Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мулла Турсунбой қори (Муҳаммад) Мир Олим Охунд ўғли 1880 милодий санада Наманган шаҳрининг Чуқур кўча даҳаси, Баҳодирхон эшон маҳалласи (ҳозирги «Ила»лик кўчаси)да дунёга келди.
Бобоси Мир Абдуллоҳ Охунд — аҳли илмларни ўзига дўст тутган, тақводор инсон бўлган. У киши Хитойнинг Қошғар вилоятидан наслдор қўй-эчкиларни олиб келган ўз даврининг ҳотамтой савдогари сифатида маълум ва машҳур.
Диндор оилада камол топган Мулла Турсунбой ҳазратлари дастлабки диний таълимни оила муҳитида олади. Қиблагоҳи Мир Олим Охунд ўғлида илмга бўлган қизиқишни пайқаб, унинг бу салоҳиятини юксалтиришга имкон яратади. Натижада Мулла Турсунбой ҳазратлари шаҳарнинг машҳур мударрис ва ҳофизи Қуръонларидан таҳсил олиб, (туркий) мулла бўлиб етишади.
Ҳазрат мулла Турсунбой домла узоқ йиллар савдо-сотиқ, ҳунармандчилик (этикдўз, алак тўқиш, рангфурушлик) ва деҳқончилик билан шуғулланади. Кейинчалик шу касбу камолот ортидан оила қуриб, рўзғор тебратади. У зотнинг яшаган йиллари айнан мустабид тузуми даврига тўғри келади. Бу даврда диний таълим олиш ва бериш амри-маҳол бўлган. Негаки, аҳли илмларимиз хоин ва хуфялар чақувидан қўрқиб, доим ҳам таълим беришга журъат эта олмаганлар. Айни шундай хатарларга қарамай мулла Турсунбой домла зиё тарқатишдан тўхтамаганлар. Маҳалладаги қўни-қўшни, ёру дўстларга «Устози аввал», «Ибодати исломия», «Муаллими соний», «Ҳафтияк» Калому шарифдан таълим бериб, ёшларни иймон-эътиқодли, ибодатгўй бўлишида камарбаста, шунингдек, маҳалла аҳлининг яхши-ёмон кунларида ёнида туриб маслаҳатгўй бўлганлар.
Маълумотларга кўра, уруш йилларидан кейин устознинг диний таълим бераётганларидан хабар топган НКВД ходимлари у зотни маҳкамага тез-тез чақириб, суҳбат уюштиришади. Ҳар сафар суҳбат сўнгида Мулла Турсунбой домладан диний таълим бермаслик тўғрисида тилхат ёздириб олишмоқчи бўлиб туришганида, сўзамон Ҳазрат домла: «Э, жаноблар! Ўткинчи дунёда зиё тарқатмасам қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида нима деган одам бўламан. Аллоҳ мендан: «Сенга илм бергандим. Нега уни тарқатмадинг» - дея сўраса, мен унга нима дея жавоб қиламан» дейдилар. Ўйланиб қолган НКВД командири: бу қарияни қўйиб юборинглар» - дер экан.
Ёшлик пайтимдаги кўп воқеалар хотирамда. У пайтларда коммунистик тузум бўлганлиги сабаб очиқ-ойдин ҳеч кимни диний йўналишда ўқитиб бўлмасди. Ҳатто Ислом дини ҳақида гапириш, очиқчасига насиҳат қилиб ҳам бўлмасди. Шунчалик қаттиқ назорат бўлишига қарамай, ўз қариндошларимиз ва маҳалла, қўни-қўшни болалари бобомиз олдиларига «Устози аввал», «Ҳафтияк», китобларини олиб чиқиб, дарс олишарди. Асосан, бобом болаларга ҳарф, уч-тўртта майда суралар ва қирқ фарз ҳамда олти калималарни ва намозларни тезда ўргатар эдилар.
Бобомлар: «Қирқ фарзни шундай ёдлангки, сизларга мулла керак бўлмай қолади», дердилар. Олдинги замонда бола ўқитиш жуда хавфли эди. Шунга қарамай, бобом бу масалада мустаҳкам эдилар. Ёдимда, бир марта у кишини хизмат машинасида олиб кетишган эди. Лекин ярим йўлда қўйиб юборишган экан. Сабаби, келган ходимлар ҳам ўзбек, мусулмон фарзандлари бўлишган экан.
Бобомдан: «Сиз отахон, энди қайта ўқитмайман деб ёзиб беринг», деб талаб қилишган. Бобом эса юқорида айтганимиз: «Эҳ, ўғилларим, ҳозир тўрт кунлик дунёда шундай деб ёзиб ваъда берсам, эртага Аллоҳнинг олдида нима деб жавоб бераман», деган эканлар.
