1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Икки мусулмон бир-бирига зинҳор қўл кўтармаслиги зарур

13:57 / 22 январь 889 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

قَالَ سَعْدُ بْنُ أَبِي وَقَّاصٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ يَا رَسُولَ اللهِ أَرَأَيْتَ إِنْ دَخَلَ عَلَيَّ بَيْتِي وَبَسَطَ يَدَهُ لِيَقْتُلَنِي؟ قَالَ: كُنْ كَابْنِ آدَمَ القَائِلِ: ﴿ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ﴾. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Айтинг-чи, агар у (фитначи) менинг тепамга, уйимга бостириб кириб, мени ўлдириш учун қўл кўтарса-чи?» деди. У зот шундай дедилар: «Унда сен Одамнинг «Сен мени ўлдириш учун қўл кўтарсанг ҳам, мен сени ўлдириш учун қўл кўтармайман»[1] деган ўғли каби бўлгин», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ҳадисдаги иқтибос Қуръони Каримдан, Одам алайҳиссаломнинг икки ўғли ҳақидаги қиссадан олинган. Ҳадис янада тушунарли бўлиши учун бу оятнинг шарҳини тўлиқроқ келтириб ўтамиз. Одам алайҳиссаломнинг икки ўғли қурбонлик қилишибди. Бирининг қурбонлиги қабул бўлиб, иккинчисиники қабул бўлмабди. Шунда қурбонлиги қабул қилинмаган ўғил қурбонлиги қабул қилинган ўғилга ҳасад қилиб, «Мен сени ўлдираман», дебди. Инсон қалбига ҳасад кирганда шундай бўлади. Қурбонлиги қабул бўлмагани ҳам унинг яхши одам эмаслигига далолат эди. Иккинчи ўғил яхши инсон бўлганлиги учун унинг қурбонлиги қабул бўлган эди. Яхши одам доимо, ҳатто қийин ва шиддатли пайтларда ҳам, ҳаёти хавф остида турганда ҳам яхшилигича қолади. У ўзига тажовуз қилиб турган акасига қараб, хотиржамлик билан:

«…Аллоҳ тақводорлардангина қабул қилади», деди.

Инсоннинг яхши амалларининг, жумладан, қурбонлигининг Аллоҳ таоло ҳузурида қабул бўлиши амал эгасининг тақводор эканлигини англатади. Бу билан у ўзига суиқасд қилиб турган душманни ҳам тақводор бўлишга даъват қилди. Кейин эса биродарининг ёмонлигини кесиш учун янада хотиржамлик билан:

«Сен мени ўлдириш учун қўл кўтарсанг ҳам, мен сени ўлдириш учун қўл кўтармайман», деди.

Ҳақиқий тақводор, Аллоҳдан қўрққан инсоннинг гапи шундоқ бўлади. У бу билан ёмонликнинг олдини олишга, ҳасадчининг ҳасад оловини совитишга ҳаракат қилмоқда.

«Мен оламларнинг Робби Аллоҳдан қўрқаман».

Ука «Менинг тутган бу йўлим сендан ёки ўлимдан қўрққанимдан эмас, балки одам ўлдириш гуноҳ бўлганлиги учун, Аллоҳнинг олдида гуноҳкор бўлиб қолишдан қўрққаним учун шундай қиляпман», деди.

Бундан кейин эса биродарини бу ишдан қайтариш мақсадида оқибат нима бўлишини ҳам эслатиб қўйди, яъни агар сен Аллоҳдан қўрқмай мени ўлдирадиган бўлсанг, мени ўлдирганинг гуноҳини ҳам оласан, олдинги қурбонлигинг қабул бўлмаганлиги гуноҳини ҳам оласан. Гуноҳ устига гуноҳ қилган бўласан. Оқибатда сенга бериладиган жазо ҳам ортиб, дўзахга тушасан, деб огоҳлантирди.

Ушбу ҳадиси шарифдан ўзини билган кишилар мусулмонлар орасида фитна чиққанда ҳам худди шунга ўхшаш йўлни тутишга ўтиши лозимлигини ўрганиб оламиз.

عَنْ أَبي بَكْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِذَا تَوَاجَهَ الْمُسْلِمَانِ بِسَيْفَيْهِمَا فَكِلَاهُمَا مِنْ أَهْلِ النَّارِ»، قِيلَ: فَهَذَا الْقَاتِلُ فَمَا بَالُ الْمَقْتُولِ؟ قَالَ: «إِنَّهُ قَدْ أَرَادَ قَتْلَ صَاحِبِهِ». رَوَاهُ الثَّلَاثَة.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки мусулмон бир-бирига қилич кўтарса, иккиси ҳам дўзахий бўлади», дедилар. «Қотил-ку тушунарли, мақтулнинг айби нима?» дейишган эди, «Чунки у ҳам буни ўлдирмоқчи бўлган», дедилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Шунинг учун ҳар қанча фитна бўлса ҳам, икки мусулмон бир-бирига зинҳор қўл кўтармаслиги зарур.

