1446 йил 26 шаввол | 2025 йил 24 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳ барча махлуқотларни яратган Зот

19:00 / 30.07.2024 946 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Ёки олтиндан безалган уйинг бўлмагунича, ёхуд осмонга кўтарилмагунингча, ўша кўтарилишингга ҳам, токи биз ўқишимиз учун китоб келтирмагунингча, ишонмаймиз», (дедилар). Сен: «Роббим пок бўлди. Мен фақат башар Расулман, холос!» – дегин» (Исро сураси, 93-оят)

Кофирлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қилаётган ноўрин таклифларини давом эттирмоқдалар:

«Ёки олтиндан безалган уйинг бўлмагунича...» сенга иймон кетирмаймиз.

Кофирлар оддий инсон Аллоҳнинг пайғамбари бўлишини ҳеч ақлларига сиғдира олмайдилар. Уларнинг тасаввурида пайғамбар ё фаришта бўлиши керак, ёки қандайдир ажабтовур, бошқалардан алоҳида ажралиб турадиган одам бўлиши керак. Ҳеч бўлмаса, пайғамбарнинг яшайдиган уйи бошқалардан ажралиб туриши, мисол учун, олтиндан қурилиб, бошқача безатилган бўлиши лозим...

Шунингдек, кофирлар тасаввурида бошқаларга ўхшаб, еб-ичадиган, бозорда юрадиган оддий одам пайғамбар бўлиши мумкин эмас. У пайғамбар бўлганидан кейин, турли ғайритабиий ишларни қиладиган бўлиши керак.

Мисол учун:

«…ёхуд осмонга кўтарилмагунингча, ўша кўтарилишингга ҳам, токи биз ўқишимиз учун китоб келтирмагунингча, ишонмаймиз», (дедилар)».

Яъни «Пайғамбар осмондан, Аллоҳнинг олдидан унга китоб нозил бўлаётганини даъво қиляпти, ўзи осмонга чиқиб, кўрсатсин, ўша чиққанда бир йўла китобни ҳам олиб тушиб, одамларга берсин, улар ўқисинлар».

Кофирларнинг бу таклифларига қандай жавоб беришни Аллоҳнинг Ўзи ўргатмоқда:

«Сен: «Роббим пок бўлди. Мен фақат башар Расулман, холос!» – дегин».

Араб тилида «Субҳаналлоҳ!» («Аллоҳ пок бўлди!») калимаси ажабланиш маъносида ҳам ишлатилади. Шунинг учун ҳам ояти каримадаги «Субҳана Роббии» ибораси «Роббим пок бўлди» деб таржима қилинди.

Пайғамбар Аллоҳнинг элчиси бўлса ҳам, аввало, у оддий одам; одам боласига хос ҳамма нарсалар унга ҳам жорий бўлади. У оддий одам учрайдиган барча нарсаларга учрайди. Пайғамбарлиги эса Аллоҳнинг берган фармонларини амалга ошириш билан бўлади. У ўзича бирор нарсани, жумладан, кофирлар таклиф қилаётган мазкур ишларни ҳам қила олмайди. Булар унинг вазифаси доирасига кирмайди. Бу ишлар фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хосдир. Худди мана шу ҳолатни идрок эта олмаслик, хусусан, оддий одамнинг пайғамбар бўлишини тасаввур қила олмаслик қадимдан одамларни иймондан тўсиб келган.

«Одамларга ҳидоят келган пайтда иймон келтиришларидан ман қилган нарса фақат «Аллоҳ башардан Расул юборадими?» дейишлари бўлди» (Исро сураси, 94-оят)

Одамлардаги бу нотўғри тасаввур «Одам боласи» сифати Аллоҳ таоло ҳузурида нақадар олий мартабада эканини тушуниб етмасликларидан келиб чиққандир. Улар фаришта ва бошқа махлуқотлардан кўра одамни Аллоҳ азизу мукаррам қилиб қўйганини англаб етмас эдилар. Агар одам Аллоҳнинг йўлида юриб, буюрган ишларини қилиб, қайтарганларидан қайтса, фариштадан афзал бўлишини идрок этмас эдилар. Улар одам боласи ичидан энг пок ва содиқлари танлаб олиниб, пайғамбар қилиниши барча инсоният учун шон-шараф эканини тушунмас эдилар. Одам боласи билан фаришталарнинг хусусиятларини фарқ эта олмасдан, «Аллоҳ башардан пайғамбар юборадими?» деб ажабланишади. Ҳамда ўзларига ўхшаган инсонга эргашишдан бош тортиб, иймондан юз ўгирадилар.

«Эй Пайғамбар, уларнинг бу гапларига жавобан

«Сен айт: «Агар ер юзида хотиржам юрган фаришталар бўлганида, уларга осмондан фаришта Расул туширган бўлар эдик» (Исро сураси, 95-оят)

Аллоҳ барча махлуқотларни яратган Зот сифатида уларга қандай нарса мос келишини Ўзи яхши билади. Аллоҳ одамларни яратган Зот сифатида уларга кимни пайғамбар қилиб юборишни яхши билади. Ер юзида хотиржам яшаб юрганлар одамлар бўлгани учун уларга одамларни пайғамбар қилди. Агар ер юзида хотиржам яшаб юрганлар фаришталар бўлганида, уларга осмондан фаришталардан пайғамбар юборган бўлар эди.

Пайғамбар Аллоҳнинг элчиси бўлиши билан бирга, Унинг амр ва наҳйиларини ўз тимсолида акслантириб, шариат ҳукмларига амал қилишда ўрнак бўладиган биринчи шахс ҳамдир. Агар одамларга фаришта пайғамбар қилиб юборилса ва у шариат ҳукмларига амал қилиб кўрсатса, «Пайғамбар оддий одамдан бўлмаслиги керак-да», деган нобакорлар биринчи бўлиб: «Бу пайғамбар – фаришта, шунинг учун шариат ҳукмларига осон амал қилади, биз оддий одаммиз, унинг қилганини қила олмаймиз», деган бўлар эдилар. Пайғамбар оддий инсондан чиқарилса, бундай даъво қила олмайдилар.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Жума сурасида шундай марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Жума кунидаги намозга чорланган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони давоми...

4730 11:48 / 04.01.2019
Сенга Китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фаҳш ва мункардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри улуғдир. Аллоҳ нима давоми...

7962 11:23 / 13.10.2018
.Эй Расул Оғизлари ила .Иймон келтирдик, деб, қалблари иймон келтирмаганлар ва яҳудий бўлганлардан иборат куфрга давоми...

1676 19:00 / 28.09.2023
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Ва уни англамасликлари учун қалбларига пардалар ва қулоқларига оғирлик қилиб қўйдик. Қачон Қуръонда Роббингнинг давоми...

1096 19:00 / 16.04.2024