1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Мавлид ҳақида ўйлар (учинчи мақола)

09:10 / 01.10.2021 4575 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мавлид воситадир, мақсад эмас
Шаръий насс – ҳужжат бўладиган матн билан талаб қилинган, тарғиб қилинган фарз, вожиб, суннат амаллар асл мақсад ҳисобланади. Бундай амалларни шариатда қандай кўрсатилган бўлса, шундайлигича бажариш шарт, ҳеч кимнинг ўзича бирор нарсани ўзгартиришга ҳаққи йўқ. Агар ўзгартирилса, энг камида бидъат иш бўлади. Аммо шариатда ўзи талаб қилинмаган, бироқ шариат талаб қилган ишга олиб борадиган, восита бўлган омиллар ўзгариб туриши мумкин. Масалан, ҳажни бажариш фарз, аммо ҳажга нимада бориш белгилаб қўйилмаган. Олдингилар улов ҳайвонларда, қайиқларда боришган бўлса, бугун машина ва самолётларда ҳам борилади. Ҳеч ким воситаларнинг ўзгаришини шариатга хилоф деб билмайди, балки буни шаръий зарурат дейиш мумкин. 

Мавлид ҳам бир восита, ундан кўзланган мақсадлар бор. Аммо мавлиднинг ўзи асл мақсад эмас. Олдинги улуғларимиз ўз замонлари, юрталаридаги вазиятдан келиб чиқиб, ўша мақсадларга эришишга ҳаракат қилишган. Бугун эса шароитлар ўзгарган. Бинобарин, биз ҳам мавлидни бугунги кунимиз, ижтимоий илмий ҳолатимиз ва бошқа жиҳатларни эътиборга олган ҳолда ўтказиб, мавлиддан кўзланган мақсадларни рўёбга чиқаришга эришишимиз лозим. Бу ўринда биз суратдаги анъанавийликни эмас, маънодаги анъанавийликни ушлашимиз даркор.

Мавлиддан кўзланган мақсадлар
Мавлид маросимларини ташкил қилишдан асосан қуйдаги мақсадлар кўзда тутилган:

1.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келганликларининг шодлигини, суюнчисини изҳор қилиш. Ҳа, бу таваллуд ойддий таваллуд эмас эди. Бу таваллуддан олдинги самовий китоблар башорат берган эди. Ушбу таваллуднинг аҳамиятининг инъикоси ўлароқ, бу муборак соатда дунёда кўплаб ғайри оддий ишлар содир бўлган эди. Бутун борлиқ учун раҳмат келган эди, ҳидоят таваллуд топган эди. 

2.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини балоғатли, фасоҳатли сўзлар билан, енгил, оммабоп услубда кўпчилиикка етказиш. Шу боис, мавлид асарлари кўпроқ шеърий, бадиий услубда ёзилган. Чунки шеърда, бадиий услубда ўзгача таъсир бор. Шу билан бирга, сийратни ўрганишга қаратилган мавлид асарларида мавзуни қисқача, оммабоп шаклда беришга ҳам ҳаракат қилинган.

3.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биргаликда ва кўпроқ саловат айтиш. Шунинг учун ҳам мавлид асарларида ҳар ўринда саловат айтиш ўргатилади. Саловатнинг фазилати эса чексиз. 

Аллоҳ таоло сиз билан биз мўмин мусулмонларни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтишга буюради: «Албатта Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловат айтади. Ҳой иймон келтирганлар! Сизлар ҳам у зотга саловат айтинг ва бардавом салом йўлланг». (Аҳзоб сураси, 56 оят.) 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга битта саловат айтса, Аллоҳ унга ўнта саловат айтади, унинг ўнта гуноҳини ўчиради», деганлар. Бу ҳақда келган ҳадислар жуда ҳам кўп.

4.    Халқни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилишга ўргатиш, уларнинг қалбларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилиш руҳини улашиш, дилларида шу туйғуни уйғотиш, кучайтириш, у зотга бўлган севгини қайраш, сайқаллаш. 

