1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Библия сўзлаганда (иккинчи мақола)

11:05 / 31.10.2019 2404 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иккинчи башорат

«Аллоҳ Набийлардан: «Сизларга китоб ва ҳикмат берганим учун, кетингиздан сизлардаги нарсани тасдиқловчи Пайғамбар келганда, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз,–деб аҳду паймонларини олиб туриб: –Иқрор бўлдингизми? Бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми?» деганини эсла. Улар: «Иқрор бўлдик», дейишди. У: «Бас, гувоҳ бўлинглар, мен ҳам гувоҳ бўлувчиларданман», деди.» (Оли-Имрон сураси, 81- оят)

Ушбу ояти каримада ажойиб бир кўриниш васф этилмоқда. Ҳамма Пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг ҳузурида тўпланишган. Бу улкан йиғилишда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Пайғамбарларнинг ўзларини гувоҳ қилиб, ўзи ҳам бу гувоҳликка қўшилиб, улардан ишончли, таъкидланган аҳду паймон олмоқда.

Демак, Пайғамбар алайҳиссаломлар ўз умматларини ўзларидан кейин келадиган Пайғамбарга иймон келтириш ва унга ёрдам бериш руҳида тарбиялаб келишган. Уларнинг барчалари бир силсиланинг халқларидир.

Улар ўз қавмларига келажак пайғамбарни таниб олишлари учун Аллоҳ уларга билдирган башоратларни етказишган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

Эй аҳли китоблар! Батаҳқиқ, сизларга Пайғамбаримиз келди. У сизга китобдан беркитиб юрган кўпгина нарсаларингизни баён қилиб беради. (Моида сураси, 15-оят).

Яҳудий ва насороларга бу оятда таъкидлаб айтилаётган нарса–Аллоҳнинг охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафақат араб мушрикларига, балки дунёдаги бошқа барча халқларга, шу жумладан, аҳли китобларга ҳам Аллоҳ томонидан келганликларидир. Муҳаммад алайҳиссаломнинг яҳудийларга ҳам Пайғамбар бўлиб келишлари хабари Тавротда бор бўлиб, улардан аҳд олинганда, у зотга иймон келтириш аҳди ҳам олинган эди. Шунингдек, у зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васалламни насороларга ҳам Пайғамбар бўлиб келишлари хабари Инжилда зикр қилинган бўлиб, Аллоҳ таоло насоролардан аҳд олган пайтида, у зот келган вақтларида иймон келтириш аҳди ҳам олинган эди. Аммо улардан бу аҳдга вафо қилганлар ҳам бўлди, аксарлари эса хиёнатни ўзларига касб этиб олишди.

Келинг, ана шу башоратлардан яна бири ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Аҳмад

«Ийсо ибн Мариям: «Эй Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини берувчи, Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», деганини эсла.» (Саф сураси, 6-оят)

Бу оятларда Ийсо алайҳиссаломнинг башоратлари келтириляпти.

Аммо сизларга ҳақиқатни айтаман, Менинг кетишим сиз учун фойдалидир. Агар Мен кетмасам, Юпатувчи олдингизга келмайди. Агарда кетсам, Уни олдингизга юбораман. (Юҳанно 16/7)

Ажратиб кўрсатилган лафз Юпатувчи бу юнон тилида Параклетос (Paracletos), агар шу лафзни Периклутос (Pеriclytos) деб ўқилса айнан, Аҳмад лафзи вужудга келади. Бу рисолани тайёрлашда жуда кўп мусулмон ва масиҳий олимларининг (Paracletos) сўзи ҳақида айтган сўзлари ва шарҳларини ўрганиб чиқдим. Бу башоратга мен сал бошқачароқ ёндошишга ҳаракат қилдим. Бу ўрганишим жараёнида олдинги мусулмон олимлари фикрига қўшилган ҳолда яна бошқа бир янги тасаввурга эга бўлдим. Ҳозир сизлар билан шу фикрни баҳам кўраман.

 Аллоҳим! Агар хато қилган бўлсам, бу менинг ожизлигим, инсонлигимдан, мағфиратингдан умид қилиб қолдим. Аллоҳим, агар тўғри топган бўлсам, бу Сендан, карамингдан, марҳаматингдан деб билдим.

