1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Бешикдан қабргача мадраса бўлдилар (биринчи мақола)

13:49 / 23 январь 3541 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир куни шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурларига бир одам келиб, «Ҳазрат, ўғлимга сизнинг исмингизни қўйдим, сизга ўхшаган инсон бўлишини ният қилдим» деганида шайх ҳазратлари: «Ўғлингиз менга ўхшашини истасангиз, отам каби ота бўлинг», деган эканлар.


Инсонларнинг таълим-тарбиясига, жамият юксалишига ҳисса қўшаётган шахслар билан суҳбатлашсангиз, уларнинг бу даражага етишишида отаси ёки онаси асосий ўрин тутганига гувоҳ бўласиз. Бугун «Қалбимдаги нур» рукни орқали халқимиз орасида зарбулмасал бўлиб улгурган юқоридаги иборанинг асл қаҳрамони Муҳаммад Юсуф ҳожи дада ҳақида суҳбатлашамиз.


Халқимизнинг ардоқли фарзанди, улуғ олим, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг синглиси Тожинисо ая падари бузрукворлари ҳақидаги хотираларини шундай бошлади:
– Авваламбор сизга кўпдан-кўп раҳмат, қизим, бизни шунча эъзозлаб, қадрлаб келганингиз учун!


Раҳматли отам ҳақида сўз бошлар экансиз, шундай кўз олдимда отам билан бирга онамнинг нурли юзи, назокат ва ҳаёга тўла чеҳраси, фавқулодда қатъиятли, мислсиз журъатли сиймоси жонлана бошлади. Қулоқларим остида хокисоргина овозлари эшитилгандек бўлди. Шариатимиз пешволари томонидан айтилган ўринли, жуда муҳим ўгит бор: «Ота-онанинг ҳаққига баравар риоя қилиш мумкин бўлмай қолса, улуғлаш ва эҳтиром маъносида ота устун қўйилади, чунки насаб отадандир. Хизмат ва инъом юзасидан эса онанинг ҳаққи устун қўйилади. Мисол учун, ота-она ташқаридан кириб келса, ота учун ўриндан турилади. Фарзанд ҳадя қилса, онасидан бошлайди. Фарзанд ота-онадан фақат биттасига нафақа беришга қодир бўлса, онасига беради». Мен буни кўп эшитганман, сиз ҳам кўп ўқигандирсиз. Бу гўзал тавсияга биноан мен ҳам суҳбатимизни нур юзлигим, ҳақиқий сабр соҳиби, волидаи муҳтарамам Собирахон Тилакберди қизидан бошлайман. Бу хотираларим волидаи меҳрибонимга, онажонимга ўзига хос ҳадя бўлиб, қабрлари яна ҳам мунаввар, охиратлари обод, руҳлари яна ҳам шод бўлсин!


Онам Собирахон ҳожи ая жуда тақволи, ниҳоятда меҳнатсевар аёл эдилар. Болалик, ёшлик даврлари шўро тузумига, халқимиз учун энг оғир паллаларга тўғри келгани учун оналари Ҳайитхон энам билан колхозда ишлаб, ҳаёт синовларига бардошли бўлиб улғайганлариданми, умрининг охиридаги шиддатли синовларга ҳам мардонавор туриб берди. Умри давомида қанча кучли синовлар бўлмасин, ҳаётдан бирор марта нолимади, бировга қаттиқ гапирмади, қўл билан озор бермади, бировни ғийбат қилмади, ҳалол меҳнатдан қочмадилар. Ҳасад, гина-кудурат деган нарсалар, ҳатто турли иситма, касалликлар ҳам онамга мутлақо бегона эди. Доим бизга, набираларига «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўлда одамларга азият етказадиган ўсимликни кесиб ташлаган одамнинг жаннатда юрганини кўрдим», деган эканлар» деб, шу ҳадисни кўп айтар эдилар, «Кўрдингларми, чироқларим? Ҳеч кимга тил билан ҳам, қўл билан ҳам озор берманглар» деб, ҳадис баҳонасида чиройли, ўринли таълим-тарбия бериб ўтардилар.


Онам ўзига хос илм-маърифатли бўлганлари учун шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдек олим фарзандни тарбиялаганлар деб ўйлайман. Олимларимиз «Соғлом бола соғлом онадан дунёга келади» деганларида фақат тансиҳатликни назарда тутмаган, балки тана, руҳ, иймон ва эътиқод саломатлигини ҳам назарда тутган. Волидаи меҳрибоним, халқимизнинг тили билан айтганда, ана ўша тўрт мучаси соғлом аёл эди. Бизни гўдаклигимиздан таҳоратли ҳолда неъматлантириб, зикр айтиб улғайтирганлар. Дадамиз ҳам, онамиз ҳам бизни сенлаб гапирмаганлар, биз тугул, набираларини ҳам, умуман, илм йўлидагиларни, Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиган бўлса-да, ўқиганларни сенламай, ана шундай ҳусни-хулқ билан яшаб ўтдилар.


Ўтган кунларни кўз ўнгимизга келтириб, яқиндан тасаввур қилсак, онам «Ислом дини афсона экан», «Рўза тутсаларинг, касал бўласанлар» деган ташвиқотлар ўтказиб турилган энг оғир даврларда дадамга турмушга чиққан. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари деб, илм ўрганиш учун бел боғлаган дадамга суянч бўлиб, турмушнинг паст-баландига, бор-йўғига сабр қилганлар, дадам раҳматли «Мир Араб» мадрасасида ўқиш учун узоқ юртга кетганларида бир қўра қўй, қўлида ёш гўдак Муҳаммад Содиқ акам билан от устида юриб, Олой яйловларида чўпонлик қилган. Дадам таътил вақти пахса девор уриб, ҳалол меҳнат билан топиб келган маошини тежаб, бу таътилдан кейинги таътилгача етказганлар. Ҳар ёмғирда ҳамма тарафидан чакка ўтиб турадиган бир хоналик уйимизнинг томини куз, қиш ва баҳор ичи ёлғиз ўзлари адирнинг тупроғи билан суваб туришлари ҳам онамнинг фавқулодда қатъиятли, журъатли, садоқатли жуфти ҳалол, меҳрибон она эканликларидан дарак беради. Онамнинг мана шундай шарафли, машаққатли, масъулиятли ҳаёт йўлини кўз олдимга келтирсам, Ислом динини башариятга етказиш йўлида мисли кўрилмаган жасорат, фидокорлик намуналарини кўрсатган Хадича, Умму Салама, Оиша, Зайнаб, Ҳафса розияллоҳу анҳо каби мўмина оналаримиз, Умму Умора Нусайҳа бинт Каъб Мозиния каби саҳобия аёлларимизни онажонимнинг, меҳрибонимнинг тимсолида кўргандек бўламан.


Волидаи меҳрибоним ҳақиқий Ҳақ йўлидаги уммат аёлларидан деб фахрлансам ҳам, у кишининг сийрат ва сифатларини тўлалигича баён қилишга ожизлик қиламан. Онам Собирахон Тилакберди қизи давр тақозоси билан фақатгина мактабда таҳсил олган бўлсалар-да, лекин турмуш ўртоғининг оила мактабида энг тақволи. эрга итоаткор, покиза, меҳнатсевар, тежамкор, парҳезкор, беназир толиб бўлган. Дадам раҳматли онамга бир чизиқ чизиб, шундан ўтмасликни таъкидлаган бўлсалар онам бу чизиқдан ўн қадам берида юрганлар. Шунинг учун бўлса керак, падари бузрукворим умрининг охиригача онамни хотирлаб, онамдан розиликларини такрор-такрор айтиб юрди. Онам вафот этганида дадам «Онамдан эрта етим қолган бўлсам ҳам, етимликни унчалик ҳис қилмаган эдим, лекин онангиздан айрилганимдан кейин ҳақиқий етим қолганимни англадим» деганлар.


Мен сизга айтсам, отам билан онам ҳаётда ниҳоятда чиройли, ўрнакка лойиқ яшадилар. Бир-бирига ҳеч қачон қаттиқ гапирмасдилар, ҳатто юзларини бир-биридан терс ўгириб ўтмасдилар. Ҳаётдаги бирон муаммо ёки қийинчилик сабаб ўзаро тортишганларини кўрмаганман. Ўзаро муносабатларида мулозамат, ўринсиз хатти-ҳаракат йўқ, доим самимият, илм-маърифат балқиб турарди.


Мен узоқроқ жойга узатилган бўлсам-да, Аллоҳнинг инояти билан орадан бироз вақт ўтиб, ота-онамга, шундай уйимиз деразасини очсак, волидайнларимнинг уйи, ҳовлиси кўриниб турадиган, ота-онам дарчасини очса, бизнинг ҳовлимизга ўтиладиган даражада яқин қўшни бўлиб қолдик. Бу ҳам ҳикматсиз эмас экан, ота-онамга ёшлигимдан бошлаб, то улар охират оламига кўчиб ўтгунча хизмат қилдим. Айниқса икки акам - Муҳаммад Содиқ ва Муҳаммад Амин акаларим ҳаёт- нинг шиддатли синовларига учраб, ўзга юртларда, муҳожирликда юрган кезлари ота-онамнинг ёнларида турдим, уларга қўлимдан келганича суянч бўлдим, олисдаги фарзандлар соғинчини енгиллатиш учун меҳрибонларимга баҳоли қудрат ҳамроҳлик қилдим.


Онажоним, меҳрибоним ана шундай синовли кунларда ҳам ҳаётини сабр, ибодат ва набиралар таълим-тарбияси билан безади. Акамнинг болалари дадасини соғиниб, хархаша қиладиган ё бироз безовта бўладиган бўлса, уларга «Бирпас шошманглар-чи, ана, аммангиз келяпти. Аммангиз бизга нималар олиб келяпти экан-а? Бирам ўнг кўзим учяпти. Иншааллоҳ, аммангиз хушхабарлар, кўп совға-саломлар билан келяпти» деб, уларни мен билан овунтирадиган, матонатда, яхшиликка йўйишда жиянларимга ўрнак бўладиган бўлдилар. Онамдаги мана шундай яхшиликка йўйиш фазилати Муҳаммад Содиқ акамда ҳам бор эди.


Онам ширин кулчани яхши кўрар эди. Хўжайиним билан бозор-ўчарга чиқадиган бўлсак, у киши атайлаб онам яхши кўрадиган неъматларни олардилар, уйга қайтаётганимизда уларни қўлимга тутиб, аввал ота-онамнинг ҳузурига киришимни тайинлаб, «Буларни сиз учун олдик демасдан, онажон, сиз яхши кўрганингиз учун булардан сизга ҳам олиб чиқдим деб. айтинг. «Сиз учун олдик» деб, миннат қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлинг!» деб айтар эдилар. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин, йўлимга интиқ турган ота-онамнинг олдиларига тез-тез юборарди, уларга хизмат қилишимдан қувонар эди.


Онажоним умрининг сўнгига қадар «Сиз ўтирган ўрин, сиз юрган йўл доим таълим-тарбиядан дарак бериб турсин. Бирон йиғин ё тўй-томошага борсангиз, ҳеч кимга, ҳеч нарсага озор етказманг, аксинча, беморга далда, мискинларга суянч бўлинг. Хатокорларга дуч келиб қолсангиз, кечирувчи, айбларни беркитувчи бўлинг» дер эди ва Бухорий бобомиз ҳақидаги қуйидаги воқеани кўп ҳикоя қилиб берар эди. Имом Бухорий ҳазратларининг илм ҳалқасидаги толиблардан бири «Бир куни имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг илм мажлисларида ўтирган эдик. Масжиддаги бир киши соқолига ёпишган бир хасни олиб, оёғининг остига ташлади. Қарасам, Бухорий бир хасга, бир одамларга қараб қўйдилар. Одамлар хасга эътибор беришмади. Шунда у зот қўлини чўзиб, хасни ердан олдилар-да, енгларининг ичига солдилар. Масжиддан чиққанимизда у зот хасни бир четга ташлаганларини кўрдим».


Демак, бир одам соқолига раво кўрмаган хасни у зот Аллоҳнинг байтига, масжидга раво кўрмабдилар. Онам такрор-такрор айтадиган бу ҳикояни хотирлар эканман, ота-онанинг илм-маърифат, тақво аҳлидан бўлиши фарзандлар учун нақадар саодат, нур устига нур, жаннатга етакловчи йўл эканини ҳам ақл билан, ҳам қалбан идрок этаман.


Онам ҳам, дадам ҳам оилада барчамизга ҳар соҳада ўрнак эдилар. Айниқса, дадам тунги намозларда бардавом эдилар.


Дадам Муҳаммад Юсуф Бойбўта ўғли милодий 1928 йили Андижон вилояти- нинг Қорақўрғон қишлоғида, Бойбўта чўпон Қўшбўта ўғли оиласида дунёга келган. Дадамнинг оталари, ота авлоди чўпонлик, боғдорчилик қилишган. Дадам ёшлигидан илм ўрганишга, айниқса Аллоҳнинг каломини, шариат ва тариқат илмларини ўрганишга қаттиқ қизиққан. 5 ёшида онасидан етим қолиб, тирикчилик учун ҳаётнинг оғир машаққатларини чеккан, отасининг ёнида чўпонлик қилиб кун кечирган. Бошланғич диний таълимни тоғалари мулла Парпидан жидду жаҳд билан ўрганган. Илмга рағбат, бу йўлдаги қатъият дадамни Бухородаги «Мир Араб» мадрасасига етаклаб келган. У ердан кейин Тошкентдаги Бароқхон мадрасасида етук уламолардан дарс олганлар.


Дадам раҳматли шариат илмларида етук олим, чинакам обид, ўта ҳаёли, маърифатли, зиёли инсон эди. Падари бузрук воримнинг болаликдан то умрининг сўнгига қадар ўтган ҳаётини сизга батафсил ёритсам, хотираларим тугамайди, лекин вақтимиз етмаслиги мумкин. Шунинг учун сизга, барча ихлосли азизларимизга Муҳаммад Амин акам ёзган «Исломга бағишланган умр» китобини ўқишни тавсия қилиб қоламан. Ҳозир эса дадам ҳақида ҳали кўпчилик эшитмаган, саҳифаларга тушишга улгурмаган воқеалардан бир шингил, у кишининг таълим-тарбиялари, хулқлари, суннатга мувофиқ ҳаётларидан ҳикоя қилиб бераман.


Мен ёш қизчалигимдан дадамнинг вафотларига қадар у кишининг хизматларида бўлганим учун кўп фазилатларига гувоҳ бўлганман. Дадам кундузлари халқ хизматида қоим эдилар. Падари бузрукворимни узоқдан таниганлар ҳам, яқиндан таниганлар ҳам «Муҳаммад Юсуф ҳожи дада саодат асри одами бўлиб яшаганлар» деб эътироф этади. Дарҳақиқат, қиблагоҳим Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қадам-бақадам эргашган беназир саҳобалар каби эдилар. Катта ё кичик дадамга бирон юмуш буюрса, юксак тавозу билан қўлларини кўксига қўйиб, «Хўп бўлади. Жоним билан, иншааллоҳ» деб, бирдан шу ишга киришар эди. Гўзал одоб-ахлоқлари туфайли дадам Булоқбошидаги масжидда қирқ беш йил имомлик қилдилар. Доим халқ хизматида, дин ғамида юрдилар, халққа хизмат қилишни ўзларидан ҳам, оилаларидан ҳам устун қўйдилар. Ёрдам, насиҳат сўраб масжидга келганлар билан чекланиб қолмай, узоқ-яқин, қўни-қўшни, қавм-қариндош, дўст-биродарларнинг оилавий ҳаётидан, яхши-ёмонидан, ҳол-аҳволидан хабардор юрар эдилар. Ниҳоятда сахий, олижаноб, ҳиммати баланд инсон эди, илм йўлидаги талабаларга эгнидаги кўйлагини ҳам ҳадя қилиб юборарди. Бугунгидек эсимда, бир куни масжиддан бошига қуруқ чорсининг ўзини салла қилиб ўраб келдилар. «Субҳаналлоҳ, дада, дўппингиз бирон жойда қолиб кетибдими?» десам, «Бир киши сўраганди, ҳадя қилдим», дедилар.


Қиблагоҳим бир ҳадисни кўп айтар эдилар: «Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир мато олиб келади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шунга муҳтож бўлганлари учун уни оладилар. Кейин саҳобаларнинг олдига ўша матони изор қилиб кийиб чиқадилар. Бир киши буни кўриб, «Мунча чиройли, уни менга беринг», дейди. Одамлар: «Яхши иш қилмадинг, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга муҳтож бўлганлари учун кийган эдилар. Сен эса у зот йўқ демасликларини била туриб сўрадинг», дейишади. Саҳоба эса:
– «Мен уни кийиш учун эмас, кафанлик қилиш учун сўрадим», дейди. Ростдан ҳам унинг кафани ўша мато бўлди».


Дадам ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн аср кейин яшаган бўлсалар-да, Пайғамбаримизга изма-из эргашганлардан эдилар.


Қиблагоҳим яна бир куни менга «Тожинисо қизим, тез уйдан бир тўшак олиб чиқинг. Қўшни туманга маросимга боришим керак экан, маросим эгалари мотороллерда келишибди, шунга тўшакни тагимга солиб оламан», дедилар. «Вой, дада, сизни олиб кетгани мотороллерда келишибдими?» дедим, «Қизим, мени олиб кетгани пиёда келишса, пиёда ҳам бораверардим» деган. Муборак сийрат китобларида кўп ўқиганмиз, Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Мадинанинг оддий бир ёш боласи қўлидан тутиб ҳожатини битириб бериш учун етакласа, жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у болага эргашиб кетаверар эканлар. Аллоҳим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан у зоти барокатга эргашганлардан, хусусан, менинг дадамдан рози бўлсин.


Дадам ҳам, онам ҳам бирон маротаба бирон ерда ёки тўй-маросимларда «Биз муфтийнинг ёки шайхнинг ота-онасимиз» деб кибрланганларини кўрмаганман, эшитмаганман.


Дадам улуғларимизнинг «Кўпчилик хизмат қилаётган одам улуғ эмас, ўзи кўпчиликнинг хизматида бўлаётган одам улуғдир» деган ҳикматига биноан ҳаёт-мамотини динга, мусулмонларга бағишлаган эдилар. Роббим у кишининг саломатликларини ҳам зиёда қилиб қўйган экан. Жуда кўп китоб ўқишларига, кечалари юз ракат таҳажжуд намозларини ўқишларига қарамай, умрларининг охиригача ҳам кўзларига кўзойнак тақмадилар, ҳассага суянмадилар.

(Давоми бор)

Шарофат Ҳазратзода.
2023 йил 5 декабрь.
«Ma’rifat» газетасининг 2(9483) сонидан олинди. 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх Фарийд Божий Тунисий Дамашқдаги .АлФатҳул Исламий, маъҳадида дарс бераётган пайтлари эди. Бир куни тушларида шайхлари Абдулҳодий Харсани кўрдилар ва у давоми...

2845 13:00 / 26.12.2021
19 асрнинг иккинчи ярми ва 20 аср бошларида яшаб, ўзидан ўчмас из қолдирган Ҳожа Муҳаммад эшон Намангоний нақшбандиямажзубия тариқатининг 33 муршиди, олими, ва давоми...

1741 10:00 / 06.11.2021
ЗиёратАллоҳ таоло Қуръони каримда олимлар ҳақида шундай марҳамат қилади Улар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир, бас, уларнинг йўлларига эргашингrdquo Анъом сураси, давоми...

10114 17:08 / 08.11.2017
МУҲАММАДГА СОДИҚ МУҲАММАД СОДИҚЯНГИ ХОТИРА КИТОБИДАН БОБЛАР1980 йили Ливия дорилфунунини муваффақиятли тугатиб қайтган Муҳаммад Содиқни ўзлари таҳсил олган Имом давоми...

6876 17:55 / 19.06.2017
Аудиолар

137657 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57721 14:35 / 11.08.2021