Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ أَكْبَرَ الْكَبَائِرِ أَنْ يَسُبَّ الرَّجُلُ وَالِدَيْهِ»، قِيلَ: وَكَيْفَ يَسُبُّ الرَّجُلُ وَالِدَيْهِ؟ قَالَ: «يَسْتَابُّ الرَّجُلُ فَيَسُبُّ أَبَاهُ وَيَسُبُّ أُمَّهُ فَيَسُبُّ أُمَّهُ».
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гуноҳи кабираларнинг энг каттаси бир одам ота-онасини сўкишидир», дедилар.
«Қандай қилиб киши ота-онасини сўкади?» дейишди.
«Одам биров билан сўкишиб кетиб, унинг отасини сўкади, онасини сўкади. У ҳам бунинг онасини сўкади», дедилар».
Шарҳ: Демак, бола ота-онасини ўз тили билан сўкиши шарт эмас экан. Бола бирор айб иш қилиб қўйиб, бировлар билан уриш-жанжал қилса, бошқаларни норози қилиб, ота-онасини сўкишларига сабаб бўлса, уларни ўзи сўккандай бўлар экан.
Мана шу маънода фарзандлар жуда эҳтиёт бўлишлари керак экан. Доимий равишда «Отангга раҳмат», «Онангга раҳмат» деган олқишларга сазовор бўлиш учун ҳаракат қилишлари лозим экан. Чунки ота-онасига сўкиш олиб берган бола гуноҳи кабираларнинг каттасини содир этган бўлади.
عَنْ حُمَيْدِ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ قَالَ: قَالَ عَبْدُ اللهِ بْنِ عَمْرٍو: مِنَ الْكَبَائِرِ أَنْ يَسُبَّ الرَّجُلُ وَالِدَهُ. قِيلَ: كَيْفَ يَسُبُّ الرَّجُلُ وَالِدَهُ؟ قَالَ: يَسُبُّ وَالِدَ الرَّجُلِ فَيَسُبُّ وَالِدَهُ وَيَسُبُّ أُمَّهُ فَيَسُبُّ أُمَّهُ.
Ҳумайд ибн Абдурраҳмондан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу: «Катта гуноҳлардан бири киши ўз ота-онасини сўкиши», деди.
«Қандай қилиб ота-онасини сўкади?» дейишди.
«Бир одамнинг отасини сўкса, у ҳам унинг отасини сўкади. Онасини сўкса, у ҳам онасини сўкади», деди».
Шарҳ: Ота-онанинг қийналиб фарзанд боқишидан мақсадларидан бири ўзлари ҳақида бу дунёда яхши ном қолдиришдир. Ҳар бир ота-она фарзанди сабабли олқишларга сазовор бўлишни истайди. Ҳеч ким фарзанди туфайли сўкиш, танқид ва қарғиш эшитишни, хижолат бўлишни мутлақо хоҳламайди.
Бу ривоятда бола бошқаларнинг ота-онасини сўккани учун жавоб тариқасида ўзининг ота-онасининг сўкилиши мисол қилиб келтирилмоқда. Аммо аслида боланинг бошқа гаплари ёки ишлари ҳам унинг ота-онасининг сўкилишига сабаб бўлиши мумкин.
Буни кейинги ривоятдан ҳам билиб олсак бўлади.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ مِنَ الْكَبَائِرِ أَنْ يَسُبَّ الرَّجُلُ وَالِدَيْهِ»، قِيلَ: وَكَيْفَ يَسُبُّ الرَّجُلُ وَالِدَيْهِ؟ قَالَ: «يَتَعَرَّضُ لِلنَّاسِ فَيَسُبُّ وَالِدَيْهِ».
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Катта гуноҳлардан бири киши ўз ота-онасини сўкмоғи», дедилар.
«Қандай қилиб ота-онасини сўкади?» дейишди.
«Одамларга осилади ва улар унинг ота-онасини сўкади», дедилар».
Шарҳ: Кишининг қилган ёмон ҳаракатидан, нотўғри амалидан одамлар аччиқланиб, «Отангни, онангни», дейишса ҳам, ота-онасини сўккан ўрнида бўлади. Бу эса жуда катта гуноҳ ҳисобланади.
