1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари

12:00 / 12.08.2019 3080 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Пайғамбарлар келиши бир муддат тўхтаб қолгач, Ийсо алайҳиссалом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари орасида инсоният жуда катта бошвоқсизликка ва зоеликка юз тутди. Сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари бошланди. Ўзидан олдин ўтган барча пайғамбарларнинг таълимотларини ўзида жамловчи, уларнинг тугалловчиси бўлган бу пайғамбарлик ўзидан олдин ўтган барча рисолат ва шариатларни насх – бекор қилди. Шу билан бирга, бу пайғамбарлик башариятнинг барчаси учун умумий эди.

Аллоҳ таоло Сабаъ сурасида марҳамат қилади:

«Сени барча одамларга фақат хушхабарчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар» (28-оят).

Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломнинг пайғамбарликлари барча замонлар ва маконлар учун баробар эди. Шу боис бу пайғамбарликнинг соҳиби ҳам олий даражада бўлмоғи, ана шу буюк рисолатни, омонатни кўтаришга қодир бўлиши керак бўларди. Шунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотга хос ажралиб турадиган сифатларни ихтиёр қилди.

Аллоҳ таоло яратган бандалари ичида энг афзали, пайғамбарларнинг охиргиси ва мукаммали бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари барча инсоният учун ўрнак эканига, шунингдек, Аллоҳ таолонинг инояти ила йўғрилган ушбу муборак ҳаётнинг ҳар бир лаҳзаси ўта аниқлик ва диққат билан ўрганилганига ҳам заррача шубҳа йўқ.

Ҳа, бу улуғ ҳаёт қанчалик диққат билан ўрганилса, шунчалик яхши.

Чунки бу ҳаёт Одам Атонинг пуштидалигидан то охирги лаҳзасигача Аллоҳ таолонинг алоҳида иноятига сазовор бўлган бир ҳаётдир!

Чунки у энг афзал банданинг, энг сўнгги ва энг маҳбуб Пайғамбарнинг муборак ҳаётидир.

Чунки бу ҳаётнинг салкам йигирма уч йили осмон билан ернинг, яъни Роббул оламин билан оламларнинг бевосита боғланишига сабаб бўлган ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт унинг соҳиби илоҳий дастур асосида тўлақонли ва ер юзида жонли Қуръон бўлиб яшаган ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт барча учун гўзал ўрнак манбаи, мўмин-мусулмонлар учун илҳом чашмаси бўлган ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт уни диққат билан ўрганиб, ундан ўрнак олиб, эргашиб яшаган кишилар учун жаннат йўлига етакловчи ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт осмонлар малакутига кўтарилган, ҳар лаҳзаси Аллоҳ таолонинг ваҳийси ила йўлга солинган ва фаришталар ҳам ҳавас қилган ҳаётдир.

Шу билан бирга, бу ҳаёт ер воқелигидан ажраб қолмаган, оддий инсонлик табиатидан мутлақо четламаган, оддий ота-онадан туғилиб ўсган камтар бир банданинг ҳаётидир.

Қолаверса, бу ҳаёт дунёдаги барча эзгу фазилатларни ўзида мужассамлаштирган, барча разолатлардан йироқ зотнинг ҳаёти экани билан диққатга моликдир.

Чунки бу ҳаёт Аллоҳ таолонинг Ўзи томонидан етарли даражада мақталган ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт ошиқлари ишқида ёниб, уни диққат билан ўрганган ва ундан имкони борича ўрнак олган ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт унинг душманлари камчилик топа олмай доғда қолган, унга туҳмат қилиб шарманда бўлган ва охири унинг буюклигига тан берган ҳаётдир.

Ана шундай васфига сўз ожиз ҳаётни ўрганишда, унга эргашишда бу муборак ҳаётнинг ҳамаср­лари бўлмиш саҳобаи киромлар дунё халқларига намуна бўлганлар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини ўта синчковлик ва диққат билан ўрганиб борганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, у зот томонларидан содир этилган ҳар бир ҳаракату сакинат (ҳаракатсизлик) саҳобаи киромларнинг диққат-эътиборида бўлган.

Саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси ҳақидаги ўзлари билган ишончли маълумотларни тобеъинларга омонат ила ўргатганлар. Ўз навбатида, тобеъин­лар бу маълумотларни ўзларидан кейинги мусулмонлар авлоди – табаъа тобеъинларга қолдирганлар.

Аста-секин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганадиган илм ва бу илмнинг кўзга кўринган уламолари юзага чиқа бошлаган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганишга бағишланган илмга ­«Ас-сийратун-набавийя», бу илмда мутахассис бўлган олимларга эса «Сийрат уламолари» номи берилган.

«Сийрат» сўзини араб тилидан таржима қиладиган бўлсак, «бир инсон ҳаётининг тарихи, ҳаёт йўли», таъбир жоиз бўлса, «таржимаи ҳол» иборасига тўғри келади. Бинобарин, истилоҳда «Сийрат Пайғамбаримиз соллал­лоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг тарихи, у зотнинг таржимаи ҳоллари», дея оламиз.

Бу борада сўз юритар эканмиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари (тарихи, баёни) бу дунё­да ўтган барча пайғамбар алайҳиссаломларнинг сийратларига нисбатан энг тўғриси, энг мукаммали ва энг ишончлисидир. Инсоният тарихидаги ҳеч бир пайғамбарнинг ҳаёти илоҳий китобда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларичалик ёритилмаган. Ҳеч бир пайғамбар ҳақида у зотнинг ҳаётлари ҳақида саҳобалар қилган ривоятларчалик узлуксиз ривоятлар келмаган. Бошқа пайғамбарларнинг сийратларида аниқланмаган, узилиб қолган ҳалқалар жуда кўп.

«Ислом тарихи» биринчи китоб

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
АРАБИСТОН. Бу Исломнинг бешиги. Ислом пайғамбари шу ерда таваллуд топдилар, у зот араб тилида сўзлашардилар ва у кишининг таълимотлари арабларга қарата ёзилган давоми...

5004 05:00 / 24.02.2017
иккинчи мақола 6. Хос ҳолатларни умумлаштириш тарихчиларнинг энг катта хатоларидандир. .Шумбола, асарида Ғофир Ғулом воқеликни ёзганини иддао қилади. Биз уни давоми...

2348 11:00 / 31.08.2023
.Жазоирда араб халқини ташкил этадиганмусулмонлар яшайди. Кимдаким ушбухалқни ўз илдизини йўқотганёки ўлиб битган халқ деса, ёлғон айтади,.Имом Абдулҳамид ибн давоми...

2004 10:31 / 07.11.2021
Мусулмонлар қайтиб кетгач, улар аҳдларидан қайтиб, яна йўлтўсарлик билан машғул бўлишди. Улар мусулмонларни ўлдиришар ва экинларини пайхон қилишар эди. давоми...

7272 19:00 / 13.12.2020
Аудиолар

137643 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57711 14:35 / 11.08.2021