1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Иккисига яхшилик қилиш баъзи нафл ибодатлардан устун

16:28 / 09 август 1101 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ота-онага яхшилик қилиш қанчалар муҳим амал эканини ушбу сарлавҳадан ҳам билиб олиш мумкин. Бу ҳақда келган далиллар кўплигидан алоҳида бир боб очишни тақозо қилгани эътиборга сазовордир.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَسْتَأْذِنُهُ فِي الْجِهَادِ، فَقَالَ: أَحَيٌّ وَالِدَاكَ؟ - وَقَالَ مُحَمَّدٌ: أَلَكَ وَالِدَانِ؟ - قَالَ: نَعَمْ. قَالَ: فَفِيهِمَا فَجَاهِدْ.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинади:

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот: «Ота-онанг тирикми?» – Муҳаммаднинг айтишича: «Ота-онанг борми?» – дедилар. «Ҳа», деди у. «Икковлари учун жидду жаҳд қил!» дедилар».

Шарҳ: Яъни Аллоҳнинг йўлига, деб жиҳодга чиққанингдан кўра, ота-онангнинг розилигини олишга ҳаракат қилгин. Уларнинг розилиги учун қиладиган ҳаракатинг сенинг жиҳодинг бўлади, демоқчилар.

Бу ҳадиси шариф ота-онанинг хизмати, уларнинг розилигини исташ, кўнгилларини топиш, дуоларини олиш қанчалар улуғ нарса эканига, ҳаттоки жиҳоддан ҳам юқори даражада турадиган улкан бир хайрли, баракали иш эканига далил бўлади.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Аҳамиятли ишларда раҳбар ва олимлардан маслаҳат сўраш лозимлиги.

2. Маслаҳат сўралган олим сўровчининг ҳолини билмаса, ўзидан сўраб ўрганиши кераклиги.

3. Ота-онанинг хизмати ҳам «жиҳод» деб аталиши.

عَنِ الزُّهْرِيِّ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَسْتَأْذِنُهُ فِي الْجِهَادِ، فَقَالَ: هَلْ لَكَ وَالِدَانِ؟ - أَوْ قَالَ: هَلْ لَكَ حَوْبَةٌ؟ - قَالَ: نَعَمْ. قَالَ: فَانْطَلِقْ فَبِرَّهُمَا. قَالَ: فَأَقْبَلَ يَتَخَلَّلُ الرِّكَابَ.

Зуҳрийдан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот: «Сенинг ота-онанг борми?» дедилар. – Ёки: «Сени оқ қилиши мумкин бўлганлар борми?» дедилар. – «Ҳа», деди. «Бор! Икковларига яхшилик қил!» дедилар».

Сўнг у (одамларнинг) елкаларини оралаб тезлаб кетди».

Шарҳ: Кейин ҳалиги одам ўрнидан туриб, тезда юкларнинг орасидан ўтиб, ота-онасининг олдига югуриб кетди.

Бу ҳадиси шарифда саҳобаларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатларининг ажойиб намунасини кўрмоқдамиз. Изн сўраган саҳобий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларини эшитиши билан дарҳол унга амал қилишга шошилди.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Муҳим ишни қилишдан олдин раҳбардан изн сўраш кераклиги.

2. Раҳбар ишнинг табиатига қараб, уни қилмоқчи бўлган одамдан ота-онаси ҳақида сўраши лозимлиги.

3. Фарзи кифоя ҳисобланган жиҳоддан кўра ота-онага хизмат қилиш афзал экани.

4. Раҳбар иш буюрганда дарҳол бажариш кераклиги.

عَنْ أَبِي إِسْحَاقَ قَالَ: سَمِعْتُ هِشَامًا يُحَدِّثُ عَنِ الْحَسَنِ: أَنَّ رَجُلًا قَالَ لَهُ: إِنِّي قَدْ حَجَجْتُ، وَإِنَّ أُمِّي قَدْ أَذِنَتْ لِي فِي الْحَجِّ. فَقَالَ لَهُ: لَقَعْدَةٌ مَعَهَا تَقْعُدُهَا عَلَى مَائِدَتِهَا أَحَبُّ إِلَيَّ مِنْ حَجَّتِكَ.

Абу Исҳоқдан ривоят қилинади:

«Ҳишомнинг Ҳасандан ривоят қилиб, шундай деганини эшитдим: «Бир киши унга: «Мен ҳаж қилдим. Онам ҳажга рухсат берди», деди. «Унинг дастурхонида бир марта ўтиришинг мен учун ҳажингдан кўра яхшироқ», деди».

Шарҳ: Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи онанинг ҳурмати улуғлигини ва фурсати ғаниматлигини мана шундай қилиб тушунтирган эканлар. Онанинг ўзи рухсат берган бўлса ҳам, фарзанд нафл ҳажга бормай, онасининг дастурхонида бир марта ўтириши унинг учун афзал экан.