Баъзи бир фарзандларнинг қилмишидан ғазабланганлар «Онанг сени туғмай ўлсин!» «Сендай фарзандни боққан отангга лаънат бўлсин!» деганга ўхшаш қарғиш-сўкиш ибораларини айтиб юборадилар.
Барча учун ўта ёқимсиз бўлган бу каби гапларнинг айтилишига фарзанд сабаб бўлди. Унинг ота-онаси жимгина уйида ўтирибди, у боласининг нима қилаётганидан бехабар. Аммо ноқобил фарзанд ўзини туғиб, парвариш қилган, боқиб, вояга етказган ота-онасига раҳмат олиб бериш ўрнига уларнинг сўкилишига, қарғалишига, лаънатланишига сабаб бўлди. Бу иши билан у кабира (катта) гуноҳ содир этди.
Ҳар бир мўмин-мусулмон фарзанд бу ҳақиқатни теран тушуниши ва ота-онасига фақат раҳмат ва олқиш олиб бериш пайидан бўлиши керак. Зинҳор ва зинҳор ота-онага сўкиш олиб берадиган фарзандлардан бўлмаслик керак. Ота-онага сўкиш олиб бермаслик эса банда учун юксак мақомдир. Мазкур мақом ҳақида кейинги ривоятда сўз кетади.
عَنْ عَمْرِو بْنِ مَيْمُونٍ قَالَ: أَبْصَرَ مُوسَى رَجُلًا مُتَعَلِّقًا بِالْعَرْشِ، فَغَبِطَهُ لِمَكَانِهِ، فَقِيلَ لَهُ: إِنْ شِئْتَ أَخْبَرْنَاكَ بِمَكَانِهِ، وَإِنْ شِئْتَ أَخْبَرْنَاكَ بِعَمَلِهِ، كَانَ هَذَا لَا يَحْسُدُ النَّاسَ عَلَى مَا آتَاهُمُ اللهُ مِنْ فَضْلِهِ، وَلَا يَمْشِي بَيْنَ النَّاسِ بِالنَّمِيمَةِ، وَلَا يَسُبُّ وَالِدَيْهِ. قَالَ: يَارَبِّ، وَمَنْ يَسُبُّ وَالِدَيْهِ؟ قَالَ: الَّذِي يَسْتَسَبُّ لَهُمَا حَتَّى يُسَبَّا.
Амр ибн Маймундан ривоят қилинади:
«Мусо Аршга осилиб турган кишини кўрди. Унинг маконига ҳаваси келди. Шунда унга: «Агар истасанг, сенга унинг маконининг хабарини берамиз. Агар истасанг, сенга унинг амалининг хабарини берамиз. Бу кимса одамларга Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага ҳасад қилмасди. Одамлар орасида чақимчилик қилмасди. Ота-онасини сўкмасди», дейилди.
«Эй Роббим! Ким ота-онасини сўкади?» деди.
«Уларга сўкиш олиб берган киши», деди».
Шарҳ: Аллоҳнинг азийматли набийларидан бўлган, илоҳий китоблардан бири бўлмиш Таврот ва яҳудийларга нозил қилинган илк шариат соҳиби бўлган зот Аршга осилиб турган кишини кўрди. Унинг маконига ҳаваси келди.
Олий мақом соҳиби бўлиб, Аллоҳ таолонинг Аршига осилиш бахтига муяссар бўлган бандага ҳавас билан қараб турган Мусо алайҳиссаломга: «Агар истасанг, сенга унинг маконининг хабарини берамиз. Агар истасанг, сенга унинг амалининг хабарини берамиз», дейилди».
Мусо алайҳиссалом «истайман», демасларидан олдин бевосита мазкур хабар ҳам айтилди.
«Бу кимса одамларга Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага ҳасад қилмасди. Одамлар орасида чақимчилик қилмасди. Ота-онасини сўкмасди», дейилди.
Демак, Мусо алайҳиссаломнинг ҳавасини келтириб, Аллоҳ таолонинг Аршига осилиб турган одамнинг бу юксак мақомга сазовор бўлишига унинг учта хислати сабаб бўлган экан.
