1446 йил 8 зулқаъда | 2025 йил 05 май, душанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар ҳаёти

Олимларнинг пешвоси, орифларнинг муқтадоси

15:56 / 16 январь 1302 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, Мовароуннаҳрда тасаввуф илмининг ривожланишида Юсуф Ҳамадоний (милодий 1048–1116) таълимоти катта аҳамиятга эгa бўлган. Бу таълимот асосида тариқат мактаблари пайдо бўлди. Устоз-шогирд анъанасига кўра, Юсуф Ҳамадоний таълимотини Абдухолиқ Ғиждувоний ва бошқа бир қанча йирик шайхлар, якунида эса Баҳоуддин Нақшбанд (1318–1389) ҳар томонлама мукаммаллаштирдилар. Натижада Нақшбандия тариқатига асос солинди. Ушбу тариқат ҳозирги кунгача тасаввуф аҳли орасида ўз мавқесини сақлаб турибди. Ўз навбатида, Баҳоуддин Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳнинг тўрт нафар машҳур муриди бўлиб, булар Алоуддин Аттор, Муҳаммад Порсо, Алоуддин Ғиждувоний ҳамда Мавлоно Яъқуб Чархийдир. Ушбу мақолада ўқувчиларимизга Мавлоно Чархий ва унинг илмий мероси ҳақида маълумот беришга қарор қилдик.

Манбаларда қайд этилишича, Яъқуб Чархий 1363 йил ҳозирги Афғонистон ҳудудида, Чарх деган жойда туғилган. Тўлиқ исми Яъқуб Чархий ибн Усмон ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад Ғазнавийдир. Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳ Чархий, Муҳаммад, Мавлоно, Сарзий нисбалари билан ҳам ижод қилган. Ҳижрий 782 йили Ҳиротдан Бухорога келган Чархий бу ерда тажвид илми устози Қози Носириддин Байзовийнинг «Тафсири Байзовий» асарини ўрганишга киришади. Шундан сўнг ўша даврнинг етук олими Баҳоуддин Нақшбандий ҳузурига келиб, у кишига мурид бўлади. Кейинчалик Баҳоуддин Нақшбандий тавсияси билан Алоуддин Атторга хизмат қилиб, ўзи фақирона ҳаёт кечирса-да, комил шайх бўлиб етишади.

Чархий ўз даврининг кўплаб уламолари эътирофига сазовор бўлиб, машҳур шахсларга қиёс қилинган. Масалан, Муҳаммад Тоҳир Эшон «Тазкираи Нақшбандия» асарида Мавлоно Яъқуб Чархийга: «У олимларнинг пешвоси, орифларнинг муқтадоси, Баҳоуддин Нақшбанднинг учинчи халифаси, сафо аҳлининг сарвари, ҳақиқий мавлавий, жаҳон аҳлининг муршиди, илму ирфон манбаи, монанди Маъруф Кархийдир» дея таъриф беради. Маъруф Кархий эса тасаввуф таълимотининг машҳур шайхларидан бири бўлган.

Айни кунда Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти фондида Мавлоно Яъқуб Чархийнинг «Рисолаи Қудусия» (Қудусий калима ҳақидаги рисола), «Рисолаи Абдолия» (Авлиёлар ҳақидаги рисола), «Рисолаи дар маноқиб ва ақоид» (Маноқиб ва ақоид ҳақида рисола), «Шарҳи асмауллоҳ» (Аллоҳнинг исмлари шарҳи), «Китоб ул фароиз» (Мерос тақсими ҳақида китоб), «Рисолаи унсия» (Дўстлик ҳақидаги рисола) ҳамда «Тафсири Чархий» (Чархий тафсири) каби асарлари сақланиб турибди.

Шу ўринда Мавлон Чархий диний илм билан чекланмасдан, дунёвий билимларни ҳам пухта эгаллаганини айтиб ўтиш даркор. Сўзимиз исботи сифатида Чархий айни куч-қувватга тўлган пайтда Асуриддин Муфаззал ибн Умар ал-Абҳорнинг фалсафа, мантиқ, физика, ва метафизика, соҳаларига бағишланган «Шарҳи ҳидоят-ул ҳикма» асарига шарҳ ёзганини айтиб ўтиш мумкин. Умаман олганда, Чархий асарларининг деярли барчасида давлатни бошқариш, тасаввуфий ҳолатлар, ақоид, фиқҳ, устоз-шогирд анъаналари, дўстлик, одоб-ахлоқ масалалари, ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатлар, кексалик, шунингдек, олимларнинг ҳаёт тарзини акс этган.

