1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Ислом шариати ила ҳукм юритиш

19:00 / 15 октябрь 393 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ

«Улар орасида Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юрит. Уларнинг ҳавойи нафсларига эргашма ва улар сени Аллоҳ сенга нозил қилган нарсада фитнага солишларидан ҳазир бўл. Агар юз ўгирсалар, билки, Аллоҳ уларни баъзи гуноҳлари туфайли мусибатга солишни истайдир. Албатта, одамлардан кўплари фосиқлардир» (Моида сураси, 49-оят).

Ўтган оятда Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни одамларнинг хоҳишларига эргашиб, шариат ҳукмини тарк этишдан қайтарган эди. Бу ояти каримада эса одамлар орасида Аллоҳ таоло нозил этган нарса – Ислом шариати ила ҳукм юритиш зарурлигини яна бир бор таъкидлаяпти. Сўнгра аввалгидан кўра дақиқроқ ишдан ҳам қайтариб:

«Уларнинг ҳавойи нафсларига эргашма ва улар сени Аллоҳ сенга нозил қилган нарсада фитнага солишларидан ҳазир бўл», – демоқда.

Бу «Одамлар шариат ҳукмини юритишда баъзи жузъий камчиликлар бўлишини таклиф қилсалар ҳам, қабул этма», деганидир.

Номаъқул одамлар шариатга умуман амал қилмаслик ҳақида таклифлар киритадилар, бу қабул бўлмаса, кичикроқ ўзгартириш киритишни таклиф этадилар. Табиийки, бу ҳам қабул бўлмайди. Шунда Аллоҳ инсоф берганлари ўзига келиб, ҳақиқатга таслим бўлади. Мусулмон бўлиб ҳаёт кечиришни бошлайди. Инсофга келмаганлари эса юз ўгириб кетади. Буни нима деб баҳолаш керак? Ислом даъватининг муваффақиятсизлигими ёки бошқа нарсами? У пайтда даъватчи нима қилиши керак? Аллоҳнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган хитоби ушбу саволларга жавоб бўлади:

«Агар юз ўгирсалар, билки, Аллоҳ уларни баъзи гуноҳлари туфайли мусибатга солишни истайдир».

Демак, ким юз ўгирса, ўзига зарар. Ўзи мусибатга учрайди. Аллоҳнинг шариатидан юз ўгиргани учун бу дунёда бошига турли-туман, эҳтимол, кўпчиликнинг кўзига кўринмайдиган, ақли идрок этолмайдиган мусибатларга тушади. У дунёда эса ҳақиқий ва чексиз мусибатларга дучор бўлиши турган гап. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг меросхўрлари бўлмиш Ислом даъватчилари эса ҳаммани рози қиламан, деб уриниб, уларнинг хоҳишига қараб иш тутишни хаёлларига ҳам келтирмасликлари керак. Чунки:

«Албатта, одамлардан кўплари фосиқлардир».

«Фосиқ» дегани «дин чегарасидан чиқувчи», «бошқа томонга бурилиб кетувчи» деганидир. Мусулмонман, деб, ҳатто тақводорликни даъво қилиб юрган кўпларга назар солинса, ўзининг шахсий манфаати йўлида шариат ҳукмларига риоя қилмай қўйишлари кўрилади. Улар турли таклиф-мулоҳазалар ҳам киритиб турадилар. Бу таклиф ва мулоҳазалар ортида ҳам аслида ўзларининг шахсий манфаатлари ётади. Аммо уларнинг бу ҳолларининг Исломга дахли йўқ. Ислом даъватига кирган шахслар бу ҳақиқатни ҳеч унутмасликлари лозим.

Одамлар икки йўлдан бирини танлашлари керак:

ﯾ ﯿ ﰀﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ

«Жоҳилият ҳукмини истайдиларми?! Аниқ ишонадиган қавмлар учун Аллоҳдан кўра ҳукми яхшироқ ким бор?!» (Моида сураси, 50-оят).

Жоҳилият маълум бир жойга ёки даврга ёки қавмга хос нарса эмас. Исломдан олдинги Арабистон ярим оролида мавжуд бўлган жоҳилият эса кўплаб жоҳилиятлардан бири, холос. Қиёматгача боқий диннинг қиёматгача муҳофаза қилинадиган, ҳукми ҳамма жойга, ҳамма вақтга ва ҳамма одамларга жорий бўлган Китоби – Қуръони Каримнинг ушбу оятида Аллоҳ таоло Ўзининг ҳукмидан бошқа ҳукмни истаётган бандаларнинг қилмишларини инкор этиб:

«Жоҳилият ҳукмини истайдиларми?!» – демоқда.

«Аниқ ишонадиган қавмлар учун Аллоҳдан кўра ҳукми яхшироқ ким бор?!»

Ҳеч ким йўқ. Аллоҳнинг ҳукми ила банданинг ҳукми орасида Аллоҳ билан бандасичалик фарқ бор. Инсон ҳавойи нафсига қараб хоҳ шахсий, хоҳ фирқавий ёки хоҳ жамоатчилик орқали ҳукм тузган бўлса ҳам, ҳаммаси ожиз банданинг ожиз ақли чегарасидан чиқиб кета олмайди. Энг муҳими – бандалар устидан ҳукм чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ким, одамлар менинг ёки бизнинг ҳукмимиз бўйича яшамоғи лозим, деса, Аллоҳнинг ҳокимлик сифатига шериклик даъвосини қилган бўлади. Қўпол қилиб айтганда, одамлар менга намоз ўқисин, деган билан баробар бўлади.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади .Садақаларни ошкор қилсангиз, бу қандай ҳам яхши Агар уларни махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу давоми...

2952 11:11 / 23.10.2018
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Шундай бўлган тақдирда сенга ҳаёт азобини ҳам икки ҳисса, мамот азобини ҳам икки ҳисса тоттирган бўлардик. Сўнгра давоми...

1190 19:00 / 26 июнь
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Садақалар Аллоҳнинг йўлида тутилган, ер юзида кезишга қодир бўлмаган, билмаган киши иффатлари давоми...

2747 19:36 / 06.09.2020
Аллоҳ таоло жамиятга хавфхатар солувчиларнинг ҳукми ҳақида Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Аллоҳга ва Унинг Расулига қарши уруш давоми...

1354 19:00 / 12.09.2023