1447 йил 17 ражаб | 2026 йил 06 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Кейинги надомат бефойда

19:00 / 22.10.2024 1215 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Олдинги оятларда яҳудий ва насронийларнинг қилмишлари ва ниятлари маълум бўлган эди, келаси оятда улар билан қандай муносабатда бўлиш лозимлиги кўрсатилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙﭚ ﭛ ﭜ ﭝﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ

«Эй иймон келтирганлар! Яҳудий ва насороларни ўзингизга валий – дўст тутманг. Улар бир-бирларига дўстдирлар. Сиздан ким уларни дўст тутса, албатта, у улардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят этмас» (Моида сураси, 51-оят).

«Валий» сўзи «дўст» маъносидан кўра чуқурроқ ва кенгроқ маънони ифодалайди. Валий бўлиш ўзаро бирлашиш, ёрдамчилар иттифоқини тузиш маъносини англатади. Қуръони Каримнинг аҳли китобларга нисбатан яхши муомалада бўлиш ҳақидаги маълумотлари бошқа масала, уларни валий тутмаслик ҳақидаги кўрсатмаси бошқа масаладир.

«Улар бир-бирларига дўстдирлар».

Яҳудий ва насоролар кофирлиги туфайли бир-бирлари билан дўст бўладилар. Ислом нуқтаи назаридан куфр миллати бир миллат ҳисобланади. Уларнинг ҳаммаси Исломга қаршидирлар. Бу ҳақиқатни мусулмонлар яхши тушуниб олмоқлари ва ана шунга қараб муносабатда бўлмоқлари зарур.

«Сиздан ким уларни дўст тутса, албатта, у улардандир».

Мусулмонлардан ким кофирларни дўст тутса, улар билан биргалашса, уларни ўзига яқин деб билса, шубҳасиз, мусулмонлар билан ўз алоқасини кесган бўлади. У ҳам ўша кофирлар сафидан жой олади.

«Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят этмас».

Кофирларни дўст тутганлар ўзига ҳам, мусулмонлар жамиятига ҳам зулм қилган бўладилар. Албатта, ундай золим қавмларни Аллоҳ таоло ҳидоят қилмайди.

ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ

«Қалбларида касаллик борларнинг «Замон айланиб, бизга мусибат етишидан қўрқамиз», деб, улар томон шошилганини кўрасан. Ажаб эмаски, Аллоҳ фатҳ ёки Ўзи томонидан бирон иш келтирса-ю, ўзларича сирлашган нарсаларига надомат қилсалар» (Моида сураси, 52-оят).

Ушбу масалани яхшироқ тушуниб олишимиз учун бу ояти карималарнинг нозил бўлишига сабаб бўлган ҳодисани ўрганишимизга тўғри келади.

Имом ибн Жарир Тобарий Идрисдан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Отамдан эшитганман, у эса Атий ибн Саъддан эшитган. У бундай деб айтган экан:

«Бани Ҳорис ибн Ҳазражлик Убода ибн Сомит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

– Эй Аллоҳнинг Расули, менинг яҳудийлардан валийларим бор. Уларнинг сони кўп. Мен Аллоҳ ва Унинг Расули учун яҳудийларнинг валийлигидан воз кечаман. Ҳамда мен энди фақат Аллоҳни ва Унинг Расулини ўзимга валий деб биламан, – деди. Шунда (мунофиқларнинг бошлиғи) Абдуллоҳ ибн Убай:

– Мен замоннинг айланишидан қўрқадиган одамман. Шунинг учун ўз валийларимдан воз кечмайман, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Убайга:

– Эй Абул Хабоб, Убода ибн Сомитга қарши яҳудийларнинг валийлигига бахиллик қилганинг сенга бўлсин, – дедилар. У:

– Қабул қилдим, – деди. Шунда Аллоҳ таоло «Эй иймон келтирганлар! Яҳудий ва насороларни ўзингизга валий – дўст тутманг» оятларини нозил қилди».

Бошқа ривоятларда таъкидланишича, Убода ибн Сомитнинг яҳудий дўст-валийларидан воз кечишига уларнинг Исломга ва Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган хиёнат ва душманликлари сабаб бўлган. Шундай ишларни қилиб турганларни ўзини билган мусулмон қандай дўст тутади? Асло! Уларни дўст тутиш учун ушбу оятда васфи келган ўтакетган мунофиқ каби бўлиш керак, холос.

«Қалбларида касаллик борларнинг «Замон айланиб, бизга мусибат етишидан қўрқамиз», деб, улар томон шошилганини кўрасан».

Яъни мазкур кофирларни, дин душманларини дўст тутиш учун инсон қалбида касали бор – мунофиқ бўлиш керак. Шу билан бирга, замон айланиб мусулмонлар енгилиб қолса, ғолибларнинг зарбаси остида қолмайин, деб қўрқадиган ҳам бўлиш керак. Демак, Исломга у ихлос билан кирган эмас. Мусулмонлар устун келиб турганда улардан қўрқиб, тили билан мусулмонлигини изҳор қилган, баъзи ибодатларга ва диний кўрсатмаларга ҳам амал қилиб турган. Лекин қалби касал – маразга тўла. Пайт пойлаб туради. Мусулмонларга қарши бўлган кофирлар билан ҳам дўстлашиб, ҳамкорлик қилиб, мободо замон айланиб, улар мусулмонлардан устун келиб қолса, менга зарар беришмасин, деб туради. Лекин иш тамоман бошқача бўлиб чиқиши ҳам мумкин.

«Ажаб эмаски, Аллоҳ фатҳ ёки Ўзи томонидан бирон иш келтирса-ю, ўзларича сирлашган нарсаларига надомат қилсалар».

Ҳақиқатда ҳам шундай бўлди. Аммо кейинги надомат бефойда.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғонга чиқарган кимсадан кўра золимроқ ким бор Албатта, золимлар зафар топмаслар, Анъом сураси, давоми...

901 19:00 / 09.09.2025
.Сиздан олдин ҳам бир қавм уларни сўраган, сўнгра эса уларга кофир бўлиб қолган эди, Моида сураси, 102оят. Бунга энг ёрқин мисол Бану Исроилдир. .Бақара, сураси давоми...

868 19:00 / 27.05.2025
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Сен .Мен билан сизнинг орамизда гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоядир. Албатта, У Ўз бандаларидан хабардор ва уларни кўриб давоми...

1850 19:00 / 06.08.2024
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади Албатта, одамларнинг Иброҳимга ҳақлироғи унга эргашганлар, мана бу Набий ва иймон давоми...

2934 16:18 / 04.10.2021
Аудиолар

219816 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

138882 14:35 / 11.08.2021