Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ислом тамаддунининг тараққиёт тарихи дунёга маданий ва илмий ҳаётнинг ҳамда уни ўраб турган бағрикенгликнинг ёрқин намуналарини тақдим қилди. Бунинг энг яхши намунаси Андалусия давлатининг тарихи бўлиб, у фақат мусулмонларнинггина эмас, балки бошқа дин вакиллари хотирасида ҳам яхши сақланиб қолган.
Умавий амирларидан Валид ибн Абдулмалик ҳукмдорлиги (705–715) даврида Испания ва Португалия Мусо Нусайя ва унинг мавлоси Ториқ ибн Зиёд томонидан ҳижрий 92 (милодий 711) йили фатҳ этилди ва бу икки давлат фатҳдан сўнг араб тилида битта ном билан «Андалусия» деб атала бошланди.
Андалусия Ислом халифалиги даврида ниҳоятда гуллаб-яшнаган. Мусулмон фотиҳлар томонидан Испаниянинг фатҳ қилиниши ўлкага чин осойишталик, юксак илм-фан ва маданият олиб келган том маънодаги тараққиёт асри бўлди. Мусулмонлар Испанияни Оврупадаги энг гўзал, обод ва халқи фаровон ўлкага айлантиришди.
Машҳур адиб Лион Фейхтвангернинг ёзишича, испан яҳудийлари ва вестготт насронийлари ҳеч қачон мусулмонлар ҳукмронлиги остидагидай тинч ва эркин ҳаёт кечиришмаган. Мусулмонлар Андалусияга зироат маданиятини олиб келишди, бу ерда биринчи бўлиб шоли, тут, банан, писта, хурмо, шакарқамиш каби ўшангача номаълум бўлган экин ва мевали дарахтлар парваришини бошлаб беришди. Мусулмон меъморлари қурган шаҳар ва муҳташам биноларга дунё ҳозиргача ҳайратланиб келяпти.
Ўша пайтда Андалусияда тўқсондан ортиқ йирик шаҳар мавжуд эди. Қуртуба (Кордова), Ишбилия (Севилия), Ғарнота (Гранада), Толедо, Мурсия, Алмория, Валенсия ва бошқалар ноёб ҳунармандчилиги билан шуҳрат қозонган эди. Бу шаҳарларда жун, шойи ва парча газламалар, Қуртуба ҳунармандларининг олтин билан нақшланган қимматбаҳо тери маҳсулотлари, нафис шиша, чинни ва бронза идишлар, фил суягидан ясалган буюм ва қурол-яроғлар бутун дунёда машҳур эди. Андалусиядаги «Ал-Ҳикам» кутубхонасидаги мавжуд шеърий девонлар мундарижасининг ўзи қирқ тўрт жилдли китобни тўлдирган. Мусулмон Андалусияси пойтахти Қуртубада (Кордова) ғарб дунёсининг бош шаҳри деб эълон қилинган эди. Унда бир миллион аҳоли яшаган, 900 та ҳаммом, 283 минг уй, 600 та масжид, 80 минг қаср бўлган. Бу ердаги 80 та мадрасада камбағаллар текинга ўқитилган, 50 та шифохона бепул хизмат кўрсатган.
Бу шаҳар ўзининг тунда ёритиладиган файзли кўчалари, шинам уйлари ва муҳташам масжидлари, ажойиб саройлари, кўприк ва сув қувурлари, боғ ва ҳаммомлари билан Константинопол, Дамашқ, Бағдод каби машҳур пойтахтлар билан бемалол беллашарди. Оксфорд олимлари чўмилишни бутпарастлик санаб юришганида қуртубалик талабалар ҳашамдор жамоатчилик ҳаммомларида маза қилиб чўмилишарди.
Испан мусулмонларининг моҳир ҳандаса ва фалакиёт илми мутахассислари раҳбарлигида ясаган кемалари учқур ва ишончли бўлгани учун савдода ҳам илгарилаб, халқаро Ислом бозорларини молга тўлдириб юборишган эди. Испанияда санъат, илм-фан ва саноат ўшанда мисли кўрилмаган тараққиётга эришганди. Мусулмонларнинг испан заминида қурган илк бинолари масжид ва дорилфунунлар эди. «Илму фан диёри» деб ном берилган Қуртубага Фарангистон, Олмония, Англиядан таълим олгани келишарди.