Менинг ўзимни фикрим, токи мустақиллик келгунга қадар динни уламоларимиз чўғни кафтларида қандай ушлаб ўтказган бўлсалар, ўша дин фидоийларидан бири бобомиз Мулла Турсун (Муҳаммад) Мир Олимхон ўғилларидир, деб биламан.
Фазилатли устоз мулла Турсунбой домла агар бирон-бир издиҳомга борсалар, ёнларида албатта, Саййид Маҳмуд Олтинхон тўра Тарозийнинг тафсирлари ҳамроҳ бўларди. Йиғилганларга Қуръони Каримдан тиловат қилиб, сўнгра уни тафсирини шарҳлаб берар эканлар. Ҳазрат домла қўли очиқ ва сахий киши бўлганлар. Тўй-ҳашам ва эҳсонлардан тушган назр ҳамда ҳадяларни аҳли Қуръонларга, шунингдек, маҳалладаги камбағал бева-бечораларга сарфлаганлар.
Фазилатли мулла Турсунбой ҳазратлари Саодатхон исмли қизларини ёшлигида Маккатуллоҳга ҳадя деб назр қилишган экан. Қизлари вояга етгач шўролар ҳукумати бутун чегараларни ёпгани сабаб Маккага жўната олишмай бошлари қотиб, уламоларга маслаҳат солишган экан. Шунда уламолар «Юртимизда ҳажга кўп марта борган бирор кишига турмушга узатинг», - деб фатво беришган экан. Шунда Мулла Турсунбой ҳазратлари ёш қизларини шайх Исмоил махдум ҳазратларига турмушга узатган эканлар.
Шайх Исмоил махдум ҳазратлари Маймунахон (Мамнунахон) исмли қизларини мулла Турсунбой ҳазратнинг ўғиллари Муҳаммаджон қорига никоҳлаб берадилар. Аллоҳ таоло келажакда бу икки оиладан кўплаб аҳли илмлар ва аҳли Қуръонларни юзага келтирди. Келгусида қизлари Саодатхон ая фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдек забардаст уламога қайнона бўлдилар.
Фазилатли мулла Турсунбой ҳазратлари: «Биз оталарнинг вазифамиз худди боғбон мевасиз дарахтга мевали дарахтни улаб, серҳосил дарахтга айланишига сабаб бўлгани каби биз ҳам ўғил-қизларимизни аҳли илмларга никоҳ орқали боғлаб, уларга улаб қўйишдир», деб айтар эканлар.
Халқимизда «Оққан дарё оқмай қолмас», деган ҳикматли нақл бор. Дарҳақиқат Мулла Турсунбой домланинг аҳли илмларга, уламоларга бўлган муҳаббатлари ўлароқ, Аллоҳ у зотнинг фарзандлари Муҳаммаджон қори, куёвлари шайх Исмоил махдум, невара куёвлари шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, неваралари Абдуллоҳ Исмоил, Аҳмад Муҳаммад Турсун, Абдулҳамид Муҳаммад Турсун, эвараларидан Мубашшир Аҳмад, Анвар Аҳмад, Зайниддин қори, Исмоил Муҳаммад Содиқ, Одинахон Муҳаммад Содиқ, эвара куёвлари шайх Алижон қори каби Ислом уламоларини етиштириб қўйгани бежиз эмас. Ҳаммасининг замирида улуғларга, азизларга, аҳли илм уламоларга бўлган меҳр-муҳаббат, ҳурмат-эътибор ётади.
Муҳаммаджон қори Турсунбой ўғли
Ҳозирги кунда ҳазрат мулла Турсунбой домланинг авлодларидан 50-60 га яқин аҳли илм, аҳли Қуръонлар етишиб чиққан бўлиб, барчалари динимизнинг ривожи йўлида хизмат қилишмоқда. Уларнинг собитқадамликлари оқиб турган дарёнинг булоқлари сўнмаслигига далолатдир. [1]
Аҳмад Муҳаммад Турсун
Абдулҳамид Муҳаммад Турсун
Мулла Турсунбой домланинг аҳли илмга хос сиймолари бўлиб, туришлари салобатли, кўринишлари кўркам ва юришлари виқорли бўлган. Доимо бошларида салла, устиларида оппоқ яхтак, оёқларида амиркон калиш-маҳси бўлган. Мулла Турсунбой домла Мир Олим Охунд ўғли 1986 йил 106 ёшларида фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар. У зотнинг зиёратгоҳлари шаҳарнинг катта қабристони «Мавлавий» мозори бўлди.
Ҳазрат Турсунбой домла умрлари давомида тўрт нафар аёл билан оила қуриб, тўрт ўғил ва икки нафар қиз кўрдилар. Аввалги ва кейинги заифалари билан узоқ вақт ришта боғламаганлар. Бироқ, уларнинг биридан Абдураҳмон (1916-1984) ва иккинчисидан Муҳаммаджон (1926-2000) исмли ўғил кўрдилар. Бу икки ўғилнинг таълим-тарбияси ва тасарруфи билан ўзлари шуғулландилар.