Ота-онага яхшилик қилиш нафл ибодатдан яхшироқ, деган маъно шу каби ишларда ўз ифодасини топади.

عَنِ الْحَسَنِ فِي الرَّجُلِ تَقُولُ لَهُ: أَفْطِرْ - يَعْنِي أُمَّهُ - قَالَ: لِيُفْطِرْ وَلَيْسَ عَلَيْهِ قَضَاءٌ، وَلَهُ أَجْرُ الصَّوْمِ وَالْبِرِّ. وَإِذَا قَالَتْ: لَا تَخْرُجْ إِلَى الصَّلَاةِ فَلَيْسَ لَهَا فِي هَذَا طَاعَةٌ؛ هَذِهِ فَرِيضَةٌ.

Ҳасандан ривоят қилинади:

«Бир одамга онаси: «Рўзангни очиб юбор», деса, очиб юборсин. Унга қазосини тутиш вожиб бўлмайди. Унга рўзанинг ҳамда яхшилик қилганнинг савоби бўлади. Агар «Намозга чиқма», деса, унга итоат қилмасин, чунки бу фарздир».

Шарҳ: Бир одамга онаси: «Рўзангни очиб юбор», деса, яъни нафл рўзангни очиб юбор, деб айтса, очиб юбораверсин. Чунки нафл рўзанинг қазоси йўқ. Онасини рози қилса, яхши бўлади. Бу ишни онасига итоат қилиб, унинг хурсанд бўлиши учун қилгани сабабли онасига яхшилик қилганнинг ҳам, рўзанинг ҳам савобини олаверади.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Бир одамга онаси нафл рўзасини очиб юборишни буюрса, очиб юбориши жоизлиги.

2. Онаси буюргани учун нафл рўзасини очган одамга қазосини тутиш вожиб бўлмаслиги.

3. Онаси «Нафл рўзангни очиб юбор», дегани учун рўзасини очган одамга ҳам рўзанинг, ҳам онага яхшилик қилганнинг савоби бўлиши.

عَنْ مُجَاهِدٍ: أَنَّ رَجُلًا قَدِمَ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَوْ خَرَجَ مَعَهُ مُجَاهِدًا، فَقَالَ لَهُ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَذِنَ لَكَ أَبُوكَ؟ قَالَ: لَا، قَالَ: فَارْجِعْ.

Мужоҳиддан ривоят қилинади:

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ёки у зот билан бирга жангга чиқди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Отанг сенга рухсат берганми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Бўлмаса орқангга қайт», дедилар».

Шарҳ: Демак, жиҳодга ҳам отанинг рухсатисиз чиқилмас экан. Фарзи кифоя ва нафл амалларни қилиш учун кўнгилли бўлиб келган шахслардан ота-онасидан, раҳбаридан рухсат олгани ёки олмагани ҳақида сўраб-суриштириш керак экан.

عَنْ مُجَاهِدٍ: أَنَّ رَجُلًا قَدِمَ عَلَى النَّبِي صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مُهَاجِرًا، فَقَالَ لَهُ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَذِنَ لَكَ أَبَوَاكَ؟ قَالَ: لَا. قَالَ: ارْجِعْ، ارْجِعْ.

Мужоҳиддан ривоят қилинади:

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига ҳижрат қилиб келди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сенга отанг рухсат бердими?» дедилар. «Йўқ», деди. «Орқангга қайт! Орқангга қайт!» дедилар».

Шарҳ: Демак, ҳижрат ҳам ота-онанинг рухсати, изни билан бўлар экан. Уларнинг ҳаққи поймол бўлмаслиги учун фарзанд аввал улардан рухсат сўраши керак. Агар ота-она рози бўлиб рухсат беришса, ҳижрат қилиш дуруст бўлади. Аммо улар рози бўлишмаса, фарзанд уларнинг хизматини қилиши ҳижратдан афзал бўлади.

عَنْ مُعَاوِيَةَ قَالَ: قُلْتُ لِعَطَاءٍ: أَنَّهُ تَحْبِسُنِي أُمِّي فِي اللَّيْلَةِ الْمَطِيرَةِ عَنِ الصَّلَاةِ فِي الْجَمَاعَةِ. قَالَ: أَطِعْهَا.

Муовиядан ривоят қилинади:

«Атога: «Онам ёмғирли кечада жамоат намозидан мени тутиб қолади», дедим. «Унга итоат қил», деди».

Шарҳ: Чунки бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам рухсат берганлар.

عَنِ الْعَوَّامِ بْنِ حَوْشَبٍ قَالَ: قُلْتُ لِمُجَاهِدٍ: يَدْعُونِي وَالِدِي وَتُقَامُ الصَّلَاةُ؟ قَالَ: أَجِبْ وَالِدَكَ.

