1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Абдуллоҳ бин ал-Муборак ал-Марвазий

22:01 / 27.04.2017 8114 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Доктор Абдул Мажид ал-Мухтасиб
118-181 ҳижрий йилларда табаъа тобеъийнлардан бўлган
ҳофиз, тақводор шоир Ибн ал-Муборакнинг ҳаёти

У Абдур Раҳмон Абдуллоҳ бин ал-Муборак ал-Ханзалий ал-Марвазий ал-Хуросоний Хуросондаги табаъ тобеъинлар (Муҳаммад (с.а.в.) саҳобалари издошларининг замондошлари)дан бўлиб, Абдуллоҳнинг ўзи Ханзала қабиласига тегишли жойи бўлмаса ҳам, бу нисбатни отаси Муборак орқали олган. Ривоятларга қараганда Абдуллоҳнинг отаси Ҳамадон аҳлидан бўлган Бани Ханзала қабиласи савдогарларидан бир кишининг ходими бўлган. Абдуллоҳ Ҳамадонга келадиган бўлса, уни отаси туфайли иззат ҳурмат қилар эдилар.
Ал-Марвазий-Абдуллоҳнинг туғилган жойига, яъни Хуросон пойтахти Марвга нисбат берилган. Ўз даврида Хуросон катта мамлакат бўлиб, чегараларинг аввали Ироқдан бошланиб, охири Ҳиндистонда тугаган. Унинг Нишопур, Ҳирот, Марв, Балҳ, Толкон, Насо, Абивард, Сарах каби катта шаҳарлари бўлган.
Ишончли ривоятларга қараганда Ибн ал-Муборак 118 ҳижрий йили Марвда туғилган. Абдуллоҳ бин ал-Муборакнинг отаси туркий, онаси хоразмлик бўлган. Абдуллоҳ бин ал-Муборакнинг таржимаи ҳолларида рафиқаси ҳақида хабарлар йўқ. Куняси (лақаби) Абу Абдураҳмон бўлиб, унинг Абдураҳмон исмли ўғли бўлганига ишора қилган эди. Лекин унинг фарзандлари ҳақида ҳам хабарлар йўқ. Ал-Ҳоким Абдуллоҳ ан-Нисобурий: «Ибн ал-Муборак фарзандлик бўлмаган» - деган маълумот қолдирган.

Маълумоти:

Ибн ал-Муборакнинг бошланғич таълими ҳақида аниқ маълумотлар бўлмаса ҳам, у ёшлигида пухта билимга эга бўлганига шак-шубҳа йўқ. Хусусан саҳобаларнинг (Аллоҳ улардан рози бўлсин) шогирдларидан бўлган уламолардан ва Марвнинг шайхлари қўлида Пайғамбаримиз (с.а.в.) сийратларидан, ҳадисдан, Қуръони Каримдан ва араб тилидан анчагина илм олишга эришгани маълум.
Ибн ал-Муборакнинг Сохр исмли дўсти унинг қувваи ҳофизаси (ёд олиш қуввати) ниҳоятда кучли экани бошланғич мадрасадаёқ маълум бўлгани тўғрисида ҳикоя қилиб, шундай дейди: «Биз бошланғич мадрасада таҳсил олиб юрган давримизда ёш бола эдик. Бир куни Ибн ал-Муборак билан хутба ўқиётган бир кишининг яқинидан ўтиб борардик. У киши узун хутба ўқиди. Ибн ал-Муборак менга: «Мен бу хутбани ёдлаб олдим», деди. Бу гапни ўтирганлардан бир киши эшитиб қолиб: «Қани бир айтиб берчи», деди. Шунда у хутбани бир ҳарфини ҳам қолдирмасдан ёддан айтиб берди. Ибн ал-Муборак бу хутбани эшитган заҳотиёқ ёдлаб олган эди».
Отаси ал-Муборак ўғли Абдуллоҳни шеърлар ёдлашга ундар ва қизиқтирар эди.
Ибн ал-Муборак илк бор ҳадис эшитган олим-Марвлик шайх Юнус бин Нофеъ ал-Хуросоний эди. У қози Ғоним ал-Марвазийнинг отаси эди (159 ҳижрий йили вафот этган).
Ибн ал-Муборак тобеъийнлардан бўлган Робеъ бин Зиёд ал-Бакрийдан (140 ҳ. Йили вафот этган) ҳам ҳадис эшитиш имкониятига эга бўлди. У Марвга келган Басралик Абу Исом ал-Музаний (у Холид бин Убайд ал-Атқий)дан ҳам ҳадис эшитган. Ўша даврнинг уламолари уни ҳурмат қилишар ва иззат икром кўрсатишар эди. У уловга минган пайтда Ибн ал-Муборак унинг кийимларини тузатиб қўяр эди. Яна Ибн ал-Муборак бироз вақт Марвда қозилик қилган Басралик Муҳаммад бин Собит ал-Абийдан ҳам ҳадис ривоят қилган. У дастлабки илмини Яъқуб бин ал-Қаъқоъ ат-Таймий ал-Марвазий ал-Қозий ва Мансур бин Абу Сарира ал-Марвазийлардан ҳам олган.
Ибн Умар, Жобир бин Абдуллоҳ ва Анас бин Моликлар билан учрашган. Ўша даврда Анас бин Молик Ҳажжождан қочиб Марвга келган эди ва Марвдаги Бараз деган бир қишлоқда яшади. Кейинчалик бошқа бир Сазвар номли қишлоққа кўчиб ўтиб, ўша ерда умрининг охиригача яшади.
Ибн ал-Муборак тобеъийн ва табаъа тобеъийнлардан араб тили, фиқҳ ва ҳадис илмларини мукаммал ўрганиш учун бошқа ислом мамлакатларига сафар қилиш зарур эди. Унинг илм олиш йўлида Марв шаҳрини тарк қилгани ҳақида Боғдодлик хатиб Абдон ибн Усмон шундай дейди: «Абдуллоҳ илк бор 141 ҳижрий йили Ироққа сафар қилган». Шу маълумотга қараганда Ибн ал-Муборак илм олиш учун сафарларини бошлаганда 23 ёшда бўлган.
Ибн ал-Муборакнинг Марвдаги ҳовлиси катта эди. Марвга борган илм соҳиблари ва бошқа мурувватли кишилар унинг уйига боришиб, у билан илмий мажлислар қурар эдилар. Шунингдек у ерда илми толиблар ҳам йиғилиб, Ибн ал-Муборакдан араб тили, фиқҳ ва ҳадис илмидан кўп нарсаларни сўраб ўрганар эдилар. Ана шундай илмий учрашувлар ўзидаги билимлардан қониқмаслик ҳиссини уйғотди ва уни бошқа ислом мамлакатларидаги фуқаҳо ва муҳаддис уламолар билан учрашишга ундади.
Ибн ал-Муборак Куфада Абу Ҳанифа ан-Нуъмон билан учрашди ва у билан ҳамсуҳбат бўлиб, унинг фиқҳий билимларидан баҳраманд бўлди. Шунингдек у тобеъийнлардан бўлган Исмоил бин Аби Холид, Сулаймон бин Меҳрон Ал-Аъмаш ва табаъ тобеийнлардан Суфён ас-Саврийлардан ҳам ҳадислар эшитди. Ўша пайтда Куфадан кейин иккинчи шаҳар ҳисобланган Басрада Ҳамд бин Тайравайх ат-Тобий ва Сулаймон бин Тархон ат-Тамимийдан ҳам ҳадислар эшитган. Етти қорининг бири бўлган Абу Амр бин ал- Ало ал-Мазоний ал-Басрийдан Қуръон тиловати сабоқларини олди. Ибн ал-Муборак Ироқдан сўнг Ҳижоз, Шом, Миср, Яманга сафар қилди ва бу мамлакатлардаги уламолардан илм ўрганди. Шундай қилиб, Ибн Ал-Муборак ўз давридаги машҳур Ислом мамлакатлари уламоларининг барчасидан илм олган, дейишимиз мумкин.
Дорул Ҳижратда Абдуллоҳ бин Ал-Муборак Малик бин Анасдан фиқҳ илмини ўрганди ва «Ал-муватто» китобини ривоят қилди. У Маккада Абдул Азиз бин Журайждан ҳам фиқҳни ўрганди. Абдул Фараж ал-Исбаҳоний келтирган бир хабарда Ибн Журайж Ироқликларга ҳадис айтиб бераётган пайтда уларнинг ичида Ибн Муборак ҳам борлигини айтган эди. У Шом аҳлининг фақиҳи ва муҳаддиси бўлган ал-Авзоъийдан фиқҳ ва ҳадис илмини ўрганди, Яман муҳаддиси Муъаммар бин Рашиддан ҳадислар эшитди.
Ибн ал-Муборак ҳазратлари ҳадис илми соҳибларининг энг фақиҳларидан ҳисобланади ва шу соҳада Суфён ас-Саврий, ал-Авзоий, Айюб ас-Сахтиёний, ибн Журайжлар билан бир қаторда туради. Ҳар қандай киши ҳадислар ёдлаб, бир пайтнинг ўзида фақиҳ ҳам бўлиши мушкул. Шу фикрнинг тасдиғи ар-Робеъ бин Сулаймоннинг Аш-Шофеъий Абу Али исмли кишига у муҳаддис бўлиш билан бирга фақиҳ бўлишни ҳохлаганда, «Бу жуда мушкул иш, сенга қаёқдан ҳам бўлсин у», деб келтирган маълумотида ўз ифодасини топган.
Ибн ал-Муборак ислом илмининг энг чиройли тимсоли бўлган. У ҳадисни, фиқҳни, қироатни ва одоб-аҳлоқ илмларини биргаликда ғайрат билан ўрганган ва айтган: «Мен одоб-аҳлоқ илмини ўттиз йил ўргандим ва йигирма йил талаби илм қилдим». Яъни ўша даврда аввал одоб-аҳлоқ ўрганар эдилар, сўнг илм олишга киришар эдилар.
Шомликлар ибн ал-Муборакдан: «Сиз қачонгача илм талаб қиласиз?» деб сўраганларида «Мен ўлгунимча толиби илм бўлишимни кўришларингизни ҳохлайман. Толиби илмга барча нарса истиғфор айтади, ҳаттоки сувдаги балиқлар ҳам, дейилган. Шундай экан уни ташлаб бўлмайди», деб жавоб берган.
Ибн ал-Муборак ўзининг Шом соҳилидаги Тарсус, Масиса ёки Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунаввара шаҳарларига қилган узоқ муддатли сафарларида у ердаги мусулмон аҳлига Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳадис муборакларини устозларидан қандай эшитган бўлса, шундай етказар эди. Шунингдек, у ўзининг Куфа, Басра, Шом, Хуросон, Макка ва Мадинага қилган сафарлари чоғида бу шаҳарлар аҳллари ўртасида пайдо бўлган баъзи бидъатчиларнинг мазҳабий ихтилоф ва келишмовчиликларига қарши ўз фикрларини очиқ изҳор этар эди.
Умар бин Абдулазиз давригача тобеъийнлар суннатларни (шаръий ҳукмларни) ёзишга қийинлашар эдилар. Ҳижрий иккинчи асрнинг иккинчи ярми бошланиши билан уларни ёзиш масаласида имомлар ҳар хил фикрда эдилар, чунки Каломуллоҳ билан ҳадиси набавийнинг аралашганлиги ёки ҳадис билан тобеъийнларнинг фикрлари аралашганлиги суннатларни ёзишда анча қийинчилик туғдирар эди. Мана шу илмий вазият Ибн ал-Муборакнинг суннатни жамлаш ва уни ҳар хил нуқсонлардан тозалаш, уни китоб қилиб ёзиш ёки алоҳида боб қилиш соҳасида тинмай меҳнат қилишга ундади.
Абу Абдуллоҳ аз-Заҳабий ривоятларида шундай дейилади: «Бу даврда Басрада Амр бин Убайд ал-Обид ва Восил бин Ато каби олимлар пайдо бўлиб, одамларни тақдирдан чекинишга, унинг тўғрисида ҳар хил гап тарқатишга даъват қилар эдилар. Хуросонда муфассир Муқотил бин Сулаймон чиқди. У эса Аллоҳнинг сифатлари тўғрисида жуда муболаға қилиб, бидъатга йўл қўйди».
Ана шундай одамларнинг фикрларига ўша давр уламолари қарши чиқдилар ва уларнинг бидъатларидан эҳтиёт бўлишга чақирдилар. Бу буюк уламолар суннатни ёзишга ва китоб қилиб чиқаришга киришдилар. Кейинчалик ўшандай хайрли ишлар Хорун ар-Рашид даврида кўпайди, кўплаб китоблар тасниф ва таълиф қилинади. Уламоларнинг илмини ёд олишлари камая бошлади, улар китобларга эътимод қилиб қолишди. Илгарилари эса саҳоба ва тобеъийнлар (р.а.) илмларини қалбларида сақлар эдилар, уларнинг қалблари илм хазиналари эди. Дарҳақиқат Ибн ал-Муборак ҳазратлари суннатни мустаҳкамлашда буюк мартабага эришди. Хатто у зот тўғрисида, «Агар бирон киши Ибн ал-Муборак тўғрисида нолойиқ гап гапирса, ислом динига туҳмат қилган бўлади», дейишган экан. У ҳадислар ёзар ва уларнинг саҳиҳларини ғайри саҳиҳларидан ажратар эди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг ҳадис шарифлари, саҳоблар ва тобеъийнлар асарлари устида кўп ишлар эди.
Ибн ал-Муборак хазратлари фақиҳ ва ҳадис ровийси бўлиб қолмасдан, балки ибодатда комил, парҳезкор, амонатли ва олийҳиммат аҳлдан эдилар. Шу хайрли амалларида Қуръон Карим ва Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг суннатлари йўлбошчи эди. Боғдодга бир неча маротаба келганлар. Шунда у ернинг илғор зиёли кишиларидан Абу Абдуллоҳ ар-Розий ат-Тамимий ал-Хофиз, ал Ҳасан ал-Марвазий Али бин Исҳоқ ас-Салмо ал Марвазий, Ибн ал-Муборакнинг биродари ад-Дарклний ва Анбаса бин Саийд ал-Умавий вл-Қурайший ал-Куфийлар ундан ҳадис эшитар эдилар. Лекин Боғдод Ибн ал-Муборакка ёқмади, чунки бу шаҳар шариатга тўлиқ амал қилувчи тоат-ибодат аҳли учун муносиб жой эмас эди. Бу тўғрисида Ибн ал-Муборак шеърлар ҳам ёзган. Унинг пурҳикмат чиройли шеърлари ва насрий асарлари ҳам бор. Бу асарлари муфасир, тилчи, муҳаддис ва фуқаҳоларнинг асарларига яқин.