Қуръони Каримга шу кунгача жуда кўплаб тафсир ёзилган. Бироқ форс тилидаги тафсирлар ХV асрдан ёзила бошланган. Жумладан, Мавлоно Яъқуб Чархийнинг «Тафсири Чархий» асари Ўрта Осиё ҳудудида форс тилида ёзилган илк тафсир бўлди, десак адашмаймиз. Аммо бу тафсирдан Қуръондаги барча суралар ўрин олмаган. Аниқроқ қилиб айтганда, Чархий мазкур тафсирда Қуръони Каримнинг илк сураси – Фотиҳага, шунингдек, китобнинг 67–114-сураларига (Мулк сурасидан то Наас сурасига қадар барча сураларга) шарҳ ёзган. Бунинг сабабини эса олимнинг ўзи: «Қуръони Каримнинг Фотиҳа сураси ҳамда Мулкдан то Китобнинг охиригача ўрин олган суралар катта-кичик ўқувчи фойдалана оладиган суралардир. Бир гуруҳ дўсту биродарларим ана шу сураларга форс тилида тафсир ёзиб беришни илтимос қилганлари учун шу ишга қўл урдим» деб изоҳлаган.

Эътиборлиси, асарда ҳар бир сура тафсирида тасаввуфий шеърларга ўрин берилган бўлиб, ўз навбатида, улуғ шайх алломалар ҳаётига доир ҳикоялар билан ҳам бойитилган.

Мисол учун, Фотиҳа сураси тафсирида қуйидаги байт келтирилади:

Бо ду қибла дар раҳи тавҳид натавон бурд роҳ,

Ё ризойи дўст ёбад ё ризойи ҳейштан.

Яъни:

Тавҳид йўлида икки қибла билан йўл топиб бўлмайди,

Ё дўстинг ризолигини топиш керак ёки ўз ризолигингни.

Бу байтдан шуни англаш мумкинки, банда Аллоҳ тавҳидига ҳам нафси истакларига рози бўлиб, ҳам ваҳдат ҳосил қилган ҳолда етиша олмайди. Унинг учун банда нафс ризолигидан кечиш керак. Шундагина у Аллоҳнинг розилигига эришади. Шу ўринда қуйидаги ҳадисни келтириш мақсадга мувофиқ:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ақлли, ҳушёр киши – ўз нафсини тергаган ва ўлимдан кейинги ҳолат учун амал қилган инсондир...» дедилар (Термизий ривояти).

Фотиҳа сураси тафсири якунида эса ошиқнинг асл мақсади «мажнуни ҳақиқий» (ҳақиқий дўст) бўлиб етишиш эканини, хатто унга Аршдан то Ергача бўлган масофада бойлик берилса ҳам, ўша бойликка илтифот қилмаслик лозимлиги айтилган. Бу сўзларга шайхнинг ўзи етук мутасаввиф олим бўлишига қарамай, оддий бир қишлоқда фақирона ҳаёт кечириб туну кун ибодат билан машғул бўлгани ёрқин мисол бўла олади.

Мавлоно Чархий Мулк сурасидаги:

«У, ўлим ва ҳаётни сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканлигингизни синаш учун яратди. У азиз ва ўта мағфиратлидир» деб баён этилган оятдаги Аллоҳнинг Ал-Ғафур исмига ёзилган тафсирда қуйидаги мазмундаги байтни келтиради (форс тилидан таржима):

Илоҳий меҳрибонлигинг барчага умумий бўлган дарёдир,

Унда ҳар бир қатра биз учун етарли ва кифоядир,

Гарчи халқ гуноҳ билан булғанган бўлса-да,

Бу дарё билан уларни ювиб ташлайсан.

Инсоннинг сифатларида якун бор, яъни қилган гуноҳларида ҳам чегара, маълум ҳажм бор. Аммо Аллоҳнинг меҳрибонлиги ва мағфиратида ниҳоя йўқ. Аллоҳ таоло ўзи томон йўл олганларни, тавба қилганларни, истиғфор айтганларни Ўзининг раҳмат дарёси билан бир деганда юва олади. У Зот учун бу бир денгиздан қатрадир. Демак. Ал-Ғафур фазли билан гуноҳларни яширувчи, банда айбини афви билан кечиб юборувчи Зотдир.

