Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳажнинг фарзлари учта
1. Эҳром.
2. Арофатда туриш.
3. Зиёрат тавофи.
Яна уларга тобеъ бўлган фарзлар ҳам бор.Ҳажнинг фарзларини бирма-бир санаймиз.
1. Ҳажни ният қилмоқлик.
2. Талбия айтмоқ. (Эҳром боғлагандан кейин лоақал бир марта талбия айтиш фарз)
Бу иккиси эҳромга тегишли бўлган фарзлардир.
3. Арофатда турмоқ.
4. Зиёрат тавофини аксарини бажармоқ. Тавоф етти айланиш бўлса, тўрт айланиш фарз. Уч марта айланса тавоф ҳисобланмайди.
5. Тавоф қилишни ният қилмоқ. Бу фарзлар тавофни тўғри бўлиш шартлари бўлиб, тавофга тобеъ бўлган фарзлар ҳисобланади.
6. Бир қавлда тавофни ҳажарул асваддан бошлаш ҳам фарз дейилган. Аниқроғи Пайғамбар алайҳиссалом доим қилганлари учун вожибдир. Уни фарзлигига қатъий далил йўқ.
7. Ҳажнинг фарз амаллари орасини тартиб билан қилиш.
Аввал эҳромга кириш, сўнг Арофатда туриш, сўнг зиёрат тавофини қилиш.
8. Ҳажни ҳар бир фарз амалини ўз вақтида бажариш. Масалан: арофатда зул ҳижжани тўққизинчи куни заволидан кейин қурбонлик кунининг тонгигача бўлган вақт мобайнида бир дақиқа бўлса ҳам туришга ўхшаш.
9. Ҳажни ҳар бир фарз амалини ўз маконида бажариш. Арофат майдонида туриш ва масжидул ҳарам ичида тавофни амалга ошириш.
10. Арофатда турмагунича жимодан (жинсий алоқадан) сақланиш ҳам ҳажнинг фарзларига киради.
Фарз амалларини ҳукми шуки: ҳаж ибодати фақатгина улар билангина тўғри бўлади. Фарз амалларидан бирортаси тарк бўлса, ҳаж ибодати дуруст бўлмайди. Жонлиқ сўйиш билан у нуқсон кўтарилмайди.
Ҳаж учун эҳром боғлаб зиммасида (ҳажнинг бажара олмай қолган) бирорта фарз амали қолиб кетган киши, бил кул эҳромдан чиқиб кетмайди. Тўлиқ эҳромдан чиқмайди.
Агар Арофатда туролмай қолган бўлса, умра амалларини қилиб кейин эҳромдан чииқади.
Ҳажнинг вожиблари
1. Мийқотдан эҳром боғламоқ.
2. Сафо ва Марва оралиғида саъй қилмоқ.
3. Саъйни Сафодан бошламоқ.
4. Саъйда юрмоқ. Шунингдек, тавофда ҳам юриб саъй қилмоқ.
5. Кун бўйи Арофатда турган киши, шомгача Арофатда туришни давом эттирмоғи.
6. Арофатдан имомни орқасидан (ундан кейин) чиқиб кетмоқ.
7. Муздалифада (тонг отгандан кейин) бир дақиқа бўлса ҳам турмоқ.
8. Икки кечги (шом ва хуфтон намозларини) шомни хуфтонга кечиктириб ўқимоқ.
9. Бир қавлда айтилди: кечанинг бир бўлагида Муздалифада тунамоқ. У шоз (озчиликнинг) гапи.
10. Уч кун шайтонга тош отиш.
11. (Ҳайитнинг биринчи кунидаги) катта шайтонга тош отиш амалиётини соч олдиришдан олдин амалга ошириш.
12. Шайтонга тош отиладиган ҳар бир кунни тош отишини иккинчи кунга кечиктирмаслик. Агар тош отишни эртанги кунга кечиктирса, у қазо бўлиб гуноҳкор бўлади. Бир намозни бошқа намознинг вақтига кечиктирганга ўхшаш.
13. Бир қавлда айтилди: ҳар бир тош отишни, соч олдириш ва тавофни тартиб билан амалга ошириш вожибдир. Бу сўз машҳур гапга хилофдир. Бу гапни эътибори йўқ.