Аввало масиҳийлар олдида бу башорат борасида икки йўл бор.

1. Бу башорат Ислом пайғамбарига тегишли деб тан олиш. Бу ҳолда масиҳий динига якун ясалади.

2. Бу башорат Муқаддас Руҳга тегишли дейиш. Бу ҳолатни ҳам ўзига яраша чигалликлари бор.

Биринчи йўлни тутган жуда кўп масиҳий олимлари Ислом динини қабул қилишди. Ва бу башорат тўғрисида кўпгина китоблар ёзишди. Улардан ўрта асрларда яшаб ўтган Испаниялик роҳиб (святой отец) Анселмо, Исломни қабул қилганидан кейин исмини Абдуллоҳ дея эълон қилган ва «Мухтасар Туҳфа ал-Ариб фи родди ала аҳли ас-Солиб» китобини ёзган.

Ўн тўққизинчи асрнинг ёрқин олимларидан, масиҳий Лоҳут илми устози профессор Девид Бинямин Килданий (Абдулаҳад Довуд Килдоний) ҳам бу башорат Ислом пайғамбарига тегишлигини таъкидлаган. Исломни қабул қилганидан кейин «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудий ва масиҳий муқаддас китобларида ворид бўлганидек» китобини ёзган. Булардан ташқари жуда кўп масиҳий олимлар буни айнан Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларида башорат дея билиб масиҳий динига якун ясаб Исломни қабул қилишган.

Иккинчи йўлни тутганлар эса, бу башорат Муқаддас Руҳнинг ҳаворийларга тушиши билан тамом бўлган дейишади. Ҳаворийлар фаолияти 2 боб 1-4 оятлар:

«Ҳосил байрами бўлганда, шогирдларнинг ҳаммаси якдиллик билан бир жойда йиғилиб турган эдилар. Тўсатдан осмондан кучли шамол эсаётгандек бир шовқин келди-ю, улар турган уйни тамоман тўлдирди. Оловга ўхшаш алангаланиб турган тиллар уларга кўринди. Булар бўлиниб, уларнинг ҳар бири ус-тига биттадан кўнди. Ҳаммалари Муқаддас Руҳга тўлиб, Унинг бераётган башорати билан янги тилларда гапира бошлашди».

Шу оят билан башорат амалга ошди дейишади. Яхши, шундай деб фараз қилайлик. Аммо, бир чигаллик бор, Муқаддас Руҳ Параклетос бўлса, у тушиб ҳаворийларни қамраб олган бўлса, ҳаворий Павл (Павлус) қаерда қолади? Чунки у бу пайтда ҳаворийлар билан эмас эди. Балки, уларни ашаддий душмандларидан бўлган. Павл анашу «Муқаддас Руҳ»га тўлган ҳаворийларнинг бири Стефанни тошбўрон қилиб ўлдирилишида бевосита иштирок этган ва асосий роль ўйнаган эди.

Ҳаворийлар фаолияти 8 боб 1-3 оят:

«Стефаннинг ўлдирилишини Шоул маъқуллаган эди. Ўша куннинг ўзида Қуддусдаги имонлилар жамоатига қарши кескин қувғин даври бошланди. Ҳаворийлардан бошқа ҳамма Яҳудия ва Самариянинг ҳар хил жойларига тарқаб кетдилар. Баъзи диндор одамлар Стефанни кўмиб, у учун катта йиғи қилдилар. Шоул эса имонлилар жамоатини талон-тарож қилар эди. Уйма-уй юриб, эркакми, хотинми, ҳаммани судраб қамоқхонага берар эди»   Шоул бу Павлнинг олдинги исми.

Демак, авлиё Павл бу башоратдан маҳрум қолган. Чунки, Юпатувчини келиши учун Ийсо алайҳиссаломни кетиши шарт эди.

«Агар Мен кетмасам, Юпатувчи олдингизга келмайди»

Ийсо алайҳиссалом кетди, ўн кундан кейин, Юпатувчи келди ҳам. Орадан йиллар ўтгандан кейин Павл «Менга Ийсо зоҳир бўлди.», дея иддио билан чиқмоқда.

