1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Набий алайҳиссалом ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчи нарсадан қайтардилар

09:07 / 27 июнь 1084 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугунги кунда дунёда 500 миллиондан ортиқ одам бангилик дардига йўлиққан. Унинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда. Шу билан бирга, жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи бангилар ҳиссасига тўғри келади.

Баъзи мутахассислар эндиликда дунёни ҳалокатга солувчи нарса водород бомбаси эмас, «героин бомбаси» бўлиб қолганини таъкидламоқдалар.

Бугунги, гиёҳвандлик катта таҳдид солиб, келажак авлодларимизни ҳам ўз домига тортиш хавфи туғилиб турган бир пайтда барчамиз бу офатга қарши курашишимиз матлубдир.

Жамиятнинг ҳар бир аъзоси, каттаю кичик, эркагу аёл, ёшу қари, амалдору оддий фуқаро – ҳамма-ҳамма гиёҳвандликка қарши курашда иштирок этмоғи кечиктириб бўлмас заруратдир.

Гиёҳвандликка қарши курашишдек савобли ишга ҳар ким қўлидан келганича – илми бор илми билан, касби бор касби билан, ҳукми бор ҳукми билан, пули бор пули билан, кучи бор кучи билан ва яна бошқа имкониятлари борлар ўз имкониятлари билан ҳисса қўшмоғи лозимдир.

Албатта, масъул тарафлар бу курашни йўлга солиб, мувофиқлаштириб бориши керак. Ҳамма бир жон, бир тан бўлиб, «Йўқолсин гиёҳвандлик!» шиори остида бирлашмоғи лозим. Ана шунда Аллоҳнинг ёрдами ила ушбу курашда ғолиб чиқишимиз турган гап. Аллоҳ таоло бу савобли ишда барчага Ўзи мададкор бўлсин!

Пайғамбар алайҳиссалом хамр ҳақидаги тушунчанинг яна ҳам равшан ва тўлиқ бўлишини, ҳеч ким, ҳеч қачон бирор эътироз айта олмаслигини таъминлаш учун бир баён ворид қилдилар.

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ قَالَتْ: نَهَى رَسُولُ اللهِ r عَنْ كُلِّ مُسْكِرٍ وَمُفَتِّرٍ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчидан қайтардилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Бундан истеъмол қилганда танани, аъзоларни, асабни ва бошқа жойларни бўшаштирувчи ҳар қандай нарса ҳаромлиги келиб чиқади.

Худди шу ҳадиси шарифдаги айтилаётган «бўшаштирувчи»лик сифати ажнабий тилларда наркотик деб номланаётган гиёҳвандлик моддаларининг алоҳида васфидир.

Шундай қилиб, хамр нима экани очиқ-ойдин бўлди. Унинг тўғрисидаги умумий қоида ҳам аниқ-равшан бўлди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисларида:

«كُلُّ مُسْكِرٍ خَمْرٌ، وكُلُّ خَمْرٍ حَرَامٌ».

«Ҳар бир маст қилувчи хамрдир. Ҳар бир хамр ҳаромдир», деганлар.

Шунинг учун ҳам водками, вискими, вино ёки пивоми, нашами, қора дорими, героинми, морфими, кокаинми, кўкнорими, барибир, ҳаммаси ҳаром.

Шайх Санъоний ўзларининг «Субулус-Салам» номли машҳур китобларида:

«Нима бўлса ҳам, маст қилувчи нарса ҳаромдир. Агар нашага ўхшаш ичилмайдиган нарса бўлса ҳам», деганлар.

Имом Қурофий ақлга таъсир ўтказувчи нарсаларни учга бўлиб зикр қилганда нашани «муфсид – бузувчи нарсалардан», деб таърифлаганлар.

Шайх Хаттоб ўзларининг «Мавоҳибул-Жалил» номли китобларида наша билан афюнни хамр деб санаганлар.

Ўнинчи ҳижрий асрдан бошлаб китобларимизда «гиёҳвандлик моддалари» деган истилоҳ ишлатила бошлади. Ўша вақтларда барча мазҳабларнинг фуқаҳолари гиёҳвандлик моддаларининг ҳаром эканлигига, уларни ҳалол санаган киши кофир бўлишига иттифоқ қилганлар. Шунингдек, уларни ейиш, ичиш, ҳидлаш ва игна орқали қабул қилиш мутлақо мумкин эмаслигини қаттиқ таъкидлаганлар.

Ҳамаср уламоларимиз ҳам гиёҳвандлик моддаларини тановул қилиш, экиш, ишлаб чиқариш, уларнинг тижорати билан шуғулланиш ҳаром эканига иттифоқ қилганлар.

Улар: «Гиёҳвандлик моддалари орқали қилинган касб ҳаромдир. Уларнинг таъсири остида намоз ўқиган одамнинг намози қабул эмас. Улардан келган фойда ҳаромдир, уни садақа ҳам қилиб бўлмайди, яхшилик ишларга ҳам ишлатиб бўлмайди», деганлар.