АСАРЛАРИ:

Абдуллоҳ ибн ал-Муборак даврида ундан кўра илмга талабчанроқ киши бўлмаган. У кучли эслаб қолиш қобилиятига қарамасдан ҳадисларни ёзиб, китоб тузишдан эринмасди. У 141 ҳижрий санада илм талаби йўлида сафарга чиққан эди ва бу йўлда қирқ йил машаққат чекиб, меҳнат қилди.
Ибн Саъд унинг кўплаб китоблар тасниф этганлиги тўғрисида хабар беради. Албатта бу китоблардан кўп кишилар фойдаланганлар. Шу тўғрисида Абу Абдуллоҳ аз-Заҳабий Яхё бин Одам айтади: «Муборакнинг китобларидан топмасам, ундан умид узардим ва бошқа изламасдим».
Унинг ҳадис китобларида 20 минг ҳадис бўлган. Ибн ал-Муборак ҳадисдан ташқари фиқҳ, тақводорлик, художўйлик ва бошқалар тўғрисида бир неча илмий асарлар ёзди.
Имом Муҳаммад бин Исмоил ал-Бухорий илк ҳадис эшитганда ва Ибн ал-Муборакнинг таснифларини ёд олганда ёш бола эди. Бу ҳақида у шундай деган эди: «Ўн олти ёшга кирганимда эса Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ал-Марвазий (736-798) ва Вақийъ ибн ал-Жарроҳ ибн Мулайҳ ар-Равоийнинг (747-814) китобларини тўлиқ ёдлаб олиб, асҳоб ар-раъйларнинг каломларини ҳам билиб олганман. Шундан кейин волидам ва акам Аҳмад билан муборак ҳаж сафарига йўл олдим».
Ибн ан-Надийм «Ҳадис асҳобларини фуқаҳолари ҳақида хабарлар» мавзуси остидаги олтинчи бўлимида қуйидаги китоблар Ибн ал-Муборакнинг китоблари, деб зикр қилади:

1.«Китоб ас-Сунан фил-Фиқҳ» (Фиқҳ қонунлари ҳақида китоб);
2.«Китоб ат-тафсир» (Тафсир китоби);
3.«Китоб ат-тарих» (Тарих китоби);
4.«Китоб ал-бирри вас-сила» (Яхшилик ва меҳрибончилик қилиш китоби);
5.«Китоб аз-зуҳд вар-рақоиқ» (Тақводорлик ва тариқат илми китоби).
6.Муҳаммад бин Жаъфар Ал-Каттоний Ал-Фосий қуйидаги икки китобни Ибн Ал-Муборакнинг китоби деб зикр қилган:
1.«Китоб ал-истеъзон» (Изн сўраш китоби). Бу китоб дурдона китобларидан ҳисобланади.
2. «Китоб ал-жиҳод» (Жиҳод китоби) Муҳаммад бин Жафар бу китоб Ибн Ал-Муборакнинг жиҳод тўғрисидаги биринчи тасниф қилган китобидир, деган. (Лейпъиг, 320).
Ибн Ал-Жавзий қуйидаги китобни Ибн Ал-Муборакники деган:
1.«Китоб ал-маносик» (Ибодат қоидалари китоби). Ибн Ал-Жавзий бу китобни Куфада таълиф қилган дейди.
2.Мазкур саккизта китобни Абдуллоҳ бин Ал-Муборак тасниф қилган, лекин биз мазкур китоблардан олтитаси ҳақида маълумот топмадик. Бу олтита китоб йўқолиб кетган бўлса керак. Булардан «Китоб ал-жиҳод»нинг қўлёзмаси Бруклман зикр қилганидек, ҳозир Лейпциг кутубхонасида 320-рақам билан сақланмоқда. Аммо «Китоб аз-зуҳд вар-рақоиқ» китоби 1966 йили Ҳиндистондаги «Иҳёул маориф» мажлиси томонидан нашр этилди. Бу китобни устоз Ҳабиб Ар-Раҳмон Ал-Аъзами таҳқиқ қилиб ўрганиб чиққан. Бу китобда ҳикматлар, мавъизалар, масалалар, аҳлоқ-одоб, Аллоҳнинг марҳамати, тавбанинг қабули ҳамда ёлғончилик ва риёни мазаммат қилиш, мусибатга сабр қилишга ўхшаш нарсалар тўғрисида Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадиси шарифлари ва саҳобалар, тобеинларнинг асарлари жам қилинган.
Дарҳақиқат, Ибн Ал-Муборак жиҳод тўғрисида китоб ёзганларнинг биринчиси ҳисобланади. Демак, тақводорлик ва тариқат илми тўғрисида ҳам китоб ёзганларнинг аввалгиси деса бўлади. Ибн Ал-Муборакнинг «Китобуз-зуҳд вар-рақоиқ» китоби ҳадислардан қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади:

1. «Ал Масоний ал-мардуъот»;
2. «Ал-Маросийл ва фийҳа ал-мўъзал ва мўзамуҳа маросийл лит-тобеийн»;
3. «Ал-Марфуъот аъла ас-саҳобати бимаа фийҳи ақволуҳум ва афъолиҳум»;
4. «Ал-Мавқуфот аълат-тобеин ва атбоиҳим».