Шундай илмлар ва малакалар борки, уларни саҳифалардан топиб бўлмайди, улар фақат қалбдан қалбга кўчади, дейди уламолар. Муҳаббат ҳам ана шундай илмлардан, туйғулардан ҳисобланади. Аллоҳга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли кишилар билан бирга бўлсангиз, сизнинг ҳам қалбингизга шу муҳаббат тушади, қайралади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифларда солиҳлар билан бирга ўтириш тарғиб қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат вужудларига сиғмай кетган, у зотга бўлган шавқлари жўш уриб турган зотларнинг суҳбатларида бўлиш, хусусан ана шундай юксак мақомга чиққан ҳолатларида ҳамнафас бўлиш ҳар қандай қалби очиқ, нияти пок инсонга жуда ҳам юқори руҳий қувват бахш этади. Мавлид маросимларида пешво бўлган зотларнинг кўпларида мана шу хислатлар мужассам бўлган. Уларнинг йиғинларига қатнашган кишилар жуда ҳам кўп баҳралар билан қайтганлар.

Мавлид маросимларида қилинадиган суҳбатлар, ўқиладиган асарлар, айтиладиган наътлар ҳам айнан шу мақсадни рўёбга чиқаришга хизмат қилган ва шундай бўлиши лозим. Мавлидда қатнашган кишиларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида билимлари кенгайсин, у зотни яхшироқ танисин, бир сўз билан айтганда, мавлиддан кейинги ҳолатлари олдингисидан яхшироқ, юқорироқ бўлсин.

5.    Кишиларни, хусусан, ёш авлодни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли қилиб тарбиялаш.

Мавлид маросимлари ёш болаларда ҳам катта қизиқиш уйғотган. Ушбу йиғинларда ўзларининг ота оналари, катталарини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли ҳолда кўриш ёшларда катта таассурот қолдиради. Хусусан, ушбу мажлисдаги зикрлар, саловатлар, суҳбатлар барча қатнашувчилар қатори ёшларнинг ҳам қалбида севикли Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббат уйғотган. Қолаверса, мавлид маросимларида болаларга совға улашиш, уларга бу куннинг аҳамиятини уқтириш ишлари ҳам уларнинг онгларида чуқур из қолдирган.

6.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишни жонлантириш. Бу олдинги мақсадга узвий боғлиқ. Чунки инсон бирор ким ҳақида яхши гапларни тингласа, унинг фазилатларини билса, қалбида унга нисбатан муҳаббат уйғонади, уни яхши кўриб қолади. Бориб бориб унга тақлид қилишга, эргашишга ошиқадиган бўлади.

7.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатида ёнган ошиқ қалбларга бир юпанч ва таскин бўлиши учун. Мавлид маросимларида кўпинча шундай кишилар иштирок этар ва ушбу мажлисда ташналикларини бироз қондирар эдилар. Улар ўзларининг Маҳбубларини ёдга олиб, шавқу завққа тўлиб тошардилар.

8.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга умматлик аҳдини эсга солиш, янгилаш мазмуни. Мавлид маросимида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ эслаш орқали у зотга умматлик туйғусини руҳиятимизда янгилаш билан у зотга умматлик аҳдини ҳам хотирлаш бўлади.

9.    Мавлид шодиёнасига бева бечораларга, мўмин мусулмонларга таом улашиш. Мавлид маросимларида қатнашчиларга зиёфат уюштириш, бечораҳоллардан хабар олиш мавлид маросимларининг белгиларидан бирига айланган.

Мавлидни нишонлашдан кўзланган мақсдалардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари шодлигини изҳор этиш экан. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари ҳам айнан шу ойда бўлган ку. Бўлмаса, у зотнинг вафотларини ҳам эсга олайлик. Нега энди у зотнинг таваллудларининг шодлигини изҳор этамиз у, вафотларига мотам тутмаймиз?! Нега энди у зот вафот этган ойда хурсандчилик нимойиш этамиз?

Бу ҳам мавлидга қарши бўлган кишилар билдирадиган эътирозлардан биридир. Бу илмий тил билан айтганда, «қиёси маъал фориқ» – фарқли нарсаларни қиёслаш ҳисобланади. Яъни бу ерда шариат икки хил муносабат билдирган ишларни бир бирига қиёслаш бор.

