақл ва аниқ асосларга эга экани билан замонавий тафаккурга мувофиқ келишини таъкидлади.

Қувонарлиси юртимиздан Қуръони Карим ходими Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид ҳам ушбу анжуманда иштирок этиб, «Марказий Осиёда Қуръон таълими: ўтмиш ва бугун» мавзусида маъруза қилди. Унда юртимиздан етишиб чиққан қироат устозлари, бошқа илмларда мутахассис бўлган олиму фузалолар, амиру умароларнинг Қуръон илмидаги даражалари ҳақида сўз юритилди. Ўзбекистоннинг яқин тарихи билан таниш бўлган япон олимларини собиқ иттифоқ пайтида Қуръон қандай сақлаб қолингани кўпроқ қизиқтирди. Улар ушбу даврда юртимиздаги уламолар ва устозларнинг миллат ўзлигини, динини сақлаш борасида қилган меҳнатларидан ҳайратга тушишди. Бу борада алоҳида тадқиқотлар олиб бориш кераклигини таъкидлаб ўтишди.

Жамиядаги вазиятдан келиб чиқиб, Японияда ҳукумат тарафидан 2011 йилда «Диний қадриятларни қайта жонлантириш» ҳайъати тузилган бўлиб, доктор Макото ушбу муассасада мусулмонлардан вакил сифатида тайинланган. У ўз суҳбати асносида япон халқи ҳали Қуръоннинг сир-синоатларига етиб бормагани, жумладан, Қуръонни тажвид ва тараннум билан тиловат қилиш ҳақида тасаввурга эга эмаслигини эслаб ўтди ва ўзи тайёрлаган Қуръон таржимаси нусхасидан дастхати билан устоз Ҳасанхон Яҳё Абдулмажидга ҳадя қилди.

Анжуман кўпчиликда яхши таассуротлар қолдирди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Hilol Nashr, матбаанашриёт мажмуаси ҳамда islom.uz портали жамоаси нашриёт таржимони ва муҳаррири Нодирбек Қаршибоевнинг падари бузрукворлари вафоти муносабати билан давоми...

1418 06:32 / 15.02.2021
2021 йил 25 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Қозоғистонда ўтказиладиган Мустақил Қозоғистон ва Ислом давоми...

1989 11:39 / 25.11.2021
Россия Федерацияси Мусулмонлар маънавий бошқармаси САМ Уламолар оқсоқоллар кенгаши Спутник V вакцинасини Россия мусулмонлари фойдаланиши учун мақбул деб давоми...

2443 12:11 / 26.03.2021
Рамазон ойининг 27куни арафасида Маккадаги Масжидул Ҳаром ва Мадинадаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидлари намозхонлар билан тўлди. Ҳар йили давоми...

2023 14:00 / 30.04.2022
Аудиолар

216703 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

135860 14:35 / 11.08.2021