Мазкуркитоб 16та бўлимни ўз ичига олади. Ҳар бир бўлим бир неча боблардан иборат. Биринчи бўлим боблари қуйидагича:
Аллоҳу Таолога қаттиқ итоат қилишга қизиқтириш, дунёдан юз ўгириш учун илм талаб қилиш ва бошқа масалаларга бағишланган.
Ибн Ал-Муборак бу китобни ўқиётган пайтида жудда қаттиқ ҳаяжонланиб кетар эди. Бу ҳақида Ал-Хатиб Ал-Бағдодий шундай хабар беради: «Наим бин Хамод айтди: «Ибн Ал-Муборак «Аррақоиқ» китобини ўқиганда унинг йиғиси ҳўкизнинг бўкирганидек бўлиб кетар эди. Бизлардан бирор киши ундан бирор нарса сўраш ёки унга яқин боришга журъат қила олмас эдик. «Дарҳақиқат, у зотнинг амаллари мол-дунё, бола чақа фойда бермайдиган, фақатгина соф қалб билан Аллоҳнинг розилигига эришган киши нажот топадиган қиёмат кунида Аллоҳ таолодан қўрқиши ва ўта қаттиқ тақводорлигига далолат қилар эди.
Маълум бўлишича Абдуллоҳ бин Ал-Муборак ўз китобларини кўчириб ёзиш ва ривоят қилишни Марвликларга хос билиб, уларга рухсат берар эди. Ал-Ҳусайн бин Ал-Ҳасан Ал-Марвазий «Китобуз-зуҳд вар-рақоиқ»нинг ровийси эди. Суфён бин Абдул Малик Ал-Марвазийга ишонар ва китобларини келтириб берар эди. Абдул Азиз бин Аби Раввод қизининг ўғли бўлмиш Иёз бин Усмон (унинг исми Абдуллоҳ) ҳузурида Ибн Ал-Муборакдан ривоят қилинган китоблар сақланар эди.
Ибн Ал-Муборак «Китобуз-зуҳд вар-рақоиқ» китобининг кириш қисмида Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг Ибн Аббос ривоят қилган мана шу ҳадисларини келтиради; «Икки неъмат борки, ундан кўп одамлар бепарво бўлиб ўкинадилар, улар тан-соғлиқ ва бўш вақтдир». Имом Ал-Бухорий ҳам ўзларининг «Жомеъус-Саҳиҳ» тўпламининг кириш қисмида шу ҳадисни келтириб ундан ибрат олгандек бўлади.

Вафоти:

Ибн Ал-Муборак Ал-Марвазий Тарсусдаги ғазотдан қайтгач Ҳийт шаҳрига бориб, у ерда 181 ҳижрий йилнинг Рамазон ойида вафот этади. Ал-Ҳажаб Ал-Бағдодий Ибн Ал-Муборакнинг вафот кунларини аниқ қилиб шундай дейди: «Ҳийт шаҳрида Рамазондан 13 кун ўтганда 181 ҳижрий йили вафот этди». Ўшанда у зотнинг ёши 63 да эди.
Ҳийт шаҳри Фурот дарёсининг ёқасида жойлашган бўлиб, у ердаги Ибн Ал-Муборакнинг қабри кўзга ташланиб туради ва зиёратчилар уни зиёрат қилиб турадилар. У зотнинг қабрини 833 ҳижрий вафот этган Ибн ал-Жазарий ҳам зиёрат этган. Ибн Ҳалкон Ибн ал-Муборак тўғрисида икки бўлимда хабарлар тўплайди. Ривоятларда зикр қилинишича Ибн ал-Муборак Ҳийт қишлоғида вафот этмасликни Аллоҳдан сўрар эди, лекин тақдирда шундай буюрилган экан. Унинг бундай илтижосининг сабаби ҳақида аниқ маълумот йўқ, аммо маълум бўлишича баъзи йиллар Фурот дарёсидан сел келиб, Ҳийт қишлоғини сув босиши ва шу сабабли у ерда турли юқумли касалликлар тарқалиб туриши Ибн ал-Муборакка ёқмас эди.
Ибн ал-Муборак улуғ мартаба ва буюк шон-шуҳратга эришганидан сўнг ҳеч нарсага қизиқмасдан ёлғизлик, тарки дунёчиликни ихтиёр қилган ҳолда чўлларни саёҳат қилиб юриб, вафот этди, деб зикр қилади ал-Ёфаъий ва Ибн ал-Аммад ал-Ҳанбалийлар. Эртага ўладиган одамдек охират учун тоат ибодат қилувчи, абадий яшайдиган одамдек бу дунёни ишларини қилувчи ва ўз нафсига берилмаган кишининг бундай ғарибона тарки дунё қилиб, вафот этиши ажабланарли ҳолат, чунки у ҳаётни илм олиш, шогирдлар етиштириш, китоблар ёзиш, Ҳаж қилиш, тижорат қилиш мақсадида тинмай сафарлар қилиш, кези келганда фидойилар сафида жангларда қатнашиб ўтказган тиниб, тинчимас инсон эди. Кўпчиликнинг фикрига қараганда Ибн ал-Муборак ҳаётининг охирида бундай қарорга келиш баъзи тасаввуф аҳлининг фикрлари таъсирида бўлган бўлса керак,чунки улар бундай ҳаёт тарзига ўтиш охират неъматларига эришишнинг эвази бўлади, деб ҳисоблайдилар. Нима бўлганида ҳам Ибн ал-Муборак парвардигоридан рози бўлган ва унинг розилигига эришишга умид қилган холда жон таслим этди.
Аммор бин ал-Ҳасан Ибн ал-Муборакни қуйидаги икки байт билан мадҳ этганда мутлақо ҳақ эди:
Агар тунлари Марвдан чиқса Абдуллоҳ, унга ҳамроҳ эди доим нуруллоҳ,
Ҳар элда зикр қилинса аҳборуллоҳ, улар юлдуз эрсалар ой эди Абдуллоҳ.
Ҳорун ар-Рашидга Ибн ал-Муборакнинг вафоти ҳақида хабар етганда: «Ҳақиқатан ҳам уламоларнинг саййиди вафот этибди», деган экан.

ИЛМИЙ АСАРЛАРИ ВА ШАХСИЯТИ:

Илмий шахснинг белгиларини унга ўхшаш бошқа шахслардан ажратиб турадиган қимматли илмий асарлар ва илмий ишлари бўлиши керак. Ибн ал-Муборакнинг шахсияти нодир исломий шахсият бўлиб, кенг қамровли ва ислом услубига асосланган эди. У комил мусулмон, муҳаддис, ҳофиз, фақиҳ ва шеърлар, саҳобалар ва улуғларнинг асару хабарларини ўз ичига олган шоир ҳам эди.
Бошқа муҳаддислар ўз ҳаётларини ҳадис тўплашга бағишлаган бўлсалар ҳам, Ибн ал-Муборакдек ҳаётини бир йил ҳаж қилишга, бир йил ғазот қилишга бағишлаганлари бўлмаган.

УСТОЗЛАРИ:

Ровийларнинг айтишича Ибн ал-Муборак тўрт минг шайхдан ҳадис тўплаган ва уларнинг мингтасидан ҳадис ривоят қилган. Бир ўринда айтадики: «Бир минг юз шайхдан ҳадис ёзиб олдим. Уларнинг ичида улуғлардан Суфён ас-Саврий ҳам бор эди».
Дарҳақиқат Ибн ал-Муборак жуда кўп тобеъийнлар билан учрашиб, улардан ҳадис ривоят қилган. Устозларининг кўпчилиги табаъа тобеъийнларнинг улуғларидан эди.
Ислом мамлакатларида тобеъийнлардан бўлган устозларнинг номларини қуйида зикр қиламиз.
Ар-Робеъ бин Анас бин Зиёд ал-Бакрий ал-Басрий кейин ал-Хуросоний, 139 ҳижрийда вафот этган. Мужолид бин Саийд бин Умайр бин Бустом ал-Ҳамадоний Абу Амр ва Абу Саийд ал-Куфий, 144 ҳижрийда вафот этган.
Исмоил бин Аби Холид Абу Абдуллоҳ ал-Аҳмасий ал-Бажлий, 145 ҳижрийда вафот этган. Сулаймон бин Меҳрон ал-Асадий ал-Коҳимий 145 ҳижрийда вафот этган. Ан-Нуъмон бин Собит ат-Таймий Абу Ҳанифа ал- Куфий, 150 ҳижрийда вафот этган. Осим бин Сулаймон ал-Аҳвал Абу Абдурраҳмон ал-Басрий, 141 ҳижрийда вафот этган. Сулаймон бин Тархон ат-Таймий Абу ал-Муътамир ал-Басрий, 143 ҳижрийда Басрада вафот этган. Забон бин ал-Ало бин Аммор Абу Амр ал-Мазоний ат-Таймий ал-Басрий етти қироат қориларидан бири, 154 ҳижрийда вафот этган. Ибн ал-Муборак у зотдан Қуръон қироатини ривоят қилган. Баъзи кишилар у зотни табаъа тобеийнларидан деб ҳисобларди. Саъб бин Саийд бин Қайс бин Амр ал-Ансорий ал-Маданий,141 ҳижрийда вафот этган. Мусо бин Ақаба бин Аби Аёш ал-Асадий, 141 ҳижрийда вафот этган. Ҳишом бин Урва бин аз-Зубайр бин ал-Авом ал-Асадий Абу ал- Мунзир, 145 ҳижрийда вафот этган. Абдуллоҳ бин Саийд Абу Ҳинд ал-Фазорий, 146 ҳижрийда вафот этган. Иброҳим бин Аби Абла Шамар бин Яқазон бин Абдуллоҳ Уқайли, 151 ҳижрийда вафот этган. Абдураҳмон бин Зиёд бин Анъом Абу Айюб, 156 ҳижрийда вафот этган. Булардан ташқари Ибн ал-Муборакнинг табаъа тобеъийнларининг улуғларидан ҳам устозлари жуда кўп бўлган.
Масалан: Хуросондаги Марвдан, Балхдан, Ҳиротдан, Райгондан, Ироқдаги Куфадан, Басрадан, Воситдан, Мўсулдан, ар-Райдан, Ктесифондан, Шодаги Дамашқдан, Ҳимсдан, Иорданиядан, Ҳижоздаги Мадийнадан, Маккадан, Тоифдан, Мисрдан, Искандариядан, Айладан, Ямандан жуда кўп устозлари бўлган. Улардан кўп ҳадислар ва бошқа соҳа илмларини ўрганган.
Ибн ал-Муборакнинг устозлари каби шогирдлари ҳам турли ўлкаларда жуда кўп бўлган. Масалан, Бухородан Муҳаммад бин Салом бин Фараж ас-Салмо, Мовароуннаҳрдаги буюк муҳаддис Абу Абдуллоҳ ал-Бухорийнинг хожаси Исмоил бин Иброҳим бин Муғийра ал-Жуъфий ал-Бухорий, «Ал-Жомеъ ас-Сахихнинг соҳиби Имом ал-Бухорийнинг отасига ўхшаш Нисопурдан, Ҳиротдан, Балҳдан, Куфадан, Басрадан, Боғдоддан, Шомдан, Антокиядан, Масисдан, ар-Рақийдан, Мисрдан, Марвдан ва бошқа жуда кўп жойлардан шогирдлари жуда кўп бўлган.