Ислом шариатида таваллуд туфайли шодлик изҳор этиш, хайру эҳсон қилиш, ақиқа маросими ўтказиш Шориъ томонидан жорий қилинган. Аммо шариатда азани изҳор қилиш, мотам туфайли хайру эҳсон ёки бирор махсус йиғин қилиш жорий этилмаган. Ушбу шаръий мезонга кўра, бу ойни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойлари ўлароқ нишонлаш мумкин, аммо вафот ойлари сифатида аза ойи қилиш жоиз эмас. Шунинг учун ҳам бутун Ислом уммати бу ойни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «таваллуд ойлари», «мавлид ойи» деб атаб келган. Ҳеч ким уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «вафот ойлари» деб номламаган. 

Мавлид ҳақидаги хилофларни бартараф этса бўладими?

Умуман олганда, мавлид қилиш ҳақидаги хилоф асосан қуйидаги нуқталарда акс этади:

1.    Мавлидни ийд – ҳайит қилиб олиш. Исломда иккита ийд бор. Унга бошқа яна диний байрам қўшиш айни бидъатдир. Шу боис, мавлид кунини ҳайит байрамлари каби нишонлашга ўтиб кетмаслик керак.

2.    Мавлидни Шореъ жорий қилган амал даражасида кўриш. Мавлидни танқид қилган кишилар мавлидни бидъат дейишганда унга шаръий амал тусини берилишини назарда тутадилар ва ҳар бир бидъат залолат эканини таъкидлайдилар. Агар мавлидга бевосита шариат кўрстаган амал деб эмас, балки шариат мақсадларига хизмат қиладиган тадбир сифатида қаралса, мазкур хилофга ўрин қолмайди. Бунда мавлид бугунги кундаги илмий амалий анжуманлар қаторидан ўрин олади. Кўпчилик замонмиз улаомларнинг фикрларига кўра, мавлид аслида ҳам ўзи шундай маросим бўлиб келган.

3.    Мавлид учун маълум бир кунни – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд кунлари ҳамда ойларини хослаш. Айнан шу нарса мавлидни шаръий амал даражасига олиб чиқиш бўлади ва бу эса бидъат саналади, дейишади мухолифлар. Агар мавлидни бир кунга ёки ойга хосламай, бошқа бир вақтда ҳам ўтказиб турилса, бу хилоф ҳам бартараф бўлади. Мисол учун, бизда олдинда уламоларимиз рабиулаввал ойидан бошлаб тўрт ой – рабиуссоний, жумодулаввал ва жумодуссоний ойларини мавлид ойи қилиб олишган эди. Биз яқин яқинларгача Андижон халқида шундай тушунча бор бўлганлигини яхши биламиз. Бунга ушбу ойларнинг бошқа ойлардан фарқли ўлароқ диний байрам ва махсус ибодатлардан холи бўлгани сабаб бўлганми ёки мазкур қараш туртки бўлганми, бизга номаълум. Ҳар қалай, халқимиз ўртасида шу тўрт ойни мавлид маросими ўтказиш учун ажратилгани алоҳида эътиборга сазовордир. Чунки одатда бу каби ишлар омма тарафидан эмас, айнан уламолар томонидан йўлга қўйилади. Шунга кўра, йилнинг бошқа ойларида ҳам мавлид маросимига ўхшаш сийрат анжуманлари ташкил қилиб турилса, бу ишни маълум кун ёки ойга хослашга қарши бўлаётганларнинг эътирозларига ҳам ўрин қолмайди. 

Аммо кўпчилик уламолар (ҳозирги кундаги «Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги», «Ёнғин хавсизлиги ойлиги» каби тадбир сифатида) бир ойни маълум бир маънодаги тадбир учун қулай фурсат деб билиб, уни ўша ойда ўтказишга, модомики, буни диний мажбурият деб қабул қилиниши хавфи бўлмаса, монеълик йўқ, дейдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини таништириш учун энг қулай ва муносиб ой мавлид ойи бўлишида шубҳа йўқ. 

4.    Мавлид маросимларида бидъат хурофотлар, олди қочди гаплар, тўқима ва туҳмат маълумотлар айтилади, дейишади. Бу олдингиларидан ҳам кўра ечими осон бўлган муаммо. Чунки мавлид маросимлари йирик уламолар томонларидан ўтказилган пайтларда ва жойларда раддияда назарда тутилган ношаръий ҳаракатлар бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Бир амалнинг таркибида бўлмаган, унга четдан қўшилган ношаръий ишларга қараб мазкур амал ҳақида ҳукм чиқарилмайди. Бинобарин, бу ердаги раддия ҳеч қандай аҳамият касб этмайди.

