1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Энг яхши суҳбатдош

09:23 / 12 июнь 1211 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ يَزِيدَ بْنِ أَبِي حَبِيبٍ: أَنَّ الْعُلَمَاءَ كَانُوا يَقُولُونَ: حَقُّ الْأُمِّ أَفْضَلُ مِنْ حَقِّ الْأَبِ، وَلِكُلٍّ حَقٌّ.

Язийд ибн Абу Ҳабийбдан ривоят қилинади:

«Уламолар: «Онанинг ҳаққи отанинг ҳаққидан афзал», дер эдилар. Ҳар бирининг ҳам ҳаққи бор».

Шарҳ: Ота-онанинг икковининг ҳам фарзандида ҳаққи бор. Фарзанд бу ҳақни адо этиши керак. Лекин онанинг ҳаққи отаникидан кўра устундир, афзал ва кўпдир. Саҳобалар, тобеъинлар ичидаги уламолар онанинг ҳаққи кўплигини, устунлигини доимо эслатиб туришар эди.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: مَا تَأْمُرُنِي؟ قَالَ: «بِرَّ أُمَّكَ»، ثُمَّ عَادَ، فَقَالَ: «بِرَّ أُمَّكَ»، ثُمَّ عَادَ، فَقَالَ: «بِرَّ أُمَّكَ»، ثُمَّ عَادَ، فَقَالَ: «بِرَّ أَبَاكَ».

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига келиб: «Менга нима амр қиласиз?» деди.

«Онангга яхшилик қил», дедилар. У яна қайтарди.

«Онангга яхшилик қил», дедилар. У яна қайтарди.

«Онангга яхшилик қил», дедилар. У яна қайтарди.

«Отангга яхшилик қил», дедилар».

Шарҳ: Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу маънодаги суҳбатлари фақат бир киши билан эмас, бир неча киши билан бўлган экан. Бундай ҳолатлар такрор-такрор бўлиб турган экан. Бу эса, яъни бир нарсанинг ҳар воқеада турли кишиларга такрор айтилиши яна ҳам кучли маънони билдиради.

Бу бир марта айтиб қўйиладиган гап эмас, балки доимий такрорлаб турилиши, ҳеч кимнинг эсидан чиқмаслиги ва халққа, фарзандларга қайта-қайта эслатиб турилиши лозим бўлган ҳақиқат экан.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Илмли кишилардан нима амал қилиш кераклигини сўраб туриш яхши экани.

2. Онага яхшилик қилиш энг афзал амаллардан бири экани.

3. Бир саволни яна қайта бериш мумкинлиги.

4. Бир жавобни қайта бериш мумкинлиги.

5. Онанинг ҳаққи отаникидан уч марта зиёда экани.

6. Онанинг ҳаққидан кейин отанинг ҳаққи келиши.

عَنْ أَبِي الْمُتَوَكِّلِ النَّاجِيِّ: أَنَّ رَجُلًا أَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَيُّ وَالِدَيَّ أَعْظَمُ عَلَيَّ حَقًّا؟ قَالَ: «كِلَاهُمَا»، ثُمَّ عَادَ فَقَالَ: «كِلَاهُمَا»، ثُمَّ عَادَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَيُّ وَالِدَيَّ أَعْظَمُ عَلَيَّ حَقًّا؟ قَالَ: «أُمُّكَ».

Абул Мутаваккил Ножийдан ривоят қилинади:

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Ота-онамдан қайси бирининг ҳаққи улуғроқ?» деди. «Икковиники ҳам», дедилар. У яна қайтарди. «Икковиники ҳам», дедилар. У яна қайтариб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Ота-онамдан қайси бирининг ҳаққи улуғроқ?» деди. «Онангнинг», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан ота-онанинг ҳаққи тўғрисида баробар тарғибот олиб борилгани кўриниб турибди. Саҳобалардан бири бу масалага аниқлик киритмоқчи бўлган. Ота-онадан қай бирининг ҳаққи улуғроқ эканини билмоқчи бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули! Ота-онамдан қайси бирининг ҳаққи улуғроқ?» деди».

Аслида бу саволдаги каби ишга тарғиб йўқлиги, ота-онага бир хил муносабатда бўлиш яхшилиги сабабли Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икковиники ҳам», дедилар. У яна қайтарди».

Яъни мазкур саҳобий яна аввалги саволини қайтарди. Ота-онанинг икковидан қай бирининг ҳаққи улуғроқ эканини билишга қаттиқ қизиққани учун шундай қилди. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларининг аввалги гапларини такрорлаб, «Икковиники ҳам», дедилар. У яна қайтариб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Ота-онамдан қайси бирининг ҳаққи улуғроқ?» деди».

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол эгасининг бу масалани очиқлаб олишга қатъий қарор қилганини, бу савол уни жуда қизиқтириб қолганини билиб, аниқ жавоб бердилар: «Онангнинг», дедилар».

Қуйидаги ҳадиси шарифда эса онанинг ҳаққи отаникига нисбатан улуғ, буюк эканлиги бошқача бир услубда таъкидланади.

