1446 йил 9 жумадул аввал | 2024 йил 11 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Ислом дини қандай ёйилган?

19:50 / 22 апрель 2416 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзи «шарқшунослар» мусулмонларнинг фатҳлари ва Исломнинг ёйилишини бир-бирига боғлашади-да, бу дин қилич воситасида тарқалган деган хато фикрни олға суриб, ушбу даъволарини турли далил билан исботлашга уринишади. Ҳақ диннинг ёйилишида бирламчи омил нима бўлган эди? Бу борада ҳарбий юришлар ҳақиқатда ҳам биринчи ўринда турадими?

Аслида Ислом даъватининг ёйилишини жон-жаҳди билан қиличга боғлашга ҳаракат қилувчилар икки тоифага бўлинади. Биринчи тоифа ғарази йўқ, лекин юзаки маълумотга эгалардан иборат. Улар Исломга тааллуқли дарсларнинг мағзига етиб боришмайди, юзаки маълумотларни олиб, чалкаш фикрларни, асосланмаган далилларни оммага тақдим этиб юборишади. Иккинчи тоифа эса ўқиган, уққан, лекин нияти бузуқ ва кўнгли эгрилигидан ёт нарсаларни Исломга чаплаб, ўзини ҳам алдайди, динга ҳам туҳмат қилади.

Маълумки, мусулмонлар илк бор Бадр ғазотида қилич яланғочлашди. Ўшанда улар босқинчи сифатида эмас, Аллоҳ элчисига нозил этган даъват ҳимояси учун майдонга чиқишади. Кейинги ғазотлар янги диннинг мудофааси, мусулмонлар ҳимояси ва уларнинг ақийдасини сақлаб қолиш учун амалга оширилди.

Арабистон яриморолида Ислом оёққа туриб, фатҳлар бошланган кезда мақсад динни қилич билан тарқатиш эмас, балки золим ҳукмдорларнинг танобини тортиш, инсонларни жабр, зулм ва хорликдан халос этиш бўлган.

Исломга даъват услуби қон тўкишдан жуда узоқ, қилич яланғочлаш, қурол ишлатишдан покдир. Бу ҳақиқат Китобимиз саҳифаларида – Аллоҳнинг оятларида баён этилган. Унга кўра, даъватни етказиш даъватдаги қувват қиличнинг қувватидан кучлироқдир ва ўткирроқ деган тамойил билан чекланади:

«Динга мажбур қилиш йўқ» (Бақара сураси, 256-оят);

«Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мужодала эт» (Наҳл сураси, 125-оят);

«Ва китоб берилганларга ва саводсизларга: «Исломга кирдингизми?» деб айт. Агар Исломга кирсалар, бас, батаҳқиқ, ҳидоят топдилар. Агар юз ўгирсалар, сенинг зиммангда етказиш, холос. Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир» (Оли Имрон сураси, 20-оят).

Мана шу Ислом даъватининг дастуридир. У мажбурлаш эмас, тўкис тинчлик ва танлов эркинлиги йўлидир. Очиқ ҳақиқат: араб насронийлари Ислом даврида ўзларининг ҳуқуқларидан фойдаланиб яшайверишган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Тағлиб насроний қабиласи билан мусулмонларни бир хил кўрганлар.

Шомдаги насронийлар эса Рим империяси зулмидан халос бўлиб, адолатли ҳукмга эришиш учун Ислом қўшинларидан ёрдам сўраб, мурожаат қилишган.

Қатағонга учраган Мисрдаги қибтийлар арабларнинг келишини сабрсизлик билан кутишар эди. Британиялик шарқшунос, тарихчи олим Сэр Томас Арнольд қуйидагиларни ёзади:

«Айрим қибтийлар қаттиқ қийноқдан кейин денгизга ташланарди. Кимлардир асл ақидасини яшириб, Халкедония соборининг қарорларини номигагина қабул қилди. Исломий фатҳлар бечора қибтийларга улар таъмини унутиб юборган диний эркинлик асосидаги ҳаётни олиб келди. Амр ибн Ос жизя тўлаш эвазига уларнинг озодлиги таъминлаб, ўз диний ибодатларини адо этиш эркинлигини кафолатлади. Бу билан қибтийлар уларни бездириб юборган оғир юкдан – Рим империясининг ички ишларига муттасил аралашувидан халос бўлишди. Амр ибн Ос черковларга қарашли мол-мулкка тегмади, ҳеч қандай талон-торожга йўл қўймади. Мусулмонлар ҳукмронлик қилган дастлабки даврларда қибтийлар ўз ҳақ-ҳуқуқларига эга эдилар. Уларнинг эски динларидан воз кечиб, оммавий равишда Исломга киришлари мусулмон ҳукмдорларнинг бетоқатлик кўрсатиб, таъқиб ва исканжага олишлари натижасида бўлганини исботловчи бирон факт йўқ» (Томас Арнольд, «Исломга даъват», 123–124-бетлар).

Миср насронийларининг Исломга ихтиёрий кирганига оид тарихий ҳақиқат мусулмонлар фатҳ этган бошқа ўлкалар аҳолисига ҳам тегишли. Несторий патриархи Яшу Яф III форс епископлари раиси митрополит Самъонга ёзган мактубида форс насронийларининг Исломга ўтиб кетганидан қайғуда эканини баён этгач, бундай ёзади:

«Ўзингизга ҳам маълумки, ораларингиздаги Аллоҳ дунё ҳукмронлигини инъом этган араблар сизнинг асл ҳолингизни кўриб туришибди. Шундай бўлса-да, улар насронийлик ақидасига қарши уруш қилишмаяпти, аксинча, динимизга мурувват кўрсатиб, поп ва руҳонийларимизнинг ҳурматини жойига қўйишяпти. Черков ва канисаларга марҳамат кўрсатишяпти...» (Томас Арнольд, «Исломга даъват», 101–102-бетлар).

Ислом нафақат ғайридинларнинг ақийда ва ҳурриятларини сақлаб қолди, балки насроний ва яҳудийларга икром кўрсатиб, ҳатто мусулмон ҳукмдорлар уларни давлатнинг муҳим мансабларига тайинлашди. Бағдоддаги Аббосийлар давлатида ҳам, Мисрдаги Фотимийлар давлатида ҳам ғайримусулмонлардан вазир ва эшик оғалари бўлган.

Мовароуннаҳр шаҳарларини фатҳ этиб, Ироқ томон йўл олган бутпараст салжуқийлар, ниҳоят, мусулмон ерларининг катта қисмини ўзларига бўйсундиришди. Ислом қуввати, соғломлиги ва бағрикенглиги билан музаффар бутпарастларни ўзига ром этди ва улар иймон келтириб, мусулмон бўлишди. Бундай ҳол салжуқийлар билан тугамайди. Улардан-да қайсарроқ, қонга ташна, золим бир қавм Ислом юртларига бостириб кириб, ерларни одам қонига бўяди. Қонхўрлиги билан донг таратган мўғуллар маълум бир вақт ўтиб, Ислом байроғи остида бирлашишди. Ислом уларнинг ҳулқларига сайқал берди, натижада мўғул маданияти вужудга келди.

Ғолибларнинг Исломда шараф топишлари бутпараст салжуқий ва мўғулларнинг мусулмон бўлишлари билан чекланмайди. Исломга қарши урушга отланган баъзи салибчилар ҳам гуруҳ-гуруҳ бўлиб ёҳуд ёлғиз ҳолда Исломни қабул қилишди. Байтул Мақдис сари йўл олган салиб қўшини Кичик Осиёдан ўтиб бораётганида уларнинг диндошлари юнонлар жосуслик қилиб, қўшин жойлашган жой ҳақидаги маълумотларни мусулмон туркларга етказишади. Мусулмон турклар қақшатқич зарба бериб, салибчиларни бутунлай тор-мор этишади. Бироқ салибчилардан тирик қолганлари шунчалик хароб аҳволда эдики, мусулмонлар уларга ҳамдардлик кўрсатиб, беморларни муолажа қилишади, ўлим ёқасида турган оч-наҳор кишилардан зарур ёрдамларни аяшмайди. Баъзилари юнонлардан фаранг пулларини сотиб олиб, қашшоқ салибчиларга улашишади ҳам. Салибчиларнинг мусулмонлардан кўрган меҳр-муруввати ва диндошлари бўлмиш юнонларнинг бешафқат муомаласи ўртасида ер билан осмонча фарқ бор эди. Бинобарин, уларнинг аксарияти ўз хоҳиш-истаги билан халоскорларининг динини қабул қилишди. Исломга кирган салибчиларнинг сони уч мингдан ортиб кетди (Бу қиссани юриш иштирокчиси, роҳиблардан бири руҳоний Денис тўлиқ баён қилиб берган, Томас Арнольд, «Исломга даъват», 108–109-бетлар).