ИБН АЛ-МУБОРАКНИНГ АБУ ҲАНИФА
БИЛАН МУЛОҚОТЛАРИ

Ибн Муборак асҳоби ҳадиснинг фақиҳларидан эканлигини зикр қилган эдик, лекин у фиқҳ тўғрисида олий мақомга етган эмас. Чунки киши бир вақтнинг ўзида ҳам муҳаддис, ҳам фақиҳ бўлиши мушкул иш. Абу Ҳанифа ҳадисдан кўра фиқҳ масаласида моҳир билағон эдилар. Молик бин Анас ҳам худди шундай эдилар. Аҳмад бин Ҳанбал эса фиқҳдан кўра ҳадис масаласида моҳир эдилар. Шунинг учун ҳам уни баъзи уламолар фақиҳдан кўра муҳаддис деб ҳисоблар эди. Ироқда фиқҳ аҳлининг имоми Абу Ҳанифа ан-Нўъмон бин Собит ҳузурларида ибн Муборак фиқҳ илмидан баҳраманд бўлдилар.
Ҳеч шак-шубҳа йўқки ибн Муборак Куфада яшаган пайтларида бир қанча вақт Абу Ҳанифа билан бирга бўлдилар ва у зотдан фиқҳ илмини ўргандилар.
Ибн Аби ал-Вафо ал-Қураший ал-Мисрий Абдуллоҳ бин ал-Муборакни ҳанафия тойифасида эканлигини исботлайди ва у зотни кўп чиройли мақтовлар билан зикр қилади. Жуда кўп ривоятларда ҳам ибн Муборак умрининг охиригача Абу Ҳанифа мазҳабида бўлганлиги зикр қилинади. Ибн Муборак ўзининг бир қанча шеърларида Абу Ҳанифани мақтайди ва улуғлаб олқишлайди.
Шунингдек Абуу Ваҳаб Муҳаммад бин Мазоҳим қуйидаги ривоятни келтириб айтади: «Абдуллоҳ бин ал-Муборакнинг шундай деганларини эшитдим: «Одамларнинг обидроғини кўрдим, одамларнинг билимдонроғини кўрдим, одамларнинг фақиҳроғини кўрдим, одамларнинг обидроғи Абдул Азиз бин Аби Раввон, одамларнинг тақводорроғи Ал-Фузайл бин Иёз, одамларнинг билимдонроғи Суфён ас-Саврий, одамларнинг фақиҳроғи Абу Ҳанифадурлар». Сўнгра айтдилар: «Фиқҳ масаласида у зотга ўхшаганни кўрмадим». Ибн ал-Муборак, Абу Ҳанифага ҳамаср бўлган Шомлик фақиҳлардан ал-Авзоъий Ибн Ал-Муборакка: «Ким у Абу Ҳанифа деб куняланган, Кўфадан чиққан...», дейди. Ибн Ал-Муборак унга жавоб бермасдан чигал масалаларни сўзлаб унинг тушиниш, фаҳмлаш йўллари ҳақида ва у масалалар тўғрисида фатвони айта бошлайди. Ал-Авзоъий: «Бу фатволарнинг соҳиби ким?» деб сўрайди. Ибн Муборак «Ироқда бир шайхни учратган эдим, ўша» дейди. Ал-Авзоий «У киши устозларнинг ўткири экан, боргинда ундан кўпроқ сўра», дейди. Ибн ал-Муборак: «Бу зот Абу Ханифа бўладилар», дейди. Сўнгра ал-Авзоъий Абу Ҳанифа билан Маккада ҳамсуҳбат бўлади. Ибнал-Муборак айтган масалаларни эслашардилар. Абу Ҳанифа у масалаларни кенг ёритиб шарҳлаб берадилар. Улар ажрашиб кетганларидан сўнг ал-Авзоий ибн ал-Муборакка бориб: «У зотнинг илмининг мукаммаллигига ва ақлининг етуклигига ҳавасим келди, мен эса очиқ нотўғри фикрда эканлигим учун Аллоҳ таолодан кечирим сўрайман. Ана ўша зотни маҳкам тутиб бирга бўлгин. У зот тўғрисида менга нотўғри хабар етган экан», деган экан. Ибн ал-Муборакнинг Абу Ҳанифа билан бирга бўлганлиги аниқ. Мадинага келганларида эса Молик бин Анас билан ҳамнишин бўлиб у зот ҳузурида фиқҳ илмидан баҳраманд бўлганлар. Ибн ал- Муборак илк бор фиқҳ илми соҳасида Абу Ҳанифадан таълим олган бўлсаларда, сўнгра Суфён ас-Саврий, Молик бин Анас ва ал-Авзоъийлар ҳузурида фиқҳ илмидан баҳраманд бўлган.

ИБН АЛ-МУБОРАКНИНГ МОЛИК БИН АНАС БИЛАН
МУЛОҚОТИ

Ибн ал-Муборак Дорул-Ҳижратнинг имоми Молик бин Анасдан ҳам фиқҳ илмларини ўрганган ва у кишидан «АЛ-Муваттаъ» китобини ривоят қилган.
Ибн Фарҳун ал-Яъмурий ал- Моликий аҳли машриқ ичидан ибн ал-Муборакни Молик бин Анаснинг асҳоблари жумласидан, деб зикр қилади.
Ибн Фаҳрун ал-Яъмурий ал-Моликий ал-Маданий келтирган бир ҳикояда Молик бин Анас Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳадисларини нақадар эъзозлаганлиги аниқ маълум бўлади. Бу воқеани ибн Муборак шундай ривоят қилади: «Имом Молик Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳадисларини бизга сўзлаб бераётганда у зотнинг ҳузурида эдим. Ўша пайтда уни чаён ўн олти марта чақиб олди. Имом Моликнинг ранглари ўзгариб боришини кўрдим, лекин сўзини тўхтатмади. Мажлис тугагач одамлар тарқалишиб кетишди. Мен унга: «Эй Абу Абдуллоҳ бугун сенда ажиб ўзгаришлар кўрдим», дедим. У: «Ҳа, шундай бўлди. Аммо мен Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳадисларининг улуғлиги ва мўътабарлиги ҳурматидан сабр қилдим», деб жавоб қилди. Шояд-ки Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳадисларини ўша улуғлаш ва эҳтиромлаш Ибн ал-Муборакнинг Имом ал-Моликка нисбатан ҳурматини ошириб, унга иҳлосманд қилиб қўйган ва Абу Ҳанифадан кўра унга мойилроқ қилган бўлса. Молик бин Анас Ибн ал-Муборакни Хуросоннинг фақийҳи, деб ҳурматлар эди.