Шундай экан, бу масалада барчамиз ниҳоятда ҳушёр бўлмоғимиз лозим.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буюк муҳаддис имом Бухорий ривоят қилган  машҳур ҳадиси шарифларида:

«مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا، فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ، وَذَلكَ أَضْعَفُ الْإِيمَانِ».

«Сиздан ким ёмон – мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар бунга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, дили билан. Ана ўша иймоннинг заифлигидандир», деганлар.

«Мункар иш» – «ёмон иш» деганидир. Бугунги кунимизда гиёҳвандлик ёмон ишларнинг ҳам энг ёмонидир.

Ушбу ҳадиси шарифнинг ҳукмига биноан, гиёҳвандликка қарши кураш ҳамманинг бурчидир.

Биринчи навбатда имкони борлар мазкур курашни амалий равишда олиб боришлари керак. Бунга асосан ҳукумат доирасидаги мутасаддилар киради. Уларда бу мункар ишни қўл билан, яъни амалий равишда ўзгартиришга ҳам ҳақ-ҳуқуқ, ҳам имконият бор. Зотан, бу ишни қилиш уларнинг бурчлари ҳам. Айниқса, гиёҳвандликка қарши курашиш ишларига масъул бўлган идоралар ва шахслар ушбу ҳақиқатни яхши англаб етмоқлари лозим. Улар бу ишда сусткашликка йўл қўйишлари асло мумкин эмас.

Шунингдек, гиёҳвандликдек ёмон ва мункар ишга қўли билан қарши турадиганларга ушбу ёмонликни йўқ қилиш, унинг олдини олишга оид барча ишларда ишлайдиган шахслар кирадилар. Гиёҳванд моддаларнинг чегарадан олиб ўтилмаслиги учун ҳушёр турган чегарачи ҳам, гиёҳванд моддаларни ҳийла йўли билан олиб ўтишга уринганларни фош қилишда ташаббус кўрсатган божхона ходими ҳам, гиёҳвандларни даволаш билан машғул шифокор ҳам ва бошқа шунга ўхшаш вазифаларни адо этаётган шахсларнинг барчаси шу жумладандир.

Гиёҳвандлик мункарини қайтаришнинг иккинчи даражаси тил билан бўлади.

Қисқа қилиб айтилганда, ушбу балога қарши тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришдир. Бу иш билан шуғулланадиганлар қаторига ахборот воситалари масъуллари ва ходимлари, ёзувчилар, ўқитувчи, тарбиячилар, турли соҳада фаолият кўрсатувчи зиёлилар, газета-журнал ходимлари ва шу каби соҳаларнинг вакилларини киритиш мумкин.

Албатта, мусулмон уламолар бу рўйхатнинг энг аввалида турадилар. Уларнинг бу иш буйича масъулиятлари ҳамманикидан каттадир.

Гиёҳвандликка қарши курашишдек савобли ишда мазкур соҳаларнинг соҳиблари билан бир қаторда ҳар бир инсон бир оғиз сўз билан бўлса ҳам ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим.

Агар шунга ҳам қодир бўлмаса, ушбу ҳадиси шарифда айтилганидек, гиёҳвандликка дили билан қарши бўлмоғи лозим. Лекин бу энг иймони заиф шахснинг иши бўлади.

Демак, мункар ишни дили билан инкор қилган, унга қўшилмаган, рози бўлмаган мусулмоннинг иймони заиф бўлади. Иймони кучли мусулмон эса ёки тили билан, ёки қўли билан ёмонликни бартараф этишга уринади.

Гиёҳвандликка қарши кураш оммавий бўлиши лозимлигини янада чуқурроқ англаб етишимиз учун қуйидаги ҳадиси шарифни яхшилаб ўрганмоғимиз лозим бўлади.

عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَثَلُ الْقَائِمِ عَلَى حُدُودِ اللهِ، وَالْوَاقِعِ فِيهَا، كَمَثَلِ قَوْمٍ اسْتَهَمُوا عَلَى سَفِينَةٍ، فَأَصَابَ بَعْضُهُمْ أَعْلَاهَا، وَبَعْضُهُمْ أَسْفَلَهَا، فَكَانَ الَّذِينَ فِي أَسْفَلِهَا إِذَا اسْتَقَوْا مِنَ الْمَاءِ، مَرُّوا عَلَى مَنْ فَوْقَهُمْ، فَقَالُوا: لَوْ أَنَّا خَرَقْنَا فِي نَصِيبِنَا خَرْقًا، وَلَمْ نُؤْذِ مَنْ فَوْقَنَا، فَإِنْ يَتْرُكُوهُمْ وَمَا أَرَادُوا، هَلَكُوا جَمِيعًا، وَإِنْ أَخَذُوا عَلَى أَيْدِيهِمْ، نَجَوْا وَنَجَوْا جَمِيعًا». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳнинг чегарасида турганлар ва ундан чиққанларнинг мисоли худди бир кемадан қуръа орқали жой олган кишиларга ўхшайди. Уларнинг баъзиси кеманинг юқорисидан, баъзиси пастидан жой олдилар. Пастдагилар сувга ҳожатлари тушса, юқоридагиларнинг олдидан ўтар эдилар. Улар «Юқоридагиларга озор бермаслик учун ўз улушимиздан бир жойни тешиб олсак қандай бўларкин», дедилар. Агар уларни истаклари ила қўйиб қўйсалар, ҳаммалари ҳалок бўлурлар. Агар уларнинг қўлларидан тутсалар, улар ҳам, бошқалар ҳам ҳаммалари нажот топурлар».

