1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳнинг амрини бажарган кам бўлмайди

19:00 / 05 март 1196 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ

«Албатта, Роббинг ризқни хоҳлаган кишига кенг қилур ёки тор қилур. Албатта, У бандаларидан ўта хабардор ва кўриб турувчи Зотдир» (Исро сураси, 30-оят).

Кишилардан баъзиларига ризқини мўл-кўл бериб, бой-бадавлат қилувчи ҳам, баъзиларининг ризқини кесиб, камбағал-бечора қилувчи ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи. Ўша Аллоҳ таолонинг Ўзи мол-дунёни ақл ила сарф қилишни амр этмоқда.

«Албатта, У бандаларидан ўта хабардор ва кўриб турувчи Зотдир».

Кимнинг ризқини кенг қилган бўлса, хабардорлик ила ва кўриб-билиб қилган. Кимнинг ризқини тор этган бўлса ҳам, хабардорлик ила кўриб-билиб туриб, амр этган. Унинг амрини бажарган кам бўлмайди.

Аллоҳ таолонинг Ўзи ризқ берувчи бўлгач, кимга хоҳласа, кўп, кимга хоҳласа, оз ризқ беради:

ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾﭿ ﮀ ﮁ ﮂﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ

«Фақирликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз уларни ҳам, сизларни ҳам ризқлантирамиз. Албатта, уларни ўлдириш катта хатодир» (Исро сураси, 31-оят).

Жоҳилият даврида арабларда фақирлик ва очликдан қўрқиб, фарзандни тириклай кўмиб юбориш одати бор эди. Ҳозирги замон жоҳилиятида ҳам очлик ёки кўп сарф-ҳаражатдан қочиб, фарзандни туғмаслик, битта ёки иккитадан орттирмаслик одати кенг тарқалган. Бу, аввало, эътиқоднинг бузуқлигига бориб тақалади. Аллоҳга иймони йўқ ёки бузуқ ақийдадаги, Аллоҳ ҳаммага ризқ беришга қодирлигини инкор этадиган одамгина фақирликдан қўрқиб, ўз болаларини ўлдириши мумкин.

«Албатта, уларни ўлдириш катта хатодир».

Катта гуноҳдир. Аллоҳнинг Розиқ эканига иймон келтирмасликдир.

Болани ўлдирмаслик ҳақидаги амрдан сўнг зино қилмаслик ҳақидаги фармон келади:

ﮊ ﮋ ﮌﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ

«Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фаҳш иш ва ёмон йўлдир» (Исро сураси, 32-оят).

Оятда «зино қилманглар», эмас, балки

«зинога яқинлашманглар», дейилмоқда. Бу эса «зино қилманглар», дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги керак. Зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим. Чунки

«Албатта, у фаҳш иш ва ёмон йўлдир».

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни барча фаҳш ишлар ва ёмон йўллардан қайтарган. Энди эса ҳам фаҳш иш, ҳам ёмон йўл бўлган зинодан қайтармоқда. Мўмин-мусулмонлар бу ишнинг нақадар хатарли эканини тушуниб етмоқлари ва ундан қайтмоқлари лозим.

Уламоларимиз зинодан қайтариш ҳақидаги ушбу оятнинг ундан олдинги фарзандларни ўлдирмаслик ҳақидаги оятдан кейин ва ноҳақ одам ўлдиришдан қайтарган оятдан олдин келиши бежиз эмас, деган фикрни олға сурганлар. Чунки зино – ҳалол-пок йўл билан сарфланса, фарзандлар пайдо бўладиган моддани беҳуда, ҳаром йўлда сарф қилишдан иборатдир. Зинокор иложи борича ушбу ҳаром алоқа туфайли бола бўлиб қолмаслигига уринади. Мабодо бола бўлиб қолса ҳам, уни туғилишидан олдин ёки кейин ўлдиради. Агар зинодан бўлган бола ҳаётга келса ҳам, ҳаромдан бўлгани учун жамиятда тирик ўлик бўлиб юради.

Шу билан бирга, зино жамиятга ҳам катта зарарлар келтиради, бора-бора уни ҳалок қилиши мумкин. Қадимдан зинога мубтало бўлган жамият ва давлатлар ҳалокатга учраб келган.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Мулк сурасида шундай марҳамат қилади .У ўлим ва ҳаётни сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканингизни синаш учун яратди. У ўта иззатлидир, давоми...

9822 15:14 / 17.10.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Роббинг осмонлару ердаги кимсаларни яхши билувчидир. Батаҳқиқ, баъзи набийларни баъзиларидан афзал давоми...

829 19:00 / 07 май
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Муҳаммад ҳам бир Расул, холос. Ундан олдин ҳам расуллар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга давоми...

3316 17:00 / 04.01.2022
Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида шундай марҳамат қиладиУшбу оятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинади.Албатта, мен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора давоми...

3336 08:06 / 10.11.2018