1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Кўнгил шодлиги неъматлардан экани

09:42 / 18 февраль 2300 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Салама ибн Убайдуллоҳ ибн Миҳсон Ансорий отасидан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ўз оиласида омонликда, тани сихатликда, кунлик таоми бўлган ҳолда тонг оттирса, худди унга бутун дунё жамлангандек бўлади», дедилар».


Демак, Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учта муҳим нарсани айтиб ўтибдилар: бири – омонлик, тинчлик, иккинчиси – соғ-саломатлик, учинчиси – етарли таом.


Бу дунёда инсоннинг энг яхши ҳолати мана шу уч нарсага эга бўлган ҳолати экан. Шунга эришган одам «аҳволим ниҳоятда яхши» деб шукр қилиб юрса бўлади.


Кишининг уйига, оиласи, бола-чақасига биров хавф солиб турмаса, тинч-хотиржам, соғ-саломат яшаса, дарди йўқ бўлса, ейдиган таоми бўлса, бундай одам ниҳоятда улуғ бир бахт-саодатга эришган бўлар экан. Биз бу ҳақиқатни жуда чуқур тушуниб етишимиз керак. Мазкур ҳолатнинг ўзимизда бўлиши Аллоҳ таолонинг улкан неъмати эканини англаб етишимиз ва Унга шукрни ўрнига қўйишимиз лозим. Агар бундай қилмасак, ношукр бўламиз.


Абдуллоҳ ибн Хубайб Жуҳаний отасидан, у амакисидан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳузурига ғусл аломати бор ҳолда шодон чиқдилар. Биз у зот аҳллари билан бирга бўлганлар шекилли, деб ўйладик.


«Эй Аллоҳнинг Расули! Сизни шодон кўрмоқдамиз?» дедик.


«Шундай. Алҳамдулиллаҳ!» дедилар. Сўнгра бойликни зикр қилишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, тақво қилган одам учун бойликнинг зарари йўқ. Лекин тақво қилган одам учун соғлик бойликдан кўра яхшироқ. Кўнгил шодлиги неъматлардандир», дедилар».


Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишиларнинг олдига ғусл қилиб бўлиб чиққан эканлар. Қарашса, ниҳоятда хурсанд ҳолатдалар, кўринишлари хушчақчақ.


Улар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари билан бирга бўлиб, кейин чиқдилар, деб ўйлашибди. Сўнг: «Эй Аллоҳнинг Расули! Сизни жуда хурсанд, кўнглингиз жуда равшан ҳолингизда кўрдик?» дейишибди.


Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўғри! Аллоҳга ҳамд бўлсин! Ким тақводор бўлса ва бой бўлса, ҳеч гап эмас, бу бойлик унга хавф-хатар эмас. Ниҳоятда яхши. Агар тақводор одам соғ-саломат бўлса, саломатлик унга бойликдан ҳам яхшидир. Тинч-хотиржам, хушчақчақ, кўнгли равшан юриш катта неъматлардандир», деган эканлар.


Бу ҳадисдан ҳам тинч-хотиржам, кўнгил равшан бўлиб юриш мўмин киши учун Аллоҳ таоло берган улуғ неъмат эканини билиб оламиз.


Демак, тақводор инсоннинг қўлида мол-дунёси бўлса, унга ҳеч қандай хавф-хатар йўқ экан, соғ-саломат бўлса, бу унга бойликдан ҳам кўра яхшироқ экан.


Бугунги кунда одамлар ана шу неъматларни тушунмай, ўзларини ҳам, бошқаларни ҳам қийнаб қўймоқдалар, гуноҳларга сабаб бўлмоқдалар.


Агар ушбу ҳадисни билиб, тушуниб, унга амал қилсалар, ўзларига берилган улкан неъматларга шукр қилган бўлишар эди.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шодон ҳолда ҳам юрганлари.
2. Кишилар ҳузурига ғусл аломати бор ҳолда чиқиш мумкинлиги.
3. Шодонлик учун Аллоҳ таолога ҳамд айтилиши.
4. Тақво қилган одам учун бойликнинг аҳамияти йўқлиги.
5. Тақво қилган одам учун соғлик бойликдан кўра яхшироқлиги.
6. Кўнгил шодлиги неъматлардан экани.
Наввос ибн Самъон Ансорийдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрадим. Шунда у зот:
«Яхшилик – ҳусни хулқдир. Ёмонлик – кўнглингни ғаш қиладиган ва одамлар кўриб қолишини ёқтирмаган нарсанг», дедилар».


Ҳақиқатан, бу маъно яхшилик ва ёмонликни фарқлашнинг энг осон, лекин буюк бир ҳикматга эга ўлчовидир.


Инсоннинг хулқи гўзал бўлса, нафақат инсонлар ва оила аъзолари билан, балки ҳайвонот ва наботот олами, ҳатто атрофидаги асбоб-анжомлари билан ҳам ҳусни хулқ билан муомалада бўлади.


Сўфийларнинг бир мисоли бор. Улар: «Пиёла билан ҳам ҳусни одоб бор», дейишади. Ҳусни одобинг бўлса, пиёлангни синдирмайсан, четини учирмайсан, кир қилмайсан, доимий равишда фойдаланасан, одобинг туфайли манфаатинг бардавом бўлади.


Ҳусни хулқинг бўлмаса, пиёлангни бир уриб синдирасан. Бошқага эмас, ўзингга зарар бўлади.


Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Яхшилик ҳусни хулқдир» деганларида олам-олам маъно бор экан.


У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмонлик ҳақида ҳам баён қилдилар. Ким бўлишидан қатъи назар, ёмонлик қилган кишининг кўнгли ғаш бўлади. Биров кўрмасин, дейди. Ҳатто ўтакетган ичкиликбозлар ҳам ичкиликни яшириб ичади. Сотиб олса, бир нарсага ўраб, қўлтиғига қистириб олиб чиқишади. Улар ана шу ичкиликнинг ёмонлигини билганлари учун шундай қилишади.

«Одоблар хазинаси» китоби асосида тайёрланди

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан аралашиб юрар эдилар. Ҳатто бир куни укамга .Эй Абу Умайр, нима бўлди нуғайр, давоми...

1487 16:17 / 19.12.2022
Фарзанднинг отаонага яхшилик қилиши турларидан яна бири ndash фарзанд отаона хизматида доимо шай туриши, ҳатто мушрик бўлсалар ҳам, уларнинг розилигини топиши давоми...

3284 12:55 / 02.01.2020
Амр ибн Осдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга одам юбориб, кийимларимни кийиб, аслаҳамни олиб боришимни тайинладилар. Борсам, тоҳарат давоми...

1559 16:00 / 27.11.2023
32. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Учта дуо шакшубҳасиз қабул бўлади мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва отаонанинг давоми...

9868 10:30 / 22.12.2018