Ўртанча ва охирги турмуш ўртоқларидан Абдураҳим (1929-2013), Ҳафизуллоҳ (1940-2000), Саодатхон (1926-2020) ва Саломатхон (1933-2015) исмли фарзанду аржумандларни вояга етказдилар.
Абдураҳим ҳазрат Абдуқаҳҳор қизлари Мукаррамхон (1940-1962) ая билан никоҳ қуриб, улардан Ғавсиддин (1958) ва Абдулбосит (1960) исмли фарзандлар кўриб, тарбияладилар.
Шайх мулла Турсунбой ҳазратнинг авлодлари:
Мулла Турсунбой ҳазратлари тўрт маротаба уйланганлар:
1. Аёллари Ҳожархон ая – фарзандлари: Абдураҳмон.
2. Аёллари Тошхон ая – фарзандлари: Муҳаммаджон.
3. Аёллари Ҳалимахон ая – фарзандлари:
1) Саодатхон. 2) Абдураҳим. 3) Саломатхон.
4 Аёллари Заҳрохон – фарзандлари: Ҳафизуллоҳ.
Биринчи аёлларининг исмлари Ҳожархон бўлиб, бироқ у киши билан ажрашиб кетишган. Ўғиллари Абдураҳмон амакининг тарбияси ва тасарруфини бобомиз ўз зиммаларига олганлар.
Иккинчи аёллари Тошхон ая бўлиб, у киши билан ҳам ажрашганлар. Ўғиллари Муҳаммаджон амакини ҳам бобомиз ўз тарбияларида олиб қолганлар.
Учинчи аёллари Шарофатхон ая бўлиб, отамнинг онаси, яъни бувимлар. У киши вафот этганлар. Бувимиздан Саодатхон ва Саломатхон амма ҳамда дадамиз Абдураҳим қолишган.
Тўртинчи аёллари Заҳрохон ая бўлиб, у кишидан Ҳафизуллоҳ исмли фарзандлари бўлган.
Бобомизнинг биринчи аёллари Ҳожархон аядан туғилган Абдураҳмон амакимнинг аёллари Ҳамидахон бўлган. Уларнинг фарзандлари:
1. Қамбаржон
2. Сайдуллоҳхон
3. Ҳабибуллоҳхон
4. Ҳакимжон
5. Хадичахон
6. Каримжон.
Бобомизнинг иккинчи аёллари Тошхон ая бўлиб, уларнинг фарзанди Муҳаммаджон амакидир. У кишининг аёллари Мамнунахон ая Исмоил Маҳдумнинг қизларидир. Улардан қуйидаги фарзандлар туғилишган:
1. Аҳмад Муҳаммад Турсун (1949-2021).
2. Абдулҳамид Муҳаммад Турсун (1952).
3. Саидахон ая.
4. Салимахон (Латифахон) ая.
5. Назирахон (Масъуда) ая.
6. Абдулмутталибхон.
7. Нуруллоҳхон.
8. Жаҳонгирхон (Абдулвоҳид).
Мулла Турсунбой бобомизнинг учинчи аёллари Шарофатхон ая бўлиб, уларнинг қизлари Саодатхон ойим (1926-2020) шайх Исмоил махдум ҳазратларининг турмуш ўртоғидир. Уларнинг беш нафар ўғил ва уч қизлари бор:
1. Абдуллоҳхон (1947)
2. Муҳаммадхон (1949-2000)
3. Маҳмудхон (1951)
4. Абдулатифхон (1957-2016)
5. Хайруллоҳхон (1964)
6. Каримахон ая.
7. Фотимахон ҳожи ая (шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратларининг завжалари).
8. Маҳфузахон ая.
Мулла Турсунбой ҳазратларининг учинчи фарзандлари Саломатхон ая бўлиб, у киши Муҳаммад Умар ҳазратлари билан турмуш қуриб, ибратли ҳаёт кечирдилар. Муҳаммад Умар ҳазратлари солиҳ бир инсон бўлиб, амалда, тақвода пешқадамлардан бўлганлар. Бу намунали оила беш нафар фарзандларни вояга етказдилар:
1. Муҳаммад Амин ҳазратлари.
2. Усмонхон ҳазратлари.
3. Осиёхон ая.
4. Муҳаммад Алихон ҳазратлари.
5. Муҳаммад Валихон ҳазратлари.
Аллоҳ таоло барча ўтган олиму уламолардан Ўзи рози бўлсин!
[1] Ушбу маълумотлар мулла Турсунбой домланинг авлодлари ва шогирдлари билан суҳбат чоғида ёзиб олинди.
Мустақил тадқиқотчи Акром Шариф