Ҳойнаҳой, баъзилар Андалусдаги мусулмонлар бошига тушган кўргулик ва қирғинбаротлар уларнинг илгари испанларга ўтказган зуғумлари ёки Исломга киритиш учун қилган тажовузлари натижаси деб ўйлашса керак. Лекин тарихий манбаларда бу ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган. Мусулмонлар бу ўлкани фатҳ этишганида Испания аҳолисини Исломга мажбурлашмади, аксинча уларнинг сиёсати хушфеъллик ва раҳмдилликдан иборат бўлган. Мусулмонлар роҳиб ва роҳибалар учун тинчлик-осойишталик маскани – монастирларни бунёд этишди. Роҳиблар жамоатчилик олдига диний либосларида чиқаверишарди. Баъзилари саройда юқори мансабларга ҳам тайинланган эди. Ислом Андалусда масиҳийларнинг ҳуқуқларини ана шундай муҳофаза қилди, ҳеч қандай диний тазйиқ бўлмади.

Исломнинг Қустантанияда ёйилиши худди Андалусиядаги каби бўлди. Турк қўмондони биронта одамни Исломга мажбурламади, балки адолатни ёйди, одамларнинг хотиржам яшашини таъминлади.

Ушбу мутлақ кенгфеъллик соясида шарқий черков аҳли тарғиб ва таҳдидсиз, қилич ва найзасиз Исломни қабул қилаверишди. Бу диннинг аниқ баён қилиб берилган шариатини улар ёқлаб чиқишди. Ислом улар учун чалкашликлар натижасида юзага келган бидъатлардан паноҳ бўлди, Албания, Босния ва Сербиядан кўплаб қавмлар мусулмонликни қабул қилишди.

Оврупада Ислом қандай тарқалган бўлса, Осиёда ҳам айнан шу ҳолат такрорланди. Форс юртида зардуштий коҳинлар давлатнинг маданий ишларини ҳам қўлга олишган эди. Мухолифлари бўлмиш бутпараст, моний, масиҳий, яҳудий ва собийларни қатағон қилишди. Бу юртга илк қадам босган мусулмонлар уларнинг диний эркинлигини кафолатлашди, жизя олиш билан чекланиб, туб аҳолига Исломда баён қилинганидек чиройли муомала қилишди. Секин-аста шаҳар аҳолисининг қалби Исломга мойил бўлиб, мусулмонликни қабул қила бошлашди. Турли табақадаги ҳунарманд ва ишчилар бу борада жонбозлик кўрсатишди. Бемаъни расм-русумлар, қолаверса, диний раёсатнинг истибдоди туфайли ўрнини йўқотган бутпарастликдан ҳоли тоза ва соф Ислом динини танлашди.

Ислом қилич билан эмас, балки ақийданинг кучи ва одамларнинг унда кўрган адолатга ишончи туфайли тарқалганига Ҳиндистон, Хитой, Малайзия, Индонезия аҳолисидан юз минглаб, миллионлаб кишининг Исломга кириши далолат қилиши мумкин. Зеро, бу ўлкаларга Ислом хушфеъллиги ва иймонидан бўлак ҳеч қандай қуроли бўлмаган мусулмонлар орқали кириб борган. Одамлар уларни тез тушунар ва қисқа муддатда Исломни қабул қилишар эди. Ўрни келганда шу билан боғлиқ қизиқ воқеани ёдга олиб ўтсак.