1. «Одамларга Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага ҳасад қилмасди».
Ҳасад жуда ёмон нарса экани Қуръони Карим оятлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида баён қилинган. Ана шу ёмон ишни қилмасликнинг ўзи ҳам бандани олий мақомга кўтарар экан.
«Зомра ибн Саълаба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики ҳасад қилишмаса, одамлар яхшиликда бардавом бўладилар», дедилар».
Табароний ривоят қилган.
Ушбу ривоятдан ҳозиргача эътибор бермаганимиз янги бир қоида ва маъно чиқмоқда. Ҳозиргача банда яхши амалларни қилса, савоб ва мақом олиши, ёмон амалларни қилса, гуноҳ ва азобга қолиши қоидасини билар эдик.
Бу ривоятни ўрганиш давомида ёмон иш ва хислатларни тарк этиш нафақат гуноҳдан сақловчи, балки савоб ва олий мақомга эриштирувчи омил ҳам эканини англаб етдик.
Бу ҳақиқатни яна ҳам яхшироқ тушуниб олишимиз учун бошқа бир мисол ҳам келтирайлик.
Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида айтади:
«Улардан аввал бу диёрда ва иймонда қарор топганлар ўзларига ҳижрат қилиб келганларни севарлар ва уларга берилган нарсаларга қалбларида ҳасад қилмаслар. Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар. Ким ўз нафсининг зиқналигидан сақланса, ана ўшалар нажот топувчилардир» (9-оят).
Мадиналик мусулмонлар Набий алайҳиссаломга ва муҳожирларга ёрдам берганлари учун «ансор» деб номланганлар («носир», яъни «ёрдам берувчи» сўзининг кўплик шакли). Ушбу оят ансорларнинг инсоният тарихида мисли кўрилмаган саховатларию одамгарчиликларини васф қилмоқда.
«Улардан аввал бу диёрда ва иймонда қарор топганлар»
Ансорлар Мадинада, яъни биринчи Ислом жамоаси ташкил топган диёрда муҳожирлар келгунга қадар ҳам яшаганлар ва Исломга, иймонга ихлос қўйганлар. Улар ихлосу эътиқодлари бутун бўлгани учун Макка мушрикларидан азоб-уқубат чекаётган ўз диндошларини ўзларининг юртлари – Ясрибга (Мадинага) кўчишга чорлаганлар.
Шу билан бирга, ансорлар ўз шаҳарларига кўчиб келган муҳожир биродарларига доимо яхши муомалада бўлганлар.
«...ўзларига ҳижрат қилиб келганларни севарлар ва уларга берилган нарсаларга қалбларида ҳасад қилмаслар. Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар».
Набий алайҳиссалом «қайтарилган мол»дан муҳожирларга бериб, ансорларга бермасалар ҳам, улар заррача гина қилмаганлар. Ҳасад нималигини билишмаган.
Ансорлар муҳожир биродарларини устун қўйиб, ўзларига жуда керак бўлиб турган нарсаларини, масалан, уйларининг ярмини, асбоб-анжомларини, мол-мулкларини ва бошқа ҳамма керакли нарсаларини ҳам уларга берганлар. Ҳатто муҳожирлар Расулуллоҳга: «Эй Аллоҳнинг Расули, буларга ўхшаганларни ҳеч кўрмаганмиз, оз бўлса, бизга берадилар, кўп бўлса, сероб қиладилар. Етарли маишатнинг кифоясини қилишяпти, фароғатга бизни шерик қилишяпти. Ҳатто ажрнинг ҳаммасини булар эгаллаб олмасалар», дея арз қилишган. Шунда Набий алайҳиссалом: «Йўғ-э, уларга ташаккур айтиб, ҳақларига дуо қилиб турсангиз, ундай бўлмайди, иншааллоҳ», деганлар.