ИБН АЛ-МУБОРАК ҲАҚИДА УЛАМОЛАРНИНГ
СЎЗЛАРИ

Ўша давр уламоларининг сўзлари Ибн ал-Муборак ҳақида жуда кўп аниқликлар киритади. У уламолар Ибн ал-Муборакнинг шогирдлари ва яқин биродарлари эдилар. Уларнинг гаплари Ибн ал-Муборакнинг улуғлигига, билимдонлигига, ҳадис бобида ишончлилигига, фиқҳ масалаларида моҳирлигига, тақводорлигига, одобигга, саховатига ва шижоатига далил бўлади. Макур уламолар ўз даврининг фиқҳ ва ҳадисшунос олимларидандир. Қуйида уларнинг сўзларини келтирамиз.
Молик бин Анас: «Ибн ал-Муборак Хуросоннинг фақиҳидир», деган. Аҳмад бин Ханбал: «Ибн ал- Муборак замонида ундан кўра илмга чанқоқроқ ва талабчанроқ киши йўқ эди. У илм йўлида Яманга, Мисрга, Шомга, Басрага, Куфага сафарлар қилиб илм ривоят қилди ва аҳли илмлардан бўлди. Кичиклару-катталар тўғрисида ёзиб, буюк иш қилди ва ҳадис илмини буюк ҳофиз соҳиби бўлди», деган.
Абу ал-Ҳасан Абдул-Ваҳҳоб бин Абдул-Ҳакам айтадики: «Ибн ал-Муборак вафот этганда амирал-мўминийн Хорун ар-Рашид: «Уламоларнинг саййиди вафот этди», деганини эшитдим».
Суфён ас-Саврий айтди: «Умримнинг барчаси Ибн Ал-Муборакнинг умрини бир йилича бўлишини хоҳлардим, аммо унинг уч кунича бўлишга ҳам қодир бўлаолмадим».
Ал-Авзоий Абу Усмон ал-Килобийга шундай деган экан: «Агар Ибн ал-Муборакни кўрганингда эди, кўзларинг ором олар эди».
Суфён бин Уяйна ал-Ҳилолийга Ибн ал-Муборакнинг вафоти ҳақида хабар етганда: «Уни Аллоҳ ўз раҳматига олсин, у зот фақиҳ олим, обид, зоҳид, сахий, шижоатли, шоир инсон эди», деган экан ва яна «Биз Ибн ал-Муборакка ва Ибн Аби Зоидага ўхшаш бирон кишини учратмадик. У ишончли имон пешқадам эди», деган ва яна «Саҳобаларда Пайғамбаримиз (с.а.в.) билан ҳамсуҳбат бўлиш ва бирга ғазот қилишдан бошқа ишларида Ибн Муборакдан ортиқ фазилатларни кўрмадим», деган экан.
Ибн Журайҳи айтади: «Ибн ал-Муборакдан фасохатлироқ ироқликни кўрмадим». Ибн ал-Муборак ироқлик эмас, у Хуросонлик, Марвликдир. Ироқли дейишларига сабаб, у кўпинча Басрада ва Куфада яшаган, чунки Ироқ Хуросонликларнинг Ҳижоз ва Шомга йўли эди.
Абдураҳмон бин Маҳдий айтадилар: «Ибн ал-Муборак менга ҳадис айтиб берган. Унинг тенги йўқ эди, у ас-Саврийдан ҳам афзалроқдир «Унга айтишди: «Одамлар сенинг фикрингга қўшилмайдилар». У айтди: «Одамлар Ибн ал-Муборакни синаб кўрмаган, мен Ибн ал-Муборакка тенг келадиган кишини кўрганим йўқ» ва яна айтди: «Имомлар тшртта: ас-Саврий, Молик, Хаммод бин Зайд ва Ибн ал-Муборакдир ва яна: «Тўрт кишига ўхшаш кишини кўрмадим, ас-Саврийдан кўра ҳадисни ёд билгувчини, Шўъбадан кўра зоҳидроқни, Моликдан кўра эсда сақловчи ва Ибн ал-Муборакдан кўра халққа беғаразроқ кишини».
Ал-Фузайл бин Иёз айтадилар: «Шу бинонинг парвардигори билан қасам-ки, кўзларим Ибн ал-Муборакка ўхшаш кишини кўрмади».
Абу Исҳоқ ал-Фазорий айтадилар: «Ибн ал-Муборак барча мусулмонларнинг имомидир».
Ан-Насоий айтадилар: «Ибн ал-Муборакнинг даврида ундан улуғроқ ва барча мақтовли хислатларни ўзида мужассам қилган кишини билмайман», Абу Усома дейдики: «Ҳадис асҳобларидан Ибн ал-Муборак одамлар ичида мўъминларнинг амиридек эдилар».
Шуъайб бин Ҳарб: «Ибн ал-Муборак ҳузурига келиб ҳадис эшитиб, ёзиб олар эдик, аммо унга бирон нарса илова қила олмас эдик» Ал-Хасан бин Исо бин Морасаржас айтдилар: «Ибн ал-Муборакнинг биродарлигидан бир жамоа тўпланишиб, Ибн ал-Муборакнинг хислатларини санаб беринглар, дедилар. Сўнгра улар бирин кетин айта бошладилар: «Илм, фиқҳ, одоб,наҳу, луғат, зуҳд, шижоат, шеър, фасохат, тунлари ибодат қилиш, тоат-ибодат, хат, ғазот, отда чопиш, беҳуда гапни тарк этиш, инсоф ва биродарларига кам мухолафатчилик қилишдек хислатларни ўзида жамъ қилган эди». Абдур-Раҳмон бин Абу Жамил айтадилар: «Ибн ал-Муборакка, «Эй машриқнинг олими бизга ҳадис айтиб беринг», деганимизда Суфён айтдики: «Сизларга ўкинч бўлсин. У зот машриқу мағриб ва унинг оралиғининг ҳам олимидир» деб бизга танбеҳ бердилар».
Салом бин Аби Мутеъ айтдилар: «Машриқда Ибн ал-Муборакдан сўнг унга ўхшаш киши қолмади». Исмоил бин Иёш айтадилар: «Ер юзида Ибн ал-Муборакка ўхшаш киши йўқ».
Ал-Қаворирий айтадиларки: «Ибн Маҳдий Ибн ал-Муборак ва Моликдан бошқа бирон кишини ҳадис илмида юқори қўймас эди». Ибн Саъд айтадилар: Ибн Муборак илм талаб қилиб, жуда кўп ривоятлар қилди, илм бобида жуда кўп китоблар тасниф қилди, у зот ишончли, орзу қилса арзийдиган, ҳужжатлик ҳадисни кўп биладиган киши эди». Абу Абдуллоҳ ал-Ҳофиз аз-Заҳабий: «Ибн Муборак заковатда ҳам бош эди, шижоат ва жиҳодда ҳам бош эди, ҳотамтойликда ҳам бош эди», деганлар. Ҳадис бобида ростгўй, моҳир ва ҳадис кишиларини яхши биладиган уламоларнинг юқоридаги гувоҳликлари асосида ҳақиқатан ҳам Ибн Муборак ишончлик муҳаддислардан, зоҳидлардан, тақводорлардан кўзга кўринган фақиҳлардан, ҳадислардан китоб ёзган тўпловчилардан, шеърлари ўтмишдаги улуғларнинг хабар ва асарларини ўз ичига олган шоирлардан ҳам бўлгган, деб ишон билан айтишимиз мумкин.

ҲАДИС ТОЛИБЛАРИГА ХАЙРИ ЭҲСОНЛАРИ

Ибн ал-Муборак ҳадис ва аҳли ҳадисга эътиборни тортадиган даражада катта ғамҳўрлик қилар эди. Ибн Муборак газлама ва мўйна билан савдогарчилик қиларэди. У шу тижоратдан келган даромадларини илмий сафарларига ва Шомдаги жанговар юришларга харажат қилар эди. У «Агар беш киши бўлмаганда мен савдогарлик қилмас эдим», деганда ундан: «Эй Абу Абдураҳмон (бу Ибн ал-Муборакнинг куняси) ким у беш киши?» деб сўраганларида: «Суфён ас-Саврий, Суфён бин Уяйна, ал-Фузайл бин Иёз, Муҳаммад ас-Самак ва Ибн Аммия», деб жавоб беради. Ҳар вақтки савдогарчиликдан бирон нарса фойда қилса, рўзғорига озиқ-овқат олар эди ва ҳаж сафарига харажат қилар эди. Қолганини биродарларига етказар эди. Ибн ал-Муборак хайри-эхсонларини ўз юртига сарфламасдан ўзга элларда тарқатиб юргани учун таъна қилинади. Чунки ислом кўрсатмасида хайри-эҳсон аввало ўз элига қилинади, сўнгра атрофдаги яқин элларга тарқатилади. Лекин Ибн ал-Муборак бошқа элларда хайри-эҳсон қилишга ҳаракат қилар ва қилаётган харажатларида ўзини оқлар эди. «Мен фазилатли ва садоқатли кишиларнинг жойини биламан. Улар ҳадис учун ҳаққоний хизмат қиляптилар, улар одамларнинг ёрдамларига мухтождурлар ва агар биз уларни ташлаб қўйсак, уларнинг илмлари зое бўлади. Агар одамлар уларга ёрдам берсалар, улар Муҳаммад (с.а.в.)нинг умматларига илм тарқатадилар. Пайғамбарчиликдан кейин илм тарқатишдан кўра афзалроқ нарсани билмайман», деб жавоб берар эди. Дархақиқат Ибн ал-Муборак бу афзалликни ҳадисни тарқатиш ва уни толиби илмларга етказиш учун ўз ҳаётларини бағишлаган ана ўша муҳаддисларнинг эҳтиёжларини қоплашда, деб билар эди. У уламолар аввало шу ёрдамга муҳтожлар ва уларнинг бу мухтожликлари уларнинг ялқовликлари ёки ишёқмасликларидан эмас, балки уларнинг ҳадис тарқатиш, толиби илмларга етказиш ҳамда ҳадиснинг пайида бўлиб турганликларидандир. Шунингдек Ибн ал-Муборак толиби илмларга, қарздор кишиларга, ва муҳтожларга доимо моддий ёрдам кўрсатар эди.

