1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Усулул фиқҳ илми

10:18 / 02 сентябрь 911 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фиқҳ илмининг асоси бўлмиш «Усулул фиқҳ» муҳим илмлардан биридир. Фуқаҳолар мужтаҳидларнинг шариат аҳкомларини қай тариқа истинбот этганларини мазкур илм орқали билиб оладилар. «Истинбот» сўзи луғатда «ер қаъридан сув чиқариш» деган маънони англатади. Диний илмларда эса шаръий далиллардан шаръий ҳукмларни чиқариш «истинбот» дейилади.

Усулул фиқҳ илми доимо уламоларнинг диққат-эътиборини ўзига жалб қилиб келган. Улар бу соҳада ҳанузгача ўз қийматини йўқотмай келаётган кўплаб асарлар таълиф этдилар.

Аввало «усулул фиқҳ» қандай маънони англатади, деган саволга жавоб ахтарайлик. «Усулул фиқҳ» бирикмаси икки сўздан иборат. Усул – асос, далил; фиқҳ – аниқ тушуниш.

Уламолар истилоҳида эса «усулул фиқҳ» қуйидагича изоҳланади:

Батафсил ҳужжатлардан шариат амалий аҳкомларини истинбот этиш қоидаларини ўргатувчи илм «усулул фиқҳ»дир.

Ҳужжатлардан шариат аҳкомларини истинбот этиш уламолар ишлаб чиққан қатъий қоидалар асосида амалга оширилади. Буни билишни хоҳлаганлар усулул фиқҳ илмига мурожаат этишлари лозим.

«Усулул фиқҳ» илми ҳижрий иккинчи асрда шаклланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида барча муаммоларни у зотнинг ўзлари ­Қуръони Карим оятлари ва ўз суннатлари ила ҳал этардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг эса асҳоби киромлар Қуръони Карим ва набавий суннат ҳамда ўз ижтиҳодларига эътимод қилиб ҳукм чиқарганлар. Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлган, у зотнинг барча ҳаракатлари-ю амалларига гувоҳ бўлган ўткир қобилиятли зотлар эдилар. Улар Қуръони Карим ва ҳадиси шарифни ҳеч бир қийинчиликсиз, жуда яхши тушунишар шунинг учун ҳам маълум бир белгиланган қоидаларга муҳтож эмас эдилар.

Ислом дини бир қанча диёрлар ва халқлар орасида тарқалиб, араб халқи бошқа миллатлар билан қўшилиб кетгач, ўзгача шароит юзага келди. Пайдо бўлган муаммоларни ҳал қилиш учун умумий қоидалар ишлаб чиқиш зарурати туғилди. Натижада «Усулул фиқҳ» илмига асос солинди. Бу иш мазҳаббоши имомлар даврида, ҳижрий иккинчи асрнинг охирларида юзага чиқди.

Ибн Надийм «Фиҳрист» номли китобида зикр қилганидек, усулул фиқҳнинг асосий қоидаларини биринчи бўлиб имом Абу Ҳанифанинг шогирди имом Абу Юсуф алоҳида рисолада жамлаган. Лекин, афсуски, бу рисола бизгача етиб келмаган.

Усулул фиқҳга бағишланган биринчи китобни имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий таълиф этганлар. У кишининг «Рисола» деб аталган мазкур китоблари бизгача етиб келган. Шунинг учун имом Шофеъий уламолар ўртасида усулул фиқҳ илмининг асосчиси сифатида машҳурдирлар.

Сўнг усулул фиқҳ илми икки йўналишга бўлинди ва улардан ҳар бирида кўплаб асарлар яратилди.

Биринчи йўналиш: Мутакаллимлар йўналиши.

Бу йўналишда иш олиб борган олимлар далил ва ҳужжатларнинг матни, луғат, калом ва ақл қоидаларига суяндилар. Улар ўз ишларида фуруъул фиқҳга қарамадилар. Мутакаллимлар йўналиши бўйича китоб ёзган уламоларнинг услуби асосан уч нарса ила эътиборга сазовордир:

1. Ақлий далилларга суяниш.

2. Маълум фиқҳий мазҳабга ён босмаслик.

3. Фуруъул фиқҳга фақат мисол келтириш учун қараш.

Шофеъий, моликий, мўътазилий ва бошқа мазҳаб уламолари ушбу йўналишда усулул фиқҳ китоблари таълиф этдилар. Бу йўналишда усулул фиқҳ қоидалари назарий-мантиқий равишда ишлаб чиқилган.

Қуйидаги асарлар мутакаллимлар йўналишида ёзилган асарлар орасида машҳурдир:

1. Абдулжаббор Мўътазилийнинг «Китабул умда» асари.

2. Абулҳасан Муҳаммад Али Басрийнинг «Китабул муътамад» асари.

3. Имом Ҳарамайни тахаллуси билан машҳур бўлган Абул Маъолий Абдулмалик ибн Абдуллоҳ Жувайний Нишобурийнинг «Бурҳон» асари.

4. Қози Абдуллоҳ ибн Умар Байзовийнинг «Минҳожул вусул ила илмил усул» асари.

5. Ҳужжатул Ислом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг «Мустасфо» номли асари.

6. Имом Фахруддин Розийнинг «Маҳсул» номли китоби.

7. Абул Ҳасан Омадийнинг «Иҳком фии усулул аҳком» номли китоби ва бошқалар.

Иккинчи йўналиш: Ҳанафий мазҳаби уламолари йўналиши.

Бу йўналишда усулул фиқҳ қоидалари ҳанафий мазҳабидаги мужтаҳидларнинг ижтиҳодлари асосида ишлаб чиқилган. Чунки бу мазҳабдаги мужтаҳидлар имом Шофеъий сингари, усулул фиқҳга доир ҳужжатлар қолдирмаганлар. Улардан фақат фиқҳий масалалар мерос қолган, холос.

Ҳанафий мазҳаби йўналишидаги усулул фиқҳ услуби ўзининг уч хусусияти ила ажралиб туради:

1. Бу услубда фиқҳнинг қоидалари унинг ҳукмлари ила амалий равишда боғланганлиги.

2. Усулул фиқҳ ва фиқҳнинг фойдали услуб ила аралаштирилгани.

3. Бу услуб хилоф бўйича, умумий фиқҳ қоидаларини ёзиш бўйича мислсиз хизмат бўлгани.

Қуйидаги асарлар ҳанафийлар йўналишида ёзилган асарлар орасида машҳурдир:

1. Абу Бакр Аҳмад ибн Али Жассоснинг «Китабул усул» асари.

2. Абу Зайд Убайдуллоҳ ибн Умар Даббусийнинг «Тақвимул адилла» асари.

3. Фахрул Ислом Али ибн Муҳаммад Баздавийнинг «Китабул усул» асари.

4. Абдуллоҳ ибн Аҳмад Ҳафизуддин Насафийнинг «Манор» асари.

5. Имом Шамсул Аимма Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсийнинг «Тамҳидул фусул фил усул» китоби ва бошқалар.

Баъзи уламолар усулул фиқҳнинг икки йўналишини ҳам ўзида бирлаштирган асарлар яратдилар. Бу услуб ҳижрий еттинчи асрда юзага чиқди. Унда иш олиб борган олимлар мутакаллимлар ва ҳанафийларнинг йўналишини жамладилар. Улар усул қоидаларини таҳқиқ қилиш ва далиллар билан исботлашга, сўнгра фуруъул фиқҳга татбиқ қилишга алоҳида эътибор бердилар. Бу ишни асосан ҳанафийлар ва шофеъийлар амалга оширдилар. Уларнинг услуби «мутааххирлар йўналиши» деб ҳам аталади.

Мутакаллимлар ва ҳанафийлар йўналиши жамлаб ёзилган асарлар орасида қуйидаги асарлар машҳурдир:

1. Музаффаруддин Аҳмад ибн Али Соатий Ҳанафийнинг «Бадийъун-низомил жомеъ байна китобай Баздавий вал аҳком» асари.

2. Содруш-шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорийнинг «Танқиҳул усул» асари.

3. Тожуддин Абдулваҳҳоб Субкийнинг «Жамъу жавомиъ» асари.

4. Саъдуддин Тафтазонийнинг «Талвиҳ» номли китоби.

5. Имом Камол ибн Ҳумом Ҳанафийнинг «Китабут-таҳрир» асари.

6. Муҳиббуллоҳ ибн Абдушшакур Ҳиндининг «Мусалламус-субут» китоби.

Ушбу китоблар усулул фиқҳнинг икки йўналишини ўзида жамлаган асарлар ҳисобланади.

«Ҳидоят имоми» китоби асосида тайёрланди.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2023 йил 11 декабрдаги 03-07/9264-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
4680. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик, бирдан Али келиб.Отаонам сизга фидо давоми...

18833 22:47 / 16.05.2017
Муҳаммад ибн Ҳусайн роҳимаҳуллоҳ айтади.Ким Қуръонни дунё ва дунё эгалари учун ўқиса демак у Қуръоннинг ҳарфларини ёд олиб ҳукмларини зое қилибди. У Қуръонни давоми...

2210 17:20 / 18.02.2022
Аллоҳ таоло .Исро, сурасида.Аллоҳга дуо қилинглар ёки Роҳманга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, бари бир. Гўзал исмлар Уникидир,, деган давоми...

16993 23:16 / 01.05.2017
Мусулмон уммати барча илмларни мударрис ва устозлардан ўрганишга одатланишган ва бу ишга алоҳида, катта аҳамият бериб, илмни китоблардан ва қоғозлардан ўзича давоми...

6181 05:58 / 29.09.2018
Аудиолар

210801 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130066 14:35 / 11.08.2021