1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Ота-онанинг ёмон дуосидан доимо ҳазир бўлиб туриш

14:34 / 24 май 1387 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ота-онанинг фарзанд ҳаққига ва зиддига қиладиган дуоси ҳақида кўп гапирилади. Аммо ўша гапларга далил бўлган матнларни кўпчилик аниқ билмаслиги мумкин. Шунинг учун бу мавзу бўйича одамлар орасидаги гапларга турли ноўрин маънолар ҳам аралашиб кетган. Келгуси ҳадиси шариф ва ривоятларни ўрганиш жараёнида бу борадаги билимларимизни мустаҳкамлаб ва аниқлаб олишга ҳаракат қиламиз.

عَنْ مُوَرِّقٍ الْعِجْلِيِّ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: هَلْ تَعْلَمُونَ نَفَقَةً أَفْضَلَ مِنْ نَفَقَةٍ فِي سَبِيلِ اللهِ؟ قَالُوا: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ. قَالَ: نَفَقَةُ الْوَلَدِ عَلَى الْوَالِدَيْنِ. وَزَادَ الْهَيْثَمُ: قَالَ: وَدُعَاؤُهُمَا لَهُ بِالْخَيْرِ يُثْبِتُ الْأَصْلَ، وَيُنْبِتُ الْفَرْعَ، وَدُعَاؤُهُمَا بِالشَّرِّ يُبِيرُ الْأَصْلَ.

Муварриқ Ижлийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг йўлида қилинган нафақадан ҳам афзалроқ нафақа борлигини биласизларми?» дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билади», дейишди.

«Фарзанднинг ота-онага қилган нафақаси», дедилар.

Ҳайсам зиёда қилди: «Иккисининг унга қилган яхши дуоси аслни собит қилади ва фаръни ўстиради. Дуоибадлари эса аслни ҳалок қилади».

Шарҳ: Кўпчилигимизнинг тасаввуримизда Аллоҳнинг йўлида қилинган нафақадан ҳам афзалроқ нафақа бўлиши мумкин эмасдек туюлади. Аллоҳнинг йўлида нафақа қилишга тарғиб этувчи оят ва ҳадислар кўплигидан ва улардаги маъно кучлилигидан мана шундай тасаввур пайдо бўлган.

Худди шу тасаввур саҳобаи киромларда ҳам бор экан. Бу ҳақиқатни яхши билганларидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қарата «Аллоҳнинг йўлида қилинган нафақадан ҳам афзалроқ нафақа борлигини биласизларми?» дедилар».

Бундай нафақа борлигидан бехабар бўлганлари учун саҳобаи киромлар ўзларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саволларига берган жавобларида: «Аллоҳ ва Унинг Расули билади», дейишди».

Уларнинг бу жавобидан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг йўлида қилинган нафақадан ҳам афзалроқ нафақа борлигини баён қилиб, «Фарзанднинг ота-онага қилган нафақаси», дедилар».

Демак, фарзанд топганини ота-онага сарфласа, уларга бериб, кўнглини олса, дуосини олса, хурсандчилигига сабаб бўлса, яхшилик етказса, улуғ ишни қилган бўлар экан.

Бу гапларнинг биз ўрганаётган бобга бевосита алоқаси йўқ. Яъни бу ерда ота-онанинг фарзандига дуоси ҳақида очиқ сўз юритилмаган. Бундай сўз энди келади.

«Ҳайсам зиёда қилди: «Иккисининг унга қилган яхши дуоси аслни собит қилади ва фаръни ўстиради. Дуоибадлари эса аслни ҳалок қилади».

Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийларидан бири бўлмиш Ҳайсам зиёда қилиб айтибдики: «Агар ота-она ўз фарзандига яхши дуо қилса, шу дуо аслни, яъни дуо олган фарзандни собит қилади ва унинг фаръини, яъни болаларини ўстиради, хайрга, баракага кўмдиради.

Ота-онанинг ёмон дуоси ҳалокатга учратади. Чунки ота-онанинг норози бўлгани, боласининг ҳаққига дуойи бад қилгани оғир мусибат бўлади.

Шунинг учун мўмин-мусулмон инсон имкони борича отасига, онасига яхшилик қилиши лозим. У ўзида бор пулни, молни аямасдан, уларнинг яхши дуоларини олиш пайидан бўлиши керак. Аллоҳ сақласин, ёмон дуо ва қарғишларидан сақланиб, яхши ҳолатда юришга ҳаракат қилиши лозим.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Муҳим нарсани одамларга яхшироқ сингдириш учун аввал у нарса ҳақида савол бериш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг услублари экани.

2. «Аллоҳ ва Унинг Расули билади», дейиш саҳобаларнинг одобидан экани.

3. Аллоҳнинг йўлида қилинган нафақадан ҳам афзалроқ нафақа борлиги.

4. Фарзанднинг ота-онага қилган нафақаси Аллоҳнинг йўлида қилинган нафақадан ҳам афзалроқ экани.

5. Ота-онанинг фарзандга қилган яхши дуоси фарзандни собит қилиб, унинг зурриётини ўстириши.

6. Ота-онанинг ёмон дуоси фарзандни ҳалок қилиши.

عَنْ جَعْفَرِ بْنِ بُرْقَانَ قَالَ: إِنَّ لِكُلِّ وَالِدٍ فِي وَلَدِهِ كُلَّ يَوْمٍ دَعْوَةٌ مُسْتَجَابَةٌ - أَوْ قَالَ: مُجَابَةٌ - فَإِنِ اسْتَطَعْتَ فَلَا تَكُونَنَّ مُبِيرًا.

Жаъфар ибн Бурқондан ривоят қилинади:

«Ҳар бир ота-онанинг фарзанди ҳақида кунига бир марта ижобат бўладиган дуоси бор. Агар қодир бўлсанг, ҳалок бўлувчи маҳрум бўлма».

Шарҳ: Демак, ота-онанинг дуоси бир кунда ҳеч бўлмаса бир марта қабул бўлиши бор экан. Фарзанд ана шу дуони олиб қолиш ҳаракатида бўлиши керак экан. Шу дуони олиб қолмаса, кўп нарсадан маҳрум бўлар экан.

عَنْ مُجَاهِدٍ قَالَ: دَعْوَةُ الْوَالِدِ لَا تُحْجَبُ دُونَ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ.

Мужоҳиддан ривоят қилинади:

«Ота-онанинг дуоси Аллоҳ азза ва жалладан тўсилмас».

Шарҳ: Ота-она боласининг ҳаққига дуо қилдими, бас, тўсиқ йўқ, тўғридан-тўғри қабул қилинади. Шунинг учун ҳар бир фарзанд ота-онасининг дуосини олишга доимий равишда ҳаракат қилиб туриши лозим.

عَنْ زَيْدٍ قَالَ: قُلْتُ لِلْحَسَنِ: مَا دُعَاءُ الْوَالِدَيْنِ لِلْوَلَدِ؟ قَالَ: نَجَاةٌ. قَالَ: قُلْتُ: فَعَلَيْهِ؟ قَالَ: اسْتِئْصَالُهُ.

Зайддан ривоят қилинади:

«Ҳасанга: «Ота-онанинг боласига яхши дуоси нима?» дедим. «Нажот» деди. «Ёмон дуоси-чи?» дедим. «Таг-туги билан қўпорилиши», деди».

Шарҳ: Демак, доимо ота-онанинг хайрли дуосини олиш пайида бўлиш керак экан. Ана шунда фарзанд нажот топар экан.

Ота-онанинг ёмон дуосидан доимо ҳазир бўлиб туриш керак экан. Ана шунда фарзанд таг-туги билан қўпорилишдан омонда бўлар экан.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
88. Анасдан ривоят қилинади.Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдим. У ерда мен, онам ва холам Умму Ҳарамдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. давоми...

2722 16:00 / 25.06.2019
92. Валид ибн Нумайр ибн Авсдан ривоят қилинади.У отасининг .Улар .Солиҳлик Аллоҳдан, одоб эса оталардан,, дейишар эди,, деганини эшитган экан,.Шарҳ Бу ривоятдан давоми...

2081 15:00 / 18.07.2019
Файзли бир хонадонда ўта иноқ бўлган туғишган акаука бор эди. Улар ёнмаён қўшни бўлиб яшар, бирга деҳқончилик қилишар, ҳосилни ҳам бирга йиғиштириб олишар давоми...

3365 11:00 / 29.07.2022
. ,.Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангизнинг ходими таомини олдига олиб келса, уни ҳам ўзи билан ўтирғизсин. давоми...

1680 11:00 / 30.11.2020