Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Овропада еттинчи асрдан то янги уйғониш давригача юзага келган диний ислоҳот ҳаракатларида исломий ҳазора асосларининг чуқур изи бўлган. Зеро, Аллоҳнинг бирлигини, Унинг ҳукмронликда танҳолигини, зулм ва нуқсондан холи эканини эълон этган. Исломнинг, шунингдек, инсоннинг ибодатда, Аллоҳга боғлиқликда ва Унинг шариатини «дин кишилари» воситачилигисиз тушунишда мустақил эканини эълон этиши миллатлар онгининг ушбу кучли ва ажойиб асослар томонга йўналишида катта омил бўлди. Ўша кунларда халқлар шиддатли мазҳабий кураш ва фикрларида, ўйларида, мол ва баданларидаги дин кишиларининг ҳукмронликларига итоат занжирларида банди эдилар. Табиийки, Исломнинг Шарқ ва ғарбдаги футуҳотлари қўшни миллатларнинг ҳамма нарсадан олдин ақида асосларида таъсирланишларига олиб келди.
Бу таъсир амалда рўй бериб, еттинчи милодий асрда ғарбликлар орасида суратларга ибодат қилишни инкор этувчилар пайдо бўлди. Бундан кейин эса Аллоҳ ва бандалари ўртасидаги воситачиликни инкор этадиганлар юзага чиқди. Улар «Муқаддас китоблар»ни тушунишда дин кишиларининг ҳукмронлиги ва назоратидан чиқишга, яъни мустақилликка даъват қилардилар. Кўпгина тадқиқотчилар Лютер ўзининг ислоҳий ҳаракатида мусулмон файласуфлари ва уламоларининг дин, ақийда ва ваҳий тўғрисидаги фикрларидан таъсирланганини таъкидлашади. Овропа университетлари ҳалигача ўша замонларда лотинчага таржима қилинган мусулмон файласуфларининг китобларига таянишади.
Овропа Ислом олим ва файласуфларининг овозидан уйғонди. Улар европаликларга бу илмларни Ишбилийя (Севилья), Қуртуба (Кордова), Ғарнота (Гранада) ва бошқа шаҳарлардаги масжидларда ўргатдилар. Ғарбнинг илк йўлбошчилари мадрасаларимизга қаттиқ қизиқиш ва қизғин муҳаббат билан қарардилар. Бу мадрасаларда эшитилган илмлар шу даражадаги эркинлик муҳитида бўлардики, бундай ҳолатни улар ўз мамлакатларида асло кўрмасдилар. Уламоларимиз ўз илмий давраларида, муаллафотларида ернинг айланиши, унинг юмалоқлиги, фалак ва самовий жисмларнинг ҳаракатланиши ҳақида сўзлаб турган бир вақтда овропаликларнинг ақллари ана шу ҳақиқатларнинг барчаси тўғрисида хурофот ва ваҳималарга лиммо-лим тўлганди.
Шу туфайли ғарбликларда арабчадан лотинчага таржима қилиш ҳаракати бошланди. Ислом уламоларининг китоблари ғарб университетларида ўқитила бошланди. Ибн Синонинг тиб тўғрисидаги «Ал-қонун» китоби ўн иккинчи асрда таржима этилганди. Шунингдек, Ар-Розийнинг «Ал-ҳовий» китоби ҳам ўн учинчи аср ниҳоясида лотинчага ўгирилди. Бу икки китоб Овропа университетларида тиббиёт дарсларининг асоси сифатида ўн олтинчи асргача ўқитиб келинди.
Аммо фалсафа китоблари бундан µам узоқ ўрганилди. Ғарб юнон фалсафасини фақатгина исломий муаллафот ва таржималардан таниди. Шу боис кўпчилик инсофли ғарбликлар ўрта асрларда, олти юз йилдан кам бўлмаган муддат мобайнида мусулмонлар Овропанинг устози бўлганини эътироф этишади.
Аллома Густав Лубон айтади: «Араб китобларининг таржимаси, хусусан, илмий китоблар, ўқитиш учун ягона манба бўлиб, қарийб беш ёки олти аср хизмат қилди. Айтишимиз мумкинки, тиб илми каби баъзи илмларда мусулмонларнинг таъсири бугунги кунимизга етиб келди. Ибн Синонинг китоблари Монбилияда ўтган асрнинг охирларида таржима қилинди».
