1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Салб юришларининг асл мақсади нима эди?

09:06 / 12.09.2023 2100 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умуминсониятга мисли кўрилмаган зарарларни етказиб, оламшумул жиноятларни содир этган уруш инсоният тарихида салб юришлари номи билан қолган. Бу даврда улкан жиноятлар амалга оширилган. Ушбу сўз бизнинг тилимизда «салб юришлари» истилоҳи эса бошқа тиллардан таржима бўлиб кирган. «Салб» арабча «солийб» – хоч сўзидан олинган бўлса, «юриш» русча «поход» сўзидан олинган. Зотан бу тарихий ҳодисани араблар «ал-Ҳуруб ас-Солийбия» – хоч урушлари, руслар эса «крестовые походы» - хоч ҳарбий юришлари деб аташади. Бизнингча бу бирикманинг ўзбекча таржимаси маънони ювошроқ чиқишига сабаб бўлган. Аслида эса бу урушларда заррача ювошлик йўқ бўлган. Бу урушлар мусулмон умматини аёвзиш қириб битириш ниятида қилинган урушлардир. Салб юришлари оз эмас, кўп эмас роппа роса икки аср, мусулмон умматининг бугунгача кўрган умрининг еттидан бирича муддат давом этди. Бу ҳазил иш эмас. Шунинг учун бунинг тарихини яхшилаб ўрганиш керак.


Салб юришларининг сабаблари ҳақида турли фикрлар билдирилади. Унинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа сабаблари ҳақида жуда кўп гапирилади. 


Бизнинг фикримизча, «салб юришлари» деган номни олган бу қонхўрликларнинг асосий сабаби диний сабабдир. Унинг исми диний – салб юришлари, бошловчиси диний – папа Урбан иккинчи, раҳнамоси диний – черков, иштирокчилари диний – «савоб» умидида ҳалок бўлишга тайёр мутаассиб диндорлар. Яна нима керак?!  


Ушбу мақолада бу мавзуни баён қилишни европаликларнинг ўзларига қўямиз. Тарих фанлари доктори, профессор Иван Кривушиннинг ёзганларини келтирамиз. 


«Салб юришлари (1095-1270) - европаликларнинг 11-13 асрлар охиридаги Яқин Шарқ (Фаластин, Сурия, Миср, Тунис) томон ҳарбий-мустамлака юришлари бўлиб, зиёрат шаклида Муқаддас Замин (Фаластин) ва (Қуддусдаги) Роббнинг мақбарасини ғайридинлар (мусулмонлар)дан озод қилиш мақсадида олиб борилган юришлардир. Фаластинга йўл олган юриш иштирокчилари кўкракларига қизил ҳочларни тикиб олишган, қайтишда эса орқаларига тикишган, шундан «салбчилар» атамаси келиб чиққан.


Салб юришларининг сабаблари. 


Салб юришларининг асосида уларнинг иштирокчилари ҳар доим ҳам англаб етмаган демографик, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, диний ва руҳий сабаблар мажмуаси ётади. 


Ғарбий Европада 11 асрда бошланган демографик ўсиш ресурсларнинг, биринчи навбатда, ишлаб чиқариш воситаси сифатида ернинг чекланишига (меҳнат самарадорлиги ва ҳосилдорликнинг тушиб кетишига) олиб келди. Демографик босим товар-моддий муносабатларнинг ривожланиши муносабати билан кескинлашиб кетди, бу инсонни бозор конюктурасига тобелигини ошириб, унинг иқтисодий мавқеини янада беқарорлашувига олиб келди. Аҳоли сони хўжалик юритишнинг ўрта аср тизими доирасида таъминот қилиб бўлмайдиган даражада ортиб кетди: бу феодалларнинг кичик ўғиллари (қатор мамлакатларда майорат ҳуқуқи ҳукмрон эди – отанинг ер мулки тўнғич ўғилларга мерос қоларди), қашшоқлашиб қолган рицарлар, майда ва еридан маҳрум қилинган деҳқонлар ҳисобига юз берди. Ж. Ле Гоффнинг сўзларига кўра, «салб юришлари Ғарбнинг ортиқча аҳолидан халос бўлиш воситаси сифатида қабул қилинган». Тафаккурдан мустаҳкам ўрин олган Шарқнинг битмас-туганмас бойликлари тўғрисидаги тасаввур, унумдор ерлар ва хазиналарни (олтин, кумуш, қимматбаҳо тошлар, тароватли матолар) эгаллаш иштиёқини кучайтирган.


