1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ҳазрати Усмоннинг икки ажойиб сифатлари

11:41 / 09.09.2024 2214 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1.      Ҳаё.

Усмон розияллоҳу анҳу одамларнинг энг ҳаёлиси эдилар. У киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари ичидан чиққан, олдида Аллоҳнинг фаришталари ҳам ҳаё қилган бир инсондир. Ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам у кишидан ҳаё қилар ва: «Малоикалар ҳаё қилган одамдан мен қандай ҳаё қилмай», дер эдилар.

2.      Саховат.

Қурайшда ҳазрати Усмондан кўра саховатлироқ киши йўқ эди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча ғазотларда иштирок этганлар. Ҳижрий 6 йил зулқаъда ойи, милодий 628 йилда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини Маккага умра мақсадида келганларининг хабарини бериш учун Қурайшга элчи қилиб юборганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўшанда Мадинадаги мусулмонлар билан бирга Маккаи мукаррама яқинидаги Ҳудайбия деган жойга келиб тушган эдилар. Усмон розияллоҳу анҳу бу вазифани яхшилаб адо этдилар. Қурайш у кишини ўзларига мойил қилиб олиш мақсадида кўп нарсаларни ваъда қилишди. Лекин ҳазрати Усмон: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавоф қилмагунларича мен қилмайман», деб ҳатто тавоф ҳам қилмадилар. У киши ҳақларида «Усмон ўлдирилди» деган миш‑миш тарқалди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана шу қавм билан урушмагунимизча ортга қайтмасдан, шу ерда турамиз», дедилар. Мусулмонлар жангдан қочмаслик, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатсизлик қилмаслик ҳақида байъат қилдилар ва бу байъат «Ризвон байъати» деб номланди. Ушбу байъат ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг шарафларига амалга оширилган эди.

Табук ғазотида одамлар қийинчиликда қолишганида, Усмон розияллоҳу анҳу Шомга юборишга тайёрлаб қўйган икки юз туялик карвонини устидаги анжомлари билан, яна саккиз минг дирҳамни (кумуш танга) ҳам қўшиб, Аллоҳ йўлида эҳсон қилдилар. Сўнг яна юзта туяни эгар-жабдуқлари билан келтириб бердилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига минг динор (олтин танга) олиб келиб бердилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бугундан кейин Усмон нима қилса ҳам зарар қилмайди», дедилар [1]. Усмон розияллоҳу анҳу кейин ҳам қайта-қайта эҳсон қилдилар, ҳатто улар пуллардан ташқари тўққиз юз туя ва юзта отга етган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳудан рози ҳолда вафот этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир набийнинг ҳамроҳи бордир. Менинг жаннатдаги ҳамроҳим Усмондир», деганлар [2].

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида у киши Умар розияллоҳу анҳудан кейинги шахс сифатида давлат ишларини юритишда доим бирга бўлар эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу давлатнинг иккинчи шахси бўлганлар.

У кишидаги юмшоқлик билан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудаги шиддат қўшилиб ўртача, мўътадил ҳолат юзага келар, бу эса давлат ишларини юритишда жуда ҳам муҳим эди.

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

[1] Имом Аҳмад, Ҳоким, Табароний ва бошқалар ривоят қилган.

[2] Имом Термизий, Абу Яъло, Ибн Асокир, Ибн Можа ва бошқалар ривоят қилган.

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ЭЛХОНЛАР12601320. ҲАЛОКУ. Ислом тарихи яна Бағдодга қайтади. IV бобда айтиб ўтилганидек, бу шаҳар Ҳалокухон ва унинг монгол сафдошлари томонидан вайрон қилинди. Бироқ давоми...

6442 05:00 / 24.02.2017
1498 йил бундан 523 йил олдин ndash тарихчи Хондамирнинг маълумот беришича, Пули чироғ дарасида Хуросон ҳукмдори Султон Ҳусайн Бойқаро ва унинг ўттиз ёшли ўғли давоми...

7913 11:30 / 26.04.2021
Ҳижрий саккизинчи йилнинг шаввол ойида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоиф ғазотини бошладилар. Тоифликлар шаҳар ичига бир йилга етадиган нарсаларни давоми...

3024 11:25 / 04.06.2022
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу билан Макка томон йўл олдилар.Йўлда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тонгда намоз давоми...

4827 17:14 / 31.03.2020
Аудиолар

210943 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130202 14:35 / 11.08.2021