1446 йил 1 шаввол | 2025 йил 30 март, якшанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Муовия ибн Абу Суфённинг халифага қарши чиқиши

16:37 / 10 февраль 1499 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрати Усмон шаҳид бўлганларидан кейин Алий розияллоҳу анҳуга халифа сифатида байъат қилинди. У киши ҳазрати Усмон томонларидан сайланган барча волийларни ишдан олдилар. Бу ишдан норози бўлган Муовия ибн Абу Суфён байъат қилишдан бош тортди. Шу сабабли халифа билан у киши ўртасида жанжал ҳам бўлиб ўтди. Бу ишлар хаворижлардан бири томонидан ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг қатл қилинишлари билан ниҳоясига етгач, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг ўғиллари имом Ҳасанга байъат қилинди. Кўп ўтмай, имом Ҳасан мусулмонларнинг қонини сақлаб қолиш мақсадида ҳокимиятни Муовияга топшириб, ўзлари халифаликдан воз кечдилар. Бу билан мусулмонларни бирлаштирдилар.

Муовия розияллоҳу анҳу ҳижрий 41 (милодий 661) йилда қонуний халифа сифатида иш бошлади. Шу йил «жамоат йили» деб аталди. Ишлар қарор топди, юрт хавфсизлиги ҳамма ёққа тарқалди. Ички ихтилофлар туфайли тўхтаб қолган янги ерларни фатҳ қилиш ишлари яна йўлга қўйилди.

Ҳазрати Алий шаҳид бўлгач, у кишининг ўғиллари имом Ҳасан ҳижрий 41 йилнинг рабиъул аввал ойида ўз ихтиёрлари билан Муовия ибн Абу Суфёнга байъат қилганларидан сўнг у киши халифа бўлди. Бунгача йигирма йилдан буён амирлик қилиб келган Муовия ибн Абу Суфён яна йигирма йил халифалик қилди.

Муовия ибн Абу Суфённинг халифалик даврида Ислом жамияти яна ҳам кенгайди ва марказий ҳукумат атрофида бирлашди.

Муовия ибн Абу Суфён ниҳоятда ҳалим одам бўлиб, у кишининг бу хислати зарбулмасал бўлиб кетган эди. Ҳатто Ибн Абуддунё ва Абу Бакр ибн Осимлар Муовия ибн Абу Суфённинг ҳилми ҳақида алоҳида рисолалар ҳам ёзганлар. Тарих ва адабиёт китобларимизда мазкур ҳилмни васф этувчи ҳикоялар жуда кўп:

«Муовия ибн Абу Суфён ҳажга келганида, унинг олдига ўзининг қаттиқ мухолифати билан танилган аёллардан Баккора Ҳилолияни олиб киришди.

Халифа Муовия ибн Абу Суфён у аёлдан: «Нима учун Алийни яхши кўриб, мени ёмон кўрдинг ва уни дўст тутиб, мени душман билдинг?» деб сўради.

«Жавобдан мени маъзур тутинг», деди аёл.

«Маъзур тутмайман», деди халифа.

«Ундай бўлса, эшитинг. Мен Алийни фуқароларга адолати учун, нарсани ҳаммага тенг тақсим қилгани учун яхши кўрдим. Сизни эса халифаликка сиздан кўра ҳақлироқ одамга қарши уруш қилганингиз учун ёмон кўрдим. Сизга қонхўрлигингиз, қозиликда зулм қилганингиз ва ҳавои нафсингиз ила ҳукм қилганингиз учун душман бўлдим», деди аёл».

Яна бошқа бир мисол:

«Бир куни халифа Муовия ибн Абу Суфён минбарда туриб: хутба қилаётган эди. У ўша пайт­да одамларга бериладиган моддий ёрдамни тўхтатиб қўйганди.

Одамлар ичидан Абу Муслим исмли киши ўрнидан туриб, «Эй Муовия! Ўша бериладиган нарса сенинг меҳнатингдан ҳам, отангнинг меҳнатидан ҳам, онангнинг меҳнатидан ҳам эмас эди!» деди. Муовия ғазабланди. Минбардан тушди. Одамларга: «То келгунимча туриб туринглар, – деди-да, кириб кетиб, бир муддат ҳаяллаб қолди. Сўнг қайтиб чиқди. Ғусл қилиб олган эди. Кейин: «Абу Муслим менга гапириб, ғазабимни чиқарди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилган. Олов эса сув билан ўчирилади. Қачон бирингиз ғазабланса, ғусл қилиб олсин», деганларини эшитган эдим. Кириб, ғусл қилиб чиқдим. Абу Муслим тўғри айт­ди. Албатта, у менинг меҳнатимдан ҳам эмас, отамнинг меҳнатидан ҳам эмас. Келинглар, оладиган атоларингизни олинглар», деди».

Имом Табароний ва Абу Яъло раҳматуллоҳи алайҳимо Абу Фунайлдан ривоят қиладилар:

«Муовия ибн Абу Суфён бир жума куни минбарга чиқди ва хутбасида: «Мол бизнинг молимиз ва ўлжа бизнинг ўлжамиз. Кимга хоҳласак – берамиз. Кимга хоҳламасак бермаймиз», деди.

