1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Маърифат йўлининг ёрқин юлдузи

12:04 424 pdf Ўқиш режими + -

2024 йил 21 декабрь куни «Hilol-Nashr» нашриётимизнинг мажлислар залида устоз Ёрқинжон Фозилнинг хотирасига бағишланган «Маърифат йўлининг ёрқин юлдузи» деб номланган  хотира тадбири ўтказилди.

photo-17-2024-12-22-11-52-40

Тадбирга кўплаб устозлар, Ёрқинжон домланинг оила аъзолари, яқинлари, мухлислари ташриф буюрдилар.


photo-1-2024-12-22-11-52-40

Исмоилжон Муҳаммад Содиқ тадбир қатнашчиларига самимий тилаклар билдириб, устоз Ёрқинжон қорининг ноёб фазилатларини эътироф қилдилар, устоз таълиф ва таржима қилган асарлар, илмий мерослар садақаи жория бўлишини тилаб, дуолар қилдилар.

photo-9-2024-12-22-11-52-40

Қуръони Карим ходими устоз Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид сўзга чиқиб, Ёрқинжон Фозил роҳимаҳуллоҳнинг сифатлари, фазилатлари ҳақида  сўзладилар, бирга ўтган файзли дамларни эсга олиб, гўзал нукталарни айтиб бердилар. Жумладан, «Буюк сиймоларни ўрганганда кўпинча натижалар билан кифояланиб қолиш бор, - дедилар устоз Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид. – У зот бундай иш қилганлар, фалон китобларни ёзганлар ва ҳоказо сўзлар айтилади. Аммо бу шахсда ўша натижаларни юзага келтирган омиллар, сабабларнинг жиҳатлари кам ўрганилади. Аслида эса айнан шу жиҳатга кўпроқ урғу бериб, мазкур сабабларни ўрганиб чиқиш керак, шунда бу шахс ҳақида тўлақонли маълумот ҳосил бўлиб, кўпчилик учун манфаатли натижалар юзага чиқади. Тўғри, улуғлар эришган натижаларни тарғиб қилиш ҳам керак. Аммо келажакни қуриш учун асослар, омиллар, сабаблар гапирилиши муҳимдир. Шу маънода Ёрқинжон домланинг ҳаётига назар соладиган бўлсак, у кишидаги юксак таъсир омилининг биринчиси ихлосдир. Ихлос – Аллоҳ таоло билан банда ўртасидаги сирдир, аммо унинг натижасини аломатлардан сезиш мумкин. Ёрқинжон қори ака бирор сўз айтаётганида ёки бирор иш қилаётганида аввало Аллоҳ таолонинг розилигини олиш мақсадида бўлар ва шунга кўра ҳаракат қилар эди. Мана шу юқори даражадаги ихлосдир, биринчи омилдир. Шунинг учун у зотнинг сўзларида таъсир кучли бўлган. Иккинчиси – у кишида Аллоҳ берган заковат сифати бор эди. Ёрқинжон қори ака ўзига етган илмни бир-бирига оддий, тушунарли, аммо балоғат билан боғлай оларди. Учинчи сифатлари – у кишида зеҳн, яъни бир нарсани илғаб олиш қобилияти кучли эди. Яна бир ниҳоятда муҳим фазилат шуки, бу кишининг қалбларида бирорта инсонга нисбатан гина-адоват йўқ эди».

photo-7-2024-12-22-11-52-40

Устоз Анвар Аҳмад домла ҳам Ёрқинжон домла ҳақидаги ажойиб хотираларни сўзлаб бердилар: «2005 йилда Ёрқинжон қори билан Қўқонда бир тўйда учрашдик. Кейин у киши бизни уйига олиб кетиб, меҳмон қилди. Ёрқинжон қори кутубхонасида бизга илмий суҳбат қилиб, тонггача ухламади, бизни ҳам ухлатмади. Бизни лол қолдирган жиҳат шуки, Ёрқинжон қори бир масалани айтса, қўли билан жавонга ишора қилиб, «Мана шу китобни олиб, фалон саҳифасини очинг», деяпти. Ўша китобни олиб, айтган саҳифасини очсак, худди у киши айтган нарса турибди! У зот одоб борасида ҳам кўпчиликка намуна эди. Ёрқинжоннинг суҳбатлари руҳий тарбиядан, рақоиқ, яъни қалбни эритувчи мавъизалардан иборат эди. У кишининг ҳаёти Имом Нававийнинг ҳаётларига ўхшаб қисқа, бироқ сермазмун, баракали бўлди. Ёрқинжон қори биз ўзбекзабон толиби илмларга кўпроқ Ҳиндистон уламоларини танитиб кетди. Уламоларнинг «Ким нима билан кўпроқ банд бўлса, шунинг устида вафот топади», деган ибратли ўгити бор. Аллоҳ таоло Ёрқинжон қорига ҳам илм устида, устозларга ҳурмат устида гўзал хотима берди. Роббимиз бу кишининг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин, ортларида қолган зурриётларидан ҳам уламолар чиқишини насиб қилсин».