Андалусияда етмишта оммавий кутубхона бор эди. Биргина Қуртубадаги Ҳаким Иккинчининг кутубхонасида 600 минг жилд китоб бўлган. Испанияда ҳар йили етмиш мингдан саксон минггача китоб нашр қилинарди. Ўшандан тўрт юз йил ўтиб ўн олтинчи асрда ҳукмдор Карл Париж Миллий кутубхонасини ташкил қилар экан, унга аранг 900 жилд китобни йиғган. Жавоҳарлаъл Неру «Дунё тарихига бир назар» китобида бу даврни қуйидагича тасвирлайди: «Ўшанда Испанияда деярли ҳамма ўқиш-ёзишни биларди, айни пайтда насроний Оврупасининг қолган жойларида роҳибларни ҳисобга олмаганда ҳеч ким, ҳатто энг юқори мансабдорларгача ўқишни ўрганишни ҳам бефойда вақт йўқотиш деб ҳисоблар эди». Андалусиядан Имом Қуртубий, Ибн Арабий, Ибн Ҳазм, Ибн Рушд, Абу Ҳайён, Ибн Атийя каби донғи дунёга кетган олимлар етишиб чиққан.
Андалусиядаги мусулмонлар бошқараётган давлат ҳаётида бошқа дин вакиллари – насроний ва яҳудийлар катта ва муҳим роль ўйнашди. Андалусияда насронийларни «мостаъраблар» (араблашганлар) деб аташар эди. Насаро руҳоний ҳамда арбоблар катта имтиёз ва кенг диний эркинликка эга эдилар. Насронийларнинг кўпи давлат хизматига жалб қилинган, уларга катта вазифалар ишониб топширилганди.
Яҳудийлар жамоаси ҳам кўплаб ҳақ-ҳуқуққа эга эди. Тижорат ишлари билан бемалол шуғулланар, илмий сабоқларни ўрганишар эди. Натижада Қуртуба ҳатто Ғарбий Европа яҳудийлари учун ҳам йирик маданий марказга айланиб қолди. Мана шу ҳолат Абдураҳмон Учинчининг табиби ва маслаҳатчиси Хасдай ибн Шаврутнинг фаолият юритишига имкон берди. У кейинчалик ўзига хос молия вазири, қайсидир даражада ташқи ишлар вазири бўлиб етишди. Айнан Қуртуба давлатида испан яҳудийларнинг «олтин даври» ўтди – кўплаб яҳудий олимлари, шоир ва файласуфлари айнан ана шу мамлакат яшаб турган даврда ўзларини кўрсата олишди. Фақат Ғарнота амирлиги (Пиреней ҳудудидаги охирги мусулмон давлати) парчалангач бошланиб кетган Европа феодал ҳукмдорларининг қаттиқ таъқибидан сўнггина яҳудийлар Испанияни тарк этишга мажбур бўлишди. Шуниси қизиқки, таъқибдан қочган яҳудийлар яна мусулмонлар ҳузурида – бу гал Усмонийлар қўл остида паноҳ топишди.
Ноёб қулай шароитларнинг яратилиши Андалусияда илм-фан тараққиётига кучли таъсир ўтказди. Давлат раҳбарларининг олимларга кўрсатган улкан ёрдами туфайли илм кенг ривожланди. Ўша пайтда китобларни таржима қилиш авж олди, натижада жуда кўп китоб арабчага ўгирилди. Кейинчалик бу китоблар Европа илмий доираларида ҳам кенг тарқалди. Тилшунослик ва фалсафа, тарих ва жуғрофия, риёзиёт ва фалакшунослик каби илмлар катта ютуқларга эришди. Айниқса, тиббиёт ва доришунослик мисли кўриламаган даражада юксалди. Натижада тиббиётга оид жуда кўп китоб аввал араб, кейинчалик лотин тилига таржима қилинди. Мусулмон Испаниясининг машҳур табибларидан Саид ибн Абдуроббиҳ терлама ва безгакнинг турли хилларини даволашда ўзига хос услубни топган эди. Табиблардан Аҳмад ибн Юнус ва унинг акаси Умарнинг довруғи ҳам бундан кам эмас эди, улар кўз касалликларини муолажа қилишда ва турли дори-маъжунларни тайёрлашда машҳур эди. Қуртуба табибларининг шуҳрати бутун Европада шунчалик тарқалган эдики, Европадаги бир қанча қирол оилаларининг вакиллари Қуртубага махсус келиб, маҳаллий табиблар қўлида даволаниб кетишарди.