1501 йили Шайх Абдуллоҳ исмли араб Кведа подшоҳи ҳукмронлик қилаётган Малай яриморолига ташриф буюради. Суҳбат асносида аҳолининг диний эътиқоди ҳақида сўз юритилганда рожа: «Менинг ва раиятимнинг дини бизга қадим халқлардан етиб келган. Биз ҳаммамиз бутларга сиғинамиз», дейди. Шунда Шайх рожадан: «Ҳазрат олийлари, Ислом дини ҳақида, Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръон аталмиш китоб туширгани, у билан ўзга динларни бекор қилиб, ўша динларни шайтоннинг чангалида қолдиргани ҳақида эшитмаганмисиз?» деб сўрайди ва Ислом таълимотини тушунтириб беради.

Шайх истарали ва назокатли киши эди. Рожа унинг сўзларидан қаноат ҳосил қилади ва қасрдаги тилладан, кумушдан, лойдан ва ёғочдан ясалган барча бутни бир уюм қилиб йиғдиради ва оловга ташлатади. Подшоҳдан кейин унинг хонадони, сўнг вазирлари, кейин қолган фуқаролари Исломни қабул қилишади. Бутларнинг бари йиғилиб, оловга ирғитилади. Халқ чин ихлос билан Исломни ўрганишга киришади. Подшоҳ Пра Аванг Мха Вангса деган исмини Музлифушшот деб ўзгартиради. Сўнгра аҳолига қулай минтақаларда масжидлар барпо эттиради.

Африкаликларнинг Исломни қабул қилиши ҳам даъватчи ва тожирлар орқали амалга ошди. Мусулмон даъватчиларининг Ислом дини ҳақидаги гаплари туб аҳолида қизиқиш уйғотиб, улар бу динни қабул қила бошлашди. Чунки фитрат ва оддийлик дини бўлган Ислом оқ билан қора танлини деб одамларни тоифаларга ажратмас эди. Ҳатто Европа экспедициясининг кенг миқёсда насронийликни тарғиб қилиши ҳам ҳеч қандай ёрдам бермади. Баъзи Европа ёзувчилари бу ҳолатни изоҳлаб, қуйидагиларни ёзишган эди:

«Исломга кириш дегани шахс ўз миллатини йўқотишини, ижтимоий ҳаётда инқилобий ўзгаришлар ясашини тақозо этмайди, оила нуфузини ва жамоа таъсир кучини ҳам йўққа чиқармайди. Исломга даъват қилувчи билан Исломни қабул қилган шахс ўртасида жарлик йўқ, уларнинг ҳар иккиси нафақат назарий, балки амалий жиҳатдан тенгдир: ҳар иккиси инсоний биродарлик тамойилининг амалий ижрочисига айланади. Ислом бағрига олган кишиларга уларнинг дунёсидаги даражасидан юксакроқ мартабани ва олийроқ фикрларни тақдим этади, минг йиллик хурофий тушунчалар бўйинтуруғидан озод этади» (E.D.Morel: «Nigeria? Its people and its problems»).

Шундай қилиб Ислом Африкада зулматдаги нурдек таралди. Европалик муаллифларнинг гувоҳлик беришганидек, африкаликлар бир дона ўқ узилмасдан Исломни дин деб қабул қилишди. Инсон табиати Исломда ўзи билан Аллоҳ ўртасидаги муносабатни боғлаш, уни дунёда ҳидоятга, охиратда эса нур ва нажотга бошлашини кўрди.

Араб тилидан Шарофиддин Латипов таржимаси

«Ҳилол» журнали 9(54)сони

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
4572. Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам истисқо серобчилик сўраш учун ушбу намозгоҳга чиқдилар. Бас, дуо қилиб, давоми...

9813 20:00 / 28.02.2018
Қисса ва масаллар турли маъноларни инсоннинг фаҳмига яқинлаштириш учун кўприк бўлади. Шу сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп ҳикоялар айтиб берар давоми...

1649 11:29 / 06 январь
Гуноҳ қилиб турган ҳолатингда Аллоҳ сенга неъматлар инъом этаётган бўлса, бундан ғурурланма Бу неъматларни яхшилиқдан нишона, деб хомтама ҳам бўлма Балки, бу давоми...

1941 17:00 / 21.02.2022
Ҳаворижлардан бири Ҳасан розияллоҳу анҳунинг отаси Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга суиқасд қилиб, уни заҳарли қилич билан яралаган эди. Ҳасан розияллоҳу давоми...

2297 12:08 / 07 ноябрь
Аудиолар

134090 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54435 14:35 / 11.08.2021