وَلِمُسْلِمٍ: إِذَا الْمُسْلِمَانِ حَمَلَ أَحَدُهُمَا عَلَى أَخِيهِ السِّلَاحَ فَهُمَا عَلَى جُرُفِ جَهَنَّمَ فَإِذَا قَتَلَ أَحَدُهُمَا صَاحِبَهُ دَخَلَاهَا جَمِيعًا.

Муслимнинг ривоятида:

«Икки мусулмон бир-бирига – ўз биродарига қурол кўтарса, иккиси ҳам жаҳаннам жари ёқасига бориб қолади. Бири иккинчисини ўлдирса, иккиси ҳам унга бирга тушади», дейилган.

Шарҳ: Бир-бирига қарши қурол кўтарган икки мусулмон ҳали уруш бошламай туриб, дўзахнинг ёқасига бориб қолар экан. Улар дўзахга тушиши учун жанг бошлаганининг ўзи кифоя қилади, бошқа нарсанинг кераги йўқ.

وَلِأَبِي دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيِّ: إِنَّهَا سَتَكُونُ فِتْنَةٌ تَسْتَنْظِفُ الْعَرَبَ قَتْلَاهَا فِي النَّارِ، اللِّسَانُ فِيهَا أَشَدُّ مِنْ وَقْعِ السَّيْفِ.

Абу Довуд ва Термизийнинг ривоятида:

«Келажакда фитналар бўлади, араблар таг-туби билан қирилади. Ўшанда ўлдирилганлар ҳам дўзахда бўлади. Унда қиличдан кўра тилнинг зарбаси оғирроқ бўлади», дейилган.

Шарҳ: Аслида фитнани оғзига кучи етмаган шаллақилар бошлайди. Тилга зеб берганларнинг касофатидан фитна қўзғалиб, ҳаммани ўз домига тортиб кетади. Шунинг учун ҳам тилнинг заҳри қиличнинг зарбидан ҳам оғирроқ бўлади.

وَلِأَبِي دَاوُدَ: «إِنَّ السَّعِيدَ لَمَنْ جُنِّبَ الْفِتَنَ، إِنَّ السَّعِيدَ لَمَنْ جُنِّبَ الْفِتَنَ، إِنَّ السَّعِيدَ لَمَنْ جُنِّبَ الْفِتَنَ، وَلَمَنِ ابْتُلِيَ فَصَبَرَ فَوَاهًا.

Абу Довуднинг ривоятида:

«Фитналардан узоқ бўлган одам бахтлидир. Фитналардан узоқ бўлган одам бахтлидир. Фитналардан узоқ бўлган одам бахтлидир. Фитнага учраб, сабр қилган эса нақадар яхши», дейилган.

Шарҳ: Мусулмонлар орасида оммавий фитна бошланганда четда қолган киши бахтлидир. Фитнага учраб, сабр қилганларга эса ажру савоблар берилади. Демак, фитнага аралашган одам ҳасратда қолар экан.