Бу олим яна дейди: «Рожер Бэкон, Леонард Албези, Арно Алфифуфи, Ремон Лол, Сан Тома, Катта Алберт ва бошқалар фақат мусулмон олимларининг китобларига ишонганлар».
Мсье Ренон дейди: «Албатта, катта Алберт Ибн Синога, Сан Тома эса ўз фалсафасида Ибн Рушдга қарздор».
Шарқшунос аллома Седийо айтади: «Ўрта аср ҳазораси байроғини мусулмонларнинг ўзлари кўтариб, шимол қабилаларининг Овропани титратган варварлигини мағлуб этди. Улар «барҳаёт юнон фалсафасининг манбалари» бўлиб қолдилар. Улар ўзлари эришган маърифат хазиналари олдида тўхтаб қолмадилар, балки уни кенгайтирдилар, табиатни ўрганиш учун янги эшиклар очдилар».
Яна дейди: «Мусулмонлар астрономия билан шуғулланган пайтда барча риёзиёт илмига ўзгача эътибор бердилар. Улар бу борада улоқни илиб кетдилар. Улар бу борада ҳақиқатда устоз эдилар».
У яна дейди: «Агар биз лотиннинг арабдан ўзлаштирган нарсасини ўрганадиган бўлсак, бошланишидаёқ қуйидагиларни топамиз: «Силвестер иккинчи» номи билан поп бўлган Герберт 970-980 йиллар мобайнида Андалусда ўрганган риёзий билимларини бизга киритди. Асли инглиз бўлган Ухилард 1100-1128 йиллар мобайнида Андалус ва Мисрни кезиб чиқди. Арабларнинг ўзи билмаган Иқлидиснинг «Ал-аркон» китобини таржима қилди. Афлотун Аттеқули Тозусиюснинг «Ал-укар» китобини, Рудолф Алберти эса Батламиуснинг «Маъмур ер жуғрофияси» китобини таржима этди. Леонард бўлса, 1200 йилда «Ал-жабр» тўғрисида рисола ёзди. XIII асрда Кайнонус Аннабри Иқлидиснинг китобини шарҳлаган ҳолда таржима қилди. Қийталеон Полони Ҳасан ибн Ҳайсамнинг «Басарийот (оптика)» китобини µам ана шу асрда ўз тилига ўгирди”.
Яна шу асрда Герард де Кремано ҳақиқий, мустаҳкам фалак илмини Батламиуснинг «Ал-мажистий» ва унга Жобирнинг шарҳини ўгириб нашр қилди. 1250 йилда Азфўнш Қаштоли ўзининг исми билан номланган фалакий (маълумотнома, тақвим) зижларни нашр этишга амр қилди. Агар Рожер биринчи Ситсилияда араб илмларини таҳсил олишга, хусусан, Идриснинг китобларини ўқишга тарғиб қилган бўлса, император Фредерик Иккинчи эса мусулмон илм ва адабиётига ташвиқ этишда ундан ортда қолгани йўқ эди. Ибн Рушднинг авлодлари ана шу императорнинг саройида яшашар, унга ўсимлик ва ҳайвонот тарихини ўргатишарди”.
Хумболд ўзининг коинот ҳақидаги китобида дейди:
«Кимёвий доришуносликни топганлар – мусулмонлардир. «Солирим» мадрасаси қабул қилиб, кейинчалик Жанубий Овропага ёйилган илк ҳикматли тавсиялар ҳам араблардан келган. Шифо фанининг асослари бўлган доришунослик ва тиб бир вақтнинг ўзида, лекин икки хил йўл билан наботот ва кимё илмини ўрганишга олиб борди. Мусулмонлар боис бу илмнинг янги замони бошланди. Уларнинг наботот оламидаги тажрибаси Зелфоридес ўт-ўланларига яна икки минг ўсимликнинг қўшилишига ва дорихоналарни юнонлар умуман билмаган бир неча ўт-ўлан билан бойишига олиб келди».
Седийо Мовароуннаҳрнинг икки улуғ олими Розий ва Ибн Сино ҳақида шундай дейди:
«Улар ўз китоблари билан ғарб таълим муассасаларида жуда узоқ муддат ҳукм суришди. Ибн Сино Овропада табиб сифатида танилди. У Оврґпа мадрасаларига тақрибан олти асрҳукмронлик қилди. Беш қисмдан иборат «Ал-қонун» китоби таржима этилди ва бир неча бор босилди. У китоб Франция ва Италия университетларида изланишлар асоси ҳисобланади».
«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7619-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.