1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Аёл китоб ўқиса

13:02 / 29 июль 2311 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аёл кишининг қадрини осмону фалакка кўтарадиган бир қанча омил бор. Аввало оналик, келажакнинг, наслнинг тарбияловчиси, ундан кейин эса хонадонимизнинг сариштаси, рўзғоримизнинг саранжомловчиси каби жиҳат шулардан баъзилари. Инсонийлик даражасини юксалтирувчи яна бир омил аёлнинг китоб ўқишидир! Негадир халқимизнинг аксарият қисмида қизларга нисбатан «Ўқиб шаҳар олиб берармиди?» деган тушунча шаклланиб қолган. Ҳақиқатда ҳам шундайми? Саволга жавоб беришдан олдин тарихий бир ҳақиқатни ёдга олсак.

Бугунги кунда бутун Ислом оламида юртдошимиз экани билан фахрланадиганимиз Имом Бухорийнинг, сўз мулкининг султони ҳазрат мир Алишер Навоийнинг ҳам тарбиясида айнан китоб ЎҚИГАН аёл бирламчи вазифани бажарган. Ҳа, энди бу қадимда бўлган-да, дейишга шошилмайлик. Яқин ўтмишимиз тасвирланган «Меҳробдан чаён» романида 17 ёшли Раънонинг саводи ҳақида Абдулла Қодирий бундай ёзади:

«Раъно Нигор ойимнинг тўнғучи, бу йил ўн етти ёшни тўлдурадир. Саводни отасидан ўқуб, ўн тўрт ёшида ибтидоий мактаб прўғрамида бўлған барча дарсларни битирган, масалан: диний қисмдан – «Ҳафтияк», «Қуръон», «Чаҳор китоб», «Сўфи Оллоёр», «Маслаки муттақин», адабиётдан – Навоийнинг барча асарлари, девони Фузулий маъа Лайли Мажнун; Амирий, Фазлий ва шулардек чиғатой-ўзбек катта шоирларининг асарлари; форсийдан – Хожа Ҳофиз Шерозий ва Мирзо Бедил, ҳусни хат, иншо ва бошқалар. Бу кунларда бўлса бир томондан қизларға сабоқ бериб онасиға кўмаклашса, иккинчи тарафдан отасида кофия (араб наҳв ва сарфи) ҳамда Шайхи Саъдийнинг «Гулистон»идан дарс оладир ва шунинг қаторида ўзи яхши кўрган чиғатой-ўзбек шоирларининг бадиъа асарларидан алоҳида бир мажмуъа тузиб юрийдир...»

Биргина 17 ёшли Раънонинг саводи бугунги унча-мунча олий маълумотли, илмий даражаси бор аёлникидан кўп бўлган, деб бемалол айта оламиз. Аслида миллий қадриятлари қаторида аёлнинг китоб ўқиши, саводли бўлиши ҳар доим диққат-эътиборда бўлган. Динимизнинг тамали ҳам ўқишга, ўрганишга қурилган. Зеро, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир», деганлар (Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).

Ҳадисдаги ҳукм умумга қаратилгани эътиборга олинса, илм олиш, ўқиб ўрганиш эркак ва аёлга бирдек фарздир.

Яна саодат асрига мурожаат қилайлик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр ғазотида асир тушган мушрикларни озод этиш учун тарихда мисли кўрилмаган шартни қўйдилар:

«Мусулмонлардан ўн кишига ўқиш ва ёзишни ўргатсангиз, озодсиз».

Пайғамбаримиз алайҳиссалом уруш ҳолатида ҳам мусулмонлар илмли бўлишининг ғамини қилганлар. Биз эса Расулуллоҳга фақат тилда муҳаббат изҳор қилишни биламиз, аммо китоб ўқишга келганда уйқумиз келади. Ўзимиз ўқимаганимиз бир ён, қизларимиз ўқиши учун шароит яратиб беришга эътибор бермаймиз, баъзи ҳолларда ҳатто тўсқинлик ҳам қиламиз. Бу умматнинг бўлажак оналарига китоб ўқиш ва таҳлил қилиш завқини сингдирмас эканмиз, дунё ва охиратдаги нажотимиз борасида ҳам ижобий фикр айтишга қийналиб қолишимиз тайин.

Азалдан оналаримиз динимизнинг бу кўрсатмасига содиқликлари ифодаси сифатида китоб мутолаасига, илм олишга катта эътибор қаратишган. Бу ҳимматнинг натижаси ўлароқ қадим Мовароуннаҳр заминидан жуда кўп олималар етишиб чиққан. Улардан энг машҳури Фотима бинти Муҳаммад Самарқандиядир.

Фотима бинти Муҳаммад Самарқандияга отаси ёшлик чоғларидан қироат, араб тили сарфи ва наҳви ҳамда фиқҳдан дарс берган. У отасидан фиқҳ илмини чуқур ўрганиб, буюк фақиҳа даражасига етишади. Шунингдек, отасининг машҳур «Туҳфатул фуқаҳо» асарини ёддан билган.

Манбаларда ёзилишича, Фотима фатво бериш ваколатига эга бўлиб, ушбу соҳада отаси билан ҳамкорлик қилиб келган. Олима илми ва салоҳияти билан ўзидан кейин ёрқин из қолдирди. Фотиманинг илмий иқтидори, «буюк фақиҳа» даражасига етиши Мовароуннаҳрда аёлларнинг илмга бўлган муносабатлари қандай бўлгани ҳақида тасаввур қилиш имконини беради.

Мақолани ёзиш асносида кичкина бир тадқиқотча қилиб кўрдим. Ўртача китобдан бир бет ўқиш учун 1 дақиқаю 14 сония кетар экан. Агар ҳар куни аёлларга уй ишларидан бир соат китоб ўқишга вақт ажратиб берсак, ўртача 50 бет китоб ўқилади. Бу дегани ҳафтада битта китоб. Бир йилда эса ўқиладиган китоб сони элликтага етади. Ўн йилдан сўнг ўқилган китоблар сони 500 та атрофида бўлади. Тасаввур қиляпсизми, бутун бошли бир кутубхонага тенг китобни ўқиб чиқишга имкон туғилади. Бир неча йилдан сўнг ўқилган китоблар самарасини бера бошлайди. Буюк ишларга ҳар куни қилинадиган арзимас ишлар билан етиш мумкин!

Энди яна юқоридаги саволга тўхталсак: «Ўқиб шаҳар олиб берармиди?» Аёл ўқиб, шаҳар олиб бермаслиги мумкиндир, лекин шаҳарларни оладиган, шаҳарларни бунёд қиладиган наслни у тарбиялайди! Ўқиган, билимли аёл эса ҳамиша юқори ўринда туради. Аллоҳ таоло ҳам бежиз Ўзининг Каломида: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» (Зумар сураси, 9-оят) деб марҳамат қилмади. Шундай экан, китоб ўқинг, аёлга китоб ўқитинг!

«Ҳилол» журнали 1 (58) сон
Маҳмуд Маҳкам

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Саъидхўжанинг ўғли муфтий Абу Тоҳирхўжа ўзиниг машҳур .Самария, номли асарида шундай дейди.Нақлда борким, ҳазрат Абу Мансурнинг хотини дағал ва бадфеъл хотин давоми...

2746 13:00 / 23.12.2021
Қимматбаҳо ҳадя Малика бир дунё молтилла, кумуш, лаълимаржон, гавҳар, зумрад, ёқут, шу каби қимматбаҳо тошлардан, Яман ерида ўсган яхши мевалар, турли хил мато, тоза давоми...

2615 13:30 / 19.06.2021
Абул Ажфаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Умар розияллоҳу анҳу бизга хутба қилиб.Огоҳ бўлинглар Аёлларнинг маҳрини ошириб юборманглар Чунки у нарса бу давоми...

2349 17:07 / 01.07.2020
Исо алайҳиссаломнинг оналари Марям Имрон қизини ёшликларида Аллоҳ таолонинг Ўзи поклади, тарбиялади, бўйга етганларида Жаброил алайҳиссалом .Албатта Аллоҳ таоло давоми...

2760 11:30 / 21.08.2021