عَنْ ثَوْبَانَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ اللهَ زَوَى لِيَ الْأَرْضَ فَرَأَيْتُ مَشَارِقَهَا وَمَغَارِبَهَا وَإِنَّ أُمَّتِي سَيَبْلُغُ مُلْكُهَا مَا زُوِيَ لِي مِنْهَا وَأُعْطِيتُ الْكَنْزَيْنِ الْأَحْمَرَ وَالْأَبْيَضَ وَإِنِّي سَأَلْتُ رَبِّي لِأُمَّتِي أَلَّا يُهْلِكَهَا بِسَنَةٍ عَامَّةٍ وَأَلَّا يُسَلِّطَ عَلَيْهِمْ عَدُوًّا مِنْ سِوَى أَنْفُسِهِمْ فَيَسْتَبِيحَ بَيْضَتَهُمْ وَإِنَّ رَبِّي قَالَ: يَا مُحَمَّدُ إِنِّي إِذَا قَضَيْتُ قَضَاءً فَإِنَّهُ لَا يُرَدُّ وَإِنِّي أَعْطَيْتُكَ لِأُمَّتِكَ أَلَّا أُهْلِكَهُمْ بِسَنَةٍ بِعَامَّةٍ وَأَلَّا أُسَلِّطَ عَلَيْهِمْ عَدُوًّا مِنْ سِوَى أَنْفُسِهِمْ فَيَسْتَبِيحَ بَيْضَتَهُمْ وَلَوِ اجْتَمَعَ عَلَيْهِمْ مَنْ بِأَقْطَارِهَا أَوْ مَنْ بَيْنَ أَقْطَارِهَا حَتَّى يَكُونَ بَعْضُهُمْ يُهْلِكُ بَعْضًا وَيَسْبِي بَعْضُهُمْ بَعْضًا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَزَادَا: «وَإِنَّمَا أَخَافُ عَلَى أُمَّتِيَ الْأَئِمَّةَ الْمُضِلِّينَ وَإِذَا وُضِعَ السَّيْفُ فِي أُمَّتِي لَمْ يُرْفَعْ عَنْهَا إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ وَلَا تَقُومُ السَّاعَةُ حَتَّى تَلْحَقَ قَبَائِلُ مِنْ أُمَّتِي بِالْمُشْرِكِينَ وَحَتَّى تَعْبُدَ قَبَائِلُ مِنْ أُمَّتِي الْأَوْثَانَ وَإِنَّهُ سَيَكُونُ فِي أُمَّتِي كَذَّابُونَ ثَلَاثُونَ كُلُّهُمْ يَزْعُمُ أَنَّهُ نَبِيٌّ وَأَنَا خَاتَمُ النَّبِيِّينَ لَا نَبِيَّ بَعْدِي وَلَا تَزَالُ طَائِفَةٌ مِنْ أُمَّتِي عَلَى الْحَقِّ ظَاهِرِينَ لَا يَضُرُّهُمْ مَنْ خَالَفَهُمْ حَتَّى يَأْتِيَ أَمْرُ اللهِ».

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ менга ерни жамлаб кўрсатди, мен унинг машриқларию мағрибларини кўрдим. Келажакда умматимнинг салтанати ўша менга жамлаб кўрсатилган жойгача етиб боради. Менга икки хазина – қизил ва оқ (олтин ва кумуш) хазиналар берилди. Мен Роббимдан умматимни ёппасига қаҳатчилик билан ҳалок қилмаслигини, ўзларидан бўлмаган, уларнинг наслини қуритадиган душманни уларнинг устидан ғолиб қилмаслигини сўрадим. Роббим шундай деди: «Эй Муҳаммад! Мен бир нарсага ҳукм қилсам, рад қилинмайди. Мен уларни ёппасига қаҳатчилик билан ҳалок қилмайман; ўзларидан бўлмаган, уларнинг наслини қуритадиган душманни уларнинг устига ғолиб қилмайман, дунёнинг барча тарафларидагилар уларнинг устига жамланиб келганда булар бир-бирини ўлдирса ҳам, бир-бирини асирга олса ҳам».

Муслим Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Ва икковларининг лафзларида:

«Мен умматим устига уларни адаштирадиган раҳбарлар келишидан қўрқаман. Умматим ичида ўзаро қилич кўтарилса, Қиёматгача қўйилмайди. Умматимдан баъзи қабилалар мушрикларга қўшилиб кетмагунча, умматимдан баъзи қабилалар бутларга ибодат қилмагунича Қиёмат қойим бўлмайди. Яқинда умматим ичидан ўттизта каззоб чиқади, уларнинг ҳаммаси ўзини набий деб даъво қилади, ҳолбуки набийларнинг охиргиси менман, мендан кейин набий йўқ. Умматимдан бир тоифаси Аллоҳнинг амри (Қиёмат) келгунича ҳақ узра бардавом бўлади, қарши чиққанлар уларга зарар бера олмайди», дейилган.

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ فِي الْفِتْنَةِ: «كَسِّرُوا فِيهَا قَسِيَّكُمْ وَقَطِّعُوا فِيهَا أَوْتَارَكُمْ وَالْزَمُوا فِيهَا أَجْوَافَ بُيُوتِكُمْ وَكُونُوا كَابْنِ آدَمَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий алайҳиссалом фитна ҳақида сўзлай туриб, «Ўшанда камонларингизни синдиринглар, ипларини узинглар, уйларингизнинг ичида бўлинглар, Одамнинг ўғли каби бўлинглар», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, мусулмонлар орасида фитна туфайли чиқадиган урушда ишлатилиши мумкин бўлган барча қуролларни йўқ қилиб, ўша урушда қатнашмасликка ҳаракат қилиш керак экан, Одам алайҳиссаломнинг икки ўғлидан бири «Сен мени ўлдириш учун қўл кўтарсанг ҳам, мен сени ўлдириш учун қўл кўтармайман» дегани каби иш тутиш зарур бўлар экан.

