1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

45-боб. Фарзанд бахиллик ва қўрқоқлик боисидир

14:00 / 13.06.2019 2396 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу сарлавҳада зикр қилинган маъно имом Ибн Можа ва имом Аҳмад ривоят қилган ҳадиси шарифда келган: Имом Ҳасан ва имом Ҳусайн кичиклик чоғларида югуриб келганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни бағирларига босиб туриб: «Албатта, бола бахиллик ва қўрқоқлик боисидир», деганлар.

Яъни инсон ўзи учун қилмаса ҳам, «боламга бўлсин», дея бахиллик қилади. Инсон ўзи учун қўрқмаса ҳам, боласи учун қўрқади.

84. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Абу Бакр розияллоҳу анҳу бир куни:

«Аллоҳга қасам! Ер юзида мен учун Умардан маҳбуброқ одам йўқ! – деди. Кейин чиқиб, қайтиб кирди ва: – Нима деб қасам ичдим, ҳой қизим?» деди.

Мен нима деганини айтиб бердим. Шунда у:

«(Умар) мен учун азиз! Лекин фарзанд қалбга яқинроқ бўлади», деди».

Шарҳ: Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзларининг энг яқин дўстлари Умар розияллоҳу анҳуга бўлган муносабатларини билдириш мақсадида Аллоҳ таолонинг исми ила қасам ичиб, ҳазрати Умар ўзлари учун одамларнинг энг маҳбуби эканини айтиб, ташқарига чиқдилар ва айтган иборалари ноаниқ чиққанини эслаб, ортга қайтдилар. Бу гапни эшитган қизлари – Оиша онамиздан аниқлаб олиш учун ўзлари нима деб қасам ичганларини сўрадилар. Сўнгра хатоларини тўғрилаб: «(Умар) мен учун азиз! Лекин фарзанд қалбга яқинроқ бўлади», дедилар».

Яъни «Ер юзида мен учун Умардан азизроқ одам йўқ», дедилар. Ҳар бир ота учун бошқалардан кўра фарзанди қалбига яқинроқ бўлади. Ота учун одамлар ичида энг яқини фарзанд бўлади.

Албатта, бу гапда Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни истисно қилганлар. Чунки мўмин-мусулмон банда учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам барча одам зотидан маҳбуброқ бўлмагунича унинг иймони комил бўлмайди. Бу ҳақиқатни бошқалардан кўра Абу Бакр розияллоҳу анҳу яхшироқ билганлар.

Бола ота учун одамлар ичида энг маҳбуб, яъни севимли шахс бўлгани сабабли, ота унинг муҳаббати йўлида ҳар қандай фидокорликка тайёр бўлади. Жумладан, боласи учун бахил ҳам, қўрқоқ ҳам бўлади.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Дўстига бўлган эҳтиромни бошқалар олдида қасам ичиб таъкидлаш мумкинлиги.

2. Ўз гапида ноаниқликни сезганда уни тўғрилашга уриниш кераклиги.

3. Гапидаги ноаниқликни бошқалардан «Нима дедим?» каби савол билан аниқлаб олиш мумкинлиги.

4. Абу Бакр розияллоҳу анҳу учун Умар розияллоҳу анҳу энг азиз дўст экани.

5. Ота учун бола қалбга энг яқин ва маҳбуб шахс экани.

85. Ибн Абу Нуъмдан ривоят қилинади:

«Бир кишининг Ибн Умардан чивиннинг қони ҳақида сўраганининг гувоҳи бўлдим. Шунда у: 

«Сен кимлардансан?» деди. 

«Ироқ аҳлиданман», деди. 

«Манавини қаранглар, мендан чивиннинг қони ҳақида сўраяпти! Ваҳоланки, ўзлари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғилларини (набираларини) ўлдиришган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бу иккови (Ҳасан ва Ҳусайн) менинг дунёдаги рай­ҳонларимдир», деганларини эшитганман», деди». 

Шарҳ: Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бу гаплари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларига бўлган чексиз эҳтиромлари билан бирга, уларга душманлик қилган ироқликларга нафратларини ҳам тўкиб солмоқдалар.

Аслида ҳодиса қуйидагича бўлган эди. Имом Ҳусайнни ироқликлар ўзларига чақириб, у кишига байъат қилиш ниятлари борлигини айтишган эди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу у ерга борганларида ваҳшийларча қатл этилган эдилар. Бу машъум ҳодиса бутун дунё мусулмонларини ларзага солган ва қалбларини яралаган эди.

Ўша ҳодисалардан кейинги ҳаж мавсумларидан бирида улуғ саҳобий ва забардаст олим Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳажга келиб, дарс ўтаётган эдилар. Кўпчиликнинг турли саволларига, хусусан, ҳажга боғлиқ саволларига жавоб берар эдилар. Ўшандай дарслардан бирида нотаниш киши эҳром кийган одамнинг чивинни ўлдириши ҳақида сўради ва ушбу биз ўрганаётган ривоятдаги суҳбат бўлиб ўтди.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг бу гапларида ҳукмларнинг орасидаги фарқ ҳақида гап бормоқда. Албатта, эҳром кийган одамга ҳайвон зотини, жумладан, чивинни ҳам ўлдириш мумкин эмас.

Аммо одам ўлдириш-чи? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севикли набиралари имом Ҳусайн розияллоҳу анҳудек зотни қатл қилиш-чи? Буни ҳам ўйлаш керак-ку!

Ироқ аҳли имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуни ўта ваҳшийлик билан қатл этишди. Энди уларнинг вакили келиб, ўзини тақводор қилиб кўрсатиш учун чивиннинг қони ҳақида савол бериб турибди. Жавоб ҳам шунга яраша бўлган.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Илмли кишилар оммага дарс ўтиб, уларга таълим бериб туриши ва саволларига жавоб қайтариши аввалда машҳур бўлган одатлардан экани.

2. Савол берувчидан кимлиги ҳақида сўраш мумкинлиги.

3. Бир диёрнинг баъзи одамлари қилган номаъқуллиги учун бошқаларини изза қилиш борлиги.

4. Имом Ҳасан ва имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «райҳонларим» деганлари.

5. Набира ҳам фарзанд ўрнида экани.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исломий адабиётда ва халқ орасидаги диний сўзлашувда ҳам .силаи раҳм, истилоҳи ишлатиб келинади. Аслида бу бобдаги .раҳм, сўзи биздаги .бачадон, сўзининг ўрнида давоми...

3399 15:00 / 08.02.2019
Умму Дардо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Абу Дардо кечаси туриб, намоз ўқиди. Сўнг йиғлаб .Аллоҳим Менинг халқимни гўзал қилдинг, хулқимни ҳам гўзал қилгин,, давоми...

1551 11:00 / 08.05.2023
Отаонага яхшилик қилишга, уларнинг итоатида бўлишга жуда кўп тарғиб қилинади. Уларнинг фарзанддаги ҳақлари жуда юқори мартабага қўйилади. Аммо ҳамма нарсанинг давоми...

1186 16:34 / 22 июль
. ,. .Саъид ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Акаукаларнинг каттасининг кичикларидаги ҳаққи отанинг боладаги давоми...

4124 16:01 / 03.03.2020