1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳ олий Зотдир

19:00 / 10.04.2024 1360 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ

«У Зот улар айтаётган нарсадан покдир, ниҳоятда олийдир» (Исро сураси, 43-оят).

Аллоҳнинг ҳеч қандай шериги йўқ. Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор ҳеч қандай зот йўқдир. У шундай Зотдирки:

ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ

«Уни етти осмону ер ва улардаги зотлар поклаб ёд этурлар. Уни ҳамди ила поклаб ёд этмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамайсизлар. Албатта, У ўта ҳалимдир, ўта мағфиратлидир» (Исро сураси, 44-оят).

Араб тилида тасбеҳ айтиш «Аллоҳни поклаб ёд этиш» деган маънони англатади. Ушбу ояти карима бутун борлиқ, барча мавжудот Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклаб, тасбеҳ айтишини таъкидламоқда.

«Уни етти осмону ер ва улардаги кимсалар поклаб ёд этурлар».

Аллоҳ таолога етти осмон ҳам тасбеҳ айтади. Ер ҳам тасбеҳ айтади. Ўша етти осмону ердаги кимсалар ҳам тасбеҳ айтадилар, поклаб ёд этадилар.

«Уни ҳамди ила поклаб ёд этмаган ҳеч бир нарса йўқ».

Борлиқдаги ҳамма нарса Аллоҳга ҳамду сано ва тасбеҳ айтади. Уларнинг ҳар бири ўзига хос услуб ва ўз тили ила айтади.

«Лекин уларнинг тасбеҳини англамайсизлар».

Эй инсонлар, сизлар ғафлатда бўлганингиз учун, эътиборсиз бўлганингиз учун борлиқдаги мавжудотларнинг Аллоҳ таолога ҳамду сано ва тасбеҳ айтишларини англамайсизлар.

«Албатта, У ўта ҳалимдир, ўта мағфиратлидир».

Ҳалимлигидан бутун мавжудот Уни поклаб ёд этиб турганда, ожиз инсон ширк келтирса ҳам, уни дарҳол азобламайди, қўйиб қўяди. Сермағфиратлигидан шунча беодоблик ва гуноҳ қилсалар ҳам, тавба этган бандаларини мағфират қилаверади.

Ўтган оятлардан бирида Аллоҳнинг баёни мушрикларга нафратдан ўзгани зиёда қилмаслиги ҳақида сўз кетган эди. Келаси оятларда ўша ҳолнинг сабаблари ва тафсилоти келади:

ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ

«Қачон Қуръон қироат қилсанг, сен билан охиратга иймон келтирмайдиганлар орасида кўринмас парда қилурмиз» (Исро сураси, 45-оят).

Ана ўша кўринмас парда уларни Қуръонга ишонишдан тўсиб туради.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни тиловат қилганларида, Қурайшнинг бошлиқлари тинглашар эди. Аммо ундан таъсирланиб қолмаслик учун турли чораларни кўриб, сунъий тўсиқлар пайдо қилишга уринишарди. Энг машҳур Ислом тарихчиларидан бири, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари ҳақидаги дастлабки китоблардан бирининг соҳиби бўлмиш Ибн Исҳоқ бу ҳақда Зухрийдан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Иттифоқо, бир кеча Абу Суфён ибн Ҳарб, Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва Бану Заҳро қабиласининг шартномадоши Ахнас ибн Шурайқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уйларида намоз ўқиётганларида, қулоқ солиш учун чиқибдилар. Улардан ҳар бири алоҳида-алоҳида ўтириб, тинглабди. Бир-бирларидан хабарлари йўқ экан. Кечаси билан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ солиб, тонг отганда тарқалишибди. Йўлда учрашиб қолиб, бир-бирларини маломат қилишибди. Бир-бирларига «Энди қайта келмайлик, эси паст одамларимиз кўриб қолсалар, кўнгилларига баъзи шуб­ҳалар тушишига сабаб бўламиз», – дейишибди-да, тарқалиб кетишибди. Иккинчи кечаси эса улардан ҳар бири яна ўз жойига келиб, яна кечаси билан (Қуръон) эшитиб чиқибди. Тонг отганда қайтиб кетаётиб, йўлда учрашиб қолишибди ва яна бир-бирларига аввалги гапларни айтишибди. Учинчи кечаси ҳам келиб, туни билан (Қуръон) эшитиб чиқишибди. Тонг отгач, қайтиб кетаётганларида, яна аввалги ҳол такрорланибди. Бир-бирларига: «Қайтиб келмасликка аҳд қилмагунимизча тарқамаймиз», – дейишибди. Сўнгра аҳдлашиб, тарқалиб кетибдилар.

Кундузи Ахнас ҳассасини қўлига олиб, Абу Суфён ибн Ҳарбнинг уйига борибди ва унга:

– Эй Абул Ҳакам, Муҳаммаддан эшитганларинг ҳақида фикринг нима? – дебди. Абу Суфён:

– Нима эшитдим? Биз Бану Абду Маноф билан шараф талашганмиз. Улар ҳам кишиларга таом берганлар. Биз ҳам берганмиз. Улар улов бердилар. Биз ҳам улов бердик. Улар хайр-эҳсон бердилар. Биз ҳам бердик. Ҳамма тиз тушиб, пойгага қўйилган икки отдай бўлиб қолди. Шунда Улар: «Биздан Пайғамбар бор, унга осмондан ваҳий келади», – дедилар. Биз буни қачон идрок қиламиз? Аллоҳга қасамки, биз ҳеч қачон унга иймон ҳам келтирмаймиз, уни тасдиқ ҳам қилмаймиз, – деди. Ахнас унинг олдидан туриб кетди».

Эҳтимол, ушбуга ўхшаш номаъқул ўй-фикр ва тасаввурлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон тиловат қилаётганларида у зот билан охиратга иймон келтирмайдиганлар орасида кўринмас парда бўлгандир.

 

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Инсон сурасида шундай марҳамат қилади .Эртаю кеч Роббинг исмини зикр қил. Ва тунда ҳам Унга сажда қил ва узоқ тунларда Уни поклаб ёд эт, давоми...

3747 12:09 / 31.10.2018
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Бас, уларни ердан қўзғатиб, чиқармоқчи бўлди. Шунда уни ва у билан бирга бўлганларни жамлаб, ғарқ қилдик, Исро сураси, давоми...

1236 19:00 / 03.09.2024
Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади . Ажаб эмаски, ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва ажаб эмаски, ёқтирган нарсангиз сиз учун давоми...

5793 11:22 / 11.12.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади quotСизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ою ўн кун кутарлар. давоми...

2803 16:00 / 01.03.2020
Аудиолар

211145 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130404 14:35 / 11.08.2021