Аллоҳ таоло «ҳасад қилмаслар», деб ансорларни мадҳ этяпти. Аллоҳ бировга берган неъматга ҳасад қилмаслик ҳам улкан фазилат эканини билиб қўйиш лозим. Ансорлар ана шундай улкан фазилатга эга эдилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал улкан саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Набий алайҳиссалом билан ўтирган эдик. У киши: «Ҳозир ҳузурингизга жаннатий киши келади», дедилар. Соқолларидан таҳорат суви оқиб турган бир ансорий киши кириб келди. Кавушларини чап қўлга ушлаб олган экан. Эртасига Набий алайҳиссалом худди шу гапни яна қайтардилар. Яна кечаги киши ўша ҳолатида кириб келди. Учинчи куни яна худди шу ҳолат такрорланди.
(Мажлис тугаб) Набий алайҳиссалом туриб кетганларидан сўнг Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс ҳалиги ансорийга эргашди ва: «Отам билан айтишиб қолиб, уч кун уйга кирмасликка қасам ичган эдим. Уч кун сизникида турсам майлими?» деди. Ҳалиги киши розилик билдирди. Кейинчалик Абдуллоҳ ўша уч кун қандай кечганини бундай ҳикоя қилиб берган.
«Уникида уч кун ётдим. Кечаси ҳеч ортиқча ибодат қилганини кўрмадим. Фақат у ёнбошидан бу ёнбошига ағдарилганда Аллоҳнинг зикрини қилар ва такбир айтар эди, холос. Сўнг бомдод намозига турарди. Уч кун давомида ундан фақат яхши сўз эшитдим. Лекин ҳайрон бўлдим, «Наҳотки жаннатий бўлиш учун шу амалларнинг ўзи етса», деб юборишимга сал қолди. Унга қараб: «Эй Аллоҳнинг бандаси, отам иккимизнинг ўртамизда ҳеч қандай гап ўтгани йўқ. Лекин Расулуллоҳнинг уч маротаба «Ҳозир ҳузурингизга жаннатий киши келади», деганларини эшитдим. Уч марта ҳам сен кириб келдинг. Сен билан яшаб, амалингни ўрганиб, сенга эргашмоқчи бўлган эдим. Ҳеч бир катта амал қилганингни кўрмадим. Расулуллоҳ айтган мартабага сени нима эриштирди?» дедим. У: «Ўзинг кўргандан бошқа ҳеч бир амалим йўқ, – деб жавоб қилди. Жўнаб кетаётганимда мени ёнига чорлаб, яна такрорлади: – Ўзинг кўргандан бошқа ҳеч бир амалим йўқ. Лекин менинг қалбимда бирорта мусулмонга нисбатан алдамчилик йўқ. Бирор кишига Аллоҳ яхшилик берса, ҳасад ҳам қилмайман», деди. Мен: «Сени олий мартабага эриштирган нарса шу экан. Унга тоқат билан амал қилиш ҳам қийин», дедим».
2. «Одамлар орасида чақимчилик қилмасди».
Чақимчилик ҳам мўмин-мусулмон одамга ҳеч тўғри келмайдиган ишлардан бири. Унинг шахсларга ва жамиятларга етказадиган зарари катта. Бу ишдан ўзини тийиш ҳам кишини олий мақомга эриштирадиган амаллардан бири экан.
3. «Ота-онасини сўкмасди».
Одатда фарзанд ҳар қанча нобакор бўлса ҳам, ота-онасини бевосита сўкмаслиги ҳамманинг зеҳнига ўрнашиб қолган ҳақиқатлардан биридир. Шунинг учун бўлса керак, Мусо алайҳиссалом ҳам бу ҳақдаги гапни эшитганларидан кейин:
«Эй Роббим! Ким ота-онасини сўкади?» деди».
Аллоҳ таоло у зотга гапнинг асл маъносини баён қилди:
«Уларга сўкиш олиб берган киши», деди».
Демак, Мусо алайҳиссаломдек азийматли набий ҳавас қиладиган буюк бир мақомга, Аршга осилиб туриш мақомига эришишга сабаб бўлган фазилатлардан бири ота-онанинг бошқалар тарафидан сўкилишига сабаб бўлмаслик экан.
Ота-онанинг бировлар томонидан сўкилишига сабаб бўлмаслик ҳам кишининг охиратда набийлар ҳавас қиладиган даражадаги олий мақомга эришишига сабаб бўладиган амаллардан экан.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.