1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Чеченистон «юраги»

14:35 / 06 сентябрь 817 pdf Ўқиш режими + -

2013 йил Россия Федерациясининг тарихий, географик ёки бошқа муҳим аҳамиятга эга диққатга сазовор жойларини аниқлаш мақсадида мамлакат аҳолиси ўртасида ўзига хос танлов ўтказилганди. «Россия 10» деб номланган мазкур умуммиллий танлов лойиҳаси шартларига кўра, иштирокчилар ўзлари ёқтирган ҳудуд ёки иншоотга (телефон ёки интернет орқали) овоз беришлари керак эди. Аҳамиятли томони шундаки, лойиҳа бошланган вақтдан то танловнинг сўнгги кунига қадар овоз бериш жараёнида Грозний шаҳридаги «Чеченистон юраги» масжиди етакчилик қилиб келган бўлса-да, охирги куни Москва областидаги «Коломна кремли» ундан ўтиб кетиб, ғолибликни қўлга киритди. Чеченистон Республикасининг биринчи президенти Аҳмад Қодиров номи билан аталган «Чеченистон юраги» эса Россиянинг диққатга сазовор жойлари ичида иккинчи ўринни эгаллади...

Танлов якунига кўра, «Чеченистон юраги» мамлакатнинг минглаб зиёратгоҳлари орасида иккинчи ўринни эгаллагани бежиз эмас, албатта. Зеро, Усмонлиларнинг анъанавий услубида бунёд этилган, битиши билан Россия ва Европадаги энг катта масжидларидан бирига айланган бу маскан ҳақиқатан ҳам гўзал ва муҳташам кўринишга эга. Шу боис ҳам «Чеченистон юраги» борлигидан бехабар киши масжид суратини биринчи марта кўрганида уни Туркиядаги масжидлардан бири деб ўйлаши мумкин.

 2006 йилнинг апрель ойида тамал тоши қўйилиб, 2008 йилнинг октябрида қуриб битказилган ушбу масжид Грозний шаҳри марказидан оқиб ўтувчи Сунжа дарёси қирғоғида, Ислом мажмуасининг 14 гектарли боғи марказида жойлашган. Мажмуа ҳудудида масжиддан ташқари Кунта Ҳожи номидаги Россия Ислом университети ҳамда Чеченистон Республикаси мусулмонлари диний идораси бинолари ўрин олган.

Маълум бўлишича, «Чеченистон юраги» лойиҳаси чизмаларини тайёрлаш давомида меъморлар Истанбулдаги Султон Аҳмад масжиди («Мовий» масжид) архитектурасини асос қилиб олишган. Масжиднинг ташқи деворлари асосан травертин билан қопланган бўлса, ичи – Мармар денгизидаги шу номдаги оролдан олиб келинган оппоқ мармар билан безатилган. Ўз навбатида, мармар тошлари устига чечен миллий ҳунармандчилик намунаси – истанг нақшлари солинган бўлиб, ушбу безаклар махсус қўшимчалар қўшилган бўёқлар билан бўялган. Таъкидлашларича, бу қўшимчалар бўёқларнинг яқин 50 йил ичида ўз ранги ва жилосини йўқотмаслигини таъминлайди.

Масжиднинг марказий гумбази диаметри 16 метр, баландлиги эса – 32 метрга тенг. Улкан гумбазнинг ички юзасига хаттотлар томонидан нисбатан катта ҳарфлар билан ҳадисларда айтилганидек Қуръони Каримнинг учдан бир қисмига тўғри келадиган сура – Ихлос сураси битилган.

 Масжиднинг тўртта тарафида қад ростлаган 62 метрли улуғвор миноралар Россия жанубидаги энг баланд миноралар сифатида эътироф этилади. Шу сабаб, улардан бирининг юқорисига чиқиб, Грозний шаҳри ва уни қуршаб олган тоғларнинг ажойиб манзараларига гувоҳ бўлиш мумкин.

Асосий хонақоҳга кирар экансиз, кўзингиз аввало деворларга ёзилган Қуръон оятларига, шунингдек, арка кўринишидаги гумбазости шифтлар ҳамда нақшинкор шифтлардан қуйироқда кўринган қатор деразалар ва катта қандилларга тушади. Эътиборлиси, Аллоҳ каломи ёзувларини ёзиш ҳамда мазкур қандилларни безатишда усталар соф олтиндан фойдаланишган экан.

 Қандилларга тааллуқли яна бир қизиқ маълумот: масжид шифтига жами 36 та қандил осилган бўлиб, улар шакллари билан Исломнинг уч муқаддас зиёратгоҳини эслатади. Жумладан, қандилларнинг 27 таси Қуддусдаги Қуббатус Саҳро масжидидаги, саккизтаси Мадинадаги Масжидун Набавийдаги ҳамда биттаси – энг катта, саккиз метрлиги Маккадаги Каъбадаги масжидга ўрнатилган қандилни эслатади.

Шу ўринда «Чеченистон юраги»ни ташқи томондан ёритишга алоҳида урғу берилганини айтиб ўтиш жоиз. Ёритиш тизими уч босқичда амалга оширилади. Биринчи тоифадаги чироқлар хонақоҳ ва минораларнинг пастки қисмини бир маромда, ўртача меъёрда ёритиб турса, бошқа ёриткичлар масжиднинг нисбатан катта меъморий унсурларини алоҳида кўрсатиш вазифасини бажаради. Фақат байрамларда қўлланиладиган учинчи босқич тизими фойдаланилганда гумбазлару минораларнинг тунда янада баланд ва маҳобатли кўринишини таъминлайди.

Масжидга туташ ҳудудда бир нечта фаввора барпо этилган, дам олиш масканлари – хиёбонлар қурилган.

Умумий майдони 5 минг квадрат метрни ташкил этадиган масжидда бир вақтнинг ўзида 10 минг нафар намозхоннинг ибодатларини адо этиши учун барча шароитлар яратилган. Яна шунча одам байрам кунлари масжид олдидаги майдонда, шунингдек ёзги айвонларда жойлашиши мумкин.

Масжиднинг 2012 йилда ишга туширилган расмий сайти орқали масжид имом-хатибларининг маърузаларини тинглаш ва томоша қилиш, шунингдек, кунига икки марта намоз ибодатлари пайтида тўғридан-тўғри узатиладиган жонли эфирларни кўриш мумкин.

2018 йилда «Чеченистон юраги» тасвири туширилган Грозний шаҳрининг 200 йиллигига бағишланган почта маркаси муомалага чиқарилган. Грозний шаҳрининг расмий байроғи ва гербида ҳам мазкур масжид тасвири бор.

















Флюра Умурзоқова тайёрлади

«Ҳилол» журнали 1(58) сони

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сентябрь ойида ўз вазифасини бажаришга киришган Ўзбекистоннинг Жидда Саудия Арабистони шаҳридаги бош консули Нодиржон Турғунов қиролнинг маслаҳатчиси, Макка давоми...

1645 11:40 / 22.11.2021
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташаббуси билан 78 апрель кунлари Тошкент шаҳридаги .Ҳазрати Имом, мажмуаси майдонида, илк бор .Китоб ndash камолот давоми...

1864 16:01 / 05.04.2022
Иорданиянинг Қуръони каримни сақлашrdquo жамияти томонидан ўтказилган тадбирда эшитиш қобилияти чекланган кишилар учун Аллоҳ каломининг имоишора тилида давоми...

1944 14:05 / 20.12.2018
Британиянинг Collins Dictionary инглиз луғати AI ингл. artificial intelligence қисқартма сўзини 2023 йил сўзи деб эълон қилди. Бу қисқартма .сунъий интеллект, яъни, инсон мияси давоми...

1011 17:13 / 01.11.2023
Видеолар
Аудиолар

137608 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57675 14:35 / 11.08.2021