Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳунинг вафотидан кейин унинг ўғли Язиднинг халифалигини қабул қилмади. Чунки Язид Аллоҳ таолонинг буйруқларига бўйсунмайдиган золим инсон эди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг Язидга байъат қилмаганидан хабар топган куфаликлар у кишини таклиф қилиб, унга байъат қилишларини айтишди. Ушбу таклифга биноан Ҳусайн розияллоҳу анҳу Куфага боришга қарор қилди. Саҳобалар ундан бормасликни сўрадилар, лекин у зот қарорини ўзгартирмади, ҳижрий 8 йилнинг 6 зулҳижжа куни (милодий 680 йил, 9 сентябрда) оиласи ва баъзи тарафдорлари билан Куфага қараб йўлга тушди. Ҳусайн розияллоҳу анҳу тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганини, у зот бошлаган ишини охирига етказишни буюрганларини айтди. Тахминан, етмиш икки киши билан биргаликда Карбалога етиб келдилар.
Язид Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг бу ишидан қаттиқ ғазабланиб, Куфа волийсига унга қарши қўшин тайёрлашни буюрди. Ҳусайн розияллоҳу анҳуни Карбалода қолишга мажбур қилди. Умар ибн Саъд қўмондонлигидаги тўрт минг кишилик қўшин Ҳусайн розияллоҳу анҳу ва у кишининг тарафдорларини қамал қилди. Ҳусайн розияллоҳу анҳу сулҳ тузишга ҳар қанча уринмасин, кўзи қонга тўлган оломон Ҳусайн розияллоҳу анҳу ва унинг кўплаб яқинларини шаҳид қилишди. Бунга қаноат қилмасдан, ўттиз уч найза ва ўттиз учта қилич зарбаси олган танасидан муборак бошини кесиб, Язиднинг ҳузурига жўнатишди. Ҳижрий 61 йил, муҳаррам ойининг ўнинчи куни (милодий 680 йил, 10 октябрь) шаҳид бўлган Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ўшанда 57 ёшда эди.
«Лекин умматингиз уни шаҳид қилади!»
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча йиллар аввал, Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг Карбалода шаҳид бўлишини Жаброил алайҳиссаломдан билиб, чуқур қайғуга тушган эдилар. Набиралари Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг шаҳид бўлиши ҳақидаги хабар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қуйидагича билдирилганди:
Бир куни Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша пайтда Умму Салама онамиз билан бирга эдилар. Умму Салама онамизга: «Эшикни ёп, ичкарига ҳеч кимни киритма!» дедилар. Шу пайт Ҳусайн розияллоҳу анҳу келиб, ичкарига кирмоқчи бўлди. Умму Салама розияллоҳу анҳонинг қаршилигига қарамасдан, Ҳусайн розияллоҳу анҳу ичкарига кириб, Пайғамбамримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиззаларига ўтириб олди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суюкли набираларини ўпиб, эркаладилар. Жаброил алайҳиссалом: «Уни жуда яхши кўрасанми?» деб сўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, жуда яхши кўраман», дедилар. Жаброил алайҳиссалом: «Лекин уни умматинг шаҳид қилади», деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни мўминлар ўлдирадими?» дедилар. Жаброил алайҳиссалом «Ҳа», деди ва: «Хоҳласанг, у шаҳид қилинадиган жойнинг ҳам хабарини бераман», -дея қўшимча қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар беришини хоҳлашларини айтдилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом қисқа вақт ичида Карбалодан бир ҳовуч қизил нам тупроқ олиб қайтди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак кўзларидан ёш оққан ҳолда тупроқни олиб, ҳидладилар ва: «Бу тупроқдан ғам ва мусибат ҳиди келяпти», дедилар. Кейин тупроқни Умму Салама онамизга омонат қилиб бердилар ва: «Умму Салама! Бу менинг набирам Ҳусайн ўлдириладиган ернинг тупроғидир. Қачонки у қонга айланса, билгинки, Ҳусайн ўлдирилган бўлади», дея келажакда содир бўладиган мудҳиш воқеаларга ишора қилдилар.
Ўша куни Алий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, у зотнинг йиғлаётганларини кўрди.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Нима учун йиғлаяпсиз?» деб сўради. У зот:
«Ҳозир ёнимда Жаброил бор эди. У менга ўғлим Ҳусайнни Фурот қирғоғидаги Карбало деган жойда ўлдирилишининг хабарини берди. Сўнг ана шу тупроқдан бир ҳовуч олиб, менга ҳидлатди. Кўз ёшларим оқаётганига келсак, у менинг қўлимда эмас. Нима қилай, ўзимни ушлаб туролмадим», дедилар.
Алий ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу Сиффинга кетаётганида шу жойдан ўтган эди. У Фурот дарёси бўйидаги Найнаво қишлоғига келганида тўхтаб, у ернинг номини сўради. «Карбало» деган жавобни эшитгач, қўрқиб кетди ва ўғли Ҳусайннинг бошига тушадиган кунларни ўйлаб, йиғлаб юборди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу шаҳид бўлган куни қуёш тутилиб, осмон қизариб кетди. Одамлар Қиёмат бошланади, деб ўйлашди. Бошқа томондан, унинг шаҳид бўлгани учун нафақат одамлар, балки жинлар ҳам кўз ёшларини тўкдилар. Умму Салама онамиз айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин ҳеч қачон жинларнинг йиғлаганини эшитмагандим. Бир куни уларнинг йиғлаганларини яна эшитиб қолдим. Ўғлим Ҳусайн шаҳид бўлганини ҳис қилдим. Мен хизматкоримни ундан хабар олиб келиш учун юбордим. Хизматкор бироздан кейин Ҳусайннинг шаҳид бўлгани ҳақида хабар берди» (Кандеҳлавий. «Ҳаётус-саҳоба». 3-жилд, 493-бет.).
Умму Салама онамиз ўзига берилган қизил тупроққа қараб, унинг қонга айланганини кўргач, «Вой, Ҳусайним! Вой, Расулуллоҳнинг райҳонлари!» дея йиғлай бошлади. Бу қайғули хабарни эшитган Мадина аҳли чинқириб йиғлаб юборди. Ўша куни ер юзи ларзага келди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврида девон ташкилотини тузиб, ҳар бир мусулмонга бериладиган давлат маошини белгилар экан, Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумога ҳам Бадр жангида қатнашганларга берилган миқдорда нафақа ажратди. Акаси Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу халифаликни тарк этгани учун Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ҳам ҳар йили халифа Муовиядан икки миллион дирҳам маош олар эди. Бу халифа Муовиянинг вафотигача давом этди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу бу катта бойликни ҳамиша яхшиликка ишлатар, муҳтож оилаларга яширинча ёрдам берар эди.
Кечаси камбағал ва етимларга озиқ-овқат олиб бориб, уйлари олдига яширинча ташлаб кетарди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ўзидан ёрдам сўраган бир ҳошимийга бир юз ўттиз минг дирҳам, яна бир бадавийга эса ўзининг эҳтиёжи учун ажратган икки минг дирҳамни бериб юборади. У зот ҳаж сафари чоғида ўзи, акаси Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу ва жияни Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳуни меҳмон қилган бир камбағал аёлга мингта қўй ва минг тилла берган. Басрадан олиб келинган тижорат молларини сотиб олиб, вақти-вақти билан муҳтожларга тарқатган.
«Миллионер саҳобалар» китобидан
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 26 март 03-07/1613-сонли хулосаси асосида тайёрланди.