ИБН АЛ-МУБОРАК ЗУҲДИНИНГ БОШЛАНИШИ

Абу Наим Ал-Асбаҳонийнинг «Ҳулиётул авлиё ва табақотул Асфиё» китобида Ибн ал-Муборакнинг сийратлари, маноқиблари ва айтган сўзларини батафсил баён қилган. Юқорида айтганимиздек, Ал-Умарий Ибн ал-Муборакни мусулмонларнинг имоматчилигига салоҳияти бор, деб билар эди. Ибн Ал-Муборак Абу Ҳанифанинг биродари эди. Бир ривоятда айтиладики, Абу Ҳанифа ундан тақводорлигининг бошланиши ҳақида сўрайди. Ибн ал-Муборак шундай деб ҳикоя қилиб беради: «Боғда дўстларим билан бирга ўтирган эдим, шунда кечгача еб-ичиб ўтирдик, мен танбур ва удни чалишни яхши кўрар эдим, сўнгра саҳаргача ухлаб қолдим. Тушимда бошимнинг тепасидаги дарахт устида ўтирган қушни кўрдим. У қуш менга: «Имон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳақ Қуръонга мойил бўлиш вақти келмадими? Шунингдек, улар учун илгари китоб ато этилган, сўнг (улар билан пайғамбарлари ўртасидаги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик вақти келмадими? Улардан (яхудий ва насронийлардан) кўплари фосиқ итоатсиздирлар!» (Ҳадид 16-оят) оятини айтиб берди. Мен: «Ҳа шундай деб, сесканиб ўзимга келдим ва удимни синдирдим. Сўнгра олдимда бўлган чолғуларни ёқиб юбордим, бас мана шу менинг тақводорлигимнинг бошланиши эди».
Ибн Абу Ал-Вафо Ал-Қурайший Ал-Ханафий Ал-Мисрий ва бошқаларнинг келтирган ривоятлари бизга Ибн Ал-Муборак тақводорлигининг бошланиши Абу Ханифа саволига берган жавобида ойдинлашиб берилади.
Қачонки, Ибн Ал-Муборакни дунё лаззатларидан қайтиш ва зоҳидликка ундаган сабаблар тўғрисида гап кетса, бир шахснинг ҳаёт тарзи ва сулукларини ўзгартириш тасодиф бир нарсани содир бўлиши ёки тушида бир қушнинг Қуръон оятларини ҳикоя қилиб беришига боғлиқ бўлмайди. Ҳеч шак-шубҳа йўқки кишида яхшилик ва ёмонлик натижалари ғалаба қилади. Тўёки мазкур ходиса Ибн Ал-Муборакнинг гуноҳларидан тавбаси сифатида янги зоҳидлик ҳаёти учун янги саҳифанинг бошланишидир.
Ибн Ал-Муборакнинг яқин биродари Ал-Фузайл бин ИёзАл-Ярбуъий Абу Али Аз-Зоҳиб Ал-Хуросонийнинг тавба қилишдаги сабаби Ибн Ал-Муборакнинг тавба қилиш қиссасига ўхшаб кетади. Ривоят қилишича у бир қизга ошиқ бўлиб қолади. У қизнинг олдига бориш учун деворга чиққан пайтида бир кишининг ушбу оятни ўқиётгани қулоғига эшитилади. «Иймон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳақ Қуръонга мойил бўлиш (вақти) келмадими? (Шунингдек, улар учун) илгари китоб ато этилган, сўнг (улар билан пайғамбарлари ўртасидаги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яхудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик вақти келмади-ми? Улардан (яхудий ва насронийлардан) кўплари фосиқ итоатсиздирлар!» Бу оятни эшитгач: «Худди шундай, Эй, Парвардигор вақти келди», деди ва изига қайтди. Сўнгра Ал-Байтул Ҳаром (Каъбатуллоҳ) ёнида тавба қилди.
Ибн ал-Муборак Ал-Марвазийни зоҳидликка бошлаган омиллар ва рағбатлар ҳақида баҳс юритадиган бўлсак, бу ишлар ва рағбатларнинг пайдо бўлишида атроф-муҳитнинг тақсири катта эканлигини кўрамиз.
Маълум бўлишича Марв аҳли зоҳидликда машхур бўлганлар. Дархақиқат, Ал-Фузайл бин Иёз Ал-Ярбуқий ҳам улардан етишиб чиққан.
Ибн Ал-Муборакнинг зоҳидлигида наслдан наслга ўтишнинг ҳам аҳамиятли эканлигига шубҳа йўқ. Унинг отаси турк ва онаси эса хоразмлик эдилар. Унинг табиатида, жисмида, қувватида ва ҳатто кўринишида ҳам туркий белгилар бор эди. Кўп ривоятларда Абдуллоҳнинг отаси Ал-Муборак хилватни афзал билиб, қаттиқ тақводорлик билан кўпинча узлатда бўлиши зикр қилинади.
Ал-Муборакнинг ниҳоятда парҳезкорлиги, омонатдорлиги ва қалби поклиги ҳақида Ибн Халкон унинг отаси Ал-Муборак тўғрисида ҳикоя қилиб шундай дейди: «У бир хўжайиннинг боғида боғбонлик қилар эди ва у ерда бирмунча яшади. Сўнгра бир куни хўжайин келиб унга: «Менга битта ширин анор олиб кел», деди. У бориб бир дарахтдан битта анор олиб келтирди. Хўжайин уни ёриб татиб кўрса, нордон экан, ачиғланиб унга: «Мен сенга ширин анор келтир - деб айтдим, сен эса нордонини олиб келибсан, бор ширинидан олиб кел», деди. У бориб бошқа дарахтдан яна битта анор олиб келди. Хўжайин уни ҳам ёриб татиб кўрса, у ҳам нордон бўлиб чиққан. Шунда хўжайин унга: «Сен анорнинг қайсиси ширин, қайсиси нордон эканлигини билмайсанми?» деди. Ал-Муборак: «Йўқ, билмайман», деб жавоб берди. Хўжайин: «Бу қанақаси, нега билмайсан?» деди. У деди: «Анорларни биронтасини ҳам еб кўрмаганман». У: «Нега еб кўрмагансан?» деб сўоади. Шунда Ал-Муборак: «Сиз менга анорни еб кўриш учун рухсат берганингиз йўқ», деб жавоб берди. Бу қисса аниқ бўлганч, уни ҳақ деб билди ва уни кўп улуғлади, сўнгра қизига уйлантириб қўйди. Абдуллоҳ ана ўша қиздан туғилган ва отасининг баракотлари унга ҳам ўтган. Баъзи тарих китобларида бундай қисса солиҳ банда Иброҳим бин Аҳмадга ҳам мансуб эканлигини кўрдим».
Ибн ал-Муборакнинг Хуросонлик, Куфалик, Басралик,Мадиналик, Маккалик ва Шомлик тақводор, покдомон, зоҳид, фозил, шайхларга шогирд тушиши унинг зоҳидлик ҳаётига таъсир кўрсатди. Ибн ал-Муборакнинг зоҳид ва муҳаддис бўлиб етишишида таъсир кўрсатган буюк шахс у зоҳидлик, тақводорлик ва ҳадис илмида амир ал-мўминийн бўлган олим Суфён ас-Саврий ал-Куфийдир.
Шу ўринда Ибн ал-Муборакнинг зоҳидлик шахсияти кўринишлари ҳақида баҳс юритишга ҳаққимиз бор. Бу кўринишларни ушбу сифатларда айтишимиз мумкин: жиҳоди, чегара жойларда ҳам амру-маъруф ишларини олиб бориши, ватанпарварлиги, жувонмардлиги, камтарлиги, зоҳидлик тўғрисидаги ҳикматли сўзларидадир.