Умуман олганда Павл Ийсо алайҳиссаломни ҳеч қачон кўрган эмас. Ҳаворийлар сингари олдиларида юриб таълим олмаган. Ўша «сўнги оқшом»да Ийсо олдида бўлмаган, уни қўлидан «муқаддас нон» емаган ва «муқаддас шароб» ичмаган эди. Ийсо уни оёқларини ювиб, дуолар қилмаган. Лекин шунга қарамай масиҳий динининг ҳозирги кўринишининг асосий «муаллифи» бу Павлдир. Буни масиҳий олимлари ҳам, мусулмон олимлар ҳам, умуман масиҳийлик тарихини ўрганган барча олимлар таъкидлаган. Шунинг учун ҳам масиҳийликни қайтадан кўриб чиқишга эҳтиёж сезилади. Бу башоратни Муқаддас Руҳга таъвил қилиш, ўзи шундоқ ҳам чигалликларга ўралашиб қолган масиҳийликни яна катта бир чигаллик гирдобига ташлайди. Нима бўлганда ҳам «Параклет»ни «Юпатувчи»ни Муқаддас Руҳга таъвил қилиш тўғри келмайди. Бунга бир неча сабаблар бор.

Биринчидан Юпатувчи бу сифат исм эмас. Параклет эса исмдир сифат эмас. Чунки юнон тилида “ос” қўшимчаси исмларга қўшилади, сифатларга эмас.

Иккинчидан Юнон тилида “У” уч ҳил сийғада (музаккар, муаннас, ўрта) сийғасида келади. У (он) У (она) У (оно). Муқаддас Руҳ эса ўрта (оно) сийғада зикр қилинарди. Оятда эса Юпатувчи музаккар (он) сийғасида зикр қилинган. Шунинг учун ҳам Юпатувчи шахс бўлиши керак. Масиҳийликнинг олдинги даврида (ҳаттоки ўрта асрларда ҳам) ҳеч ким Параклетосни Муқаддас Руҳга таъвил қилмаган. Улар шахс деб билишган. 187 йили Монтинос исмли масиҳий киши ўзини ўша башорат қилинган пайғамбар Параклетосман деб иддио қилиб чиқади. Ундан кейин тўртинчи асрда Мони исмли масиҳий ҳам ўзини Параклетос деб эълон қилади. Ийсо алайҳиссалом каби ўзига ўн икки шогирд, етмишта ҳаворий танлайди ва бошқа шаҳарларга юборади. Бундан кўриниб турибдики, Параклетосни шахс ва пайғамбар деб билинган.

Агар таржимада хато қилинган деб эътибор қилсак. Чунки исмлар тажимасида турли йўл тутилган. Масалан протистантларда (Барбос) деб ёзилган бўлса, католиклар китобида (Бароба) деб келтирилган. Шунингдек (Мессия)ни (Масих) деб, (Селун)ни (Селуҳ)деб келтирилган. Муқаддас китобларни ўзбек ва рус тилидаги таржималарига қарасак ҳам шундай таржималарни кузатами.

Мисол учун Ибтидо 10 боб 14 оятда ўзбек таржимада Каслув, бўлса, рус тилида Каслухим, деб келтирилган. Шунингдек (Периклутос)ни (Параклетос) деб ёзилган бўлиши ҳақиқатга жуда яқин. У ҳолда эса Қуръон зикр қилган айнан (Аҳмад) лафзига тўғри келади. Инжилда келтирилган бу башорат Муқаддас Руҳ эмас, балки Муҳаммад алайҳиссалом эканликларига яна бир далил, Ийсо алайҳиссаломнинг сўзи: «Агар Мен кетмасам, Юпатувчи олдингизга келмайди».

Чунки Муқаддас Руҳ келиши учун Ийсо алайҳиссаломнинг кетишлари шарт эмасди. Муқаддас Руҳ шундоқ ҳам улар билан бирга эди.

