1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Набий алайҳиссаломнинг пайғамбар қилиб юборилишлари Қиёматнинг аломатларидандир

19:03 / 18 август 1133 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қиёмат қачон бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот билмайди. Бу улкан ҳақиқат Қуръони Каримда кўп марта таъкидланган.

Жумладан, Аллоҳ таоло Аъроф сурасида шундай марҳамат қилади:

ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉﰊ ﰋ ﰌ ﰍ ﰎﰏ ﰐ ﰑ ﰒ ﰓ ﰔ ﰕ ﰖ ﰗ ﰘ ﰙﰚ

«Сендан Соат (Қиёмат) қачон бўлиши ҳақида сўрайдилар. Айт: «Унинг илми фақат Роббимнинг ҳузурида. Уни фақат Ўзигина зоҳир қилади. У осмонлару ердаги оғир иш бўлади. У сизларга тўсатдан келади». Худди сен уни билишинг керакдек, сендан сўрайдилар. Айт: «Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузурида. Лекин кўп одамлар билмаслар».

Ўлим ҳақида, охират ҳақида, Қиёмат кунида ҳар бир одам бу дунёдаги қилмишлари юзасидан сўроқ-савол қилиниши ҳақида ўйлаш ҳар қандай шаккок, кофир кимсани ҳам ўйлантириб қўяди. Шундай лаҳзаларда улар охират ҳақида савол бера бошлашади. Баъзи ҳолларда Қиёмат бўлишига шак келтирганлари учун, ўз фикрларини тасдиқлаш учун «Қиёмат бўлади» деб эътиқод қиладиганларни ожиз қолдириш учун сўрашади, баъзан эса синаш учун сўрашади ва ҳоказо.

Қурайш мушриклари ҳам вақти-вақти билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қиёмат ҳақида, айниқса, унинг қачон бўлиши ва келиши ҳақида сўрашар эди.

«Сендан соат (Қиёмат) қачон бўлиши ҳақида сўрарлар».

Улар «Бўладиган бўлса, қачон бўлишини айт», деб даъво қилишарди. Бу саволлардан «Қиёмат қачон бўлишини айтиб бера олмасанг, қандай пайғамбарсан, шуни ҳам билмайсанми?» деган ғаразгўйликнинг ҳиди келар эди.

Аслида Қиёмат Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билиши мумкин бўлмаган ҳодисадир. Унинг қачон рўй беришини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Лекин мушриклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни синаш, у зотни хижолат қилиш учун «Қиёмат қачон бўлади?» деб сўрайверишарди. Агар у зот ҳар бир сўзни Аллоҳдан қабул қилиб оладиган ҳақиқий пайғамбар бўлмаганларида, бундай саволларга турли жавоблар беришлари мумкин эди. Хусусан, ўзича пайғамбарман деб даъво қилувчилар табиатан телба ва бузуқ одамларнинг эътиборини жалб қилиш учун уларнинг Қиёматга ниҳоятда қизиқишидан фойдаланишга ҳаракат қилиши кейинги пайтларда ошкор бўлди. «Қиёмат фалон вақтда бўлади», деб қўйиб, сўнг шарманда бўлганлари ҳам жуда кўп.

Лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бу саволга қандай жавоб беришни Аллоҳнинг Ўзи сўзма-сўз уқтиряпти:

«Айт: «Унинг илми фақат Роббимнинг ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина зоҳир қилади. У осмонлару ердаги оғир иш бўлади. У сизларга фақат тўсатдан келади».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам инсон эдилар, у зот ҳеч қачон «Ғайб илмини биламан», деб даъво қилмаганлар. У зот «Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузурида», дейдилар, яъни «Қиёматнинг қачон бўлишини фақат бир зот – Роббим билади, холос. Бошқа ҳеч ким билмайди. Мен ҳам билмайман».

«Уни фақат Ўзигина зоҳир қилади».

Қиёматни юзага келтирувчи Зот ҳам ягона Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бу ишга бошқа ҳеч ким аралаша олмайди.

«У осмонлару ердаги оғир иш бўлади».

