1447 йил 16 шаъбон | 2026 йил 04 февраль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Давс аёллари Зул-Халаса атрофида ликилламагунча Қиёмат қойим бўлмайди

16:20 / 26.08.2024 3687 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَنَسٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلًا سَأَلَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَتَى تَقُومُ السَّاعَةُ؟ وَعِنْدَهُ غُلَامٌ مِنَ الْأَنْصَارِ يُقَالُ لَهُ مُحَمَّدٌ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنْ يَعِشْ هَذَا الْغُلَامُ فَعَسَى أَلَّا يُدْرِكَهُ الْهَرَمُ حَتَّى تَقُومَ السَّاعَةُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Расулуллоҳ алайҳиссаломдан «Қиёмат қачон қоим бўлади?» деб сўради. У зотнинг ҳузурларида Муҳаммад деган ёш ансорий бола турган эди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Агар мана шу бола яшаб турса, эҳтимолки, у қаримай туриб, Қиёмат қойим бўлиши мумкин», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бунда ҳам Қиёмат қойим бўлиши жуда яқинлигига аломат бор, яъни «Ким билади, эҳтимол шу бола қаримай туриб ҳам Қиёмат бўлиб қолиши мумкин», деган маъно бор.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا تَقُومُ السَّاعَةُ حَتَّى يَمُرَّ الرَّجُلُ بِقَبْرِ الرَّجُلِ فَيَقُولُ: يَا لَيْتَنِي مَكَانَهُ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши бир кишининг қабри ёнидан ўтаётиб, «Қанийди унинг ўрнида мен бўлсам», демагунича Қиёмат қойим бўлмайди», дедилар».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бундан Қиёмат яқин қолганда одамлар ер юзидаги бузғунчиликлардан безиб, ернинг остини устидан, ўлимни ҳаётдан афзал кўриб қолишлари келиб чиқади.

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا تَقُومُ السَّاعَةُ حَتَّى تَخْرُجَ نَارٌ مِنْ أَرْضِ الْحِجَازِ تُضِيءُ أَعْنَاقَ الْإِبِلِ بِبُصْرَى». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳижоз юртидан бир олов чиқиб, Бусродаги туянинг бўйнини ёритмагунича Қиёмат қойим бўлмайди», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бусро – Димашқ яқинидаги шаҳарнинг номи бўлиб, Ҳаврон деб ҳам аталади (Макка билан Бусронинг ораси тахминан 1200–1300 километр).

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا تَقُومُ السَّاعَةُ حَتَّى تَضْطَرِبَ أَلَيَاتُ نِسَاءِ دَوْسٍ حَوْلَ ذِي الْخَلَصَةِ – وَكَانَتْ صَنَمًا تَعْبُدُهَا دَوْسٌ فِي الْجَاهِلِيَّةِ بِتَبَالَةَ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Давс аёллари Зул-Халаса атрофида ликилламагунча Қиёмат қойим бўлмайди», дедилар.

У – Таболадаги давсликлар ибодат қиладиган санам эди».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Табола – Ямандаги бир жойнинг номи. Бундан Қиёмат яқинлашганда арабларда, хусусан, Давс қабиласида яна бутпарастликка қайтиш содир бўлиши келиб чиқади.

وَلِمُسْلِمٍ: «لَا يَذْهَبُ اللَّيْلُ وَالنَّهَارُ حَتَّى تُعْبَدَ اللَّاتُ وَالْعُزَّى»، فَقَالَتْ عَائِشَةُ: يَا رَسُولَ اللهِ كُنْتُ أَظُنُّ حِينَ أَنْزَلَ اللهُ: ﴿ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ﴾ أَنَّ ذَلِكَ تَامًّا، قَالَ: «إِنَّهُ سَيَكُونُ مِنْ ذَلِكَ مَا شَاءَ اللهُ ثُمَّ يَبْعَثُ اللهُ رِيحًا طَيِّبَةً فَتَوَفَّى كُلَّ مَنْ فِي قَلْبِهِ مِثْقَالُ حَبَّةِ خَرْدَلٍ مِنْ إِيمَانٍ فَيَبْقَى مَنْ لَا خَيْرَ فِيهِ فَيَرْجِعُونَ إِلَى دِينِ آبَائِهِمْ».

Муслим ривоятида:

«У зот: «Лот ва Уззога ибодат қилинмагунча кеча-кундуз йўқолмайди», дедилар. Шунда Оиша: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ «У – гарчи мушриклар ёқтирмаса ҳам, Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан, уни барча динлардан устун қилиш учун юборган Зотдир»[1] оятини нозил қилганда ўшани батамом деб ўйлаган эдим», деди. У зот: «Аллоҳ ёзиб қўйган ишлар бўлади. Кейин Аллоҳ бир яхши шамолни юборади. У қалбида ачитқи уруғи оғирлигича иймони бор барчани вафот эттиради, шунда асло яхшилиги йўқ кимсалар қолиб, ота-боболарининг динига қайтиб кетишади», дедилар».

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «يُوشِكُ الْفُرَاتُ أَنْ يَحْسِرَ عَنْ كَنْزٍ مِنْ ذَهَبٍ فَمَنْ حَضَرَهُ فَلَا يَأْخُذْ مِنْهُ شَيْئًا». رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Келажакда Фурот ўзининг тилла дафиналарини очади. Ким бунга ҳозир бўлса, ундан бирор нарсани ола олмайди», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Фурот – Ироқдаги машҳур дарёнинг номи. Имом Муслим келтирган ривоятда «Фурот тилла тоғни очмагунича Қиёмат қойим бўлмайди. Одамлар унинг учун уруш қилишади, ҳар юзтадан тўқсон тўққизтаси ўлдирилади. Улардан ҳар бир киши «Қанийди нажот топган мен бўлсам», дейди», дейилган.