«Худо руҳи сувлар узра юрарди» (Ибтидо 1/2)

«Муқаддас Руҳ сени устингга тушиб келади» (Луқо 1/35)

«Чақалоқнинг отаси Закариё Муқаддас Руҳга тўлиб, башорат қила бошлади» (Луқо 1/67)

«Ўша вақтда Куддусда Шимъўн номли бир одам бор эди. У солиҳ ва диндор бўлиб, Исроилнинг тасалли топиш замонини интизор бўлиб кутар эди. Муқаддас Руҳ эса унга ёр эди. Мукаддас Руҳ унга: «Сен Худованд юборган Масиҳни кўрмагунингча, ўлмайсан», деб илҳом берган эди. Шундай килиб, Шимъўн Муқаддас Руҳ таъсирида маъбадга борди....” (Луқо 2/ 25-27.)

«Марям Муқаддас Руҳдан ҳомиладор экани маълум бўлди» (Матто 2/18)

«ва Муқаддас Руҳ жисм тусини олиб, каптар шаклида Унинг устига тушиб келди» (Луқо 3/22)

Ушбу оятлардан кўриниб турибдики, Муқаддас Руҳ ўша пайтларда бўлган. Унинг келишига Ийсо алайҳиссаломнинг кетишлари шарт эмасди. Ийсо алайҳиссаломни ерга келишидан олдин ҳам, келганларидан кейин ҳам, осмонга кўтарилиб кетганларидан кейин ҳам Муқаддас Руҳ уларнинг ораларида бўлган. Бундан ташқари Павл жуда кўп бор Ийсони кўрганлигини иддио ҳам қилган. Демак, Ийсо алайҳиссалом кетиб, Муқаддас Руҳ келганидан сўнг, яна, Ийсо алайҳиссалом зоҳир бўлган. Бирини келиши учун иккинчисини кетиши ҳеч ҳам шарт бўлмаган. Шунинг учун ҳам “Параклетос”ни Муқаддас Руҳга таъвил қилиш тўғри эмас. 

«Параклетос» деб таржима қилинган бу лафзни асл сурёнийча лафзини келтирсак. Бу шундай «Mаhоnmа» яъни «Махома» бўлади. Яҳудийларнинг сурёнийча гаплашадиганларининг кўпчиликлари Испанияда яшашарди, улар Муҳаммадни Махома деб аташарди. Шунинг учун бўлса керак ҳозир ҳам Испанияда Муҳаммадни Маҳома деб аташади.

Бундан эса, агар «Параклетос» дейилса Муҳаммад, «Периклутос» дейилса Аҳмад келиб чиқади. Шунинг учун бўлса керак, масиҳий тарихчиси Эдвин Жонс ўзининг «Масиҳий динининг пайдо бўлиши» китобида «Параклетос» Муҳаммаддир. Лекин бу жумлаларни Ислом зоҳир бўлгандан кейин, уни маданиятидан таъсирланиб муқаддас китобларга изофа қилинган дейди.

Демак, бу башоратлар Муқаддас Руҳга тааллуқли эмас. Ийсо алайҳиссалом башорат қилган шахс Аҳмад ва Муҳаммад исмли Ислом Пайғамбари алайҳиссаломга тегишлидир.

(Давоми бор)

Хайруллоҳ Ҳабибуллоҳ

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳикоя қилинишича, бир машҳур қизиқчи бўлган экан. У жуда ўз ишига моҳир бўлганилиги учун уни тинглашга ҳар томондан кишилар келишар экан. У ҳатто қулоғи том давоми...

3670 11:10 / 10.08.2022
Салбчиларнинг Яқин Шарқдаги енгилиши. 1250 йилларнинг иккинчи ярмида христианларнинг Сурия ва Фаластиндаги позицияси бирқанча мустаҳкамланди, чунки бу вақтда давоми...

1425 16:22 / 06.11.2023
Мовароуннаҳр диёридан чиққан Мусо Муҳаммад алХоразмий, Аҳмад алФарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний каби олимларнинг номлари Ислом давоми...

1743 16:39 / 19.01.2023
Авваллари мусулмонлар европаликлардан илмий кашфиёт ва ихтиролар бўйича бир неча асрларга илгарилаб кетган эдилар. Европаликлар черков бошчилигида илмга қарши давоми...

2580 15:06 / 07.05.2020