«У ҳақда билганим шу: Қиёмат осмонлар ва ер ҳар қанча улкан бўлмасин, уларга ҳам оғир келадиган даражада улкан ҳодисадир. Шунинг учун ўша Кунга тайёрланиш керак».

«У сизларга тўсатдан келади».

«Унинг келганини билмай қоласизлар. У аввалдан эълон қилиниб, вақти тайинланиб, шундан кейин келмайди. У содир бўлмасдан бир оз олдин тезда ўзини ўнглаб олиб, у ер-бу ерини тозалаб, ҳеч нарсани кўрмагандек, мўмин-қобил бўлиб туришга имкон йўқ. Биргина илож шуки, унинг келишига доим тай­ёр туриш керак. Унинг қачон содир бўлишини сўраб юришдан фойда йўқ. Бунинг устига, бу саволга жавоб берадиган зотнинг ўзи йўқ. Мушрикларнинг саволи эса ноўрин».

«Худди сен уни билишинг керакдек, сендан сўрайдилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг дахллари бўлмаган нарсаларни Аллоҳдан сўрамайдилар.

«Айт: «Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузурида. Лекин кўп одамлар билмаслар».

Қиёматнинг қачон бўлиши – Аллоҳнинг Ўзигагина хос илм бўлиб, У Зот уни ҳеч кимга, ҳатто Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам билдирмаган. У зот фақат Қиёматнинг қачон бўлишини эмас, бошқа барча ғайб нарсаларни ҳам билмайдилар. Аммо бу билмасликлари айб эмас.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида шундай марҳамат қилади:

«Одамлар сендан соат (Қиёмат) ҳақида сўрайдилар. «Айт: «Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузурида». Қаердан билурсан, эҳтимол, ўша соат яқиндир?»

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни Қиёмат соати билан огоҳлантирар, бу дунёда қилган ишларининг жазосини Қиёматда тортишларини қайта-қайта такрорлар эдилар. Қуръони Каримда ҳам Қиёмат ва унинг васфи, ундаги даҳшатлар ҳақида кўплаб оятлар келган. Қиёмат қойим бўлишига шубҳа қилганлар эса унга тайёргарлик кўриш ўрнига бу ҳақда ҳадеб савол сўрайверишади. «Қани, бўлса бўла қолмайдими?» деб шошилишади. Лекин Қиёматнинг илми, яъни унинг қачон бўлишини билиш Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир. Аллоҳ таоло унинг қачон бўлишини ҳеч кимга билдиришни истамаган, ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам, фаришталарга ҳам бу илмдан хабар бермаган.

Шу билан бирга, ояти каримада Қиёмат қачон қоим бўлишини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билиши, бошқаларга билдирилмаганининг ҳикматларидан бири ҳам баён қилинади:

«Қаердан билурсан, эҳтимол, ўша соат яқиндир?»

«Қиёмат соати яқиндир, сен буни билмайсан, сендан бошқалар ҳам билмайди. Шунинг учун ҳамма доим ҳушёр бўлиб, тайёргарлигини кўриб туради, «Ҳозир ёки эртага Қиёмат қойим бўлиб қолса нима қиламан?» деб, яхши ишларни кўпроқ қилади, ёмонликдан қочади».

Қиёмат қачон қоим бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот билмаслиги ҳақидаги ҳақиқат Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларида ҳам қайта-қайта таъкидланган. Биргина мисол келтирамиз:

Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насоийлар Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятда шундай дейилади:

«Отам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу менга шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик. Бирдан ҳузуримизда оппоқ кийимли, қоп-қора сочли одам пайдо бўлди. Уни ҳеч биримиз танимадик, лекин унда сафарнинг белгилари кўринмас эди. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиззаларига тиззасини теккизиб ўтирди, икки кафтини у зотнинг икки тиззаларига қўйиб, «Эй Муҳаммад, менга Ислом нималигини айтиб бер!» деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом – «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад – Аллоҳнинг расулидир», деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни қоим қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, имконинг бўлса Байтуллоҳни ҳаж қилмоғинг», дедилар. Бояги одам: «Тўғри айтдинг», деди. Биз бунга ажабландик – ўзи савол бериб, яна ўзи «Тўғри айтдинг», дейди. Кейин у: «Менга иймон нималигини айтиб бер», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, қадарнинг яхши-ёмонига иймон келтирмоғинг», дедилар. У яна: «Тўғри айтдинг. Энди эҳсон нималигини айтиб бер», деди. У зот: «Аллоҳга худди сен У Зотни кўраётгандек ибодат қилмоғинг. Агар сен У Зотни кўрмаётган бўлсанг ҳам, У Зот сени кўриб турибди деб ибодат қилмоғинг», дедилар. Сўнг у: «Менга Қиёмат соати қачонлигини айтиб бер!» деди. У зот: «Савол берилаётган одам буни савол сўраётган одамдан кўп билмайди», дедилар. Бояги одам чиқиб кетди. Сўнг Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлардан «Бу одамнинг кимлигини биласизларми?» деб сўрадилар. Саҳобалар «Танимаймиз», деб жавоб бердилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У Жаброил эди, сизларга динингизни ўргатгани келган эди», дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифдан савол берилаётган зот –
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, савол бераётган зот – Жаброил алайҳиссалом ҳам Қиёмат қачон бўлишини билмасликлари кўриниб турибди.

Аммо шу билан бирга, Қиёмат яқин қолганда зоҳир бўладиган баъзи аломатлар ҳақида кўпгина маълумотлар келган. Бу маълумотлар асосан Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларида зикр қилинган. Барча ҳадис китобларимизда бу ҳақда алоҳида китоблар, яъни боблар бор. Бизнинг китобимизда ҳам фитналар ва Қиёмат аломатлари ҳақидаги ҳадиси шарифлар алоҳида китоб бўлган. Юқорида фитналарга тегишли ҳадиси шарифларни ўргандик. Энди, Аллоҳ таолонинг ёрдами ила, Қиёматнинг аломатлари ҳақида келган ҳадиси шарифларни ўрганишга киришамиз.

عَنْ سَهْلٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «بُعِثْتُ أَنَا وَالسَّاعَةُ هَكَذَا وَيُشِيرُ بِإِصْبَعَيْهِ فَيَمُدُّهُمَا». وَفِي رِوَايَةٍ: «بُعِثْتُ أَنَا وَالسَّاعَةُ كَهَاتَيْنِ وَضَمَّ السَّبَّابَةَ وَالْوُسْطَى». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен Қиёмат билан мана бундоқ ҳолда юборилдим» деб, икки бармоқларини чўзиб ишора қилдилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Мен Қиёмат билан мана бу иккиси каби юборилдим» деб, кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бирлаштирдилар», дейилган.

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ишоранинг маъноси – «Мен билан Қиёматнинг ораси жуда ҳам яқин» деганларидир. Дарҳақиқат, кўҳна олам тарихига нисбатан олинадиган бўлса, Пайғамбар алайҳиссаломнинг нубувватлари билан Қиёматнинг ораси икки бармоқ орасидек яқиндир, чунки Расулуллоҳ алайҳиссалом охирги пайғамбардирлар, у зотдан кейин Қиёматгача бошқа пайғамбар келмайди.

 

«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дейдиларки, олим илми билан, зангин моли билан, фақир эса жони билан имтиҳон қилинади. Олимга илми борасида синовлар, имтиҳонлар берилади. Фитналарга тутилади. давоми...

2690 11:00 / 15.07.2023
.Эй Одам фарзанди Мени кимга шикоят қиляпсан Ҳолбуки, шикоят қилишинг учун Менга баробар зот йўқ Қачонгача Мени унутасан, ҳолбуки буни сендан талаб қилмадим давоми...

1297 14:00 / 13.11.2022
Гўзал сўзлардан сўзлаб, хунук сўзлардан тилни тийиш ҳақида Асмо ибн Хорижа айтади .Мен ҳеч кимни сўкмадим ҳатто жавобан ҳам. Чунки, мени сўкадиган одам икки давоми...

1336 09:00 / 20.05.2023
Кўпчиликнинг ҳаётида кузатиладиган ҳодиса кўчада кетаётганингизда нотаниш инсон сизга илиқ салом берса, унга тараддудланиб алик қайтарасизда, кейин .қизиқ уни давоми...

4014 11:00 / 29.06.2021