Бундан ташқари, Чархий Қалам сурасига тафсир ёзаётганида инсоний одоб-ахлоққа қуйидаги байт келтиради:

«Балиқдек жим ва денгиз сувидек соф бўл,

Шунда тезгина гавҳар хазинага етасан».

Мазкур байтлар орқали у инсон умрини беҳуда ўтказмаса, вақтини ортиқча нарсаларга сарфламаса, беҳуда сўзламаса, унга илм юқиши ва шу орқали у мақсадига ета олиши мумкинлигини айтган. Кейинги байтда эса:

«Юкингни бировнинг елкасига қўйма, уни ўзинг кўтар,

Улуғликка интилмагин, дарвешлик яхшидур», деб ҳар бир инсон масъулиятни ўз бўйнига олиши, ўзи ҳаракат қилиб кун кўриши, бошқаларга юк бўлмаслиги ва бу ўткинчи дунёда бойликка, мартабага интилмаслиги ҳар доим дарвешга ўхшаб камтар ва оддий бўлиб яшаш кераклигини айтган.

Ал-Муддассир сурасининг тафсирида эса Мавлоно Чархий инсон камолотга, эзгуликка эришиши учун ҳар доим яхши инсонлар билан дўст бўлмоғи ва ёмонлардан узоқ юриши кераклиги ҳақидаги байтни келтирган:

«Ёмонлар билан суҳбат қурма ва улардан узоқ бўл,

Гарчи сен покиза бўлсанг ҳам сени ифлос қиладилар

Офтоб жаҳоннинг шами бўлса ҳам,

Бир парча булут уни тўсиб қўяди.

Аҳамиятлиси, юқорида айтилган фикрлар бугунги кунда ҳам барча учун долзарб бўлиб турибди. Чиндан ҳам агар инсон ўзидаги софликни ва барча яхши сифатларини сақлаб қолишни истаса, аввало, атрофига назар солсин: унинг атрофи тўла бузғунчи фикрли ва ёмон кишилар бўлса, унда у ривожланишдан тўхтайди ҳамда ундаги эзгу хислатлар ўрни эзгу бўлмаганлари билан тўлдирилади. Бунга офтоб мисол қилиб келтирилади. Зеро, қуёш қанчалик ёрқин бўлмасин, унинг нурлари бутун борлиқни ёритиб турса ҳам бир парча булут келиб уни ёруғлигини тўсиб қўйиши мумкин. Шунинг учун доим солиҳ инсонлар даврасида ва улар суҳбатида бўлмоқликни одат қилишимиз керак.

Мавлоно Яъқуб Чархий Ислом динининг яхши билган ва унинг негизидаги маъноларини англаган. Буни юқорида келтирилган байтларда ҳам кўришимиз мумкин. Унинг диний-тасаввуфий, ахлоқий қарашлари асосан «Тафсири Чархий» ҳамда «Рисолаи дар маноқиб ва ақоид»да акс этган. Уламо доимо ҳаётида Нақшбандий тариқатининг «Дил ба ёру, даст бакор» (Қўлинг меҳнатда, дилинг Аллоҳда бўлсин) шиорига амал қилиб яшаган.

Динора Бекмуратова, ТДШУ талабаси

«Ҳилол» журнали 5(62) сон

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биламизки, Кавсарийнинг жуда кўплаб шогирдлари бўлган. Лекин улар орасида Абу Ғудданинг ўрни бошқача. У киши нега айнан Абу Ғуддани ўзларига яқин кўрганларШайх давоми...

4171 16:40 / 25.04.2018
Абу Наср Форобий аввало Қуръон ва шариатни ўрганиш лозим деган. Ислом файласуфлари тўғрисида .Тарих ҳукамо алислом, номли китоб ёзган. Заҳируддин Абулҳасан давоми...

1533 14:32 / 16 март
1. Али ибн Ҳасан ибн Абу Исо Ҳилолий ёшлари имом Муслимдан катта 2. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб Фарро шайхларидан. Аммо Фарродан .Саҳиҳ,ларида ҳадис ривоят давоми...

1284 13:44 / 19 январь
Имом, ҳофиз, мусанниф, сиқа Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Осим Розий.Оталаридан, Али ибн Мадиний, Иброҳим ибн Ҳажжож Сомий, Абу Рубай Заҳроний, Ҳудба ибн Холид, давоми...

1692 11:00 / 08.11.2020