Венеция, Генуия Пиза каби итальян савдо шаҳарлари учун Шарқни эгаллаш араблар билан Ўрта Ер денгизи ҳукумронлиги йўлидаги курашнинг давоми эди. Салб ҳаракатининг улар томонидан қўллаб-қувватланишини Левант қирғоқларига мустаҳкам ўрнашиш ва Месопотамия, Арабистон ва Ҳиндистон томон асосий савдо йўлларини назоратга олиш иштиёқи билан изоҳлаш мумкин.


Демографик босим сиёсий кескинликнинг ошишига ҳам олиб келди. Ички низолар, феодаллар уруши, деҳқонлар исёнлари Европа ҳаётининг доимий меъёрига айланди. Салб юришлари феодаллик жамиятидаги аладийда гуруҳларининг тажовузкор энергиясини «ғайридин»ларга қарши адолатли урушга йўналтириш ва бу орқали христиан дунёсининг жипслашувини таъминлаш имконини ҳам берар эди. 


1080 йиллар охири – 1090 йиллар бошидаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий қийинчиликлар, биринчи навбатда Германия, Рейн дарёси ёқалари ва Шарқий Франция ҳудудларига ёпирилган табиий офатлар (қаҳратон қиш, сув тошқинлари) ва эпидемиялар (энг аввало «безгак» ва ўлат) гирдоби билан қоришиб кетди. Бу эса ўртааср жамоатчилигининг барча бўғинларида диний ҳис-ҳаяжонга берилиш, таркидунёчилик, зоҳидлик каби оқимларнинг кенг тарқалиб кетишига олиб келди. Гуноҳларни ювиш ва абадий ҳаловат топиш учун диний жасорат ва ўзини қурбон қилиш эҳтиёжи Роббнинг мақбарасини озод қилиш учун Муқаддас Замин сари салб юришида ўз аксини топди.


Шарқ бойликларига эгалик қилишга интилиш ва абадий ҳаловат топиш умиди руҳий томондан европаликларга хос бўлган дарбадарлик ва саргузаштлар иштиёқи билан қоришиб кетади. Номаълум ва мавҳум томонларга саёҳат одатдаги бир хил ҳаёт тарзини тарк этиш ҳамда у билан боғлиқ кулфат ва ташвишлардан фориғ бўлиш имконини берар эди. Нариги дунё ҳаловатини кутиш ернинг ўзида жаннат излаш билан қоришиқ тарзда кеча бошлади. 


Салб ҳаракатининг ташаббускори ва бош ташкилотчиси папалик ҳукумронлиги бўлиб, 11 асрнинг иккинчи ярмига келиб у ўзининг мавқеини анча мустаҳкамлаб олган эди. Клюний ҳаракати (қаранг. Клюний католиги) ва Григорий VII (1073–1085) ислоҳотлари натижасида католик черковининг обрўси сезиларли даражада ошиб кетди ва у яна ғарбий-христиан оламининг етакчилиги ролига давогарлик қилиши мумкин эди. 


«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7619-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақола Биринчи шифохона умавийлар сулоласининг вакили Валид ибн Абдулмаликнинг даврида, 707 милодий йилда қурилган. Унинг барча сарфҳаражатларини давоми...

1644 16:00 / 05.05.2023
Улар учинчи марта ҳам учрашишди. Черков ўз душманларини кечирмасди. Ломке инквизиция судига берилди. Ўзи нутқ сўзлаган майдонда уни худодан қайтган шаккок давоми...

2451 11:00 / 24.11.2020
Дунё бўйлаб кунига ўртача ҳисобда бир ярим миллиарддан ортиқ финжон қаҳва истеъмол қилинар экан. Бу миқдор эса салкам уч юз минг Олимпия сузиш ҳавзасини тўлдириш давоми...

2070 11:40 / 11.09.2021
Мусулмон давлатида яшаётган иймонли мўминлар Аллоҳнинг ер юзидаги халифалари ҳисобланадилар. Улар ер юзида адолат ўрнатиш, зулмни кўтариш, ҳамма ёқда ҳуррият давоми...

2465 17:05 / 03.12.2019
Аудиолар

135088 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55366 14:35 / 11.08.2021