5.    Мавлид маросимларида жоҳил одамлар турли мусиқалар билан ашула айтиб, хуморбости қилишлари, шодлик изҳор қиламиз деб, ўйин кулгига берилиш ҳолатлари, эркак аёлларнинг аралашиши ҳам борки, буни ҳеч қачон оқлаб бўлмайди, дейишади. Бу бизнинг диёрларга тамоман ёт ҳолат. Бизда ҳеч қаерда бундай мавлид маросими бўлмаган. Тўғри, айрим жойларда жоҳил инсонлар, ўзларини тасаввуфга нисбат берган фосиқлар бундай номақбул ишларни қилган бўлишлари мумкин. Аммо қандайдир бетайинларнинг ҳатти ҳаракатини рўкач қилиб, номланиши бир хил бўлгани учун мавлидни қоралаш инсофдан бўлмайди. Шу билан бирга, билиб қўйишмиз керакки, агар шаръий меъёрларни маҳкам тутилмаса, ҳар қаерда ҳам бундай номақбул ишларга ўтиб кетилиши ҳеч гап эмас.

Биздаги мавлид маросимларидаги устунликлар

Агар разм солиб қаралса, юртимиздаги ўтган уламоларимизнинг мавлидни жуда ҳам яхши тарзда, шаръий асосда йўлга қўйганларини кўриш мумкин.

1.    Бизда мавлид кунини ҳайит каби байрам қилиб олинмаган. Кўпчилик қарши томоннинг фикри айни шу нуқтага қаратилган. 

2.    Мавлид кунини хосламай, шу ойни, баъзи жойларда кейинги уч ойни ҳам ушбу йиғин учун муносиб деб билишган. Бу ҳақда юқорида батафсил тўхталиб ўтдик.

3.    Мавлид йиғинларида ҳеч қандай ношаръий иш йўқ. Аёллар аралишиши, беҳуда ўйин кулги, мадҳда ҳаддан ошиш ва бошқа танқидга учраган ишларнинг бирортаси биздаги мавлид йиғинларида йўқ. Айрим жойларда бу каби ҳолатлар бўлган. Баъзи бир ўзини тасаввуф аҳли деб таништирган жоҳиллар ана шундай ношаръий ишларни қилишган, натижада мавлид ҳақидаги қарашларнинг ўзгаришига, мавлид амалининг қораланишига сабаб бўлишган.

4.    Мавлид асарини танлашда энг муътабар асарлар танланган. Заиф, ортиқча муболағали гапларга училмаган. Мисол учун, Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Мавлид»ини олайлик. Аввало муаллифнинг ўзи илм, тақво ва зуҳдда юксак одам бўлган. Ўз даврида Мадинада шофеъийларнинг қозиси бўлган. «Саҳиҳи Бухорий»дан Мадина Ҳарамида дарс берган. Шу боис, асарга ҳам асосан илмий қийматга эга маълумотларни киритган. 

5.    Мавлид маросимларига ҳеч қандай мусиқа аралашмаган. Кўп жойларда мавлид маросимларида шариат доирасидаги куйлар билан нашида айтиш, дўмбира чалиб, мавлидни эълон қилиш каби ҳолатлар бор. Бунга баъзи уламолар рухсат беришган. Бу ишни шаръан дуруст бўлган даражада амалга оширишга шаръий далиллар топилса да, юртимиз уламолари эҳтиётан бунга ҳам йўл қўйишмаган. Чунки бунга йўл очилса, шаръий чегараларни аниқлаш ва уларга қатъий риоя қилишни ушлаш жуда ҳам мушкул иш. Айниқса, омма халқ буни эплай олмайди. Яхшиси, «саддуз зароиъ» – «ёмонликнинг олдини олиш» қоидасига кўра, мусиқа аралштирмаслик керак, деган фикрда бўлганлар. Чунки мусиқа кўпинча кишини ғафлатга бошлайди, енгилтакликка олиб боради, бориб бориб, одамлар шариатда ҳаром қилинган мусиқаларга ўтиб кетади, дейишган.

Биздаги мавлид маросимларидаги мазкур хусусиятларни тааммул қилар эканмиз, ўтган уламоларимизнинг нақадар илму тақвода мустаҳкам, шариат ҳудудларини қаттиқ тутган буюк инсонлар бўлганининг яна бир бор гувоҳи бўламиз, ҳақларига таҳсин айтамиз. Аллоҳ ўтган барча азизларимизни Ўз раҳматига олсин! 