وَقِيْلَ: يَا رَسُولَ اللهِ مَنْ خَيْرُ النَّاسِ فِي الفِتْنَةِ؟ قَالَ: «رَجُلٌ فِي مَاشِيَتِهِ يُؤَدِّي حَقَّهَا وَيَعْبُدُ رَبَّهُ وَرَجُلٌ آخِذٌ بِرَأْسِ فَرَسِهِ يُخِيفُ الْعَدُوَّ وَيُخِيفُونَهُ».

«Эй Аллоҳнинг Расули, фитна пайтида энг яхши одам ким?» дейишди. У зот: «Чорваси билан машғул бўлиб, унинг ҳаққини адо қилиб, Роббига ибодат қилиб юрган киши; отининг бошини тутиб, у душманни, душман уни қўрқитиб юрган киши», дедилар.

Шарҳ: Фитна туфайли мусулмонлар бир-бири билан жангга киришса, ўша фитнага қўшилмай, ўзининг мол-ҳолини боқиб, ибодатини қилиб юрган ёки чегарада юртини ҳимоя қилиб турган кишилар энг яхши одамлар бўлишар экан.

وَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَا يَنْبَغِي لِلْمُؤْمِنِ أَنْ يُذِلَّ نَفْسَهُ»، قَالُوا: وَكَيْفَ يُذِلُّ نَفْسَهُ؟ قَالَ: «يَتَعَرَّضُ مِنَ الْبَلَاءِ لِمَا لَا يُطِيقُ».

Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Мўмин кишига ўз-ўзини хорлаш ярашмайди», дедилар. «Қандоқ қилиб ўзини хорлайди?» дейишган эди, «Ўзини тоқатидан ташқари синовга дучор қилиш билан», дедилар».

Шарҳ: Қўлидан келмаган ишга беҳуда уриниш мўмин киши учун ўз-ўзини хорлаш бўлар экан. Айниқса, фитнага аралашиш бу каби ишларнинг энг ёмони бўлади.

وَلَمَّا طَلَبَ عَلِيٌّ مِنْ أَهْبَانَ بْنِ صَيْفِيٍّ الْغِفَارِيِّ أَنْ يَخْرُجَ مَعَهُ قَالَ: إِنَّ خَلِيلِي وَابْنَ عَمِّكَ عَهِدَ إِلَيَّ إِذَا اخْتَلَفَ النَّاسُ أَنْ أَتَّخِذَ سَيْفًا مِنْ خَشَبٍ فَقَدِ اتَّخَذْتُهُ فَإِنْ شِئْتَ خَرَجْتُ بِهِ مَعَكَ فَتَرَكَهُ عَلِيٌّ رَضِي اللهُ عَنْهُ. رَوَى هَذِهِ الثَّلَاثَةَ التِّرْمِذِيُّ.

Алий розияллоҳу анҳу Аҳбон ибн Сойфий Ғифорийдан ўзи билан бирга жангга чиқишни сўради. У эса: «Халилим, амакингнинг ўғли соллаллоҳу алайҳи васаллам менга «Одамлар ихтилоф қилса, қиличинг ёғочдан бўлсин», деб тайинлаганлар. Мен ўшани маҳкам тутдим. Истасанг, сен билан бирга ўшани (ёғоч қилични) кўтариб чиқаман», деди. Шунда Алий уни тек қўйди».

Ушбу уч ҳадисни Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Шунинг учун баъзи саҳобалар Аҳбон ибн Сойфий Ғифорий розияллоҳу анҳуга ўхшаб, ҳазрати Алий билан Муовия розияллоҳу анҳунинг ўрталаридаги ихтилофда қатнашмаганлар.

«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан

[1] Моида сураси, 28-оят.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1143. Ибн Аббосдан ривоят қилинади.Умар розияллоҳу анҳу пичоқланганида, уни кўтариб, ҳовлига олиб борганлар ичида эдим. У менга.Эй биродаримнинг ўғли Бориб, менга давоми...

4932 20:27 / 17.08.2017
Жоҳилият сўзи Қуръони каримда тўртта калимага қўшиб келтирилди.1. .Жоҳилият гумони, Оли Имрон сураси, 154оят.Умматнинг бузилиши қалблар бузилиши сабаблидир.2. давоми...

1754 16:00 / 07.07.2021
Ҳалол туризм нима дегани .Ҳалол, сертифакатига эга меҳмонхоналар бошқаларидан нимаси билан фарқланади Туризмни ривожлантириш уюшмаси раиси, .Hotel Pro, компанияси давоми...

1532 10:32 / 22.02.2022
. . Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ бир қавм устига азоб нозил қилса, ўша азоб уларнинг ичида давоми...

2073 11:05 / 14 январь