Аввом ибн Ҳавшабдан ривоят қилинади:

«Мужоҳидга: «Намозга иқома айтиб турилганда отам мени чақириб қолади», дедим. «Отангга ижобат қил», деди».

Шарҳ: Яъни, отангнинг чақириғига жавоб бер.

Бу каби ишлар бир марта бўлгани учун рухсат берилади. Агар доимий равишда жамоатдан қолишни талаб қилса, бу талабини бажариш жоиз эмас.

عَنْ سُفْيَانَ الثَّوْرِيِّ، عَنْ أَبِي الرَّبِيعِ، عَنِ الْعَوَّامِ، عَنْ مُجَاهِدٍ، بِمِثْلِهِ.

Суфён Саврийдан, у Абу Робийъдан, у Аввомдан, у Мужоҳиддан худди юқоридагидек ҳадис ривоят қилинади.

Шарҳ: Яъни худди юқоридаги гапнинг такрори ривоят қилинган экан. Жамоат намозига иқома айтиб турилганда отаси чақириб қолса, ҳали намозни бошламагани учун отасининг гапига қулоқ солиб, даъватига ижобат қилиш керак бўлади.

عَنْ سُفْيَانَ بْنِ عُيَيْنَةَ قَالَ: سَأَلَ عُبَيْدُ اللهِ بْنُ أَبِي يَزِيدَ عُبَيْدَ بْنَ عُمَيْرٍ: أَيَغْزُو الرَّجُلُ وَأَبَوَاهُ كَارِهَانِ أَوْ أَحَدُهُمَا؟ قَالَ: لَا.

Суфён ибн Уяйнадан ривоят қилинади:

«Убайдулоҳ ибн Абу Язийд Убайд ибн Умайрдан: «Бир одам ота-онаси ёки икковларидан бири истамаса ҳам жанг қиладими?» деб сўради. «Йўқ!» деди».

Шарҳ: «Бир одам жангга бормоқчи. Ўша одамнинг ота-онаси ёки икковларидан бири шу ишни истамаса ҳам, борса бўладими?» деб сўраган экан, «Йўқ, бўлмайди», дебди.

Демак, шундай улуғ ва савоб ишга ҳам ота-онани норози қилиб боришга рухсат йўқ экан. Ота-онаси рози бўлиб, дуо қилиб: «Боравер, болам», деса, фарзанд борса бўлар экан. «Борма», дейишса, бормаслиги керак ёки аниқроғи, хоҳлаб турса ҳам бормаслиги лозим.

Бу ривоятда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканлиги тушунтириляпти.

عَنْ زُرَارَةَ بْنِ أَوْفَى: أَنَّ رَجُلًا سَأَلَ ابْنَ عَبَّاسٍ فَقَالَ: إِنِّي نَذَرْتُ أَنْ أَغْزُوَ الرُّومَ، وَإِنَّ أَبَوَايَ يَمْنَعَانِي؟ قَالَ: أَطِعْ أَبَوَيْكَ، فَإِنَّ الرُّومَ سَتَجِدُ مَنْ يَغْزُوهَا غَيْرَكَ.

Зурора ибн Авфодан ривоят қилинади:

«Бир одам Ибн Аббосдан: «Мен румликларга қарши ғазотда қатнашишни назр қилиб қўйган эдим. Энди ота-онам мени ман қилишяпти», деб сўради. «Ота-онангга итоат қил. Румликларга ғазот қиладиган сендан бошқалар ҳам бор», деди».

Шарҳ: Лекин сен ота-онангнинг айтганини қилгин. Ғазотдан кўра сенга уларнинг розилиги керак. Ғазотни сендан бошқалар ҳам қилаверади. У фарзи кифоя амал. Аммо ота-онага яхшилик қилиш сен учун фарзи айн. Бу амални сендан бошқа одам қила олмайди.

Бу ерда ҳам ота-онанинг ғазотдан ман қилишига итоат этиш фарзанднинг бурчи эканлиги таъкидланяпти.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Убайдуллоҳ ибн Валид Вассофийдан ривоят қилинади .Атонинг ўша оят ҳақида .Икковларига қўл кўтарма,, деганини эшитдим,. Шарҳ Бу ривоятда Аллоҳ таолонинг давоми...

1125 14:41 / 28 октябрь
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Мадинадан Маккага қасд қилиб чиқди. У туяга миниб олган, ёнида эшаги ҳам бор эди. Туядан чарчаганида эшакни миниб дам олар эди. давоми...

3810 11:30 / 24.04.2022
21. Фарзанднинг отаонага яхшилик қилиши турларидан бири ndash уларни хурсанд қилиш чораларини кўриш.Фарзанд отаонасининг кўнглини кўтариш учун уларни хурсанд давоми...

2563 11:00 / 31.07.2019
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Олдимга икки етим қизини олиб, бир аёл кириб келди. .Бир нарса беринг,, деб давоми...

1851 17:04 / 21.01.2020