Бухорий ривоят қилган.

Бугунги кунимизда гиёҳвандлик домига илинганлар, гиёҳванд моддаларни етиштириб, ишлаб чиқараётганлар, ташиётганлар, сотаётганлар – барча-барчалари ҳаммамизнинг ҳаёт кемамизни тагидан тешиб, ғарқ этишга ҳаракат қилаётган жоҳиллардир. Агар кўплашиб уларнинг қўлидан тутмасак, ҳаммамиз бараварига ғарқ бўлиб, ҳалокатга учрашимиз турган гап.

Ҳа, ўзини, оиласини, яқинларини, бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир шахс гиёҳвандликка қарши курашишни ўз бурчи деб билиши ва бу ишда фаол иштирок этиши лозим.

Ушбу ниҳоятда масъулиятли ишда ҳар ким қўлидан келган ҳиссасини қўшмоғи матлубдир. Билиб туриб бепарво бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Маълумотларга кўра, 15 ёшдан 64 ёшгача бўлганлар орасида қайд этиладиган ўлимларнинг 1,3 фоизи гиёҳвандлик оқибатида юз берар экан. Бир йилда 211 мингта ўлим айнан гиёҳвандлик оқибатида келиб чиқади. Европада гиёҳвандлик оқибатида ҳалок бўлаётганларнинг ўртача ёши 35 ёшни ташкил қилади.

БМТ Бош Ассамблеясининг 1987 йил 7 декабрда қабул қилган №42/112 - сонли резолюциясига биноан ҳар йили 26 июнда Халқаро гиёҳвандлик ва бангифурушликка қарши кураш куни - International Day against Drug Abuse and Illicit Trafficking нишонланади.

Гапнинг хулосасини айтадиган бўлсак, ушбу масала бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг долзарб муаммасига айланди. Турли соҳалар мутахассислари мана шу муаммо устида бош қотирмоқдалар. Бангилик ва ундан келиб чиқадиган муаммолар бўйича иш олиб борувчи маҳаллий, халқаро ва умумжаҳон ташкилотлари тузилди ва тузилмоқда. Барчанинг ташвиши, мақсади бир: инсониятни бу хатарли балодан сақлаб қолиш!

Дарҳақиқат, оммавий тус олган бало-офатга қарши оммавий равишда кураш олиб борилмаса бўлмайди. Зеро, бугунги кунда гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Бу кураш шу даражада аҳамиятлики, мусулмонлар унинг биринчи сафида бўлмоқлари зарур. Чунки бу иш улар учун виждон амри, дину-диёнат амри, Аллоҳнинг амри ва ҳабиб Пайғамбарлари алайҳиссаломнинг амридир.

Мусулмон уламоларнинг фикрича, гиёҳвандликка қарши курашда Ислом услуби самарали йўлдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз суннатларида баён қилиб берган йўлдир.

Бу услуб дунё тарихидаги энг самарали услуб бўлганига ҳамма тан берган. Шунинг учун ҳам мусулмонлар ана шу ўз динларида бор бўлган йўл-йўриқларни ишга солиб, инсониятни ҳалокатдан сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқлари матлубдир.

«Иймон» китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, юртимизда ёш авлодни қўллабқувватлаш борасида катта ижтимоийсиёсий ҳаракатлар бошланди. Халқимизда иқтидорли, эркин фикрли, давоми...

5822 16:26 / 05.04.2018
Аллоҳ таоло Ўзининг олти сифатига далолат қилгани сабабли дуо қилишга амр қилгандир 1. Вужуд борлиги.Чунки йўққа дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.2. давоми...

4721 19:28 / 14.11.2017
Инсониятни Аллоҳ таоло яратди. Улар ягона бир оиладир. Уларни бирбирлари билан аҳилиноқ яшашга ундади. Миллати, ирқи, ижтимоий келиб чиқишига қарамай, улар давоми...

10116 16:18 / 21.06.2017
Бир киши бойнинг қўлида беш дирҳам пул эвазига ижарачи бўлиб ишлаши, топган пули ҳеч нимага етмаётганидан Имом Шофеъийга шикоят қилди.Ҳазрат бойнинг олдига бориб давоми...

2998 20:35 / 02.01.2023