Мавлид маросими қандай ўтказилиши керак?

Маълумки, ўрта асрларда Ислом оламида тасаввуф катта ўрин тутган. Мавлид маросимларига кўпроқ тасаввуф уламолари бош бўлишган. Унга асосан қалблари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатлари билан тўлиб-тошган, у зотни эслашга ҳарис бўлган кишилар йиғилишган. Улар ушбу маросим орқали ўзларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган иштиёқлари ва соғинчларини изҳор қилишган, ташналикларини бироз бўлса да қондиришган. Шу боис, мавлид маросимлари соф илмий мажлис маъносида эмас, балки,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини ўзига хос услубда нишонлаш, у зотга бўлган муҳаббатни чархлаш, сайқаллаш ва шу йўл билан у зотнинг сийратларини кўпчиликка эшиттириш, суннатларига амал қилишни тарғиб қилиш, умматни ўз Пайғамбарига содиқ ошиқ бўлишга ўргатиш мақсадида ўтказилган. Мавлид маросимларида асосан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан шавқу завқ изҳор қилинган, шу маънодаги шеърлар, ваъзлар айтилган.

Мавлид аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларига шодлик изҳор қилиш, шу кунларни хурсандчиликда ўтказиш маъносида йўлга қўйилган. Яқин тарихимизни ўрганадиган бўлсак, мавлид йиғинларида айнан шу кайфият ва ҳолат яққол сезилиб турарди. Ўтган асрнинг ўрталарида халқимиз орасида мавлидга нисбатан мавжуд бўлган муносабатни кузатилса, шу нарса маълум бўладики, бизда мавлид ўқиш ва ўқитиш жуда оммавий иш бўлмаган. Мавлид китоблари асосан мавлидга бағишланган махсус йиғинларда ўқилган ва мавлид ўқийдиганлар ҳам жуда кам бўлган. Қиблагоҳимиз Яҳёхон қори ака раҳматуллоҳи алайҳ бобомиз Боқийбиллоҳ қори даданинг мавлидни ёддан ўқийдиган саноқли кишилардан бири бўлганларини айтар эдилар. У вақтда Андижонда юзлаб катта қори устозлар, улуғ олимлар бўлишига қарамай, уларнинг ичида мавлид ўқийдиганлари жуда ҳам кам бўлган экан. Бироқ, ўша мавлид йиғинлари том маънода мавлиддан кўзланган мақсадни ўзида акс эттирган. Оз бўлса да, соз бўлган. У пайтларда араб тилини биладиган кишилар кўп бўлган ва мавлид асосан илмли кишилар ўртасида ўқилган. Шунга қарамай, катта ёшдаги мухлис кишиларнинг таъкидлашларича, ўша мавлид йиғинларида уламолар мавлиднинг маъноларини айтиб беришган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига оид маълумотларни ўртоқлашишган. Уларнинг бу мажлислари шодлик ва соғинч кўзёшлари билан суғорилган, Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган шавқу завқнинг оҳ-воҳлари билан гуриллаган. Шунинг учун ҳам ўша давраларда иштирок этган улуғларимиз кейинги пайтдаги мавлид йиғинларидан қониқмасликларини айтар эдилар. Чунки кейинги йилларда мавлид кенг тарқалиб, оммалашган бўлса-да, ундан кўзланган мақсадга эътибор камайиб кетиб, унинг қадри пасайиб кетди. Мавлидхонлик деганда мавлид китобини фақат шунчаки оҳанг билан ўқишнигина тушуниб қолинди. Ҳатто омма халқ ичида айрим кишиларда мавлид ҳам Қуръонга ўхшаш нарса экан, деган тушунча пайдо бўла бошлади. Кўпчиликлари мавлид нимаю, Қуръон нима, ажратолмай қолди. Айримлардан «Мавлид нима?» деб сўрасангиз, «Ҳалиги, ўртасида тикка турадиган жойи бори бор у?» дейдиган бўлди. Мавлид бало-қазоларни қайтариш, ишларга ривож сўраш учун ўқиладиган дуохонликка айланиб қолди. Шу боис, тўйда ҳам, ўлимда ҳам, чақирдида ҳам, маъракада ҳам мавлид ўқиладиган бўлиб қолди. 