عَنِ الْحَسَنِ قَالَ: لِلْأُمِّ الثُّلُثَانِ مِنَ الْبِرِّ وَالطَّاعَةِ، وَلِلْأَبِ الثُّلُثُ.

Ҳасандан ривоят қилинади:

«Яхшилик ва итоатнинг учдан иккиси онага, учдан бири отага».

Шарҳ: Яхшилик ва итоат қилишни ота-онанинг орасида бўладиган бўлсак, учдан иккиси онага, бири отага бўлади. Яъни яхшиликнинг учдан иккиси онанинг ҳаққи бўлар экан. Фарзанднинг итоати тўғрисида гап кетадиган бўлса ҳам, учга бўлиниб, икки бўлаги онанинг ҳаққи, бир бўлаги отанинг ҳаққи бўлади.

عَنِ الشَّيْبَانِيِّ قَالَ: قُلْتُ لِلشَّعْبِيِّ: الْأُمُّ وَالْأَبُ فِي الْبِرِّ سَوَاءً؟ قَالَ: الْأُمُّ أَحَقُّ.

 

Шайбонийдан ривоят қилинади:

«Шаъбийга: «Ота-она яхшиликда баробарми?» дедим. «Она ҳақлироқ», деди».

Шарҳ: Шаъбий жуда катта тобеъинлардан бўлган. У киши машҳур уламолардан саналади. Кўпчилик у кишидан доимо савол сўраб, илм ўрганиб юрган. Шайбоний деган ровий ҳам Шаъбий розияллоҳу анҳунинг олдиларига бориб, «Ота-онанинг яхшиликдаги ҳақлари бараварми?» деганида, у киши: «Онанинг ҳаққи кўпроқ», деган эканлар.

Бу ривоятда ота-она уларга яхшилик қилишда баробар эмаслиги, онанинг ҳаққи устунроқ экани очиқ-ойдин айтилмоқда. Чунки она фарзандга ҳомиладор бўлгандан бошлаб, унинг машаққатини тортади. Тўққиз ой қорнида кўтариб юради. Ҳомиладорликнинг қанчалик қийин кечишини ҳар бир ақли бор одам яхши билади. Фақат фарзанд учун фидокорлиги туфайлигина она ўша машаққатларни кўтаради. Шунинг учун онанинг фарзанддаги ҳаққи алоҳида улуғ бўлади.

Сўнгра ҳар бир фарзанднинг туғилиши қанчалик оғир машаққат эканлигини ҳам ҳамма яхши билади. Туғиш дарди ўлимни бўйинга олиш билан баробар экани ҳам маълум. Шунинг учун онанинг фарзанддаги ҳаққи алоҳида улуғ бўлади.

Қолаверса, уни эмизиб, ювиб-тараб катта қилиш ҳам қанчалик улкан меҳнат эканлигини ҳамма яхши билади. Бу машаққатли меҳнатни ҳам фақат онагина яхшилаб адо эта олади. Шунинг учун онанинг фарзанддаги ҳаққи алоҳида улуғ бўлади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ، مَنْ أَحَقُّ النَّاسِ مِنِّي بِحُسْنِ الصُّحْبَةِ؟ قَالَ: «أُمُّكَ»، قُلْتُ: ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: «ثُمَّ أُمُّكَ»، فَقُلْتُ: ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: «أُمُّكَ»، ثَلَاثًا، قُلْتُ: ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: «ثُمَّ أَبَاكَ».

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули! Одамлар ичида ким менинг яхши суҳбатимга ҳақлироқ?» деди.

«Онанг», дедилар.

«Кейин ким?» деди.

«Кейин онанг», дедилар.

«Кейин ким?» деди.

«Онанг», дедилар.

Уч марта (шундай бўлди).

«Кейин ким?» деди.

«Кейин отанг», дедилар».

Шарҳ: Аввалги ўрганган ҳадисларимизга ўхшаган маъно бу ҳадисда ҳам бошқа иборалар билан келибди. Демак, онанинг фарзанд устидаги ҳаққи қанчалик буюк эканлигини яхши суҳбатга ҳақли сифатида уч марта она зикр қилинганидан сўнггина, тўртинчисида ота кўрсатилганидан ҳам тушуниб олиш мумкин.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
69. Бародан ривоят қилинади.Бир аъробий келиб.Эй Аллоҳнинг Набийси Менга жаннатга киритадиган бир амални ўргатинг,, деди..Гапни қисқа қилдингу, лекин катта нарсани давоми...

2083 11:00 / 10.04.2019
80. Мусо ибн Улай отасидан ривоят қилади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Суроқа ибн Жуъшумга.Сени энг улуғ садақага ёки энг улуғ садақалардан бирига йўллаб давоми...

2201 21:10 / 01.06.2019
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Икки мўминнинг руҳи бир кунлик масофадан туриб ўзаро мулоқотда бўлади. Ўзлари давоми...

2053 19:00 / 19.11.2022
Абу Дардодан ривоят қилинади.У киши одамларга қараб шундай дер эди.Эй одамлар Биз сизларни байтарлар ҳайвонларни билганларидан ҳам кўра яхшироқ биламиз. Биз давоми...

1993 19:04 / 13.04.2020