1446 йил 1 жумадис сони | 2024 йил 03 декабрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

Неъматларнинг нафлик даражаси ва исроф

15:48 / 03.07.2023 1220 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти ҳамда ҳадиси шарифларнинг мазмуни-моҳияти ва таъкидлари турли фан ихтиролари билан то Қиёматга қадар такрор-такрор исботланиб, тасдиқланиб бораверади.

Динимизда инсонларга неъматларни исроф қилмасликка катта эътибор қаратилган бўлиб, Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматларни ато этиш баробарида неъматлардан тежамкорлик билан, исроф қилмай фойдаланишни ҳам буюрган.

Биламизки, “Исроф” сўзи арабча сўз бўлиб, унинг маъноси “ҳар бир ишда ҳаддан ошиш” маъносида келади. Исрофнинг нақадар ёмон хислат экани ҳақида Қуръони Каримда ўнлаб ояти карималар бор.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади: «Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки, У исроф қилувчиларни севмас». (Аъроф сураси, 31-оят).

Ушбу оят тафсирида Тафсири Ҳилолда қуйидаги изоҳлар келтирилган: Еб-ичиш гуноҳ эмас, исроф қилиш гуноҳдир. Бугунги кунда озиқ-овқатни исроф даражада зиёд истеъмол қилишнинг соғликка асорати яққол намоён бўлди. Ҳозирги даврнинг кўпгина хасталикларига ушбу исрофгарчилик сабаб бўлмоқда. Қадимда яҳудийлардан бири хулафодан бирига “Сизларнинг Қуръонингизнинг ярим оятига бутун тиб илми жойлашган”, деб ушбу ояти каримани ўқиган экан.

Шунингдек, Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларидек: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар”. Яна бир ҳадисда “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”, деганлар.

Исроф нафақат таомланиш борасида балқи барча неъматларнинг истеъмолига тааллуқли бўлиб, Ислом дини ҳар бир соҳада мўътадиллик йўлини тутган.

Келинг энди “Исроф” мавзусида Иқтисодиёт  фанига қисқача назар соламиз. Иқтисодий назарияда Нафлилик деган тушунча бўлиб, бу тушунча моддий ва маънавий неъматлар, товарларнинг ўз хусусиятларига кўра, эҳтиёжларни қондириш хоссаси, товарлар ва хизматларни истеъмол қилишдан ҳар бир шахс оладиган муайян қониқиш дея таърифланган.

XX аср бошларида Австрия иқтисодчилар мактаби намояндалари кетма-кет истеъмол қилинадиган, ҳар қандай неъматнинг нафи камайиб бориш хусусиятига эга эканини аниқлаган.

Масалан, чанқаган инсон бир стакан сувни зўр хоҳиш билан ичади, иккинчи стакан сув унга биринчи стакан сувдай наф бермайди, учинчиси – иккинчисига нисбатан камроқ наф беради ва ҳоказо. Бу охирги стакан сув берадиган наф нолга тенг бўлгунча давом этади. Бунда умумий йиғинди наф ошиб боради, бироқ хар бир кейинги стакан сувнинг ўзидан оладиган наф эса камайиб боради ва натижада умумий нафликнинг камайиши кузатилади.

Ушбу қонуният фанда неъматларнинг нафлик даражаси дея аталиб, истеъмолдаги барча неъматларга тегишли бўлган ҳолда Иқтисодиёт назариясининг бир бўлими ҳисобланган Микроиқтисодиёт фанида истеъмолчиларнинг муайян маҳсулотга бўлган талабини ҳамда истеъмол даражасини ўрганишда фойдаланилади.

Иқтисодчилар истеъмолчилар ҳаракатини таҳлил қилиш учун нафлик функциясидан (Utility Function) фойдаланадилар. Нафлик функцияси – истеъмолчининг истеъмол қиладиган неъматлар ҳажми билан, у ушбу неъматларни истеъмол қилиши натижасида оладиган нафлик даражасини ифодалайди (U = f (х₁, х₂,...,xₙ), бу ерда U – нафлик даражаси; 1, 2, ..., n - неъматлар хажми.).

Ушбу мавзу фанда атрофлича ўрганилади, бироқ, биз учун бу ерда эътибор қаратишимиз лозим бўлган жиҳат шуки, бизда қанча кўп неъмат бўлса ҳам, ўша турдаги қўшимча неъматнинг қиммати биз учун шунча паст бўлаверади. Демак, нафлик функцияси, нафлик даражасини истеъмол қилинган неъматлар ҳажмига боғлиқлигини ифодалайди.

Энди ушбу қонуниятни соддароқ қилиб ўз ҳаётимизга талқин қилганимизда инсон истеъмолидаги ҳар қандай неъмат ҳам бир ҳилда фойда ва наф бермаслиги, жумладан озиқ-овқат, кийим-кечакдан тортиб барча кундалик эҳтиёжидаги маҳсулотларнинг кўплигига қарамай, миқдорида наф бериш чегараси мавжуд экани тушунилади.

Шу сабабли бўлса керак, динимизда ҳар бир инсон унга ато этилган неъматлар истеъмолида чегарани билиши, миқдорда ҳаддан ошмаслиги ва мўътадил бўлиши талаб этилган.

 

Мақолада Тафсири Ҳилолдан ҳамда “Исроф”, “Нафлик функцияси”, “Функция полезности”, “Utility Function” мавзуларидаги интернет тармоғи орқали олинган маълумот ва электрон китоблардан фойдаланилган.

 

Исмонов Нодирбек Абдуфаттоҳович

 

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 16 июндаги 03-07/4775-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Islom.uz портали .МАЗҲАБЛАР mdash БИРЛИК РАМЗИ, шиори остида танлов эълон қилади.Танлов иштирокчиларидан қуйидаги мавзуларда мақола ҳамда араб, рус, инглиз, форс ва давоми...

1809 16:31 / 09.09.2021
Фиқҳий мазҳабга амал қилиш айниқса бугунги кунда янада аҳамиятли ва зарурдир. Чунки мазҳабга эргашиш мавжуд турли ихтилофлар ва келишмовчиликларнинг олдини давоми...

1171 17:21 / 19.10.2021
.Тиловат аҳкомларини истасак Хусарий, овоз оҳанглари ҳаловатини истасак Абдулбосит Абдуссамад, хушуъни хоҳласак Миншавий, ёқимлилик билан бирга узун нафасдаги давоми...

2080 17:33 / 20.02.2023
Тўлиқ исми ва таваллуди Абул Асвад Золим ибн Амр инб Золим Дуалий. Маккаи Мукаррама жанубидаги Бани Дуъл қабиласидан бўлган. Шунинг учун Дуалий нисбасини олган. У давоми...

1247 11:11 / 21.05.2023
Аудиолар

136107 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

56268 14:35 / 11.08.2021