Тўғри, хурсандчиликларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидлари шодлигини ҳам қўшиш тўй устига тўй бўлади-ку, дейиш мумкин. Ҳақиқатан ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганишга ҳар онда муҳтожмиз. Аммо ҳар нарсанинг ўз ўрни бор, одоби бор. Мавлид маросими оддий суҳбатдан фарқли бўлиши лозим. Унда кўтаринки кайфият, шодлик барқ уриб туриши керак. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёдга олиш мақоми бўлиши керак. Айниқса, ўлим муносабати билан қилинадиган маросимларда мавлид ўқиш ҳеч қайси меъёрга тўғри келмайди. Бу худди тўйга азани аралаштиргандек гап. 

Мавлидга нисбатан бўлган ана шундай нотўғри муносабатлар натижасида ҳақиқий маънода мавлид қилиш деярли йўқолиб кетди. Одамлар фақат тўй-маъракаларида мавлид ўқитиш билан чекланадиган бўлиб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидлари шарафига дастурхон ёзиш унут бўлиб кетди. Аслида эса мавлид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган шавқу завқ турткиси билан, у зотга бўлган муҳаббатнинг изҳори ўлароқ, у зотнинг сийратларини ёйиш мақсадида қилиниши лозим, ана шунда иш мақсадга мувофиқ бўлади. 

Ўтган асрда яшаб ўтган Андижоннинг йирик уламолари, жумладан, Абдулмажид қози домла, Аминжон Махсум домла, Ҳабибуллоҳ ҳожи дада, Муҳаммад Мубин қори дадалар уйларида ана шундай махсус йиғин қилиб, мавлид ўқитишар эди. Ҳабибуллоҳ ҳожи дада раҳматуллоҳи алайҳи ҳар йили рабиъулаввал ойида шаҳардаги аҳли илм ва аҳли Қуръонларни жамлаб, мавлид маросими қилар эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматларидан деб, келганларга сарполар, ҳадялар тарқатардилар. У киши мавлид кунлари барча фарзанд-набираларини жамлаб, уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан суҳбат қилиб берар, мавлид ўқиб эшиттирар ва хатми Қуръон қилиб, ажойиб дуолар қилар эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эсга олганларида, кўзларидан ёш қуйилар, бутун вужудлари билан салавот айтар эдилар. Биз ёш бўлсак да, ўша мавлид йиғинларидаги шукуҳни ҳис қилар эдик.

Шу ўринда кимдир: «Биз тўй-маъракаларимизда мавлидни табаррукан ўқитамиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини нишонлаш мақсадида эмас», дейиши ҳам мумкин. Яхши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш, у зотга саловат айтиш билан барака талаб қилиш мумкиндир. Аммо арабча мавлид ўқишнинг ўзи билан бу иш битмайди, ҳеч бўлмаса, мавлиднинг маъносини тушуна билиш лозим. Шу билан бирга, барака талабида, табаррук учун мавлид ўқишни хослаш ҳам ўринсиз. Чунки бу маънода Қуръон тиловатининг ўзи кифоя қилади, балки афзаллигида шубҳа йўқ. Тўй-маъракаларнинг қайсинисида қандай йўл тутиш керак, қандай дуо ўқиш керак, барчаси суннатда ўргатиб қўйилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чин муҳаббат қилган киши аввало ўша суннатларни бажариши лозим. Агар бирор маъракада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан суҳбат қилиш керак бўлса, у зотнинг ҳаётларидан йиғилишга сабаб бўлиб турган мавжуд ҳолатга доир маълумотларни, масалан, таъзия билдириш, жанозага қатнашиш ва шу каби ўлимга доир лавҳалардан гаприб бериш керак. Қолаверса, мавлид ўз номи билан мавлид, у айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини нишонлаш маъносида майдонга келган. Мавлид  маросимларини йўлга қўйган азизларимиз ҳам айнан шу мақсадда иш бошлаганлар. Мавлид қилишни ёқлаб айтиладиган энг катта далил ҳам худди шу маънони таъкидлайди. Мавлид қилишни жоиз дейдиган уламолар: «Неъматнинг шукрини қилиш, бирор неъмат учун шодлик изҳор қилиш мумкинлигини ҳамма тан олади. Ахир, инсоният учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларидан ортиқ неъмат борми?!» дейдилар. Улар мавлидни шунчаки табаррукан эмас, балки умматга Пайғамбарини танитиш учун, у зотнинг дунёга келганларининг шукронаси ўлароқ жорий қилганлар. 