ИБН АЛ-МУБОРАКНИНГ ОЛИЙ ҲИММАТЛИГИ

Юқорида Ибн ал-Марвазий тижорат билан ҳам шуғулланар эди, деган эдик. Айтишларича, у ипак ва мўйна билан савдо қилар экан. Молларни Хуросондан Макка Мадинага ёки Шом чегараларига олиб борар эди. Унинг тижоратидан мақсади мол тўплаб, бойлик йиғиш эмас, балки бу мол-дунё билан ўз обрўсини сақлаш ва муҳаддис биродарларига ҳайру-эҳсон қилиш эди. Ибн ал-Муборакнинг тижорати катта эди. Фақирларга бир йилда юз минг дирҳам хайру-эҳсон қилар эди. Унинг мамлакатлар орасида савдо қилиб юрган сармояси тўрт юз минг дирҳамга етар эди. Қаерда бирон олим билан учрашиб қолса унга мурувват қилар эди. Ҳар йили ўз касбидан қилган фойдасининг ҳаммасини ибодат аҳлига, зоҳидларга ва аҳли илмга ҳайру-эҳсон қилиб берар эди. Гоҳо сармоясидан ҳам эҳсон қилар эди.
Ибн ал-Муборакнинг олийҳимматлиги ва баъзи қарздор кишиларнинг қарзини адо этишлигини баён қилиб берадиган бу қиссани келтириб, Ибн ал-Жавзий шундай дейди: «Ал Мусаяйб бин Возеҳ айтадики: «Абдуллоҳ бин ал-Муборакнинг ҳузурида ўтирган эдим. Шу пайтда унга бир кишининг етти юз дирҳам қарздор эканлиги ҳақида сўзлаб беришганда Ибн ал-Муборак шундай деб хат ёзди: «Агар сенга бу хатимни олиб боришса, уни ўқиб бўлгандан сўнг шу хатни олиб борган кишига етти минг дирҳам бер». Хат вакилнинг қўлига етиб келгач, уни ўқиб кўрди ва у кишига юзланиб: «Сенга нима берайин?» деди. У киши: «Унга етти юз дирҳам қарздор эканлигимни айтишган эди» -деди. Вакил: «Хатда хатога йўл қўйилибди, лекин жойингда ўтириб тургин, сенга тегишли маблағни бераман ва хўжайинимга одм юбориб, сен тўғрингда маслахатлашиб оламан», деди ва Абдуллоҳ Ибн ал-Муборакка хат ёзиб, унда: «Менга сизнинг ёзган хатингиз келди, уни ўқиб кўриб, нима деганингизни тушунмадим ва хатни олиб келган кишидан сўрадим. У сиздан етти юз дирҳам қарздор эканини айтди. Бу хатда эса етти минг, деб ёзилган экан, агар сиз адашиб ёзган бўлсангиз, тўғрилаб ёзиб беринг, шунга қараб ҳисоб қиламан», деди. Ибн ал-Муборак унга: «Агар сенга бу хатим етиб борса, уни ўқиб кўриб унда айтган гапга тушунсанг, шу хатни эгасига ўн тўрт минг дирҳам бер», деб ёзди. Вакил унга: «Агар ишимиз шундай бўлиб бораверса, тезда мулкимизни сотиб битирамиз», деб ёзди. Абдуллоҳ Ибн ал-Муборак унга жавобан: «Агар сен менинг вакилим бўлсанг, сенга буюрганимни бажар, агар мен сенинг вакилинг бўлсам менинг ўрнимга кел, мен сенинг ўрнингга бориб сенинг буюрганингни бажараман», деди. Ибн Аббос айтади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: «Кимки бир мусулмон биродарига тўсатдан бир хурсандчилик келтирса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечириб юборади». Мен ҳам у биродаримга кутилмаганда бир хурсандчилик келтиришни хоҳладим», деб жавоб ёзган экан.
Дунё ҳаётининг зийнати бўлмиш бойликдан парҳезкорлик вилишдан улуғроқ зоҳидлик борми?
Ибн ал-Муборакнинг бу қилган иши яхшилик ҳисобланади. Яхшиликнинг ҳар бир тури садақа бўлишлиги бизга маълум. Ислом дини мусулмон кишини агар моли нисобга етса закотни адо этгандан сўнг садақа қилишга ундайди. Ибн ал-Муборак молларини муҳтожларга инфоқ қилар эди. Хусусан фозил кишилар, толиби илмлар ва уламо биродарларига эҳсон қилар эди. Ўнг қўли қилган садақани чап қўли билмас эди. У тақводорлигини ва парҳезкорлигини пинҳона қиладиган зоҳид эди.
Ибн ал-Муборакдаги олийҳимматлилик ва қмладиган яхшиликларидан мақсади у билан фахрланиш ёки шухратпарстлик эмас, балки шу яхшиликлари билан Аллоҳ таолога юзланиш, унинг розилигига йўл топиш эди. Аллоҳ таолонинг: «Улардан (муҳодирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзларининг ерларига ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга берилган нарсалар, ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар, ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлсада, ўзларини қўйиб, ўзгаларни ортиқ кўриб иҳтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчи зотлардир» (Ҳашр-9), деган каломни доимо кўз ўнгмга қўяр эди. Ибн Касир ад-Дамашқийнинг бу ҳикояси Ибн ал-Муборак ҳақидадир: «Ибн ал-Муборак бир сафар ҳаж қилиш учун йўлга чиққанда бир мамлакатнинг ичидан ўтди. Шунда ўзи билан олиб юрган қуши ўлиб қолди. У қушнинг ўлигини ўша жойдаги ахлатхонага ташлашни буюрди. Шериклари ундан олдин йўлга тушишди. Ибн ал-Муборак улардан ортда қолиб борди. Шунда ҳалиги ахлатхона ёнидан ўтаётса, ахлатхона яқинидаги ҳовлидан бир аёл чиқиб бояги ўлик қушни олди ва уни ўраб олиб, шошилиб уйига кириб кетди. Ибн ал-Муборак келиб у аёлдан бу ўлимтикни нега олганлигини сўраганда аёл: «Бу жойда ёлғиз мен ва акам яшаймиз. Бизнинг мана шу битта кийимдан бошқа ҳеч нарсамиз йўқ, ейишга овқатимиз ҳам йўқ. Мана шу ахлатга ташланган нарсалардан олиб еймиз. Бир неча кундан бери мана шу қушнинг ўлимтиги қўлимизга тушди. Отамиз молдор эди, унга зулм қилиб молини тортиб олишди ўзини эса ўлдиришди», деб жавоб берди. Сўнгра Ибн ал-Муборак юкларни қайтаришни буюрди ва вакилга айтди: «Қанча маблағимиз бор?» У деди: «Минг динор». Шунда Ибн ал-Муборак: «Ундан йигирма динорни олиб қол. Марвга қайтиб боришимизга етади, қолганини ана у аёлга бер. Бу ишимиз бу йил ҳаж қилишимиздан ҳам афзалроқдир», деди. Сўнгра ҳажга бормасдан Марвга қайтиб кетишди».
Ибн ал-Муборак худо йўлида чегара жойлардаги жангчиларга инфоқ қилиш билан бирга, ўзи билан Марвдан ҳажга борувчилар учун ҳам инфоқ қилар эди. Ҳаж зиёратини адо этиш учун Марвликлардан Ибн ал-Муборакка ҳамсафар бўлганларга қиладиган яхшиликлари ва ёрдамлари ҳақида ал-Хатиб ал-Боғдодий бизга шундай ҳикоя қилади: «Агар Ибн ал-Муборак ҳаж қилишга жазм қилса, биродарларига айтар эди: «Сизлардан ким бу йил ҳаж қилишни ният қилса, харажат учун нафақаларини келтириб берсин. Мен уларга харажат қилиб бераман». Сўнгра улардан нафақаларинии олар ва ҳар бир халта устига эгасининг исмини ёзиб қўяр эди. Уларга тўкин харажат қилиб, яхши уловлар бериб, барча енгилликлар яратиб, яхши муомала қилиб чиқар эди.
Ибн ал-Муборак катта дастурхонни бир туянинг устига юклаб юрар, унда эса гўшт ва ширинликлардан иборат ҳар хил егуликлар бўлар эди. У одамларни овқатлантириб, ўзи эса жазирама иссиқда рўзадор бўлар эди.
Улар ҳажларини тугатгандан кейин уларга: «Сизларни аҳлларингиз бирон совға олиб келишни айтишган эдими?» дер эди. Сўнгра уларнинг ҳар бирига Макка ва Яман совғаларидан олиб берар эди. Агар юртларига қайтсалар йўл давомида уларнинг уйларига одам юбориб, уйларини тузаттириб, таъмирлатар эди. Юртларига етиб келишгач зиёрат қилиб, уларни едириб-ичириб, сарполар кийдирар ва сандиқдан ўша халтачаларини чиқариб, ўз эгаларигатақсимлаб берар эди».
Юқорида зикр қилинганлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ибн ал-Муборакнинг бу дунёда қилган савдосини молу-мулк йиғиб жамлаш учун эмас, балки охират савдосида фойда қилиш учун қилар эди.

Камтаринлиги:
Ҳадис шарифда: «Кимки Аллоҳ таоло учун холисона камтаринлик қилса, уни Аллоҳ таоло мартабасини баланд қилур», дейилган.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло шундай дейди: «Дарҳақиқат мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир». Бўйин эгиш-ҳақиқатга эргашиш, итоат этиш ва бўсуниш демакдир.
Абу Саид ал-Худрий ривоят қиладилар: «Ҳақиқатан ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.) туяга емиш берар, оёқ кийимини ямар, хизматкори билан овқатланар, агар хизматкори чарчаса тегирмон тортар эди. Юкларини бозордан уйга орқалаб келишдан уялмас эди. Бой билан ҳам камбағал билан ҳам қўл бериб кўришар, бошлаб салом берар, чақирилган жойга беписандлик қилмасдан, арзимас хурмога ҳам таклиф қилинсалар, борар эдилар. Енгил овқатли, юмшоқ хулқли, улуғ табиатли, чиройли муомалали, очиқ юзли, табассумли, ўзини хор тутмаган ҳолда хокисор, исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда олийҳиммат, ҳар бир мусулмонга юмшоқ қалбли меҳрибон эди. Тўйиб овқат емаган ва тамаъ қилиб қўлини чўзмаган эди». Зикр қилинган оятлар ва ҳикматли ривоятлардан камтаринлик ва хокисорлик ислом таълимотларидан эканлигини кўрсатади. Шундай экан Ибн ал-Муборакнинг илмда ва оддий ҳаётда катаринликка интилганига ажабланмаса ҳам бўлади.
Ибн ал-Муборак илм ва зоҳидликла камтарин эди. Яҳё бин Яҳё ал-Андалусий Мадинаи Мунаввара имоми Молик бин Анас ҳузурида илмий мажлисга қатнашгани ҳақида ҳикоя қилади: «Бу мажлисга қатнашиш учун Ибн ал-Муборак рухсат сўраб киради. Шунда имом Молик ўрнидан сурилиб ёнидан жой беради. Шу пайтгача у бошқа бирон кимсага ўрнидан сурилиб жой бермаган эди. Ҳар вақтки бирон масала ўтса имом Молик Ибн ал-Муборакдан: «Бу масала тўғрисида нима фикр билдирасиз?» деб сўрар эди. Шунда Абдуллоҳ Ибн ал- Муборак унга секин-аста жавоб берар эди. Мажлисдан сўнг Ибн ал-Муборак туриб чиқиб кетди. Имом Молик у зотнинг одоби ва камтаринлигига ҳайратда қолди ва ўтирганларга: «Бу киши Ибн ал-Муборак – Хуросон элининг фақиҳидир», деди. Абу Али ар-Равзоийнинг қуйидаги сўзи Ибн ал Муборакнинг ҳамсафарларига иҳлоси, уларга хизматда садоқати ва камтарлигига далолат бўлади. У айтади: «Мен Ибн ал-Муборакка Макка йўлида ҳамсафар бўлдим. Саҳрога кирганимиздан кейин у менга: «Сен амр бўласанми ёки мен бўлайми?» деди. Мен6 «Сиз бўлинг», дедим. У: «Ундай бўлса сен қулоқ тутиб итоат этасан», деди ва халтани елкасига кўтариб олди. Мен Унга: «Қўйинг, мен кўтараман», дедим. У менга: «Мен амирми ёки сен?» деди. Мен: «Сиз амирсиз»Ю дедим. Бир кеча йўлда тунаб қолганимизда ёмғир қуйиб берди. Ибн ал-Муборак бир кийимни олиб, тонг отгунча менир ёмғирдан пана қилиб чиқди. Мен унга, сиз амир бўлинг дегандан кўра, ўлганимни афзал билдим. Биз манзилга етиб, ажралишаётганимизда, у менга: «Эй Абу Али, агар бирон инсон билан ҳамсафар бўлсанг, худди шундай бирга ҳамсафар бўлгин», дедилар.
Мана бу Ибн ал-Муборакнинг бутун вужудини қамраб олган етук камтаринлигидир, бу одамлар хизматига ихлос ва садоқатдир, бу Ибн ал-Муборак эгаллаган буюк илмдир. Бундай улуғ ҳислатлар уни одамларга яқинлаштиради ва уни одамлар ўртасида фозил ва машхур қилди. Ваҳолангки у ўзини ҳеч ким танимасдан, ҳар бир қилган яхшилиги яширин бўлишини хоҳларди. У Аллоҳ таоло учун камтаринлик, хокисорлик қилди, бас, Аллоҳ таоло уни борган жойида, яшаган ерида мартабасини кўтарди ва машҳур қилди. Ибн ал-Муборакка нисбатан одамлар қалбидан ўрин олган меҳр-муҳаббат ва у етган улуғ мартабасига ал-Хотиб ал-Бағдодий ва Ибн Халқон ва бошқаларнинг келтирган ҳикоялари ишора қилади. Ашъас бин Шуъба ал-Масисий айтади: «Ҳорун ар-Рашид Ринна шаҳрига келганда одамлар Абдуллоҳ Ибн ал-Муборакнинг орқасидан тўда-тўда бўлиб юрар, уларнинг йиртиқ оёқ кийимлари тагидан тўзон кўтарилар эди. Амирул-Мўминийннинг аёли буни кўриб, «Бу нима?» деб сўради. «Хуросон элининг олими Риннага келган, уни Абдуллоҳ Ибн ал-Муборак дейдилар», деб жавоб бердилар. Шунда Хоруннинг аёли: «Аллоҳга фасамки, бу подўоҳлар, одамларни миршаблар ва аъёнларнинг кучи билан тўплайдиган Ҳорун подшоҳ эмас», деди.
бўлсалар, Ибн ал-Муборак ва унга ўхшашлар илм, уламолар ва соғлом фикр эгаларидир.