Бирор киши унга жавоб бермади.

Иккинчи жума куни яна ўша гапни айтди.

Бирор киши унга жавоб бермади.

Учинчи жума куни яна ўша гапга ўхшаш гапни айтди. Шунда масжидда ҳозир бўлганлардан бир киши ўрнидан туриб «Йўқ! Ундай эмас! Мол бизнинг молимиз ва ўлжа бизнинг ўлжамиз. Ким бизни ундан тўсса, қиличларимиз ила уни Аллоҳнинг маҳкамасига ўтказамиз!» деди.

Муовия ибн Абу Суфён пастга тушди. Ҳалиги кишига одам юборди. Уни ичкарига олиб кириб кетишди. Одамлар: «Бу одам энди ўлди», дейишди. Сўнг кириб қарашса, ҳалиги одам у билан сўрида ўтирган экан. Муовия одамларга: «Бу мени тирилтирди. Аллоҳ уни тирилтирсин! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мендан кейин амирлар бўлур. Улар гап айтсалар, рад қилинмас. Улар оловга маймунлар талашгандек, талашиб кирурлар», деганларини эшитган эдим.

Мен биринчи жума куни гапирганимда, менга ҳеч ким жавоб қайтармади. Мен ҳам ўшаларданмиканман деб қўрқдим.

Иккинчи жума куни гапирганимда, менга ҳеч ким жавоб қайтармади. Мен ҳам ўшаларданмиканман деб қўрқдим.

Учинчи жума куни гапирганимда, манави киши туриб, менга қарши сўз айтди. У мени тирилтирди. Аллоҳ уни тирилтирсин!» деди».

Муовия ибн Абу Суфённинг ҳаёт йўли, у кишининг аввал ким бўлгани-ю, кейин кимга айланганини ўрганар эканмиз, бу ҳам Исломнинг яна бир мўъжизаси эканлигига тан берамиз.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Исломга энг ашаддий душман бўлган ота-онадан ту­ғилиб, уларнинг тарбиясида ўсди. У киши ота-оналарига қўшилиб, бир муддат Ислом душмани бўлиб юрди. Маккаи мукаррама фатҳ бўлиб, ҳамма Исломни қабул қилаётганда кўпчиликка қўшилиб мусулмон бўлди, бўлганда ҳам, жуда гўзал, ҳаммага намуна бўладиган мусулмонга айланди.

У киши Исломни қабул қилган илк кунлариданоқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ваҳийни ёзадиган мирзалардан бири бўлди.

У киши учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳоба бўлишнинг ўзи катта бахт эди. Аммо Муовия ибн Абу Суфён бу билан кифояланиб қолмай, юқори чўққиларга интилди. Исломни пухта ўрганди ва фақиҳ саҳобалар қаторига қўшилди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида уч йилгина бирга бўлган бўлса ҳам, кўп нарсаларни ўрганиб улгурган Муовия ибн Абу Суфён ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу ан­ҳунинг даврларида оддий жангчи бўлиб урушда иштирок эта бошлади ва амир даражасига кўтарилди. У киши тўрт рошид халифа давр­ларида йигирма йил амирлик қилиб, Шомда Исломнинг тарқалишига ва мустаҳкамланишига катта ҳисса қўшди.

Муовия ибн Абу Суфённинг халифалик даврида Ислом Атлантика океани қирғоқларигача етиб борди. У кишининг Ислом учун бу даврда қилган хизматлари ҳақида кўп жилдлик китоблар ёзилган.

Бундай ҳолат фақат Исломдагина бўлиши мумкин. Бошқа ҳолатларда эса «Чаённинг боласи чаён, душманнинг боласи душман бўлади» деб, Муовия ибн Абу Суфёнга ўхшаганлар ўлдириб юборилишлари турган гап эди. Аммо «Ислом ўзидан олдинги нарсани ювиб ташлайди» деган қоида Муовия ибн Абу Суфёнга ўзини кўрсатишга имкон яратиб берди ва у киши Исломга нисбатан фидокорликни намоён қилди.

«Ислом тарихи» иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бадр урушидан сўнг айрим Мадина мушриклари мунофиқлик йўлини тутишди. Уларнинг раҳбари Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул эди. Энди улар Исломга қарши махфий иш юрита давоми...

2006 15:00 / 10.11.2020
Макка фатҳ этилгач, Аллоҳнинг дини ҳамма томонга тарқала бошлади. Кишилар Ислом таълимоти остида ҳаёт кечиришни афзал кўра бошладилар. Мадинадаги Пайғамбар давоми...

1947 12:00 / 16.11.2021
Холид ибн Суфён Ҳузалий исмли одам Мадинага бостириб бориш ниятида лашкар тўплади. Ҳузайл қабиласи Маккага яқин жойда эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

2186 18:00 / 11.12.2020
Ҳабашистон Яманни босиб олгач, Ҳабашистон подшоҳи Яманга Абраҳани ҳоким этиб тайинлади. Абраҳа барча ҳабашистонликлар қатори насроний динида эди. У Яман пойтахти давоми...

5710 16:00 / 09.07.2019
Аудиолар

147519 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

67040 14:35 / 11.08.2021