Ҳар нима бўлганда ҳам, мавлид шодлик, хурсандчилик кайфиятида ўтказиладиган йиғин ҳисобланади. Ҳар нарсанинг ўз ярашиғи бор. Мотам маросимида мақтовли шеър, мавлид ва қасидаларни ўқиш умуман мантиққа тўғри келмайди. Буни ҳеч қанақасига оқлаб ҳам бўлмайди. Улуғларимиз яхши ниятлар билан, яхши тарзда жорий қилган бир гўзал тадбирни қандайдир илмсиз кишиларнинг кўнглига қараб     ёки нималарнидир мулоҳаза қилиб, ер билан яксон қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Буни ҳаммамиз яхши тушуниб етишимиз лозим. 

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, мавлид маросимлари сийратни ўрганишга бағишланган маросим бўлиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган иймону муҳаббатни, шавқу завқни чархлаш омили бўлиши керак. У зот алайҳиссаломнинг суннатларини ҳаётга татбиқ этишни йўлга қўйиш нуқтаси бўлиши керак. Бунинг учун эса, мавлид йиғинларини керакли савияда ўтказиш лозим. Ўқиладиган арабча мавлиднинг, нашидаларнинг маъноларини ҳам айтиб ўтиш даркор. Инсоф билан айтсак, агар бугунги кунгача халқимиз орасида ўтказилган мавлид мажлисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан ҳеч йўқ бир донадан ривоят айтиб келинганда, лоақал ўқилган мавлиднинг таржимасини етказилганда эди, қилинган мавлидлардан айни вақтдаги ҳолатга таққослаб бўлмайдиган даражада катта натижаларга эришиш мумкин эди.

Шу билан бирга, биргина қасидага чекланиб олмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга атаб ёзилган ошиқона шеърлардан ҳам ўқиб, маъноларини ўртоқлашиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Агар ҳар бир халқ ўз тилида битилган қасидалардан ҳам ўқиса, янада яхши бўлади. 

Афсуски, айрим жойларда мавлид маросимлари юқорида эсга олинган ноқулайликларга қўшимча равишда, турли ихтилоф ва жанжаллар билан яна ҳам “бойитилган”. Кимдир мавлиддаги бир калимани заммалик ўқишни ёқлса, бошқа биров фатҳалик ўқиш керак, деб тортишади. Биров маҳалли қиёмда турмай ўтириб олса, бошқаси уни мунофиқликда, беадабликда, фирқабозликда айблайди. Ҳатто маҳалли қиёмга турганда нима ўқиш ҳақида керагича жанжаллашишга тайёрлар ҳам топилади. Аслида эса буларнинг бирортаси ҳам мавлиддан кўзланган мақсадга хизмат қилмайди. Аксинча, унинг қадрини кетказади, аҳамиятини йўқотади, фойдасидан зарари кўп бир тадбирга айлантиради.
(Давоми бор)


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

1435 ҳижрий Рабиулаввал ойи



Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир, у билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳмдилдирлар. Уларни рукуъ ва сажда қилган ҳолларида кўрасан. Аллоҳдан фазл ва давоми...

4149 19:39 / 20.11.2017
Аҳли сунна вал жамоанинг кўзга кўринган етук уламолари томонидан мавлиди шариф қилиш жоиз эканлиги борасида айтган сўзлари. Ҳофиз Суютий раҳматуллоҳи алайҳ давоми...

2132 11:34 / 16.09.2023
209Шундай қилиб ҳалоскор , бўлдилар жуда безор,Қайга боқса хиёнат, қалблариолди озор,Ўғри, каззоб,золимга, тўлиб тошгандибозор,Вайрон қилмай бу элни, сабр қиларди давоми...

4998 11:08 / 15.12.2017
Абдуллоҳдан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳим Мен Сендан ҳидоятни, иффатни, беҳожатликни сўрайман,, дер эдилар,. Асҳобларимиз Амрдан давоми...

4595 21:09 / 17.12.2017
Аудиолар

137635 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57700 14:35 / 11.08.2021