14. Ҳайтнинг биринчи куни катта шайтонга тош отгандан кейин, эҳромдан чиқиш учун сочни тагидан олдирмоқ ёки сочни тўртдан бир қисмини қисқартирмоқ.
15. Сочни тагидан олдирмоқ ёки сочни тўртдан бир қисмини қисқартирмоқ амалиёти қурбонлик кунлари, Ҳарамда амалга оширилмоғи.
16. Зиёрат тавофини қурбонлик кунларида қилмоқ.
17. Ҳатмни (Каъбаи муаззамани ёнидаги Каъбани эски биносиниг пойдевори ёки бир бўлаги) орқасидан тавоф қилмоқ.
18. Бир қавлда айтилди: Тавоф қилишни ҳажарул асваддан бошламоқ. Саҳиҳроғи у амал суннати муаккададир (такидланган суннатдир).
19. Тавофда таҳоратли бўлмоқ.
20. Тавофни ўнгдан бошламоқ.
21. Аврат ёпилиши.
22. Эркак кишини эҳроми, аёлни кийган кийими пок бўлиши.
23. Тавофда юрмоқ.
24. Тавофдан кейин икки ракат тавоф намозини ўқимоқ.
Ушбу вожиблар маккаликлар ва атрофдан борганлар учун умумийдир.
Маккаликлардан бошқаларга ҳажнинг хос вожиб амаллари эса:
25. Видолашув тавофи.
26. Қирон ҳаж қилувчи, жонлиқ сўйишдан олдин катта шайтонга тош отмоғи.
27. Таматтуъ ҳаж қилувчи, жонлиқ сўйишдан олдин катта шайтонга тош отмоғи.
28-29. Қирон ва Таматтуъ ҳаж қилувчи жонлиқ сўйиши.
30-31. Қирон ва Таматтуъ ҳаж қилувчи соч олдиришдан олдин жонлиқ сўйиши.
32-33. Қирон ва Таматтуъ ҳаж қилувчи қурбонлик кунларида жонлиқ сўйиши.
34. Бир қавлда айтилди: Қудум тавофи. Саҳиҳ қавлга кўра Қудум тавофи вожиб, лекин жумҳур уни суннати муаккада (таъкидланган суннат) дейишган.
35. Эҳромда ман қилинган амалларни тарк қилиш ҳам вожиблар жумласига киради.
Вожибнинг ҳукми: вожиб бўлган амаллардан бирини тарк қилиш билан жазо лозим бўлмоғидир. Вожибни тарк қилиш билан ҳаж жоиз бўлаверади. Уни қасддан тарк қилдими ёки унутган ҳолда тарк қилдими, буни фарқи йўқ. Лекин қасддан тарк қилувчи уни билиб тарк қилган бўлса, гуноҳкор бўлади.
Бу куллий ҳукмдан: яъни, ҳажни вожиб амалларидан бирини тарк қилиш билан жазо лозим бўлишлик ҳукмидан, баъзи вожибларни тарк қилиш истиснодир. Уларни тарк қилганда жазо лозим бўлмайди.
Улар:
1. Тавофни икки ракат намозини тарк қилмоқ.
2. Бошидаги касаллик сабабли узр билан соч олдиришни тарк қилмоқлик.
3. Кечани бир қисмида Муздалифада тунаш вожиб деган киши учун, кечани бир қисмида бўлса ҳам Муздалифада тунашни тарк қилмоқ.
4. Шомни хуфтонга кечиктирб ўқишни тарк қилмоқ.
5. Шариат узр деб эътиборга олган узр сабабли бирор вожибни тарк қилмоқлик.
“Бадоиъда” мусанниф айтади: Вожибларнинг ҳар қайсиниси ҳам агар узр сабабли тарк қилинса, унга ҳеч нарса (жазо) йўқ.
Чунки: “Зарурат ман қилинган ишларни мубоҳ қилади дедилар”.
Бошқа уламолар, у сабабли жазо лозим бўлмайдиган узр деб ҳисобланадиган амалларни очиқ баён қилиб, жумладан ушбуларни зикр қиладилар:
1. Беморлик сабабли тавофда юришни тарк этмоқ. Улар: Беморлик, кексалик, оёғи кесилганлиги сабабли, умуман юришга қодир бўлмаганлар. Улар замбил ёки аравада бир кишини ёрдамида айланиб тавоф қилади.
2. Шаръий узр сабабли Сафо ва Марво оралиғида саъй қилишни тарк қилмоқ. Тиқилинч сабабли эмас .
3. Аёл киши ҳайз ва нифос сабабли зиёрат тавофини қурбонлик кунларидан кечиктирмоғи.
4. Аёл киши ҳайз ва нифос сабабли видолашув тавофини тарк қилмоғи.
5. Одамлар тиқилинч ва кўп бўлганлиги хавфи, қария ва аёллар заифлиги хавфи сабабли муздалифада туришни тарк қилмоғи.
Эҳромдаги киши узр билан эҳромда ман қилинган ишларни қилиб қўйса ҳам, жазо соқит бўлмайди.
Хулоса: Киши аввало узрга қарайди. Ҳақиқатдан шаръий узр сабабли унинг қудрати етмайдими? Ёки ҳавоий нафсни енгилтаклиги сабабли ибодатдаги машаққатдан қочиб, ўзига ўзи ҳукм чиқариб, узр бўлмаган нарсани узр деб ҳисобламоқдами? Тиқилинч деб аталмиш узрни ҳам ўз чегараси бор. Шуни билмоқ керакки “узр сабабли бир вожибни тарк этиш билан жазо лозим бўлмайди” деган гап, бемалол уни тарк қилаверсин, у киши (узр сабабли тарк қилган) вожибни бажарган киши каби ҳажи мукаммал бўлди, деган гап эмас. Бу борада жуда эҳтиёт бўлиш керак, биз китоблардаги уламолар келтирган енгилликларни келтирдик.
Ҳажнинг суннатлари
Ҳажнинг суннатлари:
1. Ҳажнинг ўзини Қирон (бир эҳром билан ҳаж ва умра қилишни) ният қилган киши учун қудум тавофини қилмоқ суннатдир. Умрани ўзини ният қилиб, эҳром боғлаган киши ва таматтуъ ҳаж қилувчи (умрага эҳром боғлаб уни бажаргандан кейин, эҳромдан чиқиб ҳаж кунлари келганда яна ҳаж учун эҳром боғлаган киши) учун қудум тавофи суннат эмас. Таматтуъ ҳаж қилувчи ҳам, танҳо умра қилувчига ўхшайди. Чунки мийқотдан умрага эҳром боғлайди. Маккага келиб умрани эҳромидан чиққандан кейин, ҳаж масаласида маккаликка ўхшайди. Маккаликка Қудум тавофи суннат эмас.
Қудум тавофини вожиб деганлар учун ҳам худди шунингдек, умрани ўзини ният қилиб, эҳром боғлаган киши ва таматтуъ ҳаж қилувчи учун қудум тавофи вожиб эмас.
2. Тавофни Қора тошдан бошламоқ.
3. Имом уч жойда хутба қилмоғи. Зулҳижжани еттинчи куни Маккада. Тўққизинчи куни Арофатда. Ўн биринчи куни Минода.
4. Тарвия куни Маккадан Минога чиқиб кетмоқ.
5. Арафа кечаси Минода тунамоқ.
6. Арафа куни қуёш чиққандан кейин Арофатга кетиш.
7. Арофат учун ғусл қилиш.
8. Муздалифада тунамоқ.
9. Минодан Муздалифага қуёш чиқмасдан кетиш.
10. Шайтонга тош отиш кунларида минода тунамоқ.
11. Бир дақиқа бўлса ҳам Муҳассаб деган жойга тушмоқ.
Булар Суннати муаккада амаллар. Суннати муаккадалар бу зикр қилингандан ҳам кўпдир.
Ҳажнинг макруҳлари
Имом Арофатда заволдан олдин хутба қилмоғи. Заволдан кейин хутба қилиш суннат.
2. Арофатда туришни икки (пешин ва аср) намозини жамлаб ўқигандан кейинга кечиктириш.
3. Имомдан олдин Арофатдан тушмоқ.
4. Имомдан жуда кеч тушиш.
5. Шайтонга отилган тошни яна олиб отиш. Баъзи ривоятларга кўра отилган тошни қайта отиш мақбул эмас.
6. Шайтонга нўхотдан катта тош отмоқ.
7. Эҳромдан чиқиш пайтида сочни тўртдан бирини тагидан олиш билан чекланиш.
8. Арафа кечаси Маккада тунаш.
9. Шайтонга тош отадиган кунларни кечаларида минодан бошқа жойда тунамоқ.
10. Ҳажнинг ҳар қандай вожиб амалини тарк этмоқ. Макруҳи таҳримий.
11. Ҳажнинг ҳар қандай суннати муаккада амалини тарк этмоқ.
Макруҳнинг ҳукми: амалга нуқсон кирмоғи, азоб хавфи борлиги, вожибни тарк қилишдан бошқа амалларда жазо йўқдир.
Мийқот масаласи
Манзили ҳарамда бўлган кишиларнинг мийқоти (эҳром боғлайдиган жойи) ҳаж учун Ҳарам ва умра учун Ҳиллдир.
Ҳарам аҳлидан бўлмаган, фақат умрани ўзинигини ният қилган ва таматтуъ ҳажни ният қилган кишига ўхшаш атрофдан келган киши, ҳарамга кирса, агар иқомани (ҳарамда ўн беш кун туришни) ният қилмаган бўлса ҳам, унинг ҳукми ҳарам аҳлининг ҳукми каби бўлади. Униг ҳам мийқоти ҳаж учун Ҳарам ва умра учун Ҳиллдир.
Офоқий ва Ҳиллий Маккага кирса ёки ҳарамга кирса, Ҳаж учун Ҳарам ва умра учун Ҳилл унинг мийқотига айланади.
Офоқийлар мийқотни ичкарисидан эҳром боғласа ёки ҳарам аҳли ҳаж учун Ҳиллдан ва умра учун Ҳарамдан эҳром боғласа ё Ҳилл аҳли Ҳарамдан эҳром боғласа, улар учун мийқотларига қайтиш вожиб бўлади. Агар қайтмасалар, қон вожиб бўлади. Агар (қудум ёки умра) тавофига киришмасдан ё Арофатда турмасдан қайтса, қон соқит бўлади.
Беҳушт бўлиб қолган кишиниг эҳроми ҳақида
Байтуллоҳга юзланган киши ҳушидан кетиб қолса ё касал бўлиб оғир уйқуга кетиб кетса, унинг ҳамроҳи ёки бирор бошқа киши унинг ўрнидан талбия айтади. Ҳушидан кетиб қолган ё оғир уйқуга кетиб қолган киши буларга олдиндан буюрмаган бўлса ҳам. Шу билан ҳушидан кетган ё касал бўлиб оғир уйқуга кетган киши учун бошқа киши эҳромга кирса, тўғри бўлади. Ҳушидан кетган ё касал бўлиб оғир уйқуга кетган киши эҳромли кишига айланади.
Ибодат собиқ (олдинги) ният билан жоизлигига кўра, дўстининг талбияси унга кифоя қилади. Чунки унинг ўзини собиқ нияти бор эди.
Бошқа кишини ўрнидан талбия айтилишининг йўли
Бир киши ўзи эҳромга кириши (талбия айтиши) керак эди. Тўсатдан дўсти ҳушидан кетиб қолди ё оғир уйқуга кетди. Ўзи ҳам эҳромга кириши керак, ҳушидан кетган ё оғир уйқуга кетиб қолган дўстини ҳам эҳромга киргизиши керак. Нима қилади?
Аввал ўзи эҳромини кийиб ўзи учун ният қилади.
Ўзи учун ният қилиш ҳаммага маълум:
اللهم انى اريد الحج فيسره لى تقبله منى
Эй Аллоҳим, мен ҳаж қилишни ирода қилдим, уни менга осон қилгин ва уни мендан қабул қилгин.
Кейин ҳушидан кетиб қолган ё оғир уйқуга кетиб қолган дўсти учун бундай ният қилади.
اللهم انى اريد الحج له فيسره تقبله منه
Эй Аллоҳим, мен у учун ҳаж қилишни ирода қилдим, уни (ҳажни) унга осон қилгин ва уни (ҳажни) ундан қабул қилгин.
ёки бундай ният қилади.
اللهم انه يريد الحج له فيسره تقبله منه
Эй Аллоҳим, у ҳажни ирода қилди, уни (ҳажни) унга осон қилгин ва уни (ҳажни) ундан қабул қилгин. Сўнг талбия айтади.
Аввал дўсти учун ният қилиб, кейин ўзи учун ният қилса ҳам жоиздир.
Шунда у киши ўзи учун аслликка кўра ва дўсти учун ўринбосарликка кўра эҳромга кирган бўлади.
Ҳушидан кетиб қолган ё оғир уйқуга кетиб қолган кишини эҳроми тўғри бўлиши учун уни тикилган кийимларини ечиб олиш шарт эмас. (эҳромдаги кишини тикилган нарса кийиши қайтарилган иш, лекин, у эҳромни бутунлай йўққа чиқармайди. Эҳромни фарзи ният ва талбиядир. Шунинг учун у тикилган кийими билан муҳрим ҳисобланавиради.) Ҳушидан кетиб қолган ё оғир уйқуга кетиб қолган кишини ушбу эҳроми ислом ҳажини адо этишга кифоя қилади.
Ҳушидан кетиб қолган эҳромдан кейин ўзига келса ё оғир уйқуга кетиб қолган киши уйғонса, ҳажнинг қолган амалларини ўзи давом эттириши лозим бўлади.
Агар ўзига келмаса дўстлари уни зиёрат тавофига ва Арофатга олиб боришлари вожибдир. Муздалифа, шайтонга тош отиш, Сафо ва Марво орасида саъй қилишга олиб боришлари вожиб эмас.
Баъзилар олиб бориш лозим эмас, уни номидан ният қилиб талбия айтган дўстларини ҳаж амалларини бажариши унга наёбатан (ўринбосарлик) юзасидан кифоя қилади дейишган. Бу гап заифроқдир.
Агар бир киши эҳром боғлаганидан кейин бехуш бўлса, бил иттифоқ дўстлари уни зиёрат тавофига ва Арофатга олиб боришлари вожибдир.
Қудум тавофи
Қудум тавофи таҳиййа (саломлашув) тавофи ҳам деб номланади. Бу тавоф ҳажни ёлғиз ўзини қилишни ният қилган киши ёки қирон (бир эҳром билан ҳаж ва умрани ният қилган киши учун суннатдир. Ёлғиз умрани ўзини ёки таматтуъ ҳажини ният қилган киши учун суннат эмас.
Қудум тавофининг вақти Маккага киргандан бошлаб, Арофатда тургунгачадир. Арофатда тургандан кейин қудум тавофининг вақти кетади. Агар Арофатда турмаса қурбонлик кунининг тонгига қадардир.
Тавоф давомида учрайдиган масалалар
Каъбани тавоф қилгувчи киши неча марта айланганлиги ҳақида гумонга тушуб қолса, тавоф қилишни бошидан бошлайди. Икки гумонининг ғолиброғини олиб қолганини давом эттирмайди.
Соҳиби узр (касаллик сабабли таҳорати турмайдиган киши) Каъбани тўрт марта айланганидан кейин, намоз вақти чиқиб қолса янги таҳорат олади ва яна уч марта айланиб, тавофни мукаммал қилиб қўяди. Чунки намознинг вақти чиқиши билан соҳиби узрнинг таҳорати синади. У бир намознинг вақтида таҳоратли ҳисобланади. (орада таҳорат олиб келганлиги сабабли, тавофни кетма-кет бажармаганлиги учун) Унинг зиммасига ҳеч нарса лозим бўлмайди.
Шунингдек бир, икки, уч, беш, олти марта айланганидан кейин намоз вақти чиқиб қолса, янги таҳорат олади ва қолганини давом эттириб, тавофни мукаммал қилиб қўяди.
Қодиров Ҳ.