ИБН АЛ-МУБОРАКНИНГ ПАРҲЕЗКОРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ ҲИКМАТЛИ СЎЗЛАРИ

Ибн ал-Муборакнинг ҳаёт ҳурсандчилигидан, мансаб орқасидан қувишдан ва мол-дунёдан кўнглини узишга ундайдиган ҳикматли сўзлари бор:
-Илмни дунё учун ўргандик, бас, у бизни дунёни тарк этишга йўллади.
- Дарҳақиқат уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир, агар улар таъмагир бўлсалар кимга эргашилади. Савдогарлар Аллоҳнинг омонатдорларидаир, агар улар хиёнат қилсалар кимга ишонилади, парҳезкор зоҳидлар ернинг подшоҳларидир, агар улар риёкор бўлсалар кимнинг изидан борилади, подшоҳлар халқнинг ғамхўрларидир, агар ғамхўр бўри бўладиган бўлса, халқни ким ҳимоя қилади?
- Пайғамбарликдан кейин илм тарқатишдан кўра афзалроқ нарсани билмайман.
- Аслзода – тоат ибодати туфайли Аллоҳ улуғ қилган кишидир. Пасткаш – гуноҳ ишлари туфайли Аллоҳ таоло қабиҳ қилган кишидир.
-Илм олишнинг аввали ниятдир, сўнгра Фаҳм, идрок қилиш, ёд олиш ва охири тарқатишдир.
- Гарчи бир киши юзта нарсадан парҳезкорлик қилса ва бир нарсадан парҳезкорлик қилмаса, парҳезкорлардан бўлмайди ва агар юзта нарсадан тақводорлик қилса ва бир нарсадан тақводорлик қилмаса, тақводор бўлмайди.
- Тўрт минг ҳадисдан тўрт сўз танлаб олинди: аёл кишига асло ишонма; молу-дунёга алданма; тоқат қилолмайдиган нарсани ошқозонингга тиқма; сенга фақат фода келтирадиган илмни ўрган.
- Агар икки киши сафарда ҳамроҳ бўлсалар, уларнинг бири икки ракат намоз ўқимоқчи бўлса-ю, шериги ўқимаганлиги сабабли тарк қилса, у риёкор бўлади ва ҳамроҳи учун ўқиса у ширк бўлади.
-Аллоҳ таоло учун холис дўст тополмаганлик чарчатганидек ҳеч нарса мени чарчатгани йўқ.
- Зуҳд – фақирликни севиш билан биргаликда Аллоҳ таолога ишонишдир.
- Агар бирон кишини ғийбат қиладиган бўлсам, ота-онамни ғийбат қилган бўлар эдим, чунки менинг савобларимни олишга ота-онам ҳақлидирлар.
- Кимки ҳаромдан бир пул олса ҳам, у ишончли киши эмас.
- Унга айтишди: «Мол камайди, энди одамларга силаи-раҳм қилишни камайтир». Шунда у деди: «Умр ҳам тугаяпти».
Абу Ваҳаб ал-Марвазий айтади: «Ибн ал-Муборакдан кибр тўғрисида сўрадим. У айтди: «Одамларни писанд қилмаслик». Ундан шуҳратпарастлик ҳақида сўрадим. У «Ўзингда бор нарсани сендан бошқаларда йўқ деб ўйлашинг». Деди.
Ибн ал-Муборак ал-Хасан ибн Урфага айтган экан: «Шомда бировнинг қаламини вақтинча олиб ишлатиб турган эдим. Эгасига қайтариб бериш ёдимдан чиқибди. Марвга келиб қарасам, қалам ёнимда экан. Қаламни эгасига қайтариш учун Шомга қайтиб бордим».
Мусулмонлар ва уламолар ўртасида Ибн ал-Муборакнинг зоҳидлиги машҳур бўлганлиги учун ислом уламолари Ибн ал-Муборакдан кейин баъзи тақводор, тарки дунё қилган сўфиларни унга ўхшатар эдилар. Абу Абдуллоҳ аз-Заҳабий айтади: «Ўшанда Имом Абу ал-Хасан Муҳаммад бин Ислом ат-Тусий ал-Муснад соҳиби вафот этди. У киши ўз вақтида Ибн ал-Муборакка ўхшар эди».
Ибн ал-Муборакнинг тақводорлик, зоҳидлик, олийҳимматлик, олимлик, саҳийлик, камтарликлардан иборат исломий шахсияти ва ўзлигига назар соладиган бўлсак, мусулмонларга ва бошқаларга суюкли эди. Ал-Хасан бин Исо ал-Морсарж Асий Ибн ал-Муборакнинг қўлида исломга кирган биринчи насронийлардан эди. Ибн ал-Муборак унга ҳомийлик қилган деб ҳисоблайдилар.
Мана шу ўринда Абдуллоҳ Ибн ал-Муборак ал-Марвазийнинг исми Абу Наъийм ал-Асбаҳонийнинг «Ҳумиятул Авлиё» китобида ва Абдул Ваҳҳоб аш-Шаъронийнинг «Табақатул Кубро» китобида келтирилганини зикр қилишга лойиқ. Яъни Абу Наийм ал-Асбаҳоний ва аш-Шеъроний икковлари ҳам Ибн ал-Муборакнинг тасаввуфийлан ва авлиёлар жумласидан, деб ҳисоблайдилар. Ал-Ёфаъий «Миръотал жинон» китобида ва Ибн ал-Аммод ал-Ханбамий «Шазараз Заҳаб» китобида Ибн ад-Муборакнинг буюк мартаба, шону-шуҳратидан сўнг танхоликни ихтиёр этиб, чўлу-биёбонларда саёҳат қилиб юриб, ёлғизликда вафот қилганини зикр қиладилар. Ибн ал-Муборак одамлар билан кам мулоқотни ва танҳо яшашни афзал кўрадиган дарвеш сўфийлардек бўлиб вафот этган.
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, ҳақиқатан ҳам зоҳидлик холис инсоний интилиш, ўзига хос фазилат-бўлиб, масиҳий роҳиблик, ҳиндий будпарастликлардан таъсирланган эмас.
Ибн ал-Муборакнинг ҳикматли сўзлари мўмин кишини мол-дунёдан юз ўгиришга ундайди, унга охиратни севдиради, иҳлосни, вафони, омонатдорликни тарғиб қилади ва такаббурликдан, шуҳратпарастликдан узоқ бўлишни, камбағалларга нисбатан камтарин бўлишни, фосиқ, пасткаш бойларга нисбатан кибрли бўлишни ўргатади.

Исмоил Райҳон ўғли араб тилидан таржима қилди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ndash Муҳтарам муфтий ҳазратлари Турғунлик йилларининг жамиятимизга етказган иқтисодий ва маънавий зарарлари тобора кўпроқ ойдинлашмоқда. Бу зарарларнинг давоми...

1162 17:25 / 26 апрель
Носиржон қори домла роҳимаҳуллоҳ 1906 йил Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, Қўқон кўчасида, Юсуфжон қори хонадонларида таваллуд топди.Отаси Юсуфжон қори ва бобоси давоми...

2092 14:00 / 26.03.2022
Қуръон қайси қори томонидан ўқилаётган бўлса ҳам, уни тинглаётган мусулмон киши .Мен гапираётган Аллоҳни эшитяпман, деб тасаввур қилиши ва ўқиётган қорини давоми...

3003 12:00 / 18.02.2022
Абу Исҳоқ Саълабий раҳимаҳуллоҳ айтадилар .Мен баъзи китобларда Луқмони Ҳаким ҳақларида ушбу ҳикояни ўқидим .У киши ўғилларига .Эй ўғилчам, албатта, у давоми...

1969 10:00 / 24.12.2022
Аудиолар

135327 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7490 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55577 14:35 / 11.08.2021