photo-12-2024-12-22-11-52-40

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво маркази уламоси, Тошкент ислом институти катта устози Муҳаммад Айюб Косоний ҳам Ёрқинжон домла билан бўлиб ўтган воқеаларни хотирладилар. «Мен Ёрқинжон қорининг бирор марта ғазабланиб, бир кишидан қаттиқ хафа бўлганларини кўрмаганман, - дея хотирлайди Муҳаммад Айюб домла. – Бўлмасам, қори акани жуда кўп хафа қилишарди. Кимдир у кишини юзига туҳмат айтса, кимдир орқасидан ғийбат қилар, жуда бўлмаса фитна уюштиришарди. Мен бунга шахсан гувоҳман. Лекин шуларнинг бирортасидан хафа бўлиб, аччиқланиб, ғазабланганини, нафратланганини кўрмаганман. Хос илмий йиғилишларимизда Ёрқинжон қори келмай қолса, қандайдир зерикарли бўларди. У киши иштирок этадиган мажлисимизда илмий баҳслар мазмунли бўлар эди, инсонни хурсанд қиладиган, хафачиликни кетказадиган, зерикишни йўқ қиладиган, мажлис чўзилиб кетса ҳам, чарчоқни даф қиладиган ажойиб хислатлари бор эди. Аллоҳ таоло Ёрқинжон қорини раҳматига олсин, охиратларини обод қилсин, у киши қолдирган илмий меросларни Ҳақ таоло юртимизга, мўмин мусулмонларга фойдали қилсин».

photo-16-2024-12-22-11-52-40

Ёрқинжон домланинг сифатлари, илмлари, тақволари ва бошқа фазилатлари ҳақида Муҳаммад Шокир домла ҳам суҳбат қилиб бердилар.

Тадбирни islom.uz портали сухандони Қамариддин Бекмуҳаммад олиб борди.

photo-32-2024-12-22-11-52-40

Тадбир якунида «Hilol-Nashr» нашриёти ҳамда islom.uz портали номидан Ёрқинжон домланинг ота-оналари – Обидхон ҳожи дада ва Зубайдахон ҳожи аяларга ташаккурнома ва эсдалик ҳадялар топширилди.

photo-22-2024-12-22-11-52-40

Сўнгра Ёрқинжон домланинг ҳақларига ўнлаб хатми Қуръонларнинг савоби бағишланиб, хайрли дуолар қилинди.

photo-23-2024-12-22-11-52-40

Аллоҳ таоло устоз Ёрқинжон Фозилнинг охиратларини обод айласин, хизматларини муносиб тақдирлаб, жаннатнинг олий даражаларига етказсин, шаҳидлар, сиддиқлар ва набийлар билан бирга қилсин!

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ўтказилган .Оламларга раҳмат пайғамбар, номли сийрат танловининг ғолиблари эълон қилинди. Танловдаги ижодий ишлар давоми...

1170 14:26 / 12.10.2023
Куни кеча Зоҳид Қурайший Ню Жерси штатидаги федерал судья учун АҚШ сенати томонидан тасдиқланиб, мамлакат тарихидаги биринчи мусулмон федерал округ судьяси давоми...

1520 14:30 / 11.06.2021
Бирлашган Араб Амирликларидаги барча масжидларда Туркия ва Суриядаги зилзила қурбонлари учун жума куни ғойибона жаноза намози ўқилади. Бу ҳақда siasat.com нашри давоми...

1649 17:33 / 10.02.2023
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги жорий йил 8 октябрь куни Афғонистоннинг Қундуз шаҳрида жума намози пайтида бўлиб ўтган террорчилик ҳаракати ҳақида давоми...

1681 21:00 / 10.10.2021
Видеолар
Аудиолар

137660 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57722 14:35 / 11.08.2021