Бу икки ривоят бир-бирини тўлдириб келган.

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «تَقِيءُ الْأَرْضُ أَفْلَاذَ كَبِدِهَا أَمْثَالَ الْأُسْطُوَانِ مِنَ الذَّهَبِ وَالْفِضَّةِ»، قَالَ: «فَيَجِيءُ السَّارِقُ فَيَقُولُ: فِي مِثْلِ هَذَا قُطِعَتْ يَدِي، وَيَجِيءُ الْقَاتِلُ فَيَقُولُ: فِي هَذَا قَتَلْتُ، وَيَجِيءُ الْقَاطِعُ فَيَقُولُ: فِي هَذَا قَطَعْتُ رَحِمِي ثُمَّ يَدَعُونَهُ فَلَا يَأْخُذُونَ مِنْهُ شَيْئًا». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَمُسْلِمٌ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ер ўз бағридаги тилла ва кумуш устунлардек нарсаларни қайт қилади. Ўғри келиб, «Худди шунга ўхшаш нарса учун қўлим кесилган эди», дейди. Қотил келиб, «Мана шунинг учун одам ўлдирган эдим», дейди. Силаи раҳмни узган одам келиб, «Шуни деб силаи раҳмни узган эдим», дейди. Сўнгра уни ташлаб кетишади, ундан бирон нарса олишмайди».

Термизий ва Муслим ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, Қиёмат яқин қолганда нафақат Фурот дарёси, балки бутун дунёдаги бойликлар сочилиб ётса ҳам, уларни оладиган одам топилмай қолар экан.

عَنْ عَوْفِ بْنَ مَالِكٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَتَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي غَزْوَةِ تَبُوكَ فِي قُبَّةٍ مِنْ أَدَمٍ فَقَالَ: «اعْدُدْ سِتًّا بَيْنَ يَدَيِ السَّاعَةِ: مَوْتِي ثُمَّ فَتْحُ بَيْتِ الْمَقْدِسِ ثُمَّ مُوتَانٌ يَأْخُذُ فِيكُمْ كَقُعَاصِ الْغَنَمِ ثُمَّ اسْتِفَاضَةُ الْمَالِ حَتَّى يُعْطَى الرَّجُلُ مِائَةَ دِينَارٍ فَيَظَلُّ سَاخِطًا ثُمَّ فِتْنَةٌ لَا يَبْقَى بَيْتٌ مِنَ الْعَرَبِ إِلَّا دَخَلَتْهُ ثُمَّ هُدْنَةٌ تَكُونُ بَيْنَكُمْ وَبَيْنَ بَنِي الْأَصْفَرِ فَيَغْدِرُونَ فَيَأْتُونَكُمْ تَحْتَ ثَمَانِينَ غَايَةً تَحْتَ كُلِّ غَايَةٍ اثْنَا عَشَرَ أَلْفًا». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Афв ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Табук ғазотида Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига, теридан қилинган чодир остига келдим. У зот шундай дедилар: «Қиёматдан олдин бўладиган олти нарсани билиб ол: менинг вафотим; сўнг Байтул-Мақдиснинг фатҳ қилиниши; сўнг сизларга қўйнинг бошига тушадиган қурт каби қуртлар келиши; сўнг мол-дунё кўпайиб, бир кишига юз динор берилса ҳам норози бўлавериши; сўнг арабларнинг бирорта уйи қолмай кирадиган фитна; сўнг сизлар билан Бану Асфар ўртасида тузиладиган сулҳ: улар сизларга хиёнат қилиб, саксонта байроқ остида устингизга бостириб келишади, ҳар бир байроқ остида ўн икки минг киши бўлади».

Бухорий ривоят қилган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا تَقُومُ السَّاعَةُ حَتَّى يَخْرُجَ رَجُلٌ مِنْ قَحْطَانَ يَسُوقُ النَّاسَ بِعَصَاهُ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қаҳтондан ҳассаси билан одамларни ҳайдаб юрадиган бир одам чиқмагунича Қиёмат қойим бўлмайди», дедилар».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Қаҳтон – Ямандаги бир шаҳар.

«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан

[1] Соф сураси, 9-оят.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кунларнинг бирида ўн ёшли бола қаҳвахонага кирди ва стол атрофига ўтирди. Хизматчи аёл идишда сув келтириб, боланинг столи устига қўйди. Бола .Какаоли музқаймоқ давоми...

1539 13:51 / 24.07.2025
Кеча имом Заҳабийнинг .Сияру аъломин нубало, асарини ўқиётган эдим. У китобдаги Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳнинг имом Молик роҳимаҳуллоҳ ҳақида айтган гапи давоми...

4270 15:30 / 10.11.2021
Уламоларимиз вақтни ғанимат билишга, китобларда кўрган ёки хаёлларига келган фойдали фикрларни дарҳол ёзиб қўйишга ҳарис эдилар. Улар бу ишни ҳатто тунда ҳам давоми...

3622 11:00 / 01.01.2024
Мен ундан ёшини сўраган эдим, у айтди ndash 95 да, онам эса 105 ёшда вафот этганлар. ndash Соғлиғингизни бу қадар яхшилигининг сири нимада ndash сўрадим ундан. ndash Касал давоми...

3254 20:00 / 25.10.2022