Андалусиянинг иқтисодий равнақи ҳам юксак чўққиларга кўтарилди. Хўжалик ҳаётининг барча жабҳалари муваффақиятли ривожланди. Масалан, қишлоқ хўжалигида экинларни суғоришнинг ноёб усули ишлаб чиқилган эди. Бу эса шакарқамиш, анор, хурмо, зайтун ва бошқа фойдали мева ва сабзавотлар етиштириш имконини берди. Ингичка толали юнг берадиган меринос қўйларнинг алоҳида зоти яратилди, унинг юнги жуда юксак сифати билан ажаралиб турарди.
Қуртуба амирлигига ёш ва ғайратли шаҳзода Абдурраҳмон асос солган. Унинг тарихи Умавийлар сулоласи ҳукмронлигининг қулаши ва Аббосийларнинг ҳокимиятга келиши билан чамбарчас боғлиқ эди. Ўз ёшига номувофиқ равишда доно ва ўта ғайратли шаҳзода туғилиб қолган имкониятдан фойдаланиб, Андалусияда ўз давлатини тузибгина қолмади, балки барча ташқи ҳужумларни даф қилишга, мамлакат ички яхлитлигини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Ҳатто унинг Бағдоддаги мухолифлари ҳурматан Абдурраҳмонни «қурайшийлар лочини» деб аташди ва бу билан унга ўз эҳтиромларини изҳор қилишди.
Унинг ворислари ҳам тарихда муносиб из қолдиришган. Масалан, Абдурраҳмон Учинчи янада кўпроқ даражада мусулмон Испаниясини бирлаштирди. У араб, яҳудий, барбар, испан ва ҳатто славян ёлланма аскарларининг турли диний ва этник гуруҳларини яраштира олди. Худди шу пайтдан бошлаб Қуртуба давлатининг шиддатли ривожланиши бошланди. Унинг шуҳрати жуда кўп минтақаларда тарқалди. Қуртубанинг ўзи дунёдаги энг йирик сиёсий, маданий ва илмий марказлардан бирига айланди, ҳаётнинг барча жабҳаларида мисли кўрилмаган тараққиётни кўриш мумкин эди.
Абдурраҳмон Учинчининг бошқарув услубларидаги қизиқарли нуқталардан бири шу эдики, у жамиятнинг аслзода бўлмаган ва ишлаб чиқаришда фаолият юритмайдиган қатламига мансуб одамларни амалдорликка жалб қилган эди. Уларнинг кўплари кейинчалик ҳукмдор ҳузурида юксак мавқеларни қўлга киритишди ва давлат бошқарувида шахсий тансоқчи бўлиб хизмат қилишди. Булар орасида араб дунёсида «ас-сақолиба» деб ном олган славян гвардияси айниқса алоҳида ажралиб турарди.
Мазкур Ислом давлатида саноат ҳам эсдан чиқмаган эди, айниқса, тўқимачилик (мовут ва шойи газламалар), чарм-тери, қоғоз, чинни, шиша, ҳатто руда қазиш каби тармоқлар тараққий қилган эди. Табиий қазилма бойликларни қазиб олиш ҳамиша давлат бойлиги ва қудратининг тимсоли бўлиб келгани учун мамлакатда бу соҳага алоҳида эътибор қаратилди. Чунки металл ва руда мамлакат иқтисодининг турли тармоғининг равнақи, жумладан, ҳарбий соҳа учун ўта зарур эди. Шунинг учун ҳам Қуртуба усталари барча турдаги қурол-аслаҳа ишлаб чиқариш ва уларга ноёб безаклар беришда машҳур бўлишгани бежиз эмас эди.
Андалусия давлатининг Оврупа қитъаси, умуман дунё ҳазорасига қўшган буюк ҳиссасини ҳатто ғарб тарихчилари ҳам тан олишга мажбур бўлишган. Тарихчи Виктор Робинсон бундай ёзади: «Қуёш ботгач, Оврупада қоронғулик ҳукмронлик қилар, аммо Андалусия пойтахти Қуртубада умумий чироқлар кўчаларда зиё тарқатар эди. Оврупа исқирт эди, Қуртубада эса мингта ҳаммом бор эди. Оврупа ҳавоси ҳашаротга тўла бўлгани ҳолда Қуртуба аҳолиси ҳар куни кийимини алмаштирар эди. Оврупа балчиқда юрар, Қуртуба кўчаларига эса тош терилган эди».
Андалусия давлати XI асрнинг биринчи ярмида парчаланиб кетди. Чунки унинг охирги ҳукмдори йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилолмай қолди ва бунинг оқибатида тез орада ағдариб ташланди. Мамлакат ярим мухториятга эга мулкларга парчаланиб кетди ва улар бир-бири билан ўзаро уруш бошлаб юборишди. Андалусия тахтига бошқа сулола келгачгина у яна марказлашган ва кучли давлатга айланди.
Абдурраҳмон Учинчининг узоқни кўзлаган сиёсатининг наижаси ўлароқ Қуртубани «дунё олмоси» деган ном билан атай бошлашди. Андалусиянинг пойтахти ўзининг нафис ва гўзал саройлари, фавворалари ва ҳатто дорилфунунлари билан ажралиб турарди. Мамлакатда илм-фаннинг турли соҳаси, хуссан, диний илмлар, ҳуқуқшуносликка оид илмий тадқиқотлар, шунингдек, адабиёт ва шеърият барқ уриб ривож топди. Абдурраҳмон Учинчининг саройида машҳур олимлар ва шоирлар хизмат қилишарди. Айни пайтда ҳукмдор кутубхоналар учун қўлёзма асарларни харид қилишга жуда катта миқдорда пул сарфлар эди. Фақат унинг шахсий кутубхонасида дунёнинг ҳамма жойидан келтирилган 400 минг қўлёзма тўпланган эди. Жуда машҳур бўлиб кетган Қуртуба дорилфунунида мусулмонлардан ташқари насроний ва яҳудий илмий доираларининг вакиллари ҳам таҳсил олишарди.
Насронийлар ҳижрий 635 (милодий 1236) йили Қуртубани, 646 (милодий 1248) йили Ишбилияни босиб олиб, барча мусулмонларни қиличдан ўтказишди, Ислом маданияти обидаларини яксон қилиб, китобларни ёқишди. Фақат Ғарнотада мусулмонлар ҳукмронлиги милодий 1492 йилгача давом этди. Ўшанда уч миллион мусулмон ва яҳудий андалусиялик насронийларнинг ваҳшийлиги қурбони бўлди. Бир аср давомида мусулмонларни қирғин қилиш тўхтамади, 1610 йилга келиб барча мусулмонлар Африқога бадарға қилинди. Доминиканлик Бледнинг гувоҳлик беришича, шундан бир миллиони, яъни тўртдан уч қисми йўлдаёқ ўлдириб юборилди. Шундан кейин Андалусия батамом таназзулга юз тутди.
Кўплаб олимларнинг эътирофича, у ўз вақтида Европадаги энг илғор ҳазоралардан бири бўлиб турди. Андалусия аввалдан Ислом таълимотида жорий бўлган бағрикенглик ва бошқа дин вакилларига эҳтиромнинг намуналаридан бири бўлиб қолмоқда. Андалусия давлатининг тарихи у учун бегона бўлган қолоқлик ва муросасизликда айблайдиганларга яхшигина сабоқдир ва ҳамиша шундай бўлиб қолиши зарур.
Мубашшир Аҳмад
«Ҳилол» журнали 7-сон