1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Ҳофизи Қуръон Маъсумхон маҳдум Абдулғофур қори ўғли

15:30 / 07.02.2022 2791 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

19 аср охирларида Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, Заркент маҳалласи (ҳозирги Ахси кўчаси)да истиқомат қилувчи Абдулғофур маҳдум (Ғофур қори) хонадонларида иккинчи ўғил фарзанд дунёга келди. Унга Маъсумхон деб исм қўйишди.

Маъсумхон маҳдум Абдулғофур қори ўғли 1898 йили аҳли уламолар хонадонида дунёга келди. У ёшлигидан ўткир зеҳнли, Қуръонга муҳаббатли бўлиб улғайди. Падари бузруквори Абдулғофур қори ва волидаи меҳрибони Сорахон ойи фарзанддаги бу муҳаббатни кўриб, унинг таълими ва тарбиясига кучли эътибор қаратишади. Натижада, Маъсумхон 11 ёшида отаси Абдулғофур қори қўлларида ҳофизи Қуръон бўлиб етишади ва масжид хонақоҳида хатми Қуръонга имомликка ўта бошлайди.

Маъсумхон маҳдумнинг оналари Сорахон ойим фарзандларини билимли бўлиши учун туни билан ухламай, уларнинг ош-овқати-ю, иссиқ нону чойини тайёрлаб берар эканлар. Қорининг ўзлари кейинчалик, «онам раҳматлик ҳар куни дарсимизни топшириб, бомдод намозимизни ўқиб бўлгунимизча нонуштамизни тайёрлаб қўяр эдилар. Қани энди нонушта қилиб олинглар» дейишлари ҳамон ёдимда. «То мен хофизи Қуръон бўлгунимча онам шу ҳолда хизматда бўлган эдилар», дея хотирлайдилар.

Маъсумхон қори ва Иброҳим маҳдумлар икковлари бир пайтда Қуръон ёд олишган экан. Бу икки ўғлонни Абдулғофур қори домла Яҳёхон тўра Файзихон тўра ўғлига байъат қилгани олиб бориб, тариқат йўлига солган эканлар.

Яҳёхон тўра уларни кўриб: «Булар қори экан. Қориларга ортиқча вазифани кераги йўқ деб, енгил вазифаларни берган ва то умрингизни охиригача ҳар куни Қуръони Каримдан 5 порадан ўқийсизлар. Буни асло тарк қилмайсизлар», деб айтган эканлар. Мана шу аҳдга содиқ бўлиб, то умрларининг охиригача Қуръони Каримни тиловат қилиб ўтишди.

Маъсумхон маҳдумнинг яшаган йиллари мустабид тузум даврига тўғри келади. Отаси Абдулғофур қори умрларининг охирги 20 йилини оилалари билан тазйиқда, қочувда ва ҳижратда ўтказган эканлар. Ўша даврларда Абдулғофур маҳдумнинг иккинчи қорихоналари Чорсу мавзеси, ҳозирги Самарқанд кўчаси бошидаги автомактаб (Досааф) биноси ўрнида жойлашган экан. Ушбу қорихонада сабоқ олган Исмоил маҳдум, Ҳошимжон қори, Носирхон қори, Муҳаммад Сиддиқ қори ҳамда Аббосхон қорилар устоз Ғофур қори домла ҳузурларидан ўтиб, ундан кейин Маъсумхон қори назоратлари остида ҳофизи Қуръон бўлишган эканлар.

Замондош ҳофизи Қуръонлар шундай эслашади: «Биз бирон марта кундузи сабоқ олган эмасмиз. Ҳар куни туннинг ярмидан, то субҳгача сабоқ олардик. Ҳаттоки, бомдод намозимизни ўқийдиган вақтимизгача олган сабоғимизни ёдлаб ҳам қўярдик».

Ҳазрат Маъсумхон қори домла 1991 йил 20 октябрь куни 93 ёшларида оламдан ўтдилар. У киши шаҳарнинг катта қабристони «Мангулик» мозорига дафн этилди. Унинг оиласи ва фарзандлари тўғрисида қисқача маълумот бериб ўтмоқчимиз.

Маъсумхон маҳдум икки марта уйланганлар. Аввалги аёли Салимахон ойим Муҳаммад Расул афанди қизи бўлиб, ундан 2 та ўғил, 1 та қиз фарзанлари бор.

Фарзандлари Каримахон (1920-2001), Қутфуддин (1922-2008) ва Баҳриддин (1926-2013)лар.

Салимахон ойим оламдан барвақт ўтиб кетганлиги боис, орадан 9 йил ўтиб, Маъсумхон қори иккинчи аёли Ҳуснидахон ойим билан турмуш қурганлар. Ҳуснидахон ойим (1920-2016) ўзининг амакиси Обид (ваф.1943) қорининг қизи бўлиб, ундан 3 та ўғил, 1 та қиз фарзандлари бор.

Фарзандлари Фазлиддин (1947), Насруллоҳ (1950), Раҳимахон (1954) ва Саъдуллоҳ (1958) лар[1].

  

Акрам Шарипов, мустақил тадқиқотчи. 

Тошкент вилояти, Чиноз тумани, Олмазор қўрғони. 

 

 
 
 

[1] Ушбу маълумотлар Маъсумхон махдум авлодларининг шахсий архивидан олинди.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақолаАлий розияллоҳу анҳу Абу Ҳанифанинг боболари ва зурриётларига қилган дуолари ҳамда Шаъбийнинг Абу Ҳанифани тўғри йўлга йўналтириши натижасида у давоми...

3656 11:00 / 19.01.2021
Саййидимиз Жалолуддин Суютий роҳимаҳуллоҳнинг ходими Муҳаммад ибн Али Ҳаббок айтади.Бир куни шайх Суютий билан Мисрдаги Муқаттам тоғидаги шайх Абдуллоҳ Жуюший давоми...

3613 19:00 / 30.12.2021
Шайх доктор Муҳаммад Холид Хорса Тароблусдаги Ислом даъвати университетини тамомлаган.У 1998 йилда Умму Дармон университетида қиёсий фиқҳ бўйича диссертация давоми...

3553 23:00 / 27.05.2022
Доктор Усома Абдул Азим Азҳар университетининг етук уламоларидан бўлиб, усулул фиқҳ бўйича забардаст мутахассислардан ҳисобланади. У киши замонамиздаги ноёб давоми...

5421 17:08 / 17.11.2022
Аудиолар

210842 